loader
Foto

Жиззахда сеҳргарлик ва ноқонуний диний таълим билан шуғулланган «домла» қамалди

Таъкидланишича, у фуқароларни турли хил диний дуолар билан ишларини яхшилаш, одамларни сеҳр-жоду қилиш билан шуғулланиб келган. Унинг уйи холислар иштирокида текширилганда хонадонига 12 киши мижоз сифатида келиб, навбат кутаётгани маълум бўлган. Шундан сўнг уйнинг ичи ҳам текширилган. Хоналардан эса фуқароларнинг исм-шарифи ёзилган 5 та «иш дафтари» топилган. Дафтарлар ичида 100 дан ортиқ кишиларнинг фотолари бўлган, шунингдек, сўраган ниятлари қайд этиб борилган. Хусусан, фуқаролардан бири бошқа аёлнинг эри унга қиё боқишини, яна бошқалари эса ҳоким, депутат бўлмоқчи экани, қайнанаси уйида жим ўтиришини хоҳлаши ёзилган.

Бундан ташқари, уйдан нашриёти кўрсатилмаган диний мазмундаги 5 та китоб, 1 та от қамчиси, 9 дона ош пичоғи, 1 дона полиэтилен пакет ичида бўлган туз, буғдой, исириқ ва 110 минг сўм пул расмийлаштириб олинган. Шунингдек, ушбу шахс ваколати бўлмаса-да, фуқароларга диний сабоқ бериб келгани маълум бўлган. «Домла»нинг шогирдлари орасида бошқа бир туманда яшовчи мактаб ўқувчиси ҳам бўлган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 2-қисми ҳамда 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмуний кўриб чиқилиш учун Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган. Суд унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Манба