loader
Foto

Фирқалар психодинамикаси

Секталар ўтмишда ҳам, ҳозирда хам, биринчи навбатда, яхши ҳаёт умидларини рўёбга чиқариш ваъдалари билан; уйғун яшаш истагини қондириш ва ниҳоят, ўлимдан кейин руҳни қутқариш ваъдаси билан фаолият юритиб келади. Баъзида ўзида қандайдир куч топиш ва ҳаётнинг янги маъносини қидириш зарурлигига эътибор қаратилади. Ўзида янги маъно қидириш жараёнида, айниқса, бу маънога эга бўлмаган кишиларга нисбатан, уларнинг онгидаги бўшлиқни секта етакчисининг нуқтаи назарини акс эттирувчи маълумотлар билан тўлдириш кузатилади. Бундай раҳбарга тўлиқ бўйсуниш тоталитар секталарга хосдир.

Eтарли даражада структураланмаган, беқарор (ўзгарувчан) психикага эга, танқидий саволлар беришга одатланмаган, осон ишонтириладиган (гипнозга мойил), қарам бўлган шахслар ҳам секталарга осонгина тушиб қолишади. Бу, юқорида айтиб ўтилганидек, секта фаолиятида иштирок этувчи шахсларнинг ўзини ва руҳини қутқариш воситаси сифатида кўриши билан боғлиқ.

Секта аъзолари ўз жамиятини бир ғоядан илҳомланган, бир мақсад сари интилувчи ака-ука ва опа-сингилларнинг идеал жамияти сифатида қабул қиладилар. Шундай қилиб, кўпчилик учун секта ўзига хос мукаммал оилага айланади.

Сектага ёллаш, агар одамда бундай "нажот" учун дастлабки орзу бўлса, ҳеч қандай қийинчиликсиз содир бўлади. Секта жамоавий ҳимояга бўлган қониқмаган истак ва илоҳий кучнинг намоён бўлишига шерик бўлиш истагидан фойдаланади.

Секта раҳбарларини паст баҳоламаслик керак, чунки улар чуқур психологик механизмларни, масалан, ташвиш, қўрқув механизмини, бу тушунчадан ўз мақсадлари учун фойдаланиш қобилиятини тушуниш қобилиятига эга бўлади.

Секта атамаси лотинча «secta» сўзидан келиб чиққан бўлиб, мактаб, ўқитиш, мазҳаб, фирқа, партия деб таржима қилинади. Кундалик тилда секта тушунчаси вақт ўтиши билан «secare» – ажратмоқ, узмоқ феъли билан кўпроқ боғлана бошлади. Шундай қилиб, секта томонидан махсус диний жамият ёки анъанавий диндан ажралиб чиққан гуруҳ тушунадиган таъриф ишлаб чиқилди.

Секталар ўз етакчисига боғланганлиги билан ажралиб туради. Секта аъзолари унинг руҳий ёки диний ҳукмронлигини тан оладилар. Секта асосчиси секта аъзоларининг «superego»сида ҳукмронлик қилади ва уларнинг ўзлигини бостиради.

Секта характеридаги гуруҳлар аъзолари нафақат диний, балки ижтимоий жиҳатларга ҳам урғу бериб, кўпчиликда учрайдиган маълум бир камчиликни тўлдирадилар. Замонавий инглиз тилидаги адабиётларда "секта" атамаси кўпинча "деструктив культ" атамаси билан алмаштирилади. Баъзи муаллифлар, масалан, Штрайннинг фикрича, тўғрироқ атама "деструктив культ" эмас, балки "ўз-ўзини йўқ қилувчи культ" бўлса, "нео-диний культ" атамаси ҳам учраб туради. Шуни таъкидлаш керакки, барча секталар ҳам ўз фаолиятида диний тсаввурлар ва диний нажот ғояларини қўлламайдилар. Диний мақсадларни кўзламай, ўз аъзоларига ўхшаш ақидапарастлик тизимидан фойдаланадиган турли экстремистик гуруҳлар мавжуд.

Секталар инсоннинг мавжуд психологик етишмовчиликни тўлдириш ва ташвишларни енгиш истагини амалга оширади. Инсонда пайдо бўладиган экзистенциал қўрқув уни ўзини безовта қиладиган фикрлардан халос бўладиган турли тоталитар гуруҳларнинг идеал қурбонига айлантиради. Сектада бўлгандан сўнг, ҳақиқатга қайтиш жараёни қийин, чунки ўзини-ўзи ишонтириш орқали одам ўзини гуруҳда ўзи хоҳлаган нарсага эришаётганига ишонтиради. Секталар «fast food» (тез овқатланиш) тамойили бўйича якуний ечимни ваъда қиладилар. Секталарнинг жозибадорлиги истакларнинг дарҳол амалга ошишини ваъда қилишдадир. Сектада бўлиш одамнинг унга чуқур психологик бузғунчи қарамликка тушиши билан бирга келади. Баъзи муаллифлар бу руҳий ўзгаришларни психиканинг бузилиши деб аташади, бунда одам ўзининг потенциал интеллектуал ва иродавий имкониятларидан фойдаланиши тобора қийинлашади.

Индоктринация фикрлар, ғоялар, дунёқараш тизимлари, ҳозирги воқеаларга муносабат ва бошқаларни жалб қилиш мақсадида шахс ёки гуруҳга таъсир қилишнинг оммавий психологик воситасидир. Катта психологик босим таъсирида пайдо бўладиган маълум бир парадигма доирасида фикрлаш стереотипини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Индоктринация натижасида секта аъзолари гуруҳга кўп томонлама қарам бўлиб қоладилар. Сектада содир бўлаётган динамиканинг хавфли томони шундаки, психологик манипуляция сезилмасдан содир бўлади ва секта аъзолари томонидан сезилмайди.

Шу сабабли гуруҳ аъзолари психологик ҳимоя стратегияларини ишлаб чиқиш имкониятидан маҳрумдир. Бу сектага янги келганларнинг ҳис-туйғулари ўз-ўзидан, хулқ-атвори ихтиёрий, деган таассурот пайдо бўлади. Улар ўзларига таклиф қилинган ақидалар ўзларининг улар сектага киргунларича шаклланмаган ва амалга ошмаган идеалларига мос келишига ишонч ҳосил қиладилар. Сектанинг қолган аъзолари янги келганлар томонидан ёқимли, одамларга доимо ёрдам беришга тайёр деб қабул қилинади. Тажрибали секта аъзоларининг меҳр-муҳаббати билан янги келганларни "бомбардимон қилиш" руй беради. Қизиғи шундаки, ота-оналар сектага қўшилиш учун жиддий тўсиқ эмас, чунки уларнинг таъсири секта аъзолариникига қараганда заифроқ бўлади.

Беморни ота-онадан, оиладан ажратиб қўйиш тенденциясини унга ота-она билан илгари мавжуд бўлган муносабатлар номукаммал бўлганлиги учун айбдорлик ҳиссини уйғотиш орқали амалга ошириш мумкин. Секта таъсирига қаршилик кўрсатадиган ота-оналар потенциал муаммолар манбаи бўлган бостирувчи шахслар тоифасига киради.

Секта аъзолари индоктринациясининг қуйидаги босқичларини келтириб ўтамиз (Штамм бўйича):

1. Ёллаш босқичи потенциал секта аъзосини интуитив равишда сезадиган одамлар томонидан амалга оширилади. Ушбу босқичда одам ҳиссий жиҳатдан беқарор бўлиб, қарама-қаршиликларга ўралашиб қолган бўлади. Секта аъзоси узоқ вақт давомида ишонч уйғотишга ҳаракат қилади, уни тўғри йўлга йўналтириб, муҳтож одамга ёрдам бериш истагини намоён қилади. Сектага ёлловчи кўтаринки руҳда, қувноқ кўринади ва ҳаммани хурсанд қиладиган жамият аъзоси қилиб кўрсатади ўзини.

2. Таълимотга кириш тавсия этилган доктринанинг асосий қоидаларини баён қилишдан иборат. Ушбу босқичнинг асосий вазифаси – сектага қабул қилинаётган шахсни эълон қилинган мафкурага жалб қилиш, муқаддас мазмундаги психологик боғлиқлик. Жалб қилиш шакли турлича бўлиши мумкин: курслар, лайфлар, семинарлар, маърузалар, диний хизматлар, китобларни ўрганиш, унда секта асосчилари томонидан белгиланган "таълимотлар" парчалаб берилади. Одамларни янги мажбуриятлар билан боғлаш тенденцияси мавжуд бўлиб, улар нима юз бераётгани ҳақида мустақил танқидий фикр юритиш учун вақт қолдирилмайди. «Келганингиз қандай яхши бўлди, биз сизни кўришдан хурсандмиз» каби мақтов ва хушомадлар ёғдирилади. Шу тариқа, инсон ўзи учун ёқимли эмоционал мадад олади. Таълимотга киришиш жараёни фикр ва ҳис-туйғулар устидан назоратни мустаҳкамлашга қаратилади. Аутосуггестия (ўзини-ўзи ишонтириш) фаол қўлланади, бунда одам сектада интилган нарсасини аниқ олишига ишона бошлайди. Аддиктив жалб этувчанликка эга бўлган хаёлий дунёниг ўзига хос манзараси яратилади. Ёлловчилар сектада қолиш, ўзлари учун махсус ҳақиқатни кашф қилган элитага уни яқин қилади, деб одамни ишонтиришга ҳаракат қилади. Аста-секин, илгари мавжуд бўлиши мумкин танқидий муносабат йўқолади. Шу билан бир қаторда, муҳим мақсадга эришиш истаги пайдо бўлади.

3. Гуруҳ билан алоқанинг кучайиб бориши олдинги «илдизлар» билан боғлиқликнинг узилишида намоён бўлади. Умр гуруҳи (тариқати) бағрида оқади. Гуруҳ билан доимий мулоқотдан чалғитадиган кишилар билан алоқалар узилиши рўй беради;

4. Секта ҳаётига тобора кучлироқ кириб бориш билан параллел равишда юзага келадиган ташқи дунёдан альенация (бегоналашиш) ва изоляция.

5. Қарамликнинг кучайиши, онгни назорат қилиш ва ўзини секта билан бир ҳис қилиш билан тавсифланадиган секта таълимотига содиқликни кучайтириш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, секталарга жалб қилиниш муаммоси секталарга жалб қилинишнинг олдини олиш ва ақидапарастликка учраган шахсларга ёрдам кўрсатиш соҳасида малакали ёндашувларни амалга оширишни тақозо этади.

Абу Муслим таржимаси