loader
Foto

Тавба сураси, 31-35 (Тафсири Ирфон)

Аҳли китобларнинг диний олимлари ва таркидунё қилган роҳиблари ўзларича бирор масала хусусида ҳукм чиқариб, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалолга айлантиришганида, яҳудий ва насронийлар буни ўзларига ҳужжат қилиб олишар ва: "Энди Худо бизларни сўроққа тутмайди", деб хотиржам бўлишар эди. Бу билан уларни ягона Илоҳга тенглаштирмоқчи бўлишар, самовий китоблардаги ҳукмларга эса парво қилишмас эди.

Адий ибн Ҳотим Пайғамбар алайҳиссаломдан ушбу оятни эшитгач: "Улар ахир уларга (руҳоний ва роҳибларга, Масиҳ ибни Марямга) ибодат қилишмас эди", деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: "Тўғри, лекин Аллоҳ уларга ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб беришса - ҳалол дейишарди, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб беришса - ҳаром дейишарди. Мана шу уларга қилган ибодатларидир" (Байҳақий ривояти). Адий ибн Ҳотимдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим. Бўйнимда олтин хоч бор эди. "Эй Адий, мана бу бутни ташла!" дедилар. У зотнинг "Улар Аллоҳни қўйиб, руҳонийлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни илоҳ қилиб олишди" оятини тиловат қилаётганларини эшитдим. Кейин у зот: "Аммо ўшалар уларга ибодат қилишгани йўқ, лекин уларга ҳалолни ҳаром қилишди ва ҳаромни ҳалол қилишди, улар эса эргашишди", дедилар" (Имом Термизий, Байҳақий ривояти).



32. Улар Аллоҳ нурини оғиз билан ўчирмоқчи бўлишади, Аллоҳ эса, кофирлар ёқтиришмаса-да, Ўз нурини комил қилмай қўймайди.

"Оғиз билан ўчириш"нинг икки хил маъноси бор: 1) қадимда мойчироқлар пуфлаб ўчирилгани каби кофирлар ҳам ўзларига ҳалақит бераётган Аллоҳ нури (дини)ни ўчирмоқчи бўлишади; 2) сохта олим ва роҳиблар Аллоҳдан келган Ҳақиқатни яшириб, одамларни куфр зулматида тутиб туришга қанчалик уринишмасин, Аллоҳ Ўз нурини (яъни динини) мукаммал қилиб, инсонларни имон саодати сари йўллайверади. Аллоҳ таоло айтади: "Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда сўзлари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёҳтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир" (Саф, 8).



33. Мушриклар ёқтиришмаса-да, У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан ғолиб қилиш учун юборган.

Инсонлар эътиқодларига кўра уч хил: Ҳақни таниганлар, Ҳақни инкор қилганлар ва Ҳақни танишда адашганлар бўлишади. Айтайлик, инсон бир машина ихтиро қилди. Унинг ўзига бўйсунишини, хизмат қилишини истайди. Итоат қилишини кўзлаб унга рул ўрнатади, тормоз қилади, ғилдирагини ясайди, чироқлар билан жиҳозлайди. Чунки у машинасининг тўғри йўлдан чалғимай юришини, ағдарилиб ҳалокатга учрамаслигини хоҳлайди. Аллоҳ таоло бандасини яратар экан, унинг Ўзига бўйсунишини, белгилаб берган йўлидан юришини истади. Йўлидан чиқиб кетган машина ағдарилиб, пачоқ бўлгани каби инсон ҳам тўғри йўлдан адашса, залолатга учраб ҳалок бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: "Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!" (Фатҳ, 28). Бошқа бир ояти каримада бундай дейилади: "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир" (Саф, 9). Аллоҳ таолога яқин бўлиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидворликнинг энг ишончли ва тўғри йўли - Исломдир!



34. Эй мўминлар, Аҳли китобларнинг руҳонийлари ва роҳибларининг кўплари одамлар молини ноҳақ ейишади ва Аллоҳ йўлидан тўсишади. Олтин-кумушларни босиб олиб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганларга аламли азоблар хабарини беринг.

Шундай кимсалар ҳам борки, улар қўлларидаги олтин-кумушларни босиб олиб, улардан закот тўлашмайди, ҳақдорларнинг ҳаққини адо этишмайди, Аллоҳ буюрган жойларга сарфлашмайди. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ кимга бойлик ато этган бўлсаю, у закотини бермаса, қиёмат куни бойлиги икки кокилли аждарга айлантирилади. Сўнг у эгасининг бўйнига ўралади-да, унинг икки лунжидан тутиб: "Мен сенинг молингман, сенинг хазинангман", дейди ва ушбу оятни (Оли Имрон, 180) ўқийди: "Аллоҳ фазли билан берганларига бахиллик қиладиганлар буни яхшилик деб ўйлашмасин. Йўқ, бу уларга ёмондир. Бахиллик қилган нарсалари қиёмагп куни бўйинларига ўралади. Осмонлару Ер ягона Аллохра мерос бўлиб қолади ва Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир” (Имом Бухорий ривояти). Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо: "Бу закотдан олдин бўлган эди, ушбу оят нозил қилингач, Аллоҳ уни (закотни) моллар учун покловчи қилди", деди (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи муфассирларнинг фикрича, бу оят аҳли китоблар ҳақида махсус нозил бўлган. Суддий эса "Аҳли қибла ҳақида", дейди. Заҳҳок эса оятнинг аҳли китоблар ва мусулмонлар учун умумийлигини айтган. Ато ибн Аббос оятда олтин-кумушларини босиб ётган мўминлар назарда тутилган, деб билади. Савбон бундай дейди: "Ушбу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Олтин-кумуш қуриб кетсин!" дедилар. Шунда одамлар: "Эй Аллоҳнинг Расули, унда қайси молни хазина қилиб йиғайлик?" деб сўрашди. Шунда у зот: "Шукр қилувчи қалбни, зикр қилувчи тилни ва солиҳа жуфти ҳалолни", дедилар".



35. Босиб қўйганлари ўша куни дўзах ўтида қиздирилиб, пешона, ёнбош ва орқаларига босилади ва: "Булар ўзингиз учун йиққанларингиз эди, энди тўплаганларингизни тотиб кўринглар-чи!", дейилади.

Инсоннинг бутун аъзолари орасидан фақат пешона, ёнбош ва орқа томонга тамға қиздириб босилишининг боиси, бахил бой кимса фақирларни кўрганида пешонасини тириштириб, ёнбоши билан туриб олар, агар фақир унинг яқинига келса, орқасини ўгириб олар эди Жазо қилмишларига яраша бўлиши учун мазкур аъзоларга бойликлари қиздириб босилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Қайси бир олтин-кумуш соҳиби бойлигининг ҳақини (закотини) бермас экан, қиёмат куни бўлганда оловдан қозонлар ясалиб, бойлиги дўзах оловида қиздирилади-да, у билан пешонаси, ёнбоши ва орқа томонига тамға босилади. Агар у совиб қолса, дарҳол бошқатдан қиздирилади. Бу микдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда, то бандалар орасида ҳукм қилингунча давом этади. Сўнг жаннатга ёки дўзахга элтувчи йўлни кўради". Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа ушбулардир: золим амир, молидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этмайдиган бой ҳамда мутакаббир камбағал" (Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузайма ривояти).

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР