loader
Foto

Бой берилган Ислом субконтиненти

Айнан шундай минтақа саналган Субконтинент деганда ҳозирги Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешни ўз ичига оладиган Катта  Ҳиндистонни тушуниш қабул қилинган. Тарихан унинг чекка жойлари ҳисобланган Афғонистон қарийб икки асрдан буён ислом дунёсининг турли босқинчиларга қаршилик кўрсатиладиган ҳировили ҳисобланади ва ҳадисга кўра, Маҳдий қўшини у ердан чиқиб келиши лозим бўлган Хуросонда жойлашган.

Субконтинент нафақат ислом, балки бутун жаҳон тамаддуни тарихи учун нимаси билан муҳим? Дунё тамаддунида етакчилик ва оғирлик марказининг ислом дунёсидан ғарб олами томон ўзгариши бу минтақада XVII - XVIII асрларда европаликларнинг мусулмонлар устидан қозонилган ғалабасидан бошланади. XVII асрда Субконтинентда Буюк Бобурийлар империясининг ЯИМ ҳозирги пулда ҳисоблаганда 74 250 000 долларни ташкил қилди, Британияники эса 6 007 000 доллар бўлган. Ҳатто XVIII асрнинг бошида, яъни бевосита Ҳиндистоннинг Британия томонидан босиб олиниши арафасида бу нисбат 90 750 000 долларга қарши 10 709 000 долларни ташкил қилди  («The Worldeconomy: A Millenialperspective», Angus Maddison, p.112 ). Ҳа, аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Англия XVII асрда Ҳиндистондан ўзиб кетганди. Бироқ соф иқтисодий мусобақада бу унга ёрдам беролмасди – Ҳиндистон умумий ЯИМ инглизларникидан 12 баравар юқори эди. Субконтинент иқтисодиёти унга 6 миллион инглиз ўрнига 100 миллион ўз аҳолисини таъминлашга имкон берарди. Ян Моррис «Нима учун Ғарб бугунги кунда устунлик қилмоқда» номли китобида ёзишича, европаликларнинг Ҳиндистондаги асосий вазифаси «эркин савдо» баҳонаси остида саноат муносабатларининг мурғаклик пайтида йўқ қилиш бўлган. Агар инглизлар эълон қилган «озодлик» ҳақиқатда шундай бўлиб чиққанида эди, инглиз ишлаб чиқарувчилари ҳам катта ресурслар базасига, ҳам энг яхши технологияларга (масалан, металлургия ёки тўқимачилик соҳасида) эга бўлган шарқлик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатга дош бера олмаган бўларди. Шундай ҳолат рўй берди ҳам – хавфли рақибни чиқариб ташлаб, унинг ресурслар базасига йўл топган, ғарбнинг мустамлакачи давлатлари ислом дунёсини ортда қолдириб, жадал ривожланиб кетишнинг уддасидан чиқдилар.

Европа давлатларини ривожланиш борасида ўзиб кетишни таъминлаган табиий ресурслар ва бойликлар кони айнан Субконинентда жойлашган эди. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, Американинг кашф қилиниши ўзи тасодифан, йўл қўйилган хато туфайли рўй берган – Христофор Колумбнинг мустамлакачи экспедицияси аслида Ҳиндистонга йўл олганди. Португаллар ва испанлар, инглизлар ва голландларнинг, яъни ўша вақтлардаги барча асосий мустамлакачиларнинг нигоҳлари айнан шу минтақага, Ҳинд океани ва ундан шарққа қаратилганди.

Минтақанинг беҳисоб, битмас-туганмас бойликлари ҳаммани қизиқтирарди. Бу бойликлар ўша пайтлар мусулмонлар қўлида бўлганлигини эса кўпчилик билмайди. Боз устига, бу минтақа улар учун соф географик сабабларга кўра фақат узоқ мустамлака бўлиши мумкин ва шундай бўлган ҳам Европа давлатларидан фарқли равишда, бу минтақанинг мусулмонлар қўлида бўлиши Шимолий Африкадан тортиб Шарқий Осиёгача улкан майдонни эгаллаб, унинг маркази Катта Ислом Ҳиндистони бўлганди.

Исломнинг Ҳиндистонни кашф қилиши

Субконтинент қандай қилиб исломни қабул қилган?

Бу ерга араблар илк бора халифа Усмон даврида келган, Ҳинд дарёсининг ғарбий қирғоғида қўним топиб, ундан бу ёғига ҳаракатлана олмаган. Милодий VIII асрнинг бошларида, халифа Волид I ҳукмронлик қилган даврда мусулмонлар Ҳиндистон ҳудудига чуқурроқ кириб боришга эришганлар. Таъкидлаш жоизки, зиммийлар, яъни тан олинган ва ҳимоя қилинадиган мусулмонлар камчилиги мақоми ўша пайтданоқ тақдим этилганди. Бундай сабр-тоқатни ханафийлар мактаби, кейинроқ эса Ҳиндистонни туркий-форсий босиб олиш тўлқини билан боғлаш мумкин, бироқ бу борада жиддийроқ бўлган шаъфеийлар мазҳабига қарамасдан, араб босқинчилари уни қўллай бошлаган эди. Маҳаллий аҳолига ислом динини оммавий равишда қабул қилдиришни эса анча кейинроқ, турон-эрон мусулмонлари бошлаган. Бу қандай феномен бўлганини тушуниш учун минтақанинг этник тарихига бироз саёҳат қиламиз.

Қадимги Эрон ҳозирги кунда шу ном остида мавжуд бўлган давлат билан айнан бир эмас. Эрон деганда қадимда бутун Эрон тоғлиги, Ироқнинг бир қисми, Жанубий Кавказдан тортиб Марказий Осиёнинг ҳозирги Тожикистон ва Афғонистон ҳудудларини қамраб олган улкан давлат тушунилган. Агар Эрон вертикал иерократик тамаддунни ифодалаган бўлса, унинг шимолдаги қўшниси – эркин кўчманчилар ҳукмронлик қилган Турон улар томонидан жоҳиллар олами сифатида кўриб чиқиларди. Шу сабабли, қадимги форс достони «Шоҳнома»га кўра, Эрон ва Турон ўртасидаги қарама-қаршиликлар этникдан кўра кўпроқ тамудданга хос – тамаддун ва жоҳилият қарама-қаршилиги бўлган. Буни қайд этиш муҳим, чунки Туронда рўй берган этногенезда туркий асосдан ташқари ўтроқ Эрон тамаддуни доирасидан четда қолиб кетган шимолий Эрон негизи ҳам иштирок этган.

Бироқ мажусийлар назарида азалдан қолган Эрон ва Турон ўртасидаги қарама-қаршилик уларнинг иккаласи ислом дунёсига киргач, уларнинг симбиози билан алмашди ва исломни жанубга кенгайтиришда илғор кучга айланди. Марказий Осиёдаги Ғазнавийлар ва Гуридлар сулолалари XI - XII асрларда туб аҳолининг ширк мудофаасини ёриб кирган ҳарбий-сиёсий таран вазифасини ўтади. Бундан олдин Ғазнавийлар 1040 йил Данданакан яқинида Салжуқийлар – бўлғуси Усмонийлар томонидан тор-мор қилиниб, шундан кейин Салжуқийлар ғарбга томон йўл олди, Ғазнавийлар эса жанубга сиқиб чиқарилди. Бунда замонавий ҳинд исламофоблари қанчалик ҳаракат қилмасин, юқори маданиятли арийлар тамаддунига ҳужум қилган кўчманчи ёввойилар ҳақидаги афсоналар ҳеч қандай танқидга бош бера олмайди. Энг аввало шу сабабданки, жануб томон ҳаракатланар экан, туркий истилочилар босиб олинган ҳудудларда бундан кам ривожланмаган, арийлар маданияти – бу пайтга келиб ислом маданиятига айланган Эрон маданиятини тарқатган. Туркий ҳукмдорларни ажратиб турадиган хусусият шунда эдики, улар фан, санъат, нафосат ва унга интилишга зўр илтифот ва эҳтиром кўрсатарди (айтмоқчи, худди шу хислатлар туркийларнинг бошқа бир сулоласи – Усмонийларни ҳам ажратиб турарди ва уларга тор кабила доираларидан чиқиб, космополитик тамаддун яратишга имкон берганди). Улар барча имкониятлардан айнан шунинг учун фойдаланган, хусусан, ғазнавийлар ҳукмдори Маҳмуд пойтахт Ғазна шаҳрида йирик кутубхона ташкил қилган бўлиб, Ибн Сино, Беруний, Фирдавсий ва ўз даврининг машҳур олимлари, ёзувчилари ва шоирларидан 400 кишидан ортиқ меҳнат қилган. Ўз вақтининг энг кучли ақл соҳиблари бутун дунёдан келтирилиб, Ғазнани дунёнинг интеллектуал марказларидан бирига айлантирган. Агар ҳозирги кун билан ўхшатиш жоиз бўлса, бу ўша даврларнинг Силикон водийси ва Голливуди эди.

Минтақада устунлик қиладиан ислом тамаддуни бу пайтга келиб форсий бўлган бўлса, айнан форс тили, эстетикаси ва сиёсий маданияти дастлаб Ғазавийлар ва Гуридлар, сўнгра Бобурийлар ҳукмронлиги остида босиб олинган ҳудудларда кенг тарқатилган. Ҳинд шовинистлари томонидан тарғиб қилинадиган арийлар тамаддунининг туркий-сомий тамаддунига қаршилик кўрсатганлиги ҳақидаги афсоналар далиллар олдида жим қолади: ислом билан бирга Ҳиндистонга форс тили ва эстетикаcи кириб келди, улар айнан Ҳиндистоннинг арийлар яшаган шимолий қисмларида, кейинчалик Покистонга айланган ҳудудда кенг тарқалди (бу пайтда жанубий арийлар, дравидлар амалда ислом таъсириги учрамади), ниҳоят, ислом даврида Ҳиндистонда пайдо бўлган суперэтнос тили урду – арийлар ҳинд тилининг ўзгинаси, фақат форс, араб ва туркий сўзларни ўзлаштирган ва араб алифбосига асосланган.

Ислом Ҳиндистони тарихи ҳақида навбатдаги саҳифани ёзишга ўтишдан олдин айтиш лозим бўлган исломга қарши иккинчи «ҳинд» афсонаси бу - «индуизм»нинг Ҳиндистон учун қадимийлиги ва ислом характерининг бегоналиги ҳақида тезисдир. Ҳозир бу ҳақида анча ишонч билан, замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқларига таянган ҳолда баралла гапириш мумкин. Гап шундаки, бир асрдан ортиқ вақт давомида ҳинд шовинистлари Ҳиндистонни арийлар тамаддуни бешиги деб тасвирлашга, бу тамаддун кейинчалик Евросиёнинг турли томонларига тарқаб кетганлигини исботлашга ҳаракат қилган. Бироқ археологик қазилмалардан олинган суяк қолдиқлари материалларини замонавий популяциялар биоматериаллари билан таққослаш ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдики, аллақачондан бери яққол кўзга ташланиб турган, лекин ҳинд афсоналаридан тан олинмаган ҳолат – замонавий «индуизм»га асос бўлган, ўзи билан бирга тил ва маданият олиб кирган арийларнинг ўзи Ҳиндистонга Шимолдан келган. Яъни, худди туркий ва форсийлар туб аҳолини забт этгани каби, фақат саккиз аср эмас, тахминан 4000 йил аввал. Шундай қилиб, Ислом қандай қилиб Ҳиндистонга четдан кириб келган бўлса, замонавий ҳиндлар «тубжойли» деб ҳисоблаётган арийлар маданияти ҳам худди шу тарзда четдан кириб келган. Бунда йўналиш ҳам худди ўша бўлган – Марказий Осиёдан ва арий форс маданияти билан бирга. У Ҳиндистон шимолида «соф» арийлар кўп жойлашган жойларда қарор топгани ҳам айнан шу билан изоҳланиши мумкин.

Кучли ҳарбий қудратдан кўра кўпроқ форс маданияти ривож топгани ва нуфузли бўлгани туфайли мусулмонлар қўли остидаги шаҳарларда савдонинг гуллаб-яшнаганлиги ва ислом миссионерлари фаоллиги (асосан Чиштий каби сўфийлар тариқати) Исломга Катта Ҳиндистон шимолида муваффақиятни таъминлаб берган.

Ҳинд ватанпарварлиги ва ҳинд шовинизми

XVII-XVIII асрларда инглизлар босқинидан олдин Субконтинентнинг катта қисмида мусулмонлар етакчи куч бўлган бўлиб, уларнинг маркази Ҳиндистоннинг ҳозирги пойтахти – Деҳли шаҳри бўлган. XIII–XVI асрларда унинг атрофида мавжуд бўлган Деҳли султонлиги ўрнини Буюк Бобурийлар империяси эгаллади. Ҳиндларнинг ибодатхоналари эмас, балки айнан Тожмаҳал Ҳиндистоннинг энг машҳур меъморий ёдгорлиги ҳисобланади, ҳинд шовинистлари эса ҳозир ҳам уни ер юзидан йўқотиш пайида юрибди. Бундай исломий меъморчиликнинг устунлик қилиши замонавий шимолий ва марказий Ҳиндистоннинг (Ҳиндистон водийси) кўплаб шаҳарларида ўринга эга бўлган, ўша пайтлар энг фаол шаҳар аҳлининг асосий қисмини ҳам мусулмонлар – жўшқинлик суръати юқори бўлган ислом ҳарбий-савдо тамаддуни соҳиблари ташкил қилган.

Афсуски, бу жўшқинлик XVII аср охирига келиб тугаб битди (бунинг сабаблари алоҳида кўриб чиқишга лойиқ) ва ўз ўрнини янгича ҳарбий-савдо жўщқингилига – Ғарбга, хусусан, англосаксларга бўшатиб берди. Айтиш жоизки, Ҳиндистонни инглизлар томонидан мустамлака қилишни соф кўринишда истило қилиш деб бўлмайди, гарчи бу ерда ҳарбий устунлик ҳал қилувчи ролни ўйнаган бўлсада – тўплар ва милтиқлар қилич ва камонлардан устун келганлиги шубҳасиз, худди бир пайтлар фарғона отлари бесўнақай филлардан устнлик қилиши туркий истилочиларнинг маҳаллий аҳоли устидан ғолиб чиққанлиги каби. Бироқ инглизлар асосан босиб олишдан кўра кўпроқ маҳаллий мусулмон ҳукмдорлар – рожаларни сотиб оларди ва «қўлга ўргатарди». Номинал жиҳатдан Ҳиндистон мустақил бўлиб қолаверган, амалда эса Британия Ост-Инд Компанияси билан рожалар ўртасида маҳаллий ресурслардан фойдаланиш, тижорат фаолияти юритиш, йўллар қурилиши ва ҳ.к. шартномалар билан боғланган. XIX асрнинг ўрталарига келиб, инглизларнинг маҳаллий ҳаётга аралашуви шу қадар беандиша бўлиб кетдики, 1857 йил тарихдан сипоҳилар қўзғолони (сипоҳилар – британияликлар хизматидаги маҳаллий аскарлар) номи остида ўрин олган мустамлакачиликка қарши оммавий қўзғолонга олиб келди. Сипоҳилар қўзғолони тартибсиз равишда ва бутун мамлакат миқёсида рўй берди – унда мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам қатнашди, бунда мусулмонларнинг сиёсий роли етакчи эканлиги, хусусан, Бобурийлар бошқаруви тиклангани эълон қилинганидан  ҳам кўриниб турибди. Лекин унинг ўзи, аниқроғи, мағлубияти аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик йўқлигини намойиш этди – қўзғолон натижасида ислом ҳукмронлигини тиклашга бўлган ҳаракатлар ўз маҳсулини бера бошлагач, «ҳиндлар»нинг аксарияти қўзғолон қилишдан ўгирди.

Қонли қўзғолоннинг бунда ҳам қонхўр равишда бостириланидан сўнг – 1858 йил Ҳиндистон расман Британия империясининг мулки деб, унинг монархи эса – Ҳиндистон императори деб эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, сипоҳилар қўзғолони каби тартибсиз равишда вужудга келган қўзғолон эмас, балки мустамлакачиликка қарши сиёсий миллий-озодлик ҳаракати юзага келишига сабабчи бўлди. Ҳиндистонда ислом тарихининг ҳам, мамлакат тарихининг ҳам янги босқичи мана шу ердан бошланади.

Қанчалик мантиққа зид эшитилмасин, лекин XIX асргача Ҳиндистонда ҳеч қанақа ҳиндулар умуман бўлмаган. Ҳиндлар – мамлакатнинг туб аҳолиси – оқ танли мустамлакачиларга зид равишда мавжуд бўлган, ҳиндулар эса бўлмаган. Ҳинду, Ҳиндустан, ҳинди сўзлари барча автохтонларга нисбатан, уларнинг мамлакати ва сўзлашадиган тилига нисбатан айтилган, уларнинг мусулмон ёки бошқа маҳаллий динга эътиқод қилишлари умуман эътиборга олинмаган. Бироқ XIX асрда ҳақиқий, асл ҳиндлар сифатида тақдим этила бошлаган ҳиндуларни ҳиндлар орасидан ажратиб кўрсатишга қаратилган қатор ҳаракатлар бошланди.

Биринчидан, сиёсий индуизм ёки хиндутва пайдо бўлди. Умуман олганда, бу ерда сиёсий сўзи шу маънода ортиқчаки, индуизм айнан сиёсий жиҳатдан бутун бир яхлитлик сифатида намоён бўлади. Бу пайтгача ҳозирги кунда индуизм сифатида машҳур бўлган теологик макон  ранг-баранг мозаикани: турли, кўпинча бир-бирига тамомила қарама-қарши доктриналар, шунингдек, вишнуизм, шиваизм, шактизм ва ҳ.к.га сиғинишни ифодаларди. Аслини олганда, диний жиҳатдан у ҳозир ҳам шундай кўринишда, бироқ, XIX асрда ўша пайтлар мавжуд бўлган сиғинишлар доирасидан чиқиш, уларни умумий ва замонавий негизда бирлаштиришга қаратилган бир қатор ислоҳотчилик ҳаракатлари пайдо бўлганди. Булар қаторига Брахма Самаж ва Аря Самаж ҳаракатини киритиш мумкин, индуизмни ташқи дунёда ягона ва абадий мавжуд бўлган мавжуд сифатида тақдим эта бошлаган Свами Вивиканандуни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим.

Иккинчидан, лингвистлар ҳаракати ва уларнинг мухлислари пайдо бўлди, улар худди шу тилни ифодалайдиган, фақат араб алифбосидан фойдаланадиган ҳамда форс-араб тилидаги исломий атамалар кўп бўлган урду тилидан алоҳида ажратиб, хинди янги адабий стандартини кодлаштирмоқчи бўлган. Расмий муомаладан хиндининг исломий варианти – урдуни чиқариб ташлаш ва уни ягона расмий санскрит билан алмаштириш талаби 1867 йил мусулмонлар ва ўзини асл ҳиндлар деб атайдиганлар ўртасида илк тўқнашувларга олиб келди.

Бироқ бу жараёнлар, умуммамлакат мустамлакачиликка қарши ҳаракат билан бир вақтда ривожланиб, унинг ҳам умумий ташкилий структуралари ва етакчилари пайдо бўлади. Улар қаторида Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) – умуммамлакат мустамлакачиларга қарши ҳаракати раҳбарияти таркибига кирган Абул Калам Азад ва Хусайн Аҳмад Маданий каби мусулмонлар ҳам кўп эди. Лекин конгресс таркибида сигир сўйишни тақиқлаш, «хорижий» урдуни хинди билан алмаштириш ва ҳ.к. ни талаб қиладиган ҳинд шовинистларининг овози тобора кучлироқ янграй бошлаганди. Бунда мусулмонлар Ҳиндистон аҳолисининг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил қиларди, уларнинг аксарияти шаҳарларда, иқтисодий фаол ва ўзига тўқ қишлоқларда, шунингдек, мамлакат шимолидаги Панжоб, Синд, Бенгал, Балужистон ва Шимолий-Ғарбий ҳудудда истиқомат қиларди.

«Ота турк» йўқ қилган ҳинд Халифалиги

Ҳиндистон мавзусидан бироз четлашамиз, аниқроғи, ундан ташқарига чиқамиз. Усмонийлар давлатида ислом халифалиги таназзул ёқасига келиб қолган ва ундан тобора кўплаб фуқаролар – турклар ва араблар юз ўгира бошлаган бир пайтда уни асраб қолиш ва қайта тиклаш учун кучли ҳаракат Субконтинентда кузатилади.

Бу ҳаракатнинг энг машҳур вакилларидан бири бўлган Жамолиддин ал-Афғоний халифа Абдулҳамиддан бу ҳаракатни Ўрта Шарқда, яъни  Субконтинентда ривожлантириш учун ваколатлар ва мадад олади. Лекин бу ҳаракатни Афғоний ва унинг дин масалаларидаги ўзига хос қарашлари билан боғлаш хато бўлган бўларди – ҳаракат ҳақиқатда оммалашди ва жумладан, Ҳиндистонда ҳам умуммусулмон ҳаракатига айланди.

Шуниси қизиқи, ҳинд етакчилари, жумладан, Махатма Ганди халифалик ҳаракатини мутлақо ижобий қабул қилди. Уларни мустамлакачиликка қарши, ғарбга қарши кайфият уйғунлаштириб турарди, амалий мақсадлар эса Ҳиндистонда ҳам мос келарди – мамлакатдан инглизларни чиқариб ташлаш  ва уларнинг ҳукмронлигини тугатиш учун қўлдан келган барча ишларни қилиш. Шу сабабли халифалик тарафдорлари амалда армияга сафарбар қилиш бўйича умумҳиндистон компанияларида иштирок этарди ва инглизлар билан боғлиқ ҳамма нарсани ислом нуқтаи назаридан бойкот қиларди.

Умуман олганда, бу пайтга келиб, дунёнинг кўплаб жойларида мусулмонлар учун халифа рамзий аҳамиятга эга бўлганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Халифалик ва мустақил Ҳиндистон ўртасида иттифоқ учун реал имкониятлар очилганди. Мусулмонлар Ҳиндистон маҳаллий аҳолисининг катта қисмини ташкил қиларди ва инглизларнинг реал ҳукмронлиги ўрнига умумий ҳинд миллатининг бир қисми сифатида ўз мусулмонлари томонидан қўллаб-қувватланадиган Халифалик билан рамзий иттифоққа эга бўлиш мусулмон бўлмаган ҳиндлар учун ҳам ёмон вариант эмасди.

Ўрта Шарқда унинг тарафдорлари тасаввур қилган бундай Халифалик ғарб давлатлари босиб олган шарқ халқларини ўзига тортадиган марказ сифатида бўлғуси СССРга муқобил вариант бўлиши мумкин эди. ҲМК таркибидаги ҳинд ватанпарварлари ва ҳинд халифалик ҳаракати иттифоқи жуда самарали, истиқболли бўлиши мумкин эди, бироқ… Буларнинг барчасини 1924 йил Халифаликнинг тугатилгани ҳақида эълон қилган Мустафо Камол йўққа чиқарди. Гарчи бу пайтга келиб, 1922 йил султонлик бекор қилинган ва Туркия Республикаси эълон қилингандан сўнг у икки йилдан бери рамзий бўлиб турган бўлсада, Камолга ўтакетган мутаассиб миллатчи сифатида Туркияни ташқи дунё билан боғлаб турган ва ўзини-ўзи таъминлай оладиган мустақил давлатга айланишига халал бераётган ҳамма ришталарни узиб ташлаш керак эди. Шундай рўй берди ҳам.

Ҳиндистон ва Покистон мусулмон миллатчилиги

Халифалик тугатилиши билан Ҳиндистон мусулмонлари ташқаридан кутаётган ҳимоя ва мададга умидини йўқотди, мамлакат ичкарисидаги сиёсий вазни эса объектив равишда пасайиб борди – ахир улар эндиликда кучли ва Ҳиндистон билан потенциал иттифоқдош халқаро кучнинг бир қисми эмас, оддий бир мамлакат камчилиги бўлиб қолаётган эди. Ҳиндулар миллатчилигининг кучайиши эса Ҳиндистон мусулмон миллатчилиги феномени пайдо бўлишига олиб келди.

Айтиш жоизки, амалда ҳам, доктриналарда ҳам бу бошқа-бошқа ҳодиса эди. Амалий жиҳат ҳақида кейинроқ сўзлашамиз, доктрина бўйича эса Ҳиндистоннинг асосий етакчилари ва мусулмон раҳнамолари ислом ва миллий айнан ўхшашликлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни қандай тушунганлиги қизиқ. Бу масалада иккита асосий йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчиси – ҳинд мусулмон миллатчилиги ёки ватанпарварлиги. Унинг раҳнамолари бу атамаларни каумийя ва ватанийя деб атаб, муслмонлар Ҳиндистоннинг муҳим қисми саналади ва унда муносиб роль ўйнаши лозим деб ҳисобларди. Буда улар ҳинд миллатчилари, жумладан, Винаяк Дамодар Саваркар хиндутвани муқаддас жойлари фақат ва фақат Ҳиндистонда жойлашган дин вакиллари ташкил қилади, мусулмонларнинг асосий муқаддас жойлари Макка ва Мадинада, насронийларники эса Қуддусда жойлаган деб даъво қиладиган Винаяк Дамодар Саваркар каби миллатчилар билан баҳслашарди. Бу далилларни инкор қилиш учун Жамоат Уламо-и-Ҳинд етакчиларидан бири бўлган Мавлоно Хусайн Аҳмад Маданий «Бизнинг Ҳиндистон ва унинг устунликлари» деб ёзган китобида ислом нуқтаи назаридан Ҳиндистон ва унда мусулмонлар ҳуқуқлари қимматли эканлиги асослаб берган. Хусусан, бу китобда у Ҳиндистон Одам Ато жаннатдан қувғин қилинган жой ва бу уни илк пайғамбар ва илк масжид ери ҳисобланади, бу ердан Маккага илк зиёрат амалга оширилган деб таъкидлаган. Ундан кейин, у жуда кўп сонли шаҳидлар, уламолар, авлиёлар ва ҳ.к. ҳоки қўним топган Ҳиндистон ери мана минг йилдан бери ислом ери ҳам ҳисобланади деб қайд этган. Ниҳоят, Маданий индуизм таълимотини унинг тарафдорлари миллатчилик даъволарига қарши қўйиб, ўзига хос теологик далидан фойдаланди. Хусусан, унинг ёзишича, индуизмда ўлимдан кейин инсон руҳи бошқа таналарга кўчиб ўтади деб ҳисобланиши сабабли ушбу таълимотга кўра ҳиндларда келгуси ҳаётда улар Ҳиндистонда туғилишига  ҳеч қандай кафолат йўқ. Исломга кўра эса, инсон танаси уни руҳи тарк этган ерда то Қиёмат кунигача ётади ва шу тариқа, мусулмонларнинг ўлимидан кейин Ҳиндистон билан алоқаси индуизм таълимотига кўра ҳиндларнинг алоқасидан ҳам мустаҳкам экан.

Машҳур Ҳиндистонлик, кейин Покистонлик мутафаккир Муҳаммад Иқбол эса, аксинча, ўз асосида нотўғри ҳисобланган миллатчилик ва ватанпарварликни исломда яхши маълум бўлган нуқтаи назардан танқид қилган. Бунинг ўрнига у ислом динидаги диндорлик ва муштаракликни биринчи ўринга қўйишга даъват этган. Мантиққа тўғри келмасада, бироқ, назарияда миллатчиликни танқид қилар экан, амалиётда Иқбол айнан сиёсий миллат – покистонликларни вужудга келтириш ташаббусчиларидан бири бўлган. Бу умумҳиндистон маконидан мусулмонлар ва уларнинг ҳудудларини ажратиш оқибатида рўй берган.

Айтиш жоизки, бу жараён бир вақтнинг ўзида, дарҳол рўй бермаган ва шу ондаёқ асл ҳолатига қайта олмайдиган бўлмаган. ҲМК етакчиси Махатма Ганди уни ҳинд мусулмонларининг ажралмас бир қисми сифатида кўриб чиққан ва ҳинд швинистларига ҳам, мусулмон автономияси, федерализацияси ва охир-оқибат давлатчилиги тарафдорларига ҳам қаршилик қилган ҳолда умумҳиндистон бирлигининг чинакам тарафдори бўлган. Лекин тобора кўплаб мусулмонлар, Гандининг ўзига бўлмаса ҳам, у ҳинд шовинизми оммавий тенденциясига қаршилик кўрсата олишига ишонмасди. Бундай мусулмонлар алоҳида давлат ташкил қилиш лозим деган хулосага бирданига келгани ҳам йўқ – улар мусулмонлар учун парламент ва давлат органларида квоталар ажратишни талаб қилди, сўнгра федератив Ҳиндистон таркибида мусулмон минтақалар учун автономия талаб қилишга ўтди ва ўн йилликлар давом этган умумий Ҳиндистондан мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳаракатлар зое кетганидан кейингина Ҳиндистондан ажралиш йўлини танладилар. Бўлғуси Покистоннинг асосчиси ва Мусулмонлар Лигаси етакчиси Мухаммад Али Жиннинг йўли айнан шундай бўлди.

Бироқ унга қарши чиқканлар ҳам бўлиб, улар муваффақиятсизликларга қарамай Катта Ҳиндистон келажаги ва унда мусулмонларнинг ҳиндча келажаги учун курашиш лозим деб ҳисобларди. Хусусан, Жамоат Улама-и-Ҳинд, Жамоат Аҳл-Ҳадис, Бутунҳиндистон Мусулмонлар Мажлиси, Мажлис-и-Ахрор, Бутунҳиндистон мўминлар конференцияси, Худа-и Хидматхар, Бенгалия Кришак Праджак Парти, Анджуман-и-Ватан Балужистан каби ташкилотлар шундай позиция эгаллаган. 1940 йил улар ташкил қилган Озод Мусулмонлар конференцияси Мусулмонлар Лигасининг Ҳиндистон мусулмонларини алоҳида давлат қилиб ажратиш бўйича режаларини қоралади. Бу ташкилотларнинг асосийси – Жамоат Улама-и-Ҳинд таркибида ҳинд деобандийлари – Ҳиндистоннинг энг нуфузли ва оммавий суннийлар мактаби вакилларини бирлаштирганди. Қолаверса, ушбу муаммога бўлган муносабат деобандийлар орасида ҳам ихтилофга сабабчи бўлди ва Мавлоно Ашраф Ал Санави каби атоқи вакиллар Покистон ташкил қилиниши қўллаб-қувватладилар. Жамоат Улама-и-Ҳинд эса Покистон ажралиб чиққандан кейин ҳам Ҳиндистонда қолди. Бу ерда қолган мусулмонлар учун ҳалокатни бошдан кечириб, кўпмиллионли мусумлонлар жамиятининг етакчи кучига ва узоқ йиллар давомида Ҳиндистонни бошқарган ҲМК мусулмон ҳамкорига айланди.

Индостаннинг ўлими ва Покистоннинг туғилиши

Покистон урду тилидан «поклар», яъни шу тариқа «нопоклар», кўп худолиликка сиғинадиган ҳиндларга қарши қўйилган мусулмонлар мамлакати сифатида таржима қилинади. Бу ном талаба Чоудри Раҳмат Али томонидан 1933 йил таклиф қилинган ва ушбу ғоянинг мусулмон тарафдорлари орасида оммавийлашуви ҳам икки қавм ўртасида адоватнинг кучайишида ўз ролини ўйнаган. Дастлаб шу сабабга кўра ҳато Жинна ҳам унинг тарафдори бўлмаган, лекин кейинчалик низонинг авж олиши билан у етакчи таяниб турган омманинг асосий талабларидан бирига айлангач, қабул қилишга мажбур бўлди.

1949 йил ҲМК ва Мусулмонлар лигаси ўртасида кўп йиллик музокаралардан сўнг Буюк Британия Парламенти собиқ Ҳиндистон провинциялари бўлган икки давлатга мустақиллик тақдим этиш ҳақида Далолатнома қабул қилди. Жуда катта этник тозалашлар – қирғинлар, оммавий қотилликлар, диний объектларни вайрон қилиш, яшаб турган жойидан кўчириб юбориш асносида Катта Ҳиндистонни иккига бўлиш бошланди. Бир неча ой давомида янги ташкил топган давлатлар ҳудудидан ўз дини вакиллари кўпчиликни ташкил қиладиган давлатга 14 миллиондан ортиқ киши кўчиб ўтди – бу ҳаттоки ҳозирги кунлар учун ҳам жудда катта рақам ҳисобланади, кўплаб мамлакатлар аҳоли сонидан кўпни ташкил қилади, Ҳиндистон ва Покистон аҳоли сони ҳозирги бир миллиард ва 200 миллион эмас, балки мос равишда 330 ва 60 миллион кишини ташкил қилган бир пайтда айниқса сезиларли бўлди. Икки давлат ўртасида талаш бўлиб турган Кашмир туфайли рўй берган уруш давомида эса ҳудуд аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилишига қарамай, Ҳиндистон унинг ҳудуди 2/3 қисмини босиб олди.

Мусулмонлар Покистон ташкил қилинганидан нимани ютди ва нимани бой берди?

Агар плюслар ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг эълон қилинадиган моҳияти барча яҳудийлар учун хавфсиз жой яратиш ва уларни шу бошпана-давлатда тўплашдан иборат бўлган яҳудийлар сионизмига ўхшашлик асосида «мусулмон сионизми» ғояси амалга оширилди. Айтмоқчи, бу икки давлат деярли бир вақтда ташкил этилган.

Покистон давлатчилиги характерини унинг етакчиси шахсияти ва асосчилар ўртасидаги кучлар нисбати белгилаб берди. Бир томондан, Жиннанинг ўзи дунёвий миллатчи, ғарбда тарбия топган ва ғарб турмуш тарзига ўрганган, Британия билан қалин алоқаларга эга (қолаверса, МҲК етакчилари ҳам шунадй алоқаларга эга эди) киши бўлган. Бошқа томондан, бўлғуси давлатнинг этник ранг-баранг аҳолиси учун уни ягона жипслаштирувчи ва шу билан бир пайтда Ҳиндистон аҳолисидан узоқлаштирувчи омил фақат ислом бўлиши мумкин эди, «отатуркча» Туркия намунаси бўйича бундай давлат ташкил қилишнинг имкони йўқ эди. Оқибатда диний-дунёвий давлат – Покистон Ислом Республикаси ташкил этилди. Унинг Конституциясида олий ҳукуматнинг фақат Аллоҳга тегишли эканлиги эълон қилинган, мамлакатни фақат мусулмон кишини бошқариши мумкин эканлиги белгилаб қўйилган, кейинчалик унинг мансабдор шахслари диний исломий қасамёд қилиши, жумладан, шаҳодат келтириши белгилаб қўйилган, динни ҳимоя қилиш ва худога шак келтирганлик учун ўлим жазоси белгилаш ҳақида меъёрлар жорий қилинган, ҳукумат қабул қиладиган қарорларнинг Қуръон ва Суннага мувофиқлигини баҳолайдиган ислом мафкураси бўйича Кенгаш каби махсус орган ташкил қилинди, уламолар ва диний инфратузилма қўллаб-қувватланди. Бошқа томондан, бу ҳарбий-фуқаролик давлати (армиянинг роли етакчи) бўлиб, унинг ҳукумати мақсадга мувофиқликка риоя қилган ҳолда қарор қабул қилади ва фақат  гап бевосита динга тааллуқли бўлган ҳоллардагина диний доираларга ўгирилиб қарарди. Лекин шунга қарамай, ислом тамаддуни тарихининг катта қисмида соф исломий давлат концепцияси мазмуни ва тўғрилиги масаласини қавсдан ташқарига чиқариб, тан олиш керакки, жанговар аксилислом секуляризми авжга минган бир шароитларда ислом дунёсининг кўплаб мамлакатларида нима бўлганда ҳам, бундай давлат пайдо бўлиши ислом ва мусулмонлар учун муваффақият бўлган бўларди.

Боз устига, Покистон ислом режими тарафдори бўлган давлатлардан бири бўлибгина қолмасдан, бир қатор кўрсаткичлар бўйича бу мамлакатлар ичида етакчи бўлиб олди. Хусусан, бу атом қуролига эга бўлган ягона ислом давлати ҳисобланади ва бу қуролни тарқатмаслик режими жуда қаттиқ эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, яқин келажакда шундай бўлиб қолаверади ҳам.



Энди минуслар ҳақида

Покистоннинг ажратилиши Ҳиндистоннинг қолган қисмларида мусулмонлар позицияларига қақшатқич зарба берди. Мамлакатни иккига ажратиш вақтида амалга оширилган шафқатсиз тозалаш ишларига қарамай, у ердаги мусулмонлар сони Покистондагидан бироз кам, холос – ҳозирги пайтда Ҳиндистонда 130 млн, Покистонда эса 200 млн мусулмон истиқомат қилади. Лекин бу, албатта, бошқача мусулмонлар. Мамлакат иккига бўлингунга қадар мусулмонлар бутун Ҳиндистон аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилибгина қолмай, иқтисодий фаол ва ўзига тўқ аҳолининг, шунингдек, ҳинд шаҳарлари аҳолсининг катта қисмини ташкил этарди. Мамлакат иккига бўлингач, ҳижрат вақтида иқтисодий жиҳатдан фаол, ўзига тўқ, ўрта синф вакиллари бўлган мусулмон оилалар, малакали мутахассислар ўз давлатини қуриш учун Покистонга кўчиб кетди. Ҳиндистонда эса Жамоат Улама-и-Ҳинд каби ғоявий ватанпарварлардан ташқари, айтиш мумкинки, фақат бу ердан кета олмаганларгина қолди. Шу сабабли мусулмонлар сони 25%дан 12%гача қисқардигина эмас, уларнинг сифати ва жамиятдаги аҳволи ҳам ёмонлашди – ҳозирги кунда Ҳиндистонаги мусулмонлар ижтимоий пирамиданинг юқорисида эмас, мусулмонларнинг катта қисми «далалитлар» орасида эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, асосан қуйи қисмидан ўрин топган.

Кейин, Ҳиндистон босиб олганидан сўнг мақсадли йўналтирилган демографик мустамлакалаштиришни амалга ошира бошлаган Мусулмон Кашмирнинг катта қисми йўқотилди. Бироқ афсуски, бу Покистон Ислом Республикасининг сўнгги ҳудудий йўқотиши бўлмади. Дастлаб у иккита тенг – ғарбий ва шарқий қисмдан иборат эди. Ғарбий қисмда асосан энг тушунадиган мусулмонлар, ҳиндистонлик муҳожирларнинг аксарияти яшарди ва Ҳиндистон мусулмонларининг асосий тили – урду тили устунлик қиларди. Шарқий қисмида эса урду тилида сўзлашадиганлар элита, лекин камчилик эди. Улар, албатта, Ислом Республикаси бирлигини қўллаб-қувватларди, лекин маҳаллий бенгал аҳолисининг катта қисмини маҳаллий коммунистлар ва ғайридинлар, жумладан, ҳиндулар катта роль ўйнаган популистик кайфиятлар чулғаб борарди. Йилар мобайнида тўпланиб келган қарама-қаршиликлар охир-оқибат 1971 йил сепаратчилар исёни ва фуқаролар урушига олиб келди, 93 минг кишидан иборат ҳинд ҳарбийларининг бостириб кириши оқибатида Покистондан унинг шарқий қисми ажратиб олинди ва Бангладеш давлати ташкил қилинди. Урду тилида сўзлашадиган ва олий маълумотли аҳолининг катта қисми кетиб қолиши оқибатида бу мамлакатда турмуш даражаси ва ривожланиш истиқболлари пасайиб кетди.

Биз Покистон ва Ҳиндистон ўртасида улар натижасида ёш мусулмон давлати Кашмирнинг катта қисми ва Бангладешни қўлдан чиқарган иккита уруш ҳақида гапириб ўтдик. Умуман, агар нафақат ҳарбий қудратни, балки собиқ Катта Ҳиндистон ҳудудида ташкил топган икки давлатнинг умумий, жумладан, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини таққослайдиган бўлсак, мусулмонлар салоҳияти аввалбошдан заифроқ бўлиб кўринган ва вақт ўтиши билан бу тафовут янада кучайган. Сабаблар объектив – Ҳиндистон аввалбошдан бир неча баробар катта ҳудудга, аҳолига, ресурсларга эга бўлди. мамлакат бўлиб олингунга қадар ва айниқса, инглизлар келгунига қадар бу ресурсларнинг барчаси асосан мусулмонлар тасарруфида эди, Ҳиндистон асосан Islamicate маконнинг бир қисми, ёки классик атамалардан фойдаланадиган бўлсак, Дарул-Ислом эди. Оқибатда эса ундан мусулмонларда бир парчагина ер қолди, у ҳам бўлса иккига бўлиниб кетди.

Покистон энг янги жаҳон тарихида

Жанубий Осиё ресурслар ва имкониятларидан узоқлаштирилган Покистон пировардида шу билан қаноатландики, Марказий Осиё минтақасида минтақавий давлат сифатида мустаҳкамланиб олди, бунда у Кашмирдаги мусулмонлар қаршлигини қўллаб-қувватламоқда. Шу сабабли Покистонда рўй берган жараёнлар қўшни мамлакатлардаги иккита тарихий ҳодиса – Афғонистон уруши (аниқроғи – урушлар серияси) ва 1979 йилги Эрон инқилоби билан чамбарчас боғлиқ бўлди.

Покистон мусулмон далват сифатида афғон мужоҳидларининг советлар босқинига қаршилик кўрсатишда муваффақиятни таъминлашда шу тариқа СССРдан Вьетнам урушидаги мағлубият учун қасос олган АҚШнинг фаол кўмагида ҳал қилувчи роль ўйнади. Айнан Покистон орқали Афғонистон мужоҳидларига қурол-яроғ, кўнгиллилар билан асосий ёрдам кўрсатиларди, машғулот лагерлари ва фронт орқасидаги базалар айнан Покистон ерида жойлашганди, уларсиз эса, албатта, афғон ислом қаршилиги узоқ вақт туриб бера олмасди.

Бунда 1977 йил ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳукумат тепасига келган генерал Зиё ул-Ҳақ асосий роллардан бирин ўйнади. Афғонистонда жиҳодга кўрсатилган жуда катта ёрдамдан ташқари, у Покистонда шариатни кенг миқёсда жорий қилдира бошлади. Барча давлат судларида шариат қўмиталари ташкил қилинди; жиноят ҳуқуқига шариатда кўрсатилган жисмоний жазолар (худдуд) киритилди, хусусан, зино, босқинчилик ва спиртли ичимликлар истеъмол қилганлик учун; аёлларга жамоат муассасаларида бошини рўмол билан ўраб юриш мажбурий қилиб қўйилди; мамлакатдаги мадрасалар сони 893 тадан 2801 тагача ўсди; Жамоа ал-Исломия ислом ташкилотининг 10 мингдан ортиқ аъзоси давлат хизматига жойлаб қўйилди.

Бундан олдинги нашрларни ўқиганлар, эҳтимол, эътибор қаратган бўлсалар, буларнинг барчаси ҳукумат тепасига ҳарбийлар келган иккита бошқа мамлакатда – Индонезияда генерал Сухарто ва Туркияда Кенан Эврен даврида худди шунга ўхшаш исломийлаштириш кампаниялари билан қарийб бир вақтда рўй берган. Бу ҳолатларнинг барчасида миллатни қутқариш учун ҳарбий режимлар белгиланиши ҳам, улар томонидан амалга оширилган  исломийлаштириш ҳам қизиллар хавфига қаршилик кўрсатиш доирасида рўй берган. Агар Покистон ичида сўл-радикал кучлар Туркия ва Индонезиядаги каби хавфли бўлмаган бўлсада, у билан қўшни мусулмон давлат Афғонистон ҳукумати коммунистлар томонидан ҳарбий йўл билан  ағдарилган ва қизил ўлатни минтақада янада кенгайтириш учун тайёргарлик кўриладиган майдонга айлантирилиши мумкин эди.

Шундай бўлса ҳам, Индонезия ва Туркияда исломийлаштириш аввалбошдан дунёвий бўлган давлатларда амалга оширилганини ҳисобга оладиган бўлсак, аввалдан Ислом Республикаси бўлган Покистонда у янада радикал характерга эга бўлди. Бундан ташқари, у ҳам антикоммунистик, ҳам антирафизий характерга эга эди, бу саҳобаларни ҳақарот қилганлик учун худога шак келтириш ҳақидаги қонуннинг тарқалиши, давлат томонидан ундириладиган закот жорий қилиниши (сунний ҳукмдорларга закот тўлашни инкор қиладиган шиалар бунга кескин эътироз билдирарди) ва суннийлар мактабларини, хусусан, Деобандда мақсадли йўналритилган тарзда қўллаб-қувватлашда ўз ифодасини топди. Бу эса Покистон учун жуда муҳим эди – давлат сифатида ташкил топган вақтдан буён шиалар кланлари, жумладан, сиёсатда жуда катта нуфузга эга эди. Лекин ҳинд шовинизмига қарши умуммусулмон миллати юзага келиши шароитларида нормал бўлган нарса Эронда ҳукумат тепасига шиалар инқилобини экспорт қилишини эълон қилган кучлар келиб, сунний давлатларда шиа камчиликларига ўзининг бешинчи колоннаси сифатида таяна бошлагач, таҳдид характерига эга бўла бошлади. Шундай вазиятда Покистоннинг СССРга қарши ҳам, Хомейний Эронига қарши ҳам бир тарафда турган Саудия Арабистони ва Кўрфаздаги  бошқа мамлакатлар билан алоқалари мустаҳкамланиши ва ҳамкорлиги кучайиши рўй бера бошлади.

Маълумки, коммунистлар ағдар-тўнтар қилиб харобага айлантириб ташлаган Афғонистонни тарк этиши мамлакатда ҳамжиҳатлик ва гуллаб-яшнашга ўзи-ўзидан олиб келгани йўқ. Босқинчиларга қарши уруш ўрнини яқиндагина бир сафда қурол кўтариб турганлар орасида фуқаролар уруши эгаллади. Афғон мужоҳидларига мамлакатда тартиб ўрнатиш ва тинч ҳаёт шароитларида сафларни жипслаштириш учун сиёсий етуклик етишмади ва Афғонистон тобора ҳокимиятсизлик, босқинчилик ва ўзаро (ички) урушлар ботқоғига ботиб бормоқда. Бунга жавоб тариқасида «Толибон» ҳаракати пайдо бўлди ва 1996 йил ҳукумат тепасига келди. Ушбу ҳаракатнинг у ёки бу масалалардаги сиёсати ёки усулларига турлича муносабатда бўлиш мумкин, лекин Афғонистонда ҳукмронлик қилган тартибсизлик ва ўзбошичалик шароитларида айнан у ўзи билан тартиб олиб келган кучга айланди. Толибонга ёрдам кўрсатган Покистон махсус хизматлари ҳам бу жараёнга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Бироқ 2001 йил 11 сентябрь Нью-Йоркдаги эгизак биноларга уюштирилган ҳужумларидан сўнг вазият кескин ўзгарди. Бу ҳужумларни амалга оширишда дастлаб айбланган, сўнгра бунинг учун масъулиятни ўз бўйнига олган ал-Қоида етакчилари ва қатнашчилари Омар Башир ҳукумати уларни Судан ҳудудидан ҳайдаб чиқаргач, толибонлар ҳузурида қўним топганди. Толиблар уларни топшириш ҳақида америкаликлар талабларини рад этди ва бунинг натижасида Афғонистонга АҚШнинг пўлат мушти билан зарба берилди.

Бундай шароитларда Покистон толибларни қўллаб-қувватлашда давом этолмасди ва АҚШнинг уларга қарши курашига қўшилди. Бироқ қарийб 15 йил давом этган уруш давомида толиблар давлатини вайрон қилиб ташлаган америкаликлар барибир уларнинг партизанча ҳаракатига қарши курашда ҳал қилувчи муваффақиятга эриша олмади. Шу аснода, бу вақт давомида жуда кўплаб нарсалар ўзгариб кетди, хусусан, ИШИД ва унинг Хуросондаги афғон филиали пайдо бўлиши билан толибон минтақадаги энг ёқимсиз куч бўлмай қўйди. Бундан ташқари, айрим гуруҳлар нафақат Кобул режимига, балки Толибон ва қўшни Покистонга ҳам қарши уруш олиб бораётган ИШИД-Хуросонга ўтиб кетди. Бундай вазиятда Покистон ва Қобулдаги лаёқатсиз ҳукумат ўрнига такфирчиларга қарши асосий куч сифатида кўриб чиқила бошлаган толибларнинг ўзаро алоқалари тикланмоқда, бу эса АҚШ билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатиш ҳақида баёнот беришга қадар низоларга олиб келади.

Субконтинент мусулмонлари: аҳволи ва истиқболлари

Милодий йигирма биринчи асрнинг иккинчи ўн йиллиги охирига келиб, Субконтинент мусулмонлари қандай ҳолатда?

Ҳиндистонда дунёвий ҲМК ўрнига ҳукумат тепасига мусулмонларга нафрат кўзи билан қаровчи, уларни қирғин қилган қотилларга таянадиган ҳинду-фундаменталист партияси Бхаратия Джаната Парти келди. 130 миллион кишидан иборат мусулмонлар камчилиги ҳиндуларда муқаддас жонивор саналган сигирларни ўлдиришда айбланишдан қўрқиб, кучли руҳий босим остида яшамоқда. Кашмир мусулмонлари оккупация ва систематик қатағонлар шароитида яшамоқда.

Бангладешда бенгал миллатчилари маҳаллий Жамоа ал-Исломиянинг эски етачкиларини қатл этган ҳолда 1971 йилги урушда Ислом Республикаси бирлиги учун курашган мусулмонлар билан ҳисоб-китоб қилишда давом этмоқа.

Бир пайтлар улкан ислом Субконтиненти мусулмонларидан геосиёсий субъект бўлиб фақат Покистон Ислом Республикаси қолган. У ҳозирда АҚШ томонидан босим ҳис қилмоқда ва атом қуролига эга бўлган, ҳукумат тепасида шовинистлар турган Ҳиндистон билан доимий уруш хавфи остида турибди. Бундай вазиятда Покистон Хитой билан тобора кўпроқ яқинлашиб, янги Буюк Ипак Йўли Хитой стратегиясининг бир қисми сифатида у билан Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги (СРЕС) лойиҳасини амалга оширишни бошлади.

Ҳозирги пайтда Хитой 1-даражали жаҳон ўйинчилари лигасига чиқиб, АҚШ билан бир қаторда туришга интилмоқда. Улкан Ҳиндистон ҳам худди шу йўналишда ҳаракатланиб, унинг ортидан қувиб келмоқда. Шубҳасизки, Покистонда бундай истиқболлар йўқ. Энг яхши ҳолатда ҳам у 2-даражали ўйинчи ролини ўйнай олади. Аслида у минтақада АҚШнинг иттифоқчиси бўлган пайт доимо шундай бўлиб келганди ҳам, лекин ҳозирда бу ёки Хитой Покистонни ўз қаноти остига олиб, 1-даражали ўйинчи бўлишига, ёки Покистон Пекин ва Вашингтон билан алоқаларини мувозанатлаб, АҚШ билан аввалги муносабатларини тиклай олишига боғлиқдир.

Афғон муаммосининг ечими ҳам айнан шу истиқбол билан чамбарчас боғлиқ. КХДРга нисбатан максимал даражада жанговар руҳдаги риторикадан бошлаб, Трамп маъмурияти якунда Корея яриморолида тинчлик жараёни бошланишига эришди ва эҳтимол, икки корейс давлатининг бирлашувини ҳам кузатишимиз мумкин бўлади. Афғонистонда ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келиши эҳтимолдан холи эмас, лекин ҳозирча жанжаллашаётган томонлардан биронтасида муроса сари қадам қўйиш истаги кўринмаяпти. Бундай вазиятда ҳеч ким билан келишиш истагида бўлмаган ва фақат минтақада мавжуд давлатларни йўқ қилишни кўзлаган кучлар ҳаракат қилиш имконига эга бўладиган тирқишлар кенгаймоқда.

Шак-шубҳасизки, бу давлатларнинг ташкил қилиниши узоқ вақт давомида жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг ўзаги бўлиб келган, ҳозирда ҳам охирги ўриннларни эгалламаган минтақадаги мусулмонлар қудрати узоқ муддатли таназзул жараёнининг чўққиси бўлди. Бироқ битта дарёга икки марта кириб бўлмайди деганларидек, ҳозирги кунда Покистон ва Афғонистон давлатчилигининг энг эҳтимоли юқори муқобил варианти пойтахти Деҳли бўлган Бобурийлар империяси ёки Ғазнавийлар ва Гуридлар сулоласинининг тикланиши эмас, мусулмон ҳудудларнинг хорижий босқинчи кучлар билан қора туйнукка айланиши ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Хитой ва Ҳиндистон бир пайтлар Шимолий Африкадан Яқин Шарқ орқали, ундан кейин Кичик Осиё орқали Марказий ва Жанубий Осиёдан ўтиб Жанубий-Шарқий Осиёгача (Нусантара) бўлган ҳудудни эгаллаган мусулмон ҳудудларни кесиб ташламоқда. Қолаверса, шуни тушуниш керакки, ўша пайтлар бу оддий географик макон бўлмаган – у юқори даражада ривожланган, жумладан, бу Islamicate га диний асосдан кўра купроқ амалий негизда турли халқларни жалб қилишга имкон берадиган иқтисодий динамикага эга бўлган. Мусулмонлар ўз вақти учун илғор бўлган, бир талай жалб этувчан интеллектуал, технологик ва иқтисодий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир бўлган тамаддун яратган. Фақат шу қобилиятнинг тикланишигина уларга энг яхши ҳолатда 2-даражали ўйинчилар ёки кўп ҳолларда бўлганидек оддий аутсайдерлар ролини, балки инсоният тамуддани ўқи ролини ўйнашга имкон беради.

Манба: ГолосИслама.Ру

Абу Муслим таржимаси