loader
Foto

Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу

...Ўшанда бу ўн икки мадиналик Расули Акрам салаллоҳу алайҳи вассаллам билан тунда кўришишга келишдилар. Ваъдага биноан уларнинг барчаси тун ярмида айтилган жойга тўпланди ва аҳдлашилди. Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз билан бўлган келишувни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамюртларига юзландилар:

– Эй Хижозликлар! Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассалламнинг даъватларини нега қабул қилганингизни биласизларми?

Улар:

– Ҳа, жуда яхши биламиз, – дедилар.

– Сиз Исломни тинчлик пайтида қабул қилдингиз, агар молларингизга бирор зарар етиб, яқинларингиз ҳалок бўлса, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламни ёлғиз ва ёрдамсиз ташлаб кетсангиз, буни ҳозироқ айтинг! – дедилар Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу. – Аллоҳга қасамки, агар шундай қилсангиз дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалок бўласиз. Агар Аллоҳнинг дини йўлида молларингиз ва жонларингизни аямасдан Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қолсангиз, уларни маҳкам тутинг, шунда бу дунёингиз учун ҳам, охиратингиз учун ҳам хайрли йўлни танлаган бўласиз.

Бу гапни эшитган мадиналиклар шундай дедилар:

– Биз молларимизга зиён етса ҳам, яқинларимиз ўлдирилса ҳам Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида бўламиз. Улардан ҳеч қачон айрилмаймиз. Ўлиш бор, қайтиш йўқ!

Сўнгра Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассалламга юзландилар:

– Ё Расулуллоҳ, биз аҳдимизда қолиб, онтимизни бажарсак бизга нима ваъда қиласиз?

Шунда Расули Акрам салаллоҳу алайҳи вассаллам уларга жаннатни ваъда қилдилар. Шундан кейин улар Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассалламга байъат этдилар, сўз бердилар.

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам мадиналик мусулмонлардан: Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик қилмаслик, ўғирлик ва зино қилмаслик, болаларни ўлдирмаслик, ёлғон гапирмаслик, туҳмат қилмаслик, хайрли ишларга тўсқинлик қилмаслик... борасида Сўз олдилар.  

Мадиналиклар Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламга байъат беришгач, Ақоба тепасидан шундай ҳайқириқ эшитилди:

– Эй Минодагилар! Пайғамбар билан мусулмон бўлган мадиналиклар сизларга қарши курашишга келишди!

Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассаллам бу ҳайқириқни эшитиб:

– Бу Ақобанинг шайтони, – дедилар, сўнгра овоз келган тарафга юзланиб:

–  Эй Аллоҳнинг душмани, ишим битгач, навбат сенга келади. Албатта, жазойингни олурсан! – дедилар.  

Сўнг байъат берган мадиналикларга буюрдилар:

– Сизлар тезроқ тунаётган жойларингизга қайтинглар.

Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу шундай дедилар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, агар истасангиз эрта тонгдан Минодаги кофирлар устига қилич солиб барчасини ўлдирамиз!

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам бу гапдан мамнун бўлдилар.

– Биз ҳали бундай ҳаракат қилиш амрини олмадик. Шунинг учун масканларингизга қайтинглар, –  деб марҳамат қилдилар.

Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу Ақобадаги байъатдан сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи вассалламдан айрилмадилар, улар билан бирга Маккада қолдилар. Пайғамбаримизга ҳижрат қилиш амри келгач, улар  билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Шунинг учун ушбу саҳобага “Ансорнинг муҳожири” деган ном берилган.



* * *

Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, ансорлар у зотни уйларида меҳмон қилишни чин дилдан орзу қилардилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага кириб келар экан, одамлар: “Марҳамат, ё Аллоҳнинг Расули” деб у зотга пешвоз чиқардилар.  

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг Қасво номли туялари гоҳ ўнгга, гоҳ чапга тебраниб одимларкан, Аббос ибн Убода ва Салим ибн Авф ўғиллари туянинг йўлини тўсдилар:

– Эй, Аллоҳнинг Расули, бизникига марҳамат қилинг, биз жуда кўпчиликмиз, мол-мулкимиз ва қуролларимиз ҳам бор. Душманларингиздан сизни ҳимоя қила оладиган кучга эгамиз.

Бу илтфотдан Расули Акрам салаллоҳу алайҳи вассаллам жилмайдилар ва уларга шундай марҳамат қилдилар:

– Аллоҳ таоло уларни сизга хайрли ва муборак қилсин. Туянинг йўлини очинглар, қаерда тўхташ унинг ўзига билдирилган.

Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинга келгач, Маккадан келган муҳожирлар билан мадиналик мусулмонларни қуръа йўли билан бир-бирларига яқин биродар қилиб қўйдилар. Ўшанда Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу билан биродар бўлган эдилар.



* * *

Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида мағлубиятга учраб тарқалиб кетаётган асҳоби киромни кўргач, уларга шундай дедилар:

– Эй биродарлар! Бошимизга келган бу мусибат Расулуллоҳга қарши исёнимиз натижасидир. У зот бизга сабр-бардош қилсак, Аллоҳ таолонинг ёрдами келишига ваъда берганди. Тарқалиб кетманглар! Пайғамбар атрофига йиғилинглар! Агар Расулуллоҳга бирор зиён етишига сабаб бўлсак, Роббимиз ҳузурида қандай қилиб жавоб берамиз?!

Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳу шу сўзларни айтиб, душманга ташландилар. Ўша куни Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассалламни жонбозлик билан ҳимоя қилиб, шаҳидлик шарбатини ичдилар.  Мушриклардан Суфён ибн Умая Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳуни икки жойидан яралаган эди. Оқшом пайти Аббос ибн Убода розияллоҳу анҳуни қўллари ва юзлари кесилган ҳолда топдилар.

Расули Акрам салаллоҳу алайҳи вассаллам Уҳудда шаҳид бўлган асҳоби киром учун шундай марҳамат қилдилар:

– Аллоҳга қасамки, асҳобим билан бирга мен ҳам шаҳид бўлиб Уҳуд тоғи бағрида ётишни қанчалик хоҳлардим.  Мен уларнинг Аллоҳ таоло йўлида ҳақиқий шаҳид бўлганликларига қиёмат кунида шоҳидлик бераман