loader
Foto

Даҳрийлик қайси кўлмакдан сув ичади?

Бироз ҳайрон бўлиб тургач, ўзим ҳам сезмаган ҳолда қатъийлик билан «Худо бор!» дедим. «Қани, бор бўлса, кўрсат-чи!», деди у кўзини чақчайтириб. Аммо ўша пайтда Аллоҳнинг ҳар бир нарсада, ҳар ерда мавжудлигини исботлаб беришга ожиз эдим. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, ўша серваҳшат муаллим ҳаммамизни тўплаб, яна ўзининг бузуқ ақидасини сингдирмоқчи бўлди: «Мана, биринчи фазогиримиз Гагарин коинотга чиқиб келди, у ерда ҳам Худо йўқ экан. У самода ҳеч қандай Тангрини кўрмабди. Энди Худонинг йўқлигига ишондингларми?»

Қўрқувданми ёки ақлимиз етмаганиданми унинг гапларига бош силкитиб турсак ҳам, ботиний бир овоз, ички бир туйғу «Худо бор, У мавжуд», деяверар эди. Муаллим худо йўқлигини исботлашга тиришиб қанчалик жазавага тушмасин, қанча куйиб-ёнмасин, зўр «далиллар» келтирмасин, ҳали ёлғон, разолат кириб бормаган, фитратан покиза қалбларимизда Худонинг мавжудлиги ҳақидаги буюк ҳақиқат, жамики мавжудотнинг Яратгувчисининг номи тобора қаттиқ муҳрланаётганга ўхшарди. Тўғри, Аллоҳ ва Унинг дини ҳақидаги тушунчаларимиз, тасаввурларимиз у пайтда жуда содда эди. Бувижонларимиз, бобожонларимиз сўзлаб берган оддийгина ривоятлар даражасида эди. «Аллоҳ буюрган амал ва ибодатларни бажарсанг, яхши бўлади, манави ишни қилсанг, гуноҳ бўлади» қабилида эди.

Кейинчалик ҳам даҳрийлик, худосизлик асосига қурилган совет тузумида улғайиб, ҳар қадамда юқоридагидай тазйиқ, таъна-дашномларга дуч келарканмиз, бу зулм, даҳриёна тарғибот-ташвиқот қанчалик зўраймасин, қалбларимиздан, онгимиздан, шууримиздан Аллоҳнинг номини, динини қисиб чиқаришга қодир бўлолмади. Аксинча, тоза бир эътиқод, покиза бир иймон минглаб, миллионлаб қалбларга илоҳий нур бўлиб кириб борди, ўрнашди. Ана ўша машъум йилларда динсизликнинг, худосизликнинг, эътиқодсизликнинг инсон учун, жамият учун, замонлар учун нақадар оғир кулфат, нақадар улкан фожиа, битмас-туганмас зулм эканини тушуниб етдик. Чунки аввалдан покиза, руҳоний, онгли яратилган инсон фитрати бу иркит ва қабиҳ мафкурани қабул қилиши, сингдириши мушкул эди.

Динсизлик, худобехабарлик, даҳрийлик юртимизга ўрис истилочиларининг хуржунида кириб келди. Уни энг аввал Олмонияда расимол (капитал) тузуми муносабатларидан аламзада бўлган икки серсоқол яҳудий назариётчи ўйлаб топган эди. Аммо бу мараз мафкура уларнинг юртида униб чиқмади, илдиз отмади. Орадан анча йил ўтиб, болшавойларнинг бўлажак доҳийи Владимир Лениннинг бунга ишқи тушиб қолди. Ўзи режалаган коммунистик жамиятни даҳрийлик асосига қуришни мўлжаллаб қўйди. Октябр тўнтаришини амалга оширган тепакал «доҳий» ишни насроний руҳонийларни маҳв этиш, черковнинг бутун бойликларини тортиб олишдан бошлади. Бошқа ўлкаларни советлар империясига қўшиб олиш учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган муттаҳамлик ва найрангларни ишлатди. Мусулмонларга исломий эътиқодлари, диний ибодат ва маросимларни эркин ўтқазишлари кафолатланиши, юртларида исломий республикалар тузилиши ҳақида қоп-қоп ваъда бериб, амалда бутун мамлакатда даҳрийликка кенг йўл очилди. Шариат поймол қилинди. Таълим тизими динсизлик асосига, моддиюнчилик мафкурасига ўтказилди. Динга сал мойиллиги бор одамлар ҳамма ишдан четлатилди. Аксинча, истилочиларга ёқиш учун эътиқодини сотганлар мансабларга сайланди, катта вазифаларга кўтарилди, имтиёзларга эга бўлди, мукофотлар олди. Минг йиллардан буён Ислом неъматидан баҳраманд бўлиб келаётган, ижтимоий-маънавий ҳаётини Ислом талабларига биноан қуриб келаётган ўлка ва миллат бир кечада худосизлик, даҳрийлик ботқоғига ғарқ бўлди.

Дахрийлар ўз ғояларини мустамлака қилинган ўлкалардаги халқлар онгига қуйиш учун қандай хунрезликлар ва бузғунчиликларни, ёвузлик ва қабиҳликларни қилмади, дейсиз. Мусулмон ўлкаларнинг қанча-қанча олим ва фозиллари, улуғ донишмандлари ва дин арбоблари жисман ва маънан йўқ қилинди ёки юртидан бадарға қилинди. Минглаб мадраса ва масжидлар вайронага ёки чўчқахоналарга айлантирилди ёки бузиб ташланди. Катта-катта вақф ерлари, иншоотлар зўрлик билан эгаллаб олинди. Диний адабиётлар илмий адабиётларга қўшиб ўтга ёқилди, сувга оқизилди, кўмиб ташланди. Оталаримизнинг ҳикоя қилишларича, Октябр тўнтаришидан иккинчи жаҳон урушигача уч киши жамоат бўлиб намоз ўқиса ҳам, Қуръон ёки бошқа бирор диний китоб уйидан чиқиб қолса ҳам, салла ўраса ҳам, қамалаверган. Советларнинг ҳамда унинг бош мафкурачиси коммунистлар фирқасининг динга, айниқса, Ислом динига бунчалик тиш-тирноғи билан қақшатғич кураш олиб боришининг сабаби нимада эди? Энг аввало, дин уларнинг мустамлакачилик, зўравонлик сиёсати йулида катта тўғаноқ бўлиши мумкин эди. Чунки мусулмон уламолар диёрнинг энг онгли, зиёли, билимдон қатлами эди. Иккинчидан, юрт озодлиги ва мустақиллиги учун олиб борилган ҳар қандай кураш ва ҳаракатларнинг бошида албатта уламолар, дин пешволари турган эди. Учинчидан, мусулмон жамоалари ихтиёрида минг-минглаб таноб вақф ерлар, бойликлар, фойда келтириб турган ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш корхоналари бор эди. Тўртинчидан, халқни ўқитиш, билим бериш тизими диний жамоатлар тасарруфи ва ихтиёрида эди ва ҳоказо.

Бу даҳриёна сиёсат, узоқ йиллар мобайнида Аллоҳнинг динига қарши олиб борилган кураш ўз «мева»сини бермай қолмади. Тили Аллоҳ номи билан чиққан тақводор ва мўмин кишиларнинг бутун бир авлоди динсиз, эътиқодсиз бўлиб етишди, ҳатто ўзининг даҳрийлиги билан мақтанадиган, фахрланадиган кимсалар топилиб қолди. Ана шундайлар золим истилочиларнинг «марҳамати»га кўз тикиб, ювиндисидан умидвор бўлиб худосизликда ким ўзарга баҳслашадиган бўлдилар. «Диндор» дейишмасин, деб отасининг жанозасидан қочадиган, ароқ ичишдан, бузуқликдан уялмайдиган бўлиб қолишди. «Эскилик сарқити» устидан қилинган ана шу «ғалаба»нинг, эътиқодсизлик, беҳаёлик, сурбетлик асосига қурилган мафкуранинг аччиқ мевасини мана бугун ҳасрат-надомат ила тотиб турибмиз. Шу нарса дилларга таскин берадики, шунча тазйиқ ва зўравонликларга қарамай, халқимизнинг асосий қисми ўз динини асраб қолди, эътиқодидан қайтмади.

Фақат динсизлик туфайли жамиятда зулм, талончилик, зўровонлик, ўғрилик, бузуқлик, ҳаром ишлар, жоҳилликни авж олдириш мумкинлигини мустамлакачилилар яхши тушунишган. Эътиқодли, билимдон, ақлли, аҳил-тотув, бир-бирига ёрдамга тайёр халқни бўйсундириш, ўзига хизмат қилдиришнинг йўли унинг эътиқоди, динини маҳв этиш эканини улар яхши билишган. Шунинг учун ҳам одамларнинг ахлоқи қанча бузилса, халқуми қанча булғанса, жамиятда жиноятлар ва бузуқликлар қанча кўпайса, ўзларига осон бўлишини билиб, шундай жиноятларга кўз юмиб қўяқолишган. Бугина эмас, ҳатто уларни рағбатлантиришган.

Аммо уларнинг кутгани, истагани бўлиб чиқмади. Даҳрийлик орқали фаровон, осойишта, мукаммал жамият қуриб бўлмади. Ҳаттоки кишиларни жамиятдаги зарарли иллатлардан халос қилишнинг иложи ҳам топилмади. Масалан, исломий мамлакатларда ҳам, ривожланган расимол (капитал) мамлакатларида ҳам (уларда ҳам яккахудолик дини амалда) оддийгина ўғрилик, яъни бировнинг молини сўрамай олиб кетишга аллақачон барҳам берилган. Битта-яримта шундай ҳол содир бўлса, айбдор дарров жазосини олади.

Эътиқодсизлик асосига қурилган коммунистик мамлакатларда эса ўғрилик чинакам миллий фалокат даражасига чиққан эди. Уйимизда мулкимизни ўғирлаб кетмасин, дея эшикларга қўша-қўша қулфлар, деразаларга бақувват панжаралар ўрнатганмиз. Бу ҳам камлик қилгандай қопағон итлар боқилган. Ишхонамизда ҳам эшик–деразалар панжара, қулфлар урилган, қўша-қўша қоровуллар хизматда эди. Дўконларда панжаралар, бу ҳам етмагандай сигнализатсияга уланган. Машинамизни очиқ қолдириб кетолмаганмиз, албатта панароқ жой излаганмиз. Велосипедимизни қаровсиз ташлай олмаганмиз, занжирлаб юрганмиз. Чўнтакда пул бўлса, «ўмариб кетишмасин», деб чангаллаб олганмиз. Жомадонимни ўғирлаб олишмасин, деб меҳмохонада хотиржам бўлолмаганмиз. Савдо қилаётганда «алдаб кўпроққа туширмасин», деб пўкиллаб турганмиз. Ҳар қадамда, ҳар соатда, ҳар жойда ана шундай хавф-хатар, ҳадик, қўрқув…

Ғарбу Шарқдаги дин ҳукмрон мамлакатларда бўлганимизда бизнинг хавфсирашимиздан, ҳадигимиздан кулишади. Ўзларида ўғирлик йўқлигидан фахрланишади. Ана сизга динсизликнинг бир кўриниши!

Ёки исломий ўлкаларда тақиқланган ароқхўрликни олиб кўринг. Ароқхўрлик келтирган кулфатларни санаб адоғига етиш қийин: ароқхўр энг аввало соғлиғидан ажрайди. Оила фаровонлигига путур етади. Чунки ётиб ичаверса, олтин тоғ ҳам етмайди. Оила аъзолари билан муносабатлар издан чиқади. Ҳар куни ичиб, лойга беланиб, «ўзини танимай», хорланиб, хўрланиб келадиган эр, ота, ўғил ака ё ука кимга ҳам ёқади? Ичувчи ходимга ишхонада ҳам ола қараш, ёвқараш: интизомни кўп бузади, ёлчитиб ишламайди, масъулиятни ҳис этмайди, соғлиғи яхши эмас, кўриниши ҳазар қилгудай. Ичкиликбозликнинг жамиятга келтираётган зарари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тарбия, ибрат соҳасида салбий таъсири ҳам алоҳида бир мавзу. Эътиқод, дин инсонларни ана шунча кўргилик ва кулфатлардан бирданига ва батамом халос қила олишини ҳамма ўз тажрибасида аниқ кўриб турибди.

Ғайриисломий мамлакатлар бошига яна бир фожеа ва кулфат бўлиб тушаётган фоҳишабозлик иллатини ҳам олиб кўринг. Ғарб дунёси шайтон васвасасига учиб, фаҳш ишларга эркинлик бергани, ҳаё, иффатни қоралаб бузуқликни рағбатлантирганининг аччиқ мевасини бугун надомат билан тотиб ётибди. Ҳаммаёқни фаҳш китоб, журналлар, расм ва филмлар босиб кетган. Ахлоқ, оила, ҳаё, муҳаббат, садоқат, деган тушунчалар паймол бўлган. Беҳаёлик, бузуқлик, фоҳишабозлик, бесоқолбозлик ва бошқа фаҳш ишлар авжига минган, инсонлар ҳайвоний ҳирс домидан чиқолмай ҳайрон. Бунинг оқибатида ёш-ёш қиз-жувонлар бир ҳовуч бузуқ пулдорларнинг эрмаги, кўнгил хуши, ҳирсини қондириш манбаига айлантирилган.

Эрсиз аёллар, отасиз болалар, эрта туғиб қўйишлар, сон-саноқсиз аёлларнинг танфурушликни касб қилиб олишлари, ёш-ёш қизчаларнинг бегоналар томонидан, ҳатто ўз оталари, акалари, қариндошлари томонидан зўрланиши ана шу беҳаёлик, бузуқлик, шармандали ишларнинг аччиқ мевасидир. Бу фожеаларни тўхтатишга, изга солишга ҳеч қандай ҳокимият, қонунлар, ҳуқуқий идоралар, сиёсий арбоблар ёки олимлар қодир эмаслар. Бу ахлоқсизликни тузатишга ва тугатишга фақат Ислом дини, юксак исломий ахлоққина қодир эканини ҳамма билиб турибди. Зинокорлик оқибатида жамиятда насл бузилади, яъни бола ҳақиқий никоҳли отадан эмас, балки асли, зоти номаълум, «нотаниш» кимсалардан туғилади. Натижада ноқобил, беодоб, безори болалар кўпайиб кетади. Келажакда улардан ва уларнинг авлодларидан қандай кўргулик ва тубанликлар содир бўлиши ёлғиз Яратганнинг Ўзигагина аён. Бундан ташқари фарзандлар ногирон, ақли заиф бўлиб туғилади. Буям ҳали ҳолва. Қайси юрт ёки қавмда зинокорлик авж олса, ўша юрт ёки халқ Аллоҳ томонидан қаттииқ азобланади. «Ҳўлу қуруқ баробар», деганларидай зинокорларга қўшилиб, покиза инсонлар ҳам Аллоҳнинг қаҳрига учрайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом шундай огоҳлантирганлар: «Қайси бир қавмда фоҳишабозлик кенг тарқалиб, у билан бемалол шуғулланаверадиган бўлсалар, ўша қавмга албатта вабо келади ва ота-боболари кўриб-эшитмаган касаллик ва оғриқларга дучор бўладилар». Буни турли мамлакатларда минглаб-миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлаётган офат ва фалокатларнинг кўпаётгани, ҳар йили қанчалаб одамнинг ёстиғини қуритаётган СПИД каби бедаво касалликларнинг пайдо бўлгани исботлаб турибди.

Баъзи нодон кимсалар ана шуларни кўриб-билиб ҳам, худосиз жамиятнинг нақадар хор, тубан эканини, эътиқод, дин, иймон устига қурилган жамият аксинча фаровон, осойишта, юксак ахлоқли эканини англаб етиб ҳам таслим бўлмайдилар, тан бермайдилар. Аксинча, «дин тараққиётга, илм-фан ривожига тўғаноқ, тўсиқ бўлади», одамларни жаҳолатда ушлаб туради, деб айюҳаннос соладилар. Аслида шундаймикин? Унда дин жамиятнинг асосий мафкураси бўлган, аҳолисининг асосий қисми Худога ишонган Ғарбнинг илғор мамлакатлари ҳақида нима дея оласиз? Олмония, Франсия, Буюк Британия, Италия, АҚШ каби мамлакатлар худосиз ўлкалар эмас-ку? Эҳ-ҳа, булар насроний диндаги мамлакатлар, демоқчимисиз? Унда Саудия Арабистони, Қувайт, Покистон, Индонезия, Малайзия, Эрон каби тўкин ва фаровон яшаётган, илм-фан, техника юксак ривожланган ўлкалар ҳақида нима дейсиз? Худди атай қилинганидай, (бу ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикмати) илм-фан коммунистик тузумни, динсизлик йўлини танлаган оз сонли мамлакатларда кам тараққий этганини, халқларнинг ночор яшаётганини нима деб изоҳлаш мумкин?

Моддиюнчиларнинг динга, айниқса, Ислом динига тиш-тирноқлари билан курашганларининг сабаби бор. Чунки уларнинг ғояси фақат жисмни тан олиб, руҳни инкор этади. Ғарб сивилизатсияси иқболига кўра, мутаассиб бўлиб, метафизикага, яъни жисмоний ва руҳий ҳаётга ўз эшикларини ёпиб қўйган. Ҳақиқатки, жисм фани (физика) билан чекланган, инсонни модданинг тор дунёсига қамаб олган. Улар наздида инсон учун моддадан ўтадиган куч йўқ, макон йўқ. Руҳ – йўқ нарса, диндорларнинг сафсатаси. Ҳаётни тартибга соладиган гуноҳлар мажмуи ғирт уйдирма. Яна бир моддапараст Чарлз Дарвиннинг босинқираши маҳсули бўлмиш тумтароқ ва машъум тадрижийлик (эволютсия) назариясини ўз кураши дастури қилиб олган моддиюнчилар бу зарарли ғояларини «коммунизм» отли дунёдаги энг «бахтиёр жамият» алдови билан хаспўшлаб, жаҳоннинг каттагина қисмига ёйишга эришдилар.

Аммо бу телба сиёсат узоққа бормади. Аллоҳнинг иродаси билан қумга қурилган иморатдай бир кечада қулаб тушди. Динга, руҳониятга қарши жазавага тушиб курашган жанговар дахрийлар унинг вайроналари остида қолиб кетди. Аммо уларнинг кишилар онгига сепган заҳарли уруғлари кимларнингдир миясида ниш уриб улгурган экан. Улар динсизлик жамиятининг ҳалокатидан йигирма йиллар ўтиб ҳам моддиюнчилик ақидасидан, динсизлик балосидан, диндорларга ҳайиқиш билан, аллақандай жирканиб муомала қилишлардан қутула олмай юришибди. Жамиятдаги безовталик, ишончсизлик кўринишлари, бағрикенгликнинг етишмаслиги, диний мутаассибликнинг вақти-вақти билан учқунлаб қўяётганига кўп жиҳатдан ана шу «собиқ даҳрий»ларнинг ҳам ўз ақидаларидан кеча олмаётгани сабаб бўлмоқда.

Дунё моддиюнчиликнинг ғирт бемаъни, ўта зарарли назария эканини аллақачон исботлаб бўлди. Жисм ва руҳ – ажралмас нарсалар эканини ҳар бир эс-ҳушли одам аллақачон тушуниб етди. Ислом уламоларининг вужудда жисм ғолиблик қилса, инсон залолат-жаҳолатга кетиши, руҳий дунёси бойиса, камолотга эришиб, Аллоҳнинг ризосини топиши ҳақидаги соддагина кашфиётлари заковат аҳлининг мулкига айланди.

Таями Сафо шундай ёзади: «Аллоҳни кўр-кўрона инкор этиш осон ва фойдалидай туюлади: инсонни ҳисоб-китобдан, масъулиятдан, виждон азобидан, азоб тортиш даҳшатидан қутқаради. Лекин Аллоҳни метафизик, фалсафий ва илмий далиллар билан инкор қилиш исбот этишдан ҳам қийинроқдир. Аллоҳга ишониш эмас, ишонмаслик инсонни зулматга етаклайди» («Мусулмонлар тақвим китоби», 1999 йил, II чорак).

Яна бир мутафаккир, русиялик фалсафа фанлари доктори Али Вячеслав Полосин қуйидаги фикрни билдиради: «Зардўштийлик ва ундан мерос олган насронийликдаги каби Исломда руҳ ва вужудни, руҳий ва моддий оламни, дин ва сиёсатни бир-бирига қарама-қарши қўйиш йўқ. Қуръони карим мантиғи кишилик ҳаётининг ҳамма жабҳаларига кириб боради» («Манифест новой России: третий путъ-прямой», «Мусулъманский куръер», 2000, № 20).

«Дин афюндир», деган «доҳий» ва «доҳийчалар»нинг калласи бугун ўзлари кашф этган даҳрийлик назарияси боши берк кўчага кириб қолганидан афюн чеккан банги каби айниб қолган. Туркиялик атоқли аллома Ҳорун Яҳёнинг жаҳоннинг ўнлаб тилларида, миллионлаб нусхаларда чоп этилган ва ҳамма ёққа тарқалиб кетган «Эволютсия назариясининг ҳалокати» китобида моддиюнчиларнинг тегирмонига сув қўйиб берган ҳаваскор инглиз табиатшуноси Чарлз Дарвиннинг «илмий» кашфиёти ғирт уйдирма эканини исботлаб, тадрижийлик назариясининг авра-астарини ағдариб ташлади. Дарвиннинг тахмин ва сохта далилларга асос солган, бир ярим аср мобайнида моддиюнчиларга хизмат қилиб келган «Табиий танланиш йўли билан турларнинг пайдо бўлиши», деган китоби бугунга келиб, жаҳон илмий жамоатчилиги орасида макулатурадан бошқа нарсага ярамай қолди. Айтишларича, ана шу китоб босилиб чиққандан кейин Туркия Компартияси ўзининг деярли барча аъзоларидан ажраган. Ҳорун Яҳё ёзганидай: «Шундай қилиб, ўқув адабиётларида, матбуотда басма-басига бонг уриб турилган, тинмай ташвиқот қилинган «Одам маймундан пайдо бўлган», деган даъво ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган қип-қизил ёлғондир» (Ҳорун Яҳё, «Қуръон мўъжизалари», Истанбул, 2002, «Крах теории эволюъии», Москва, 2002, 48-стр.).

Аммо ана шу куфрона назариянинг залолатини айримлар ҳамон тан олгиси келмаяпти. Дарвинбобонинг лўттивозлигига ишониб юрганлар сиз билан бизнинг орамизда ҳам бор. Туппа-тузук зиёлиларимиз «Одам маймундан тарқаган», «Ҳаёт жонсиз моддадан пайдо бўлган», «Модда бирламчи», деган сафсаталарга ҳанузгача ишониб, илоҳий яратилиш ҳақиқатини ўжарларча тан олмай келишяпти. Ҳатто баъзилар бу назариянинг танқид қилинишини «фанга қарши тажовуз» сифатида қабул этишмоқда. Нега бундай?

Бу саволга моддиюнчилар раҳнамоларидан бири файласуф Ричард Левонтин очиқ-ойдин жавоб беради: «Олам материалистик нуқтаи назардан илмий услуб ёки қоида эмас. Биз оламни материалистик асослаб берувчи тадқиқот ва тушунчалар услубини атайлаб (!) илгари сурамиз. Материалистик таълимотга содиқлигимиз туфайли катта саҳнага илоҳий таълимотнинг чиқишига йўл қўя олмаймиз» (Richard Lewontin, «The Demon-Haunted World», The NewYork 09. 01. 1997).

Даҳрийликнинг ҳар қандай соғлом фикрни, чинакам илмий ҳақиқатларни, замонавий фан ҳар куни кашф этиб–исботлаб турган мўъжизаларни тан олмай, ўжарларча рад этувчи назариясидан ҳамон кўнгил узолмай, умидвор бўлиб юрганлар учун бундан ҳам очиқроқ гапириш керакми? Агар юқоридаги ошкора эътироф ҳам яра юракларига малҳам бўлолмаса, ўзлари эътироф этиб, ҳар бир фикрга сиғиниб юрган замона алломаларига рўпара қилиб қўя қолайлик: машҳур олим, Нобел мукофоти соҳиби Алберт Эйнштейн айтади: «Худо йўқ, деган ақида бўйича бемалол яшаётган бўлсанг, сенинг энг тубан инсон эканингга шубҳа йўқ. Агар «Худони одамлар тўқиб чиқаришган», дейдиган бўлсанг, билгинки, сен қип-қизил тентаксан. Сабаби инсон буни ўйлаб топадиган даражада савияли эмас».

Америкалик атоқли табииёт олим доктор Андрей Конвай Иви шундай ёзади: «Мен ўзимнинг мавжудлигимга қанчалик ишонсам, Худонинг мавжудиятига ҳам шунчалик ишонаман. Худосиз, бошқача қилиб айтганда, моддий худосизлик илм кишисининг фикрига, ишига, ҳаётига зид нарсадир».

Яна бир америкалик профессор Уолтер Л. Бредли эса бундай дейди: «Коинотнинг тасодифан пайдо бўлиб қолгани эҳтимоли шунчалик ишонарсизки, у гўё маймуннинг Чарлз Дарвиннинг «Турларнинг пайдо бўлиши» китобини машинкада ёзиб берганига ўхшайди».

Британиялик машҳур файласуф олим Франсис Бэконнинг қуйидаги фикрлари бор: «Юзаки ва ибтидоий фалсафий билимлар одамни атеизм ва худосизликка олиб келади. Теран, кенг кўламли ва ҳар томонлама мукаммал илмлар одамни художўй ва олийжаноб қилади».

Доктор Алберт Макоб: «Илмий ишлар билан шуғулланишим Аллоҳга бўлган ишончимни мустаҳкамлади», деса, Лорд Каллифан «Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, илм албатта сени Аллоҳнинг борлигига ишонишга мажбур қилади» (М. Содиқ М. Юсуф, «Иймон», «Камалак», 1991, 45-бет), деб таъкидлайди. АҚШдаги Буффало дарилфунини фалсафа доктори Эроинг Вилям Наблоч «Ҳар қандай тортишувларга қарамай, Аллоҳнинг борлигига ишонаман», деб қатъий айтса, Колумбия дорилфунини профессори Доналд Роберт Карр «Илм-фан Худонинг мавжудлигини рад этишдан кўра кўпроқ исботлайди. Илм туфайли Унга бўлган эътиқодим ортиб боряпти», деб ёзади (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Иймон», Тошкент, «Камалак», 1991 йил, 44–47-бетлар).

Бундай иқтибосларни юзлаб келтириш мумкин. Франсалик уммон тадқиқотчиси Жак Ив Кусто (капитан Кусто) илм-фан туфайли Аллоҳни таниди, мусулмон бўлди. Яна бир тиббиёт олими Морис Бокай динсизликдан воз кечиб, Исломни танлади. Ҳатто Франсия Компартияси котиби Роже Гароди моддиюнчилик ва коммунизм ғояларини Исломга алмаштирди. Бундай мисолларни ҳам кўплаб келтириш мумкин.

Даҳрийлик, моддапарастлик қон-қонига сингиб кетган айрим замондашларимиз шунда ҳам бузуқ эътиқодларини ислоҳ қила олишмайди. Ниҳояси йўқ ғафлат чангалзорларида адашиб-улоқиб юришаверади. Бутун дунё аллақачон уларнинг таълимотидан юз ўгириб, Аллоҳни таниганига қарамай, ҳамон эски ашулатовоқларни эшитиб юришибди.

Бу ашулатовоқларнинг дийдиёси ҳамон ўша–ўша: «Дин афюндир. У камбағал–мазлумларни қуллик ва ҳукмдорларга таслим қилиб беради. Жаннат хомхаёлларига етаклайди. Дин Аллоҳ томонидан юборилмаган, балки жамиятнинг бир қатламини бошқа қатламига бўйсундириш учун мустабидлар томонидан ўйлаб чиқарилган нарса».

Булар моддиюнчиларнинг нуқтаи назари. Мусулмонлар, ҳатто ҳали Ислом билан шарафланишга улгурмаган жуда кўп Ғарбу Шарқ алломалари, заковат соҳиблари уларнинг қаттиқ адашаётганини, таги йўқ, пуч таълимотни саводсизларча қайсарлик билан ҳимоя қилаётганларини кўриб-билиб турибди. Уларнинг сафсаталарига қарши соғлом ақл, илм-фан ҳақиқати, ҳақ дин таълимоти билан муносиб жавоб қайтармоқда.

Дин улар иддао қилаётганидай нашавандлик ҳолати эмас, бу ҳушёрлик, сергаклик, ҳар бир ҳатти-ҳаракатинг, ҳар бир сўзинг ва фикринг учун виждон қийноғидир. Афюн билан мияси айниган, маст-карахт бўлганлар – моддиюнчиларнинг ўзларидир. Чунки улар динни рад этиб, тан олмайдилар. Бу билан динга бўйсунишдан ва унинг олдидаги масъулиятдан бўйин товлайдилар. Бу дунёнинг ўзидагина яшашларини тасаввур қиладилар. Ўлгандан кейин тирилишлари, ҳисоб-китоблар, назорат йўқ, деган баҳонада кўнгилларига ёққан ишни қилаверадилар.

Бундай моддиюнчининг покиза ниятли бир мусулмонга, агар бирор кишини ҳўкиз сузиб юборса, Ислом динининг кўрсатмаларини бажара олмадим, деб изтироб чеккан ҳамда етти маҳалла наридаги қўшниси олдида ҳам масъулият ҳис этган мусулмонга тенглашишига йўл бўлсин!

Бизнинг динимизни ер юзида ижтимоий зарурат туфайли, кишига киши томонидан зулм ўтказилиши ҳамда бойларни бой, қашшоқларни қашшоқ ҳолида тутиб турилишида қурол бўлиши учун пайдо бўлган, дейиш ҳам ғирт бўҳтон! Ислом мустабид ҳукмдорлар, зулмкорлар ва бойлар учун чинакам инқилоб бўлди. У бойлик фақат бойлар қўлида тўпланиб, улар сармоясини кўпайтиравермасин, балки ҳар бир кишининг мулки бўлсин, дея буюрди: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!» (Тавба, 34.) Ўз эҳтиёжингдан ортиқча, яъни нисобга етган молингнинг бир қисмини муҳтож биродарингга ўз хоҳишинг билан беришни, яъни закотни буюрган Ислом бу билан бой ва камбағаллар ўртасига адолат ва тенгликни олиб кирди. Бу инсон учун унинг молини зўрлик билан тортиб олгандан кўра эътиборлироқдир.

Ислом мустабидлар адолатсизлиги тагини томири билан тугатиш учун пайдо бўлди. Золим ҳукмдорларни раъият билан ҳисоблашишга мажбурлади. Қулдорларга қарши қилич билан уруш очди. Қуръони каримнинг «Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди» (Нахл, 71), «… айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз» (Зухруф, 32) оятларига суяниб, моддиюнчиларнинг Ислом жоҳил дин, деган айбловларини қатъий рад этамиз. Чунки ҳаётда табақаланиш ва ижтимоий фарқ бўйича одамларнинг бир хил эмаслигини билишда катта ақлнинг ҳожати йўқ. Кишилар ўртасидаги фарқ ҳамиша бўлган ва уни йўқотишга ҳеч ким қодир эмас. Ҳатто энг ашаддий моддиюнчилар ва анархистлар ҳам тенглик ҳақида гапирмайдилар. Тенг бўлмаган кишиларни қандай тенглаш мумкин, ахир! Одамлар туғилишидан бошлаб фаросати, куч-қуввати, эпчиллиги, ақлий имкониятлари ва бошқа бир қанча фазилатлари билан бир-биридан ажралиб туради-ку!

Ислом дини илм-фанга тўғаноқ, деган гаплар ҳам эскириб, сийқаси чиқиб кетди. Тарихга холис кўз билан назар ташласак, кишилик жамиятидаги энг улуғ, энг қимматли кашфиётлар, ихтиролар, янгиликлар Ислом олимлари томонидан амалга оширилганига гувоҳ бўласиз. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига асос солган, «алгоритм» истилоҳи унинг номидан олинган. Ернинг айланишини Галилейдан олти юз йил аввал Ислом олими Абу Райҳон Беруний исботлаб ва изоҳлаб берган. Шунингдек, у Ер ва Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, биринчи глобусни яратган.

Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар илмига доир «Зичи Кўрагоний» асари асосида Оврўпа мамлакатларида юлдузлар жадвали тузиб чиқилган, Али Қушчининг Ой харитаси Америка олийгоҳига осиб қўйилган. Абу Али Ибн Сино фаннинг турли соҳаларига атаб 450 китоб ёзган. Унинг йигирма икки жилдли «Тиб қонунлари» 800 йилдан буён тиббиётда асосий қўлланма бўлиб келяпти. Оптика фанининг асосчиси мусулмон олими Ибн Ҳайсамдир. Атом парчаланишига доир «термоядровий куч» фикрини фанда илк бор Жобир ибн Ҳаййон эълон қилган. Ўнинчи асрда тригонометриянинг илк кашфи мусулмон олим Ал-Баттонийга тегишли. Илк рак оператсиясини бундан 1000 йил олдин жарроҳ Али ибн Аббос ўтказган. Ибн Жассор 900 йил бурун мохов хасталиги сабабларини ўрганиб даволаган. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шулар билан танишган киши «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир, 28) ояти каримасида яширинган улуғ ҳикмат ва илоҳий башоратни кўриб, Парвардигорга ҳамду сано ва тасанно айтмоқдан ўзга йўл тополмайди.

«Дин-қотиб қолган ва турғунликда», дейдиганларга биз шундай деймиз: «Ислом ҳеч қачон турғунлик ва қотиб қолганлик дини бўлмаган, аксинча доимо ривожланишдаги ғоялар, фикрлар ва тараққиёт дини бўлган, буни Қуръони карим оятлари ўн тўрт аср муқаддам исботлаб қўйган: «Айтинг: «Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини кўринглар» (Анкабут, 20). «Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чиқувчи бир сувдан яралган-ку!» (Ториқ, 5-7.) «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия, 17-20.)

«Оврупо илгарилаб кетган», деган гаплар мутлақо асоссиз. Тўғрисини айтганда, биз динимиз даъватидан, йўлидан чекинганимиз учун орқада қолиб кетдик. Мусулмонлар диннинг амр-фармонларига чинакамига бўйсунган пайтларида катта тараққиётга эришганлар. Кўрфаздан Уммонгача бўлган улкан Ислом империяси бор эди. Дунёга донғи кетган олимлар бор эди. Машҳур файласуф Ибн Рушд, риёзатчи Ибн Ҳайсам, инсоншунос Ибн Нафис, кимёгар Жобир ибн Ҳаййонлар диндор эдилар. Лекин Аллоҳга ишониш уларнинг етук олим бўлиб етишувларига ва илм-фанда буюк кашфиётлар ўйлаб топишларига тўсқинлик қилмади. Бутун инсоният ўшанда Шарқ донишмандлиги хазинаси аталмиш улкан уммондан тўла баҳраманд бўларди. Фалакиёт, физика, риёзиёт, тилшунослик соҳасидаги жуда кўп истилоҳлар Оврупага араб тилидан ўтган.

Ғарб Шарқдан худосизлик туфайли ўзиб кетгани йўқ, балки тараққиётга интилиш, озодликка эришиш туфайли, фаннинг турли соҳаларидаги оммавий ихтиролар, саноатдаги кашфиётлар ҳисобига олдинга кетиб қолди. Мавлоно Жалолиддин Румий ёзганидай: «Шарқ ҳақни топди дунёдан кечиб, Ғарб дунё топди Аллоҳдан кечиб».

Бугунги замонавий илм-фан Дарвин, Лаплас, Маркс, Нитсше каби моддиюнчиликнинг «даҳо»лари фикрлари кўпроқ тахмин-фаразларга асослангани учун танқидга учраб, ҳақиқатдан йироқ деб топилганини исботлаб қўйди. Бугун уламолар «Худо йўқ», деб билим номидан ҳукм чиқармайдилар. Аксинча, ҳозир жаҳон олимларининг салкам 93 фоизи ягона Худо борлигини тан олиб ёзди. Атоқли физик олим, Нобел мукофоти соҳиби А. Эйнштейн «Худога бўлган иймон – илмий изланишларнинг энг улкан самарасидир», деб тан олса, канадалик профессор Ф. Алейн «Албатта бу онгли ва аниқ ҳисобли оламнинг яратгувчиси, бирламчи сабаблари, ҳамма нарсани билгувчи, ҳамма нарсадан қудратли ижодкори бордир», деб ёзади.

XVIII асрнинг ҳукамоларидан Хершел «Билимнинг майдони кенгайган сари Тангрининг мавжудлигига далиллар кўпаяверади», деб таъкидлайди (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Иймон», Тошкент, «Камалак», 1991, 44–46-бетлар).

Мана шунча фикр-исботлардан сўнг ҳам даҳрийлар ўзларининг бижғиб ётган ботқоқликларидан тоза сувли чашмаларга ўтишга, дунёдаги мутлоқ кўпчилик аллақачон англаб етган буюк ҳақиқатларни тан олишга ўзларида куч ва жасорат топа олишармикин? Бу йўлда уларга қалбларни ғафлатдан уйғотадиган илоҳий ҳидоят тилаймиз. Тавфиқ Аллоҳдандир!

Жаъфар АБДУЛМЎМИН