loader
Foto

Туркманистон Афғонистон билан чегарани бетон девор билан тўсмоқчи

Бунинг бир неча сабаби бор: Туркманистон энергетика лойиҳаларини амалга ошириш учун «Толибон» ҳаракати билан алоқаларни ривожлантирмоқчи; ҳалокатли эпидемиологик вазиятни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Шунингдек, афғонлар Европага йўл олмасликлари учун Европа Иттифоқи яхши пул тўлашга ваъда берган бўлсада, Россия Президенти Владимир Путиннинг Марказий Осиё давлатларига қочқинларни қабул қилишдан тийилиш ҳақидаги тавсияси инобатга олиниши керак.

Ашхободнинг таъкидлашича, чегаралар ишончли қўриқланмоқда – учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кучайтирилган режимда назорат қилинмоқда. Туркманистон ҳукумати анчадан бери чегарани мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларни ўқитиш билан шуғулланиб келмоқда.

Шунинг учун бу масалалар бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишга сабаб йўқ.

Бироқ бу мураккаб вазият Ашхободни Афғонистон билан чегарада муҳандислик иншоотлари қуриш ҳақида ўйланишга мажбур қилди. «Хроники Туркменистана» (ХТ) портали хабарларига кўра, четкали тусиқлардан тортиб бетон деворларгача бир нечта лойиҳа кўриб чиқиляпти. Чегаранинг узунлиги деярли 800 км бўлиб, бундай иншоотларни қуриш жиддий маблағ ва вақтни талаб қилади. Ҳозирги чегара - тиканли сим илинган икки қатор устунларни кесиб ўтиш у қадар қийин эмас. Бундан кўпинча Афғонистонда яшовчи этник туркманлар фойдаланишган. Бироқ, улар ҳар доим орқага қайтарилган. Чегаранинг энг заиф қисммлари Марв вилоятидаги Серхетобод тумани (Кушка) ва Керки шаҳридан 30 км узоқликдаги Акина-Андхой божхона пости ҳисобланади. Бу икки нуқта қочоқлар ва радикал гуруҳлар жангарилари томонидан Афғонистондан қурол-яроғ олиб ўтиш учун фойдаланмоқда.

Август ойи охирида 11 кишидан иборат этник туркман оиласи Керки чегара отряди жавобгарлиги ҳудудидаги тўсиқлар остидан лаҳм кавлаб, туркман томонга ўтиб олган. Қочоқлар қўлга олинди. Туркманистон бошпана бермагани учун уларга Тожикистонга ўтиб кетиш таклиф қилинган.

Шундай қилиб, Туркманистон ҳукуматининг ҳаракатларини Европа Кенгаши президенти Шарл Мишелнинг Афғонистондан қочган афғонларни қабул қилиш ва ЕИ қочоқларни қабул қилган мамлакатларга ваъда қилган 600 миллион доллардан ўз улушини олиш таклифига жавоби деб ҳисоблаш мумкин.

Аслида, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов илгари ҳам пандемияни баҳона қилиб, чегаранинг у томонидан одамларни қабул қилишни рад этган: «Ҳозирги мураккаб эпидемиологик шароитда, қочқинларни қабул қилиш ҳақида соғлом фикр билан қарор қабул қилиш зарур ва, гуманитар масалалар бошқа жиҳатлари билан бирга, биринчи навбатда, ҳалокатли коронавирус инфекция кенг кўламли тарқалиши хавфи жиддий баҳоланиши керак».

Афғон қочоқларига ёрдам бериш масаласи Туркманистон, Австрия ва Тожикистон ташқи сиёсий ва миграция масалалари бўйича идораларининг онлайн-форуми давомида муҳокама қилинди. Туркманистон бу масалада аниқ бир позиция билдирмади. Фақат «Ашхобод халқаро ҳамкорларни афғон халқига инсонпарварик ёрдами кўрсатишнинг ўзаро мақбул келадиган йўлларини топишга даъват қилиши»ни маълум қилди, холос.

Бунда ҳукумат аввалгидек, Туркманистоннинг ўзида эпидемия йўқ, деб таъкидлаяпти, гарчи касалхоналар тўлиб кетганлиги, пневмонияга чалинган беморлар фақат ижобий тест ўпка шикастланиши 50%дан ортиқ бўлганда касалхонага ётқизилиши сир бўлмасада. Қолганлар эса уйида даволаняпти.

1 сентябрдан бошлаб мактабларда ўқиш фақат 1-6 синф ўқувчилари учун бошланди. Катта синф ўқувчилари учун таътил тахминан 1 октябргача узайтирилди. ОТМларда машғулотлар бекор килинди. Ашхободда йирик савдо марказлари ёпилди. Пойтахтда ишлайдиган минтақалар аҳолисига махсус фармойиш эълон қилингунча пойтахтга кириш тақиқланди. Улар ҳақ тўланадиган ёки тўланмайдиган таътилга жўнатилди. ХВФ Туркманистонга COVID-19 пандемияси билан курашга 325 млн доллар ажратди.

Бироқ қочоқларни қабул қилишни истамасликнинг асл сабаблари бошқа. Туркманистон ҳукумати Афғонистонда яшаган этник туркманлар уларнинг аждодлари совет даврида тарк этган ерларга эгалик ҳуқуқини даъво қилишидан хавфсирамоқда. Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ бўйича эксперт Александр Князев буни «НГ»га тасдиқлади: «Энг йирик газ конлари, масалан, Марв вилоятидаги «Галкыныш» кони айнан шу ерларда жойлашган. Унчалик маълум бўлмаган америкалик фондлар бу архивлар билан ишлаш учун тадқиқотчиларга грантлар ажратганлиги ҳушёр қилиб қўяди. Олимлардан муҳожирликда бўлган туркман оилалари орасида советгача бўлган ҳудуд эгалари ҳақида маълумот топиш сўралган. Балки Туркманистонда беқарорлаштириш учун муайян ҳужжатли ва ҳуқуқий асосни таъминлаш ва буларнинг барчасини Ашхободга босим ўтказиш учун фойдаланишга уринишга дуч келяпмиз».

Шубҳасиз, бу туркман расмийларининг Афғонистондан ишончли тарзда ажралиб олиш ва у томондан ҳар қандай кириб келишнинг олдини олиш истагини баён қилади. Ҳар доимгидек, президент Бердимуҳамедов чегарада нима қурилишини ўзи ҳал қилади - бетон девор ёки енгил сим тўсиқлар қурилишини...

Чегара фақат муҳандислик иншоотлари билан мустаҳкамланиб қолаётгани йўқ. ХТ маълум қилишича, ИИВ ва МХВ (миллий хавфсизлик вазирлиги) махсус бўлинмалари чегарага ташланган. Талабалар ва 30 ёшгача бўлган захирадагиларни сафарбар қилиш эълон қилинди. Қолаверса, ҳукумат Афғонистонни қамраб оладиган энергетика лойиҳаларини унутгани йўқ. Уларнинг амалга оширилиши жуда катта даромад келтиради.