loader
Foto

Саудия шаҳзодаси инсониятга қарши жиноятда айбланмоқда

Ташкилот аризасида шаҳзода ва унга яқин нуфузли шахслар Туркияда журналист Жамол Хашукджини қатл этишда айбланган. Шунингдек, Саудияда тизимли равишда журналистларга босим ўтказиш, уларни жисмонан йўқ қилиш жиноятига масъул экани таъкидланган.

Парижда жойлашган “Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг билдиришича, Германия қонунлари ўз ҳудудидан ташқарида содир этилган жиноятларга қарши прокуратуранинг иш очишига изн беради. Шунинг учун ҳам айнан Германияга мурожаат қилинган.

Ташкилотнинг Халқаро кампаниялар бўйича директори Ребекка Винсентнинг таъкидлашича, аризада Саудия ҳукумати ўнлаб журналистларни ноқонуний ҳибсга олишда ҳам айбланган.

“Умид қиламизки, уринишларимиз нафақат Саудия, балки дунёнинг бошқа нуқталарида ҳам журналистларга қарши зулмнинг тўхтатилишига хизмат қилади. Германия суди чора қўлласа, шу йўлда муҳим қадам қўйилади”, - дейди Винсент.

Америкада яшаган Хашукджи "Вашингтон Пост" шарҳловчиси эди, шунингдек, халқаро оммавий ахборот воситаларида тез-тез чиқиб, Саудия Арабистони қироллигини қоралар, уни инсон ҳуқуқларини аёвсиз поймол этганликда айблар эди.

Хашукджи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига борганида махсус гуруҳ томонидан ўша ердаёқ қатл этилиб, жасади қиймаланган, дейилади расмий маълумотларда.

АҚШ разведкаси ва БМТнинг махсус элчисига кўра, шаҳзода қотилликнинг буюртмачиси. Жо Байден маъмурияти куни кеча тақдим этган ҳисоботда ҳам шаҳзода Хашукджини қўлга олиш ёки қатл этишни маъқуллагани маълум қилинган.

“Назаримда, АҚШ разведкасининг ҳисоботи қотиллик ишига доир фактлар ва айбдорларни ошкор қилди”, - дейди Винсент.

Унинг таъкидлашича, Германия прокуратураси жиноий ишни очишни рад этса, ташкилот адолат йўлидаги курашини бошқа йўллар билан давом эттиради. Айни дамда Хашукджининг йўқ қилиниши бўйича суд иши Истанбулда давом этмоқда. “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти судда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Манба: Amerika Ovozi

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР