loader
Foto

Қалбларнинг тош бўлиб қотиши

Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин. Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Аллоҳим, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман.  Сен Ўзингга Ўзинг айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в нинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига; шунингдек Аллоҳ ул зотни бутун оламларга башийру назийр қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва ул зотнинг олига қиёматга қадар  доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин. Эй мусулмонлар, сизлар ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан.

Аммо баьд.  Аллоҳнинг бандалари! Билингизки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло (барча хусусда бўлганидек), бандаларига қиладиган муомаласи хусусида (ҳам) ўта ҳакийм ва ўта билимдондир. Зеро У жалла жалалуҳунинг исмларидан бири “Робб”дир. “Робб” калимаси “Мураббий” калимасининг муболаға шаклидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини ўта дақийқ тарбиявий манҳажлар ва кўрсатмалар асосида етиштиради, уларни тарбия қилади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандалари ҳолини жуда яхши билади. Улар давомли беҳожатлик ва тўкин-сочин ҳаёт ичига ташлаб қўйилса,  ҳаддан ошиб кетишлари ва туғёнга кетишларини;  аксинча давомли қийинчилик ва мусибатлар орасига ташлаб қўйса, улар ноумидлик ва тушкунлик гирдобига тушиб қолишларини яхши билади. Шу сабабдан, Аллоҳ таоло биринчи ҳолат ҳақида Алақ сураси; 6 -7-  оятларда إِنَّ الْإِنْسَانَ لَيَطْغَى (6) أَنْ رَآَهُ اسْتَغْنَى “Албатта инсон туғёнга кетадир;  (бу эса унинг Аллоҳдан) ўзини беҳожат кўргани учун”деса, иккинчи ҳолат ҳақида  Исро сураси; 82- оятда وَإِذَا مَسَّهُ الشَّرُّ كَانَ يَئُوسًا (“Қачон уни ёмонлик тутса, ноумид бўлур.”),  дейди. Доимий яхшилик  инсон учун фойдали эмас, унинг дардига даво бўлмас. Давомли ёмонлик ҳам унинг учун манфаат келтирмайди ва уни хасталиклардан халос қилмайди. Аллоҳ таолонинг, ўзининг ана шу ҳикматига биноан бандаларини баьзида неьматларига ғарқ қилиши, гоҳида мусибатлар ўқига нишон қилиши каби илоҳий суннати мавжуд.  Ахир, Аллоҳ таоло Анбиё сураси;  35-оятида و نبلوكم بالشر و الخير فتنة و إلينا ترجعون “Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила синаймиз ҳамда бизгагина қайтарилурсизлар.”, демадими?! Токи инсон Аллоҳнинг амри ва тадбири ила юзага келган қийинчилик ва фаровонликдан ташкил топган мана шу беқарор, саботсиз ҳаёт ичида яшасин.  Токи мана шу ўзгаришлар унга унинг Аллоҳга бўлган убудиятини эслатиб турсин. Инсон тўқлик кунларида йуқлик онларини эсга олади ва Аллоҳга бу тўқликни давомли қилишини сўраб илтижо қилади. Йўқлик кунларида эса тўқлик кунларини эслайди, Аллоҳнинг  унга ўтмишда ато қилган фазлу карамини хотирлайди. Натийжада, инсон Аллоҳдан унинг карами ва фазлини сўраб дуоларга қўл очади. Хулоса шулки, ушбу кўринишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан кўрасатаётган ўта дақийқ тарбиявий кўринишларидандир.

Мана шу нуқтаи назардан, инсонлар ўзларини доимо узлуксиз равишда Аллоҳ таолонинг бериши ва олиши орасида, синовлари  ҳамда имтиҳонлари ичида топганлар.  

Баҳор мавсуми бошида мўл-кўл ёмғирни кўрган инсонлар қаттиқ хурсанд бўлиб кетдилар. Уларнинг қалбларини башорат  тўлалигича эгаллаб олди ва улар ўта серҳосил мавсум бошида, кўплаб яхшиликлар остонасида турибмиз, деб тасаввур қилдилар. Аммо Аллоҳ таоло ишни улар ўйлаганларидан бошқа тарафга буриб юборди, уларнинг тасаввурларидаги ҳолатни ўзгартириб юборди. Бир неча ҳафта ўтмоқдаки, ёзнинг жазирама иссиқлари атрофни қовуриб ташлади. Ёмғирдан эса дарак йўқ. Ёмғирнинг, ( ҳудди  шу каби бошқа неьматларнинг ҳам) аввалига берилиши, унинг ортидан эса мань қилинишининг ҳикмати нимада?!  Аввалидаги мўл-кўллигу унинг ортидан келган қурғоқчилик нимага далолат қилади?!

Бундан кўзланган асосий мақсад, инсон илоҳий атоларнинг берилишию олиниши масаласида ўзини табиатга топшириб қўймасин, ҳамма нарсани ундан деб санамасин. Билсинки, бу борлиқ коинот ортида унинг Яратувчиси, берилиши ортида унинг Берувчиси мавжуд. Муҳими, бу бўлаётган жараёнлар шунчаки ҳодисалар эмас.  Бу ҳақиқатлар инсонни Аллоҳга риҳлат қилмоғи; қўлларини очиб Аллоҳга илтижо қилиши; Унинг остонасида доимий тазарруьда бўлиб туришига туртки бўлсин учундир.  Аллоҳнинг бандалари, бу ҳаётда бўлаётган ушбу жараёнлардан кўзланган ҳикмат мана шу эканлигини асло эсдан чиқазманг.

Аслида ҳаётдаги баьзи қийинчиликлар ҳақийқий мусибат эмасдир, балки билсангиз эди, буюк мусибат бошқа нарсадир.  Инсонлар бошидан турли –туман ҳолатлар ўтади. Аммо бу инсон ҳар ҳолатда ҳам бирдек ўзгармас, ёки бошқача қилиб айтганда бетаьсир бўлиб қолаверади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳдан бирдек узоқ масофада тураверади. Аллоҳнинг ва на бериши уни шукр тарафига етаклайди. Ва на олиши уни дуо ва илтижо остонасига жалб қилади. Бизнинг бошимиздан ўтаётган ҳолатлар, балки ана шу тарздаги ҳолатлардандир.

Аллоҳ таоло ўз фазлидан бизга ато қилган кунларда, ўз хазиналаридан иньом қилган чоғларда Унга ҳамд айтишни эсламаймиз, Уни шукрлар билан эсга олмаймиз.  Аксинча, Аллоҳ таоло бизни юқоридаги ҳолатнинг акси билан имтиҳон қилса; қурғоқчиликдан ўт-ўланлар қуриб кетса; чанг-тўзонлар кўкка бўй чўзса; гоҳида бизларни оғир синовлар ўз қучоғига ўтқазса; улар орамизга кириб биздан айрилмай бизни қийноққа солса; янада биз Аллоҳни ёдга олмаймиз. Аввалги ҳолатда шокирлик ила, кейинги ҳолатда тавба-тазарруь ва дуолар ила. Инсоннинг бундай бетаьсирлик каби аянчли ҳолга тушиб қолиши, аслида буюк мусибатдир, улкан ҳалокатдир. Бу ҳолат кишининг Аллоҳдан узоқлашиб кетганлигига ишорадир. Аллоҳдан узоқлашиши эса, маьлумки, энг буюк бахтсизликдир. Бундай ҳолатда инсон зудлик билан ўзининг кимга айланиб қолганлиги, реал ҳаққоний воқеьлиги, ўзи яшаётган коинотнинг ҳақиқатини тушуниб етишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Айтингчи, агар Аллоҳ бошимиздан ўтаётган имтиҳонлар билан бизни синовга олса; яратган мавжудотларидан бўлган осмонига ёмғир ёғдиришга изн; ерга экинни ўстиришига мадад; ўсимликларга ҳосилини сақлаб туришга ижозат бермаса; у ҳолда биз кимга илтижо қиламиз?! Ризқимизни ундан тилайдиган, бизга фаровон ҳаёт ато қиладиган, Аллоҳдан ўзга бирон илоҳ борми?! Турли туман илмлар бизни атрофимизни қамраб олган балолардан қутқара оладими?! Ақлли инсон ўзига мана шу саволларни бериб туриши даркор. Инсон ўзининг шаҳват қобиғи ва фаросатсизлиги пардалари билан парадаланиб қолиб кетмаслиги шарт.  Юқоридаги саволга ақлли ҳар бир зотнинг  берадиган жавоби аниқ ва у қуйидагичадир. Берилаётган барча иньомларнинг манбаьси Аллоҳдир. Шунингдек, имтиҳонларнинг масдари ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Оқилга ушбу ҳақиқатни билиш оғирлик қилса, Аллоҳнинг китобидаги айрим оятларни эслатиб қўймоқчиман. Албатта у  Аллоҳнинг китобини ўқиб тиловат қилиб турадиган бўлса. Аллоҳ таоло Мулк сураси; 21-оятда марҳамат қилиб айтади: أَمْ مَنْ هَذَا الَّذِي يَرْزُقُكُمْ إِنْ أَمْسَكَ رِزْقَهُ بَلْ لَجُّوا فِي عُتُوٍّ وَنُفُورٍ  “У ризқни тортиб қўйса, сизга ризқ берадиган ким ўзи? Балки улар абадий туғёнда ва ҳақдан нафратда бўлурлар.”. Баёни Илоҳийнинг эҳтиёжсизлик даьвогарларини мусобақага чорлашига диққат қилинг. Оятдаги даьвогарларни “кураш майдони”га даьват қилаётган саволга эьтибор беринг. Ушбу саволда Аллоҳнинг ушласа қўйиб юбормайдиган Рубубият жалоли маьноси акс этган.   “У ризқни тортиб қўйса, сизга ризқ берадиган ким ўзи?”.  Агар Аллоҳ осмонга, айтиб ўтганимиздек, ёмғир ёғдиришни амр қилмаса; ерга гиёҳ ундиришга фармон бермаса; у ҳолда ихтироьлар, кашфиётлар ва шарқу ғарб илмларига илтижо қилиб ёлворинг, барчаси бефойдадир. Аллоҳга қасамки, буларнинг барчаси сизнинг бахтсизлик ва маҳрумиятларингизнигина зиёда қилади. Аввалгию кейинги ақли паст ғофиллар: “ Шунақанги портлатиладиган нарсалар борки, улар осмонда портлатилади ва унинг ёрдамида ёмғирни хоҳлаган тарафга буриш мумкин.”, сафсатасини сўзлаб юрадилар.

Хўш, ушбу хурофотни тасдиқлайдиган бирон бир асосли далил борми?! У ҳолда, нега миллионлаб кишилар очлик ва чанқоқликдан ер юзида ҳалок бўлмоқдалар? Ғарбу шарқдаги қанчадан қанча ерлар нега қурғоқчиликдан қақшаб ётибди? Ахир ўша ерлар атрофида олимлар, тадқиқотчилар ва ихтирочилар йўқми? Африка ва бошқа жойларда нега ўлим очлик билан инсонларга таҳдид қилмоқда? Нима учун ана шу аҳмоқона даьво эгалари ва улар ортидан эргашувчилар бу машаққатларни саодатга айлантиришга шошилмаяпдилар? Улар бу тарздаги қийинчиликларни фаровон ҳаётга алмаштирсалар бўлмасмиди?  Ҳа, албатта улар бу ишларни қилолмайдилар. Зеро барча нарса Аллоҳ таолонинг: “У ризқни тортиб қўйса, сизга ризқ берадиган ким ўзи? Балки улар абадий туғёнда ва ҳақдан нафратда бўлурлар.”,  раббоний қарорига ихтиёрий ёки беихтиёр бўйсунади.   Раббимиз азза ва жалла биздан убудият вазифамизни бажармоғимизни ирода қилмоқда. Убудият эса дуо ва илтижолар билан рўёбга чиқади. Инсон Аллоҳ таолога илтижо қилишни, кўпинча, уни зарарлар ўз ҳоли-жонига қуймай қийнаган чоғлардагина ихтиёр қилади. У ўзининг ночор ҳолини сезгач, аламларни тотгач, узоқдан яқиндан очлик унга таҳдид солиб турганини ҳис қилгачгина Аллоҳнинг остонасига бош уради. Бу инсон хоҳ солиҳ, хоҳ солиҳ бўлмасин; хоҳ гуноҳкор, хоҳ гуноҳкор бўлмасин; бу билан Аллоҳ таоло бандасига ўзига илтижо қилишини эслатиб қўймоқчи бўлади. Мана шу ҳикмат асосида, Аллоҳ таоло бандаларини бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кўчириб туради. Тўқлик ҳолатда шукр билан; машаққат онларида дуо ва илтижо билан Ўзини эсга олиб туришларини хоҳлайди.

Айнан мана шу ҳикмат асосида, сиз билганингиздек, Умар р.а замонларида саҳобалар р.а бошларига қурғоқчилик каби бир Илоҳий суннат тадбиқ қилинди. Осмондан бир томчи ёмғир ёғмай қўйди. Ваҳоланки саҳобалар, буларнинг бошида Умар р.а, Расулуллоҳ с.а.в муборак изларидан изма из юрадиган зотлар эдилар. Лекин, айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таолонинг бандалари ичида жорий қилган илоҳий суннати мавжуд эди. Бу суннатга кўра, Аллоҳ уларни ўзига илтижо қилишлари, сўнгра шукр билан Унга йўналишлари учун турли синовларга солиши  керак эди. Саҳобалар бошига тушган ушбу синов бир неча муддат давом этди. Ибн Касийр р.а ривоят қилган ва уни саҳиҳ дея белгилаган нақлга биноан, бир аьробий қўй сўйди; қарасаки, очликдан қўйнинг ҳатто суяклари қизариб кетибди. У шу онда: “Во Муҳаммадоҳ!”,  дея оҳ урди ва тўғри Мустафо с.а.в қабрларига йўл олди. Бориб, “Ё Расулаллоҳ! Умматингиз учун ёмғир сўранг.”,  деди. Ўша кеча бояги аьробий Расулуллоҳ с.а.в ни туш кўрди. Расулуллоҳ с.а.в унга: “Хушхабар бер. Тез орада суғориласизлар. Аммо (аввалига) сен Умарга бор ва унга зийрак бўлишини таькидлагин.”,  дедилар.   Аьробий уйқусидан уйғонди-ю, тўғри Умар р.а ҳузурларига бориб рўьёсини сўзлаб берди. Умар р.а тушнинг таьвилини тушуниб етгандилар, бу туш Расулуллоҳ с.а.в тарафларидан саҳобалар билан бирга саҳрога чиқиб Аллоҳга илтижо қилишларига огоҳлантириш эканлигини англагандилар. Умар р.а йиғига бўғилган ҳолда истиғфор айта бошладилар. Бу билан ўзларини, ҳудди нисёнга кетганликда, Аллоҳ зикрини унутганликда айблаётгандек эдилар. Зудлик билан Расулуллоҳ с.а.в асҳобларини тўпладилар ва улар билан Аллоҳга илтижо қилиш учун саҳрога чиқдилар. Улар Аллоҳнинг остонасида тазарруь қилдилар, эҳтиёж қўлларини Аллоҳга узатдилар.  Бу зотларнинг кимлар эканлигини сизлар яхши биласизлар. Улар Расулуллоҳ с.а.в нинг асҳоблари эдилар. Уларнинг амири “амирул мўьминийн” Умар р.а эдилар. Шундай бўлишига қарамасдан Аллоҳнинг улар ҳақидаги суннати ўзгармади. Аллоҳнинг улар ҳақида ўзгармаган суннати биз осийлар ҳақида ўзгариб қолиши мумкинми?! Айтингчи, Аллоҳдан йироқлашган, ўзларига зулм қилган, сулукий ва эьтиқодий ишларда хатолар устига миниб олган бизларга нисбатан Аллоҳнинг илоҳий суннати бошқача бўлиб қолиши мумкинми?! Модомики биз шундай эканмиз, ҳолатимиз қандоқ бўлсин?!

Нима учун биз, энг камида ана ўша (гуноҳлардан мағрибу машриқ қадар узоқ бўлган) саҳобалар Аллоҳга илтижо қилганлари каби,  Аллоҳга илтижо қилиб ёлвормаймиз. Расулуллоҳ с.а.в Умар р.а ни “Зийрак бўлинг, зийрак бўлинг.”, дея, яьни; саҳрога чиқиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога дуо қилинг, Ундан сўранг, Унга таважжуҳ қилинг, дейишлари билан огоҳлантирганларидек, бизни ҳам Расулуллоҳ с.а.в ҳар қандай одоб ўринларида, турли туман ҳар ҳил қийинчилик ва машаққатлар билан огоҳлантирмаяпдиларми?!  Расулуллоҳ с.а.в бизларни ҳам зийрак бўлишга тавсия қилиш билан Аллоҳга илтижо қилиш, Унга тазарруь этмоқликка амр қилмоқдалар. Биз саҳобалар р.а илтижолари каби Аллоҳ таолога илтижо қилсак,  Аллоҳ азза ваа жалла ҳам бизнинг ишларимизни ислоҳ қилади. اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا (11) وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг. Албатта У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир, ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир...”

Аллоҳим, бизларни Ўзинг рози бўладиган қатьий ишонч  билан ризқлантиргин.  Аллоҳим, бизларни Ўзингга илтижо қилиш шарафига ноил қилгил. Аллоҳим, бизларни бизга Ўзинг икром қилган неьматлар билан, ёки бизларни у билан имтиҳон қилган қийинчиликлар билан Ўзингдан тўсиб қўймагин. Аллоҳга истиғфор айтингларки, Аллоҳ ҳам сизларни мағфират қилсин.    

Муҳаммад Аюб Усмон

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР