loader
Foto

"Қизиқчилик" ҳақида

Агар ҳазил латиф бўлса, бировнинг ҳамиятига тегмаса, энг муҳими - ҳаё пардаси билан ҳимояланган бўлса, эҳтимол қабул қилиш мумкиндир. Аммо авратни ўртага қўйиб ёки хотиннинг ўйнаш билан ётганини айтиб кулдиришга интилиш - на қадар гуноҳ эканини белгилай  олмасмиз-ку, аммо нақ аҳмоқликнинг ўзи эканини дангал айта оламиз.

Илгариги замонларда ҳам аския ва қизиқчилик бўлган. Аммо, биринчидан, бепарда гаплар айтишдан тийилишган, иккинчидан, даврада аёллар, болалар бўлмаган. Ҳозир турли йиғинлар ёки «концертлар»да эркаклардан кўпроқ аёллар ўтиришади. Беҳаё ва бепарда гаплардан мириқиб-мириқиб куладилар. Бу бемаъниликлар тез-тез телевизорда ҳам намойиш қилиб  турилади. Телевизор қаршисида ота - қиз ёки қайнота - келин ҳам ўтирганини, бу гаплар уларни номусдан ёндириб юборай деяётганини улар ўйлаб ҳам кўришмайди. Бизни бир нарса ажаблантиради: беҳаёликни касб қилиб олган «қизиқчи» ёки «аскиячи»лар бефаросатмилар ёки уларнинг гапларидан ҳузурланаётганлар, айниқса кулгидан кўзлари ёшланаётган аёллар телбамилар? Эҳтимол шундай томошаларга фалон сўм пул сарф қилиб аҳли аёли, қизи, келини билан бирга келган оила бошлиқлари аҳмоқдирлар? Бугун бемаъни кулгидан ёшланаётган кўзлари вақти келиб қиёмат кунидаги азоблардан ёшланмаса эди... Унда кеч бўлади...

Янги йил арафасида телемухбир ихлосмандларини қувонтириш учун айрим «қизиқчи»ларнинг уйига меҳмон сифатида бориб, гурунг қилди. Гарчи телемухбир уларни «эл севган санъаткорлар», деб таърифлаган бўлса-да, биз бу фикрга қўшилмаймиз, яъни уларнинг қилиқларини «санъат» деб баҳолай олмаймиз. Ҳатто том маънодаги «қизиқчи» дея ҳам олмаймизким, шу боис бу атамани қўштирноқ орасига олишга мажбур бўлдик. Бир «қизиқчи»нинг ўз онаси олдида беҳаё, уятсиз латифалар айтишига чидаш мумкиндир.  Иккинчи «қизиқчи»никида ундан-да баттар бўлди. Даврада «қизиқчи»нинг ота-онаси ва қайнотаси ўтирибди. Қишлоқдан келишган ота-онаси гапга унча аралашишмайди. Айниқса онаси бемаъни ҳазиллардан уялиб, қимтиниб ўтирибди. «Қизиқчи»нинг хотини туғруқхонада экан. Ана энди элга таниқли бўлмиш санъаткор - қайнота билан «қизиқчи» куёвнинг бегона эркак билан ётган аёллар ҳақидаги латифаларини эшитсангиз... Камина бу масхарабозлик, нодонликнинг бу кўринишининг нима билан тугашини билиш учун тоқат билан кузатдим. Бир нарсани аниқлай олмадим: нодонликда улоқ қайнотада кетдими ёинки куёв боладами?

Тоҳир Малик

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР