loader
Foto

Атеизм. Шак-шубҳасиз нарсаларни инкор қилиш

Худони англаб етишнинг туғма, лекин ўжарлик билан инкор қилиб келинадиган ҳисси одатда оғир фурсатларда намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши йилларига оид иқтибос: «Тулки уясида атеист бўлмайди».

Шубҳасиз, шундай вақтлар бор-ки – азоб берадиган касаллик, жиноятчиларнинг хўрлайдиган ҳужуми ёки муқаррар автоҳалокатнинг даҳшатли оқибатларини кутиш пайтидаги сониялар – бунда биз инсоннинг қанчалик ожизлигини ва тақдирни бошқариш ҳуқуқига эга эмаслигини англаб етамиз. Шундай пайтларда биз Яратувчига мурожаат қиламиз, шундай эмасми? Ушбу умидсизлик лаҳзалари ҳар бир одамга, диншунос олимдан тортиб атеистга қадар, инсоннинг аҳамиятсиз борлиғидан кўра реал воқеликка кўпроқ боғлиқлигимизни эслатиб туриши керак. Ҳамма нарсадан улуғроқ ва буюкроқ: куч, ирода, билимда...

Инсоннинг барча саъй-ҳаракатлари беҳуда бўлган ва моддий дунёдан ҳеч нарса ёрдам бермайдиган бундай аччиқ лаҳзаларда, инсон Худога мурожаат қилмаса, беихтиёр кимга мурожаат қилади? Синов пайтларида биз ҳар сафар тўғри йўлни бошлашга ваъда берган ҳолда, неча марта Раббимизга мурожаат қиламиз! Аммо қанча одам берган сўзининг устидан чиқади?

Инсон учун энг катта мусибат, шубҳасиз, Қиёмат куни бўлади ва фақат шу даҳшатли кунга келибгина Худонинг борлигини тан оладиган одам бахтсиз одам бўлади. Инглиз шоираси Элизабет Барретт Браунинг жафокашлар мурожаатини таърифлар экан ("Инсон йиғиси") шундай ёзади:

"Уни ҳатто ҳеч қачон мақтамаганлар

Дейди: оғиз тўлдириб, "Худо раҳмдил"

Фикр юритадиган атеист, шубҳа-гумонларга тўла бўлса ҳам, унинг йўқлигини исботлай олмайдиган Қиёмат кунидан қўрқади. Шунинг учун, ҳар эҳтимолга қарши, дейди:

«Эй Худо, агар Худо бор бўлса! Мен, агар жоним бўлса, жонимни асра» (Жозеф Эрнест Ренан «Молитва Скептика»).

Агар киши бундай ибодати билан Худога мурожаат қилса, бирор нарсасини йўқотадими? Агар атеист куфрда қолишга қарор қилса, бундан ёмон бўлмайди, аммо агар одам мурожаати билан имонга келса, Томас Жефферсон айтганидек:

"Агар сиз Худога ишониш учун сабаб топсангиз, унинг назорати остида яшаётганингизни ва У сизнинг ҳаракатларингизни маъқуллаши сизга қўшимча туртки беради - агар келажакда ҳаёт бўлса, бахтли ҳаёт умидлари бунга лойиқ бўлиш истагини кучайтиради ..."

Агар одам Худони Унинг яратган нарсалари ажойиблигида кўрмаса, демак у яхшилаб қараши керак. Френсис Бэкон айтганидек: «Коинотнинг ақли йўқлигига қараганда, мен ҳамма эртакларга, Талмудга ва Қуръонга ишонган бўлардим». Шундан кейин у қуйидаги сўзларни ёзади: «Худо ҳеч қачон атеизмни рад қилиш учун мўъжизалар яратмаган, чунки У яратган оддий нарсаларнинг ўзи буни аллақачон рад этган».

Ўйлаб кўринг, ахир Унинг учун оддий бўлган энг кичик нарсалар ҳам биз учун ҳақиқий мўъжиза саналади! Мисол учун, миттигина ўргимчакни олайлик. Наҳотки кимдир ҳақиқатда бундай нозик мавжудотнинг «ибтидоий бульон»дан келиб чиққанлигига ишонса? Бу мавжудот - кичик бир мўъжиза - ниҳоятда нозик, аммо мустаҳкам бўлган етти тургача ипакни ишлаб чиқиши мумкин. Ўргимчак ипаги пўлатдан кучлироқдир. Ўргимчак турли хил мақсадлар учун турли хил ипак турларини ишлаб чиқаради: ов қилиш, ўлжа ўраш, тухум сақлаш учун сумка яратиш ва ҳ.к. Ва бу ўргимчак мўъжизасининг кичик бир қисмидир. Ва бунда одам ўзини олий мавжудот деб ҳисоблайди. Атиги бир дақиқа самимий фикрлаш инсонга унинг қанчалик нотавон эканлигини тушуниб етишга имкон беради. Ажойиб бир бинога маҳлиё бўлиб, биз меъморга ҳурматимиз ортади, ҳайкалга қараб эса ҳайкалтарош ҳақида ўйлаймиз. Аммо атрофдаги яратилган нарсаларнинг ажойиблигига қаранг: энг кичик ядро зарраларининг мураккаблигидан то коинотнинг ўрганилмаган кенгликларигача. Наҳотки, сиз ҳеч бир нарсага кела олмасангиз? Ҳашаматга бурканган биз одамлар ҳаттоки оддий бир чивин қанотини яратишга қодир эмасмиз! Бутун дунё, Олам ажойиб уйғунликда бўлиб, космик бетартибликни мутаносиб камолотга айлантирган тасодифий ҳаракатлар натижасини намойиш этади! Баъзилар буни тасодиф, баъзилари яратилиш деб аташади.

Аксарият атеистлар асосий эътиборни Ҳар нарсани сезувчи Худо билан дунёдаги чидаб бўлмас ноҳақликлар бир вақтнинг ўзида бўла олмаслигига қаратади. Диндорлар учун бу такаббурликнинг ифодасидир, чунки одамлар яратилишнинг бир қисми бўлган ҳолда Яратувчидан бошқа нарсани билишмайди: дунёда нима бўлиши керак ва нима бўлмаслиги керак, улар Худонинг олий режасини тушунолмайдилар.

Кимдир ҳаётнинг баъзи соҳаларида унинг маъносини кўра олмаслиги мумкин, аммо тушунмовчилик  Худога бўлган ишончни йўқ қилмаслиги керак. Инсоннинг бурчи Худо ёки Унинг мавжудлигининг сифатлари ҳақида шубҳа қилиш ёки рад этиш эмас, балки бу дунёда унинг мавқеини қабул қилиш ва бизга берилган энг яхшисини ишлатишга ҳаракат қилишдир. Дарҳақиқат, агар киши баъзан хўжайиннинг қарорига рози бўлмаса ва унинг сабабларини тушунмаса, бу хўжайиннинг мавжуд эмаслигини англатмайди. Ҳар бир ходимнинг вазифаси хизматда пул топиш ва олға силжиш учун ўз ишларини бажаришдир. Шу каби, Худонинг ишларини нотўғри тушуниш ёки рад этиш, Унинг мавжудлигини рад этмайди. Одамлар камтарлик билан тан олишлари керак: хато қиладиган хўжайиндан фарқли ўлароқ, Раббий хато қилолмайди, У ҳар доим тўғри, чунки У мукаммалдир. Инсоният итоаткорлик билан Унинг олдида бош эгиши ва Унинг мақсадини тушуна олмаслигимиз, унинг хато қилишини ҳеч қандай кўрсата олмаслигини тан олиши керак. У Парвардигор, Раббимиз ва Яратгувчимиз, биз эса йўқ, У ҳамма нарсани билади, лекин биз ундай эмасмиз, У Ўзининг Илоҳий режасига тузади ва биз кунларимизнинг охиригача фақат яратилишнинг бир қисмимиз, холос.

Агар тақдирнинг ўзгарувчанлиги одамларни саросимага солиб қўйса ва Худонинг раҳм-шафқатини оғир ҳаёти билан боғлаши қийин бўлса, ҳақиқатни илтифот кўрсатиб, иложи борича юмшоқроқ етказишга ҳаракат қилиш керак. Раббимиз яхшироқ билишини англаб, одам тинчланар, унда яхшиликка умид уйғонади. "Эҳтимол,- деб ўйлади у, -ҳамма нарса бир қарашда кўринадиган даражада ёмон эмас. Эҳтимол, бу ҳаётда жабрланганлар жаннат саодатини абадий кутишлари мумкин ва азоб-уқубатлар уларга ер юзида қисқа вақт ичида тайёр бўлишлари мумкиндир? ”

Аллоҳ Ўзининг севимли бандаларига ишонч, йўл-йўриқ, ваҳий берган ва бунда улар қанча синов ва қийинчиликларга дуч келганлар! Дарҳақиқат, одамларнинг ҳар қандай бахтсизликлари пайғамбарларнинг азоблари олдида кўринмай кетади. Шунинг учун, кимдир муаммоларга дуч келса ҳам, умидни йўқотмаслиги керак, чунки пайғамбарлар ҳам дунё завқидан маҳрум бўлишган, аммо Худо уларни абадий саодат билан мукофотлаган. Шунингдек, инсон қийин дамда сабр-тоқат қилиб, ўз эътиқодига содиқ қолганларнинг бахтига эришишига умид қилиши мумкин.

Агар фосиқлар абадий тинчликда азобланишини кутаётган бўлса, одамни айбламанг, ваҳоланки, ҳозир улар буни ҳаётдан олишлари мумкин. Дўзах аҳлини эсланг. Масалан, Фиръавн. У ҳашаматли, чексиз куч-қудратга эга бўлиб яшаган, ҳатто ўзини олий Худо, деб эълон қилишга журъат этган. Нима бўлганда ҳам, ҳозир Фиръавн ўзининг янги маконидан қониқмаяпти, ўтмишдаги ҳашаматли буюмлар, қимматбаҳо гиламлар, атир-упалар ва чиройли хизматкорлар ҳақида фикрлар энди кўнгилга ёқмаяпти, деб ҳақли равишда ишониш мумкин.

Кўпчилигимиз ўйин-кулгининг бахтсиз оқибатлари ҳақида қайғули тажрибага эгамиз. Никоҳ ажралиш билан тугайдиган дабдабали тўйни, ОИВ билан "мукофотлайдиган" ишқий муносабатларни ёки босқинчилар ҳужуми билан тугайдиган шовқинли зиёфатни ёки автоҳалокатни ҳеч ким хоҳламайди...  Агар юз фоиз танангиз куйишини билсангиз, бу ҳаётдан завқланиш мумкинми? Бир қўлнинг кафти тананинг бутун юзасининг бир фоизини ташкил қилади, яъни бармоқ учининг куйиши тананинг мингдан бир қисмидан кам деганидир. Шунга қарамай, биз бармоқ учини кучли куйдирганимизда ҳам дунёдаги ҳамма нарсани, муҳим ва аҳамиятсиз нарсаларни унутмаймизми? Агар олов бутун танани қамраб олса ва ҳеч қачон кетмаса-чи? Бундай азобни тасаввур қилишнинг иложи йўқ! Бундай куйишдан тирик қолган кам сонли одамлар рози бўлишади. Бундай тақдирнинг дардини ва даҳшатини тўла-тўкис ифода этадиган сўзларни олишнинг иложи йўқ. Абадий азобланишга маҳкум бўлган бебахтлар ҳеч қачон тушунтириб беролмайдилар ва оловдан қутулиб қолган омадли одамлар ҳеч қачон бутун танангиз билан ёниш нимани англатишини англай олмайдилар, қачонки сизнинг бошингизда инсон ўзини маҳкум қилган шундай аламли азоб лаҳзалари ҳақида хотиралар бўлмаса.

«Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганини) тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос» (Раъд, 26).

Шундай қилиб, эътиборга лойиқ иккита жиҳат. Биринчидан, дунёга ҳамма одамлар Худо ҳақида туғма англаш билан келади. Одамлар ҳаётдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилиб, бу туйғуни эътиборсиз қолдириши мумкин, аммо қалбининг тубида ҳамма Ҳақиқатни билади. Бундан ташқари, Худо биз билган нарсаларни билади. Фақатгина У одам ўзининг ўжарлигидан қанчалик ботқоққа ботганлиги ёки Худога итоат этишда қанча муваффақиятга эришганини аниқлай олади.

Иккинчидан, ҳеч нарса шунчаки берилмайди. Агар бирор киши хўжайин билан рози бўлмаса ёки уни тушунмаса, у барибир мукофот олиш учун ўз ишини бажариши керак. Шунчаки ишхонада бўлганлик учун пул берилмайди, ишхонада ишлаш керак. Ҳаётда ҳам шу: инсон ўз вазифаларини бажариши, Раббига хизмат қилиши ва ибодатда бўлиши керак, агар у ажру-мукофотдан умид қиладиган бўлса. Бу шунчаки ҳаётнинг мақсади эмас, балки бизнинг ишимиз, бурчимиздир. Мусулмонлар фикрига кўра, одамлар ва жинларнинг бурчи шудир. Ахир, Раббимиз Қуръонда шундай деган:

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Одамлар доимий равишда ҳаётнинг маъносини излайдилар. Диндор одамларнинг нуқтаи назари ўзгаришсиз қолмоқда - одамлар бу дунёга Худога хизмат қилиш ва сажда қилиш учун келади. Яратилишнинг ҳар бир элементи инсонни қўллаб-қувватлаш ёки уни бошдан кечириш учун мавжуд. Албатта, киши Худо олдидаги бурчларни бажаришдан бўйин товлаши мумкин, аммо барибир ҳисоб они келади. Ҳаётининг охирида катта қарздорлигини билган одамни қандай ўкинч ва умидсизлик кутмоқда!

Хулоса қилиб, Френсис Бэкондан иқтибос келтирамиз: “Худони инкор этувчилар инсоннинг асл моҳиятини йўққа чиқаради, чунки ҳақиқат – танаси билан у ҳайвонга ўхшайди. Агар у ўз руҳи билан Худога ўхшамаса, демак у оддий ва содда мавжудотдир”.  Одамлар ҳар қандай фикрга қўшилишлари, Стэнли Миллер ва Гарольд Юри назариясини қўллаб-қувватлашлари мумкин, аммо ҳисоб истисносиз ҳамма учун тақдим этилади, биз ҳар биримиздаги нарсага жавоб беришимиз керак: жон ва имон учун, одамни ҳайвонлардан ажратиб турадиган метафизик асос учун.

Ва яна бир нарса борки, қалб борлигига шубҳа қилганлар ўзлари учун жуда кўп баҳона топишлари мумкин, аммо уларни қўллаб-қувватлайдиганлар кўп эмас.

Абу Муслим таржимаси