loader
Foto

Усмонийлар салтанатининг парчаланиши

Британиялик сиёсатчилар ва қўшин бошлиқлари турклардан зулм кўрган арабларга Германия  ва унинг иттифоқчиси, султон Маҳмуд V нинг Усмонийлар империясига қарши курашда британ қўшинларига ёрдам бериш эвазига ташқи ҳукмронликдан мустақилликка эга бўлишларини ваъда қилдилар.

Усмонийлар империяси олти юз йилдан ортиқ вақт давомида дунёдаги энг қудратли ва катта муваффақиятга эришган давлатлардан бири бўлиб келган. У турли маданий, диний ва этник гуруҳларга мансуб одамлар устидан ҳукмронлик қиларди, чунки босиб олинган ҳудудлар халқларига ўз дини, тили ва урф-одатларини асрашга имкон берарди. Бундай сиёсат империя таркибидаги турли диний камчиликлардан келиб чиққан ҳукмрон элиталарни диққат билан шакллантириш ва руҳонийлар устидан назорат туфайли амалга оширилган.

Бироқ Биринчи жаҳон уруши арафасидаги сўнгги ўн йилликларда Усмонлилар ҳукумати қарзга ботиб кетганди ва Европа давлатлари Британия ва Франция бошчилигида бу ҳолатдан Буюк Усмонийлар давлатини бўйсундириш ва империянинг улкан бойликларини эгаллаб олиш учун фойдаландилар. Султон ва унинг атрофидагилар босиб олинган ерларда турк тили ва маданиятини тобора қаттиқ туриб зўрлаб ўтказа бошладилар, бу эса арабларнинг қаттиқ ғазабини келтирди. Заифлашиб қолган Усмнийлар империясида одамларнинг Истанбул султонлигидан норозилиги ўсиб бораётган муҳитда Британия алдов ва сотқинлик воситасида чириб бораётган империядан янги ва янги ҳудудларни ажратиб ва ўзига қўшиб олган ҳолда нопок ва маккорона сиёсат юритди.

Британия Бош вазири Бенджамин Дизраэли 1878 йилги Берлин конгресси давомида Усмонлилар давлатига Болқон ярим оролидаги ҳудудий даъволарда қўллаб-қувватлашни ваъда қилди. Бунинг эвазига Англия стратегик аҳамиятга эга бўлган Кипр устидан назоратни қўлга киритди. Бироқ британ сиёсатчилари берган сўзининг устидан чиқмади.

1882 йил британлар Усмонлилар ҳукуматига Ораби-пошо бошчилигидаги ҳарбий зобитлар кўтарган исённи бостириш ва «тартибни тиклаш ва Константинопольга (Истанбулга) бўйсундириш» учун Мисрга ўз қўшинларини жўнатишини хабар қилди. Ахмад Ораби ҳукуматнинг истеъфо беришига ва ўз мамлакатида европаликлар зўравонлигининг кучайишига қарши курашишга тайёр бўлган миллий ҳукумат яратишга олиб келган Қоҳира гарнизони чиқишини бошқарди. Армия назорати остида бўлган инқилоб ҳукумати йирик мулкдорлар, биринчи навбатда, европаликлар мулкини давлат тасарруфига ўтказишга киришди. Ўз қўшинларини киритган ва инқилобчилар кучларини тор-мор қилган ҳолда британияликлар Мисрни босиб олдилар ва стратегик аҳамиятга эга бўлган Сувайш канали устидан назоратни қўлга киритдилар, бунинг натижасида ушбу ҳудудлар амалда лақиллатилган Усмонли султон тасарруфидан Британия империяси юрисдикциясига ўтди. Ўз сўзида турмаган мунофиқ инглизлар одоб-ахлоқ тамойилларини у қадар ўйлаб ўтирмасди, босқинчилик урушларида ғалаба қозониш учун ҳар қандай маккорлик ва алдовлардан эркин фойдаланиб,  дунёнинг барча қисмларида Британия империясининг таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қиларди. Улар буни дунёдаги энг кучли империя саналиши ва энг буюк валинеъмат эканлиги билан асосларди.

Британиялик шоир ва империалист Редьярд Киплинг 1899 йил шу номли шеърида фойдаланган ифодасига кўра, бу «оқ одамнинг мустамлака юки» эди. Дунёнинг турли бурчакларида Британиянинг қонли ҳукмронлигини оқлар экан, Киплинг инглизлар учун нодон халқларга «тамаддун олиб кириш ахлоқий бурчи» бўлган «юк» ҳақида гапиради. «Оқ одамнинг юки» шеъри даставвал Киплинг томонидан Британия қироличаси Викториянинг юбилейига атаб ёзилганди, бироқ кейин у шеърни мустамлака ерларни бўлиб олиш учун ўзининг илк империалистик урушини муваффақият билан якунлаган Қўшма Штатлар элитасига бағишлашга қарор қилди. 1898 йилдаги испан-америка уруши натижасида заифлашган Испания америкаликларга Филиппинни бой берди. Қайта ишланган шеърида Киплинг америкаликларни чекинмаслик ва ривожланмаган мамлакатларда маданиятсиз, жоҳил одамларни маърифатли қилиш бўйича «оқ одамлар юки»ни ўз зиммасига олишни илтижо қилди. Туб жойли кишиларни у «итоатсиз, бадқовоқ ярим иблис-ярим бола» сифатида тавсифлайди.

Британия империясининг ҳукмронлар синфига ҳаттоки уларнинг америкалик биродарларидан ҳам кўпроқ айнан шундай муносабат хос эди. Европа насронийлар маданиятининг ривожланмаган жануб мустамлакалари бўйсундирилган халқларидан диний устунлиги кўзда тутиларди, бу ўзининг азалдан «айбсизлиги»нинг ўзига хос тасдиғи эди. Британ империалистлари бунда янги империяча босқинчиликлардан фойдага эга бўлиш учун ҳар қандай ҳийла-найранглардан фойдаланадиган прагматиклар эди. Хусусан, ўлжа сифатида Усмонийлар империяси «тож жавоҳиротлари», хусусан, нефтга бой Месопотамия (ҳозирги Ироқ ҳудуди) ва стратегик аҳамиятга молик Фаластин устидан назоратни қўлга киритиши Биринчи жаҳон урушида Британиянинг энг муҳим ғалабасига айланди.

Султан Абдулҳамид II, ислом халифалиги ва Усмонийлар империясининг сиёсий ва маънавий етакчиси, инглиз ва француз молия структурлари ва ҳукуматлар таъсири остида 1881 йил миллий қарзлар устидан назоратни хорижий кредиторлар қўлига топширишга рози бўлди, бунинг натижасида «Усмонлилар давлат қарзи директорлар кенгаши» номи остида махсус комиссия ташкил қилинди. Ташкилотнинг штаб-квартираси Истанбул шаҳрида жойлашган бўлиб, Усмонийлар империясининг давлат даромадлари устидан назоратни қўлга киритган кенгаш турк облигацияларининг британиялик, голланд, немис, австро-венгер, итальян ва бошқа эгаларидан иборат бўлганди. Кенгаш Усмонийлар ҳукумати билан келишиб ҳам ўтирмасдан солиқдан тушган даромадларини Усмонийлар империясининг хорижий банк-кредиторлар олдидаги давлат қарзини тўлашга йўналтириш ваколатларига эга бўлган.

Европага қарз билан боғлиқ қарамлик асосан Франция ва Лондон Сити банкларига қараб кетган турк даромадларининг тугаб битишига олиб келди, бу эса бу қадар кенг империяни бошқаришга қодир бўлмай қўйган Истанбулнинг молиявий имкониятларини сусайтириб юборди. Айнан шу заифлашув Усмонлилар давлатининг битмас-туганмас бойликларини талон-тарож қилишни кўзлаган бритаияликларнинг асл мақсади бўлганди.

1899 йил Буюк Британия султоннинг молиявий қийинчиликлари ўсиб боришидан фойдаланди ва Кувайт шайхи билан унга кўра Кувайт хавфсизлиги ва ташқи сиёсати устидан нахорат Британия империясига ўтадиган 99 йиллик махфий шартнома имзолади. 1901 йил британ ҳарбий кемалари Кувайт қирғоқлари яқинида жойлаштирилди, Туркия ҳукуматига эса шу вақтдан эътиборан Форс кўрфазидаги Шатта-ал-Араб дарёсининг қуйилиш жойидан жануброқда, шайх Муборак ас-Сабоҳ бошчилигидаги бадавийларннг Аназа қабиласи  томонидан назорат қилинадиган бандаргоҳ – ҳозирги Кувайт – «Британия протекторати» остида эканлиги эълон қилинди. Турклар бу пайтга келиб иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан жуда заифлашиб қолганди, шу сабабли бирон чора кўришга жазм қила олмади.

Уильям Энгдалнинг "Ғарб Дунёсининг муқаддас урушлари" китобидан

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР