loader
Foto

Ер шарининг ҳарорати

Бироқ ушбу икки омил ҳам қатъий белгиланган беҳисоб ўзгарувчан катталикларнинг ўзаро таъсирида юзага келади. Улардан бири – Ернинг Қуёшдан узоқлиги. Агар Ер Қуёшга Венера каби яқин ёки Сатурн каби узоқда бўлганида, Ер ҳаёт учун яроқли ҳарорат режимига эга бўлмаган бўлар эди. Агар Коинот ичидаги ҳарорат шароитларига қарайдиган бўлсак, Ердаги мавжуд оптимал ҳарорат режимининг тасодифан юзага келиши мутлақо мумкин эмас, чунки коинотдаги ҳарорат энг иссиқ юлдузларнинг марказида ақл бовар қилмайдиган миллиардлаб градусга тенг бўлган иссиқликдан мутлоқ нолгача, яъни минус 273 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ушбу улкан ҳарорат спектрида ҳаёт учун яроқли бўлган ҳарорат оралиғи жуда ҳам тор ва бизнинг Еримиз айнан ана шу оралиқда жойлашган. Америкалик геологлар Фрэнк Пресс ва Раймон Сивер Ернинг нозик ҳарорат режимини алоҳида таъкидлаб ўтадилар.

“Қатъий белгиланган ҳарорат интервалидагина ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин... Ушбу иссиқлик интервали Қуёшнинг ҳарорати ва мутлоқ ноль ўртасидаги оралиқда ҳароратнинг мавжуд катталигининг 1 фоизини ташкил этади. Ер айнан ушбу тор 1 фоизлик оралиқ таркибида жойлашган.” (Ф.Пресс, Р.Сивер, “Ер”, - Нью-Йорк: В.Х.Фриман, 1986, 4-бет)

Мазкур ҳарорат оралиғини сақлаш, албатта, Қуёш ва Ер ўртасидаги масофа ҳамда Қуёш таратаётган иссиқлик энергияси билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларга қараганда, агар Ерга етиб келувчи Қуёш энергияси миқдори 10 фоизга камайса, у ҳолда Ер усти кўп метр қалинликдаги муз билан қопланар экан. Ушбу миқдор салгина ортган ҳолда эса, Ердаги барча тирик жонзот иссиқликдан куйиб кетади. Ер сайёрасида идеал ҳарорат режимининг тақсимланиши ҳам ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мувозанатни сақлаш учун алоҳида чоралар кўрилган. Ер айланма ўқи Ер орбитаси текислигига перпендикулярдан ўртача 23 даража 27 минутга оғган бўлиб, бу қутблар ва экватор ўртасида юзага келиши мумкин бўлган кескин ҳарорат тафовутининг олдини олади. Ушбу оғиш градуси бўлмаганида қутблар ва экватор ўртасидаги ҳарорат фарқи бирмунча ошган бўларди. Бу эса ҳаёт учун яроқли атмосфера мавжуд бўлишини хавф остига қўйган бўлур эди.

Иссиқликнинг сайёрада бир маромда тақсимланишига Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигининг юқорилиги ҳам таъсир этади. Сайёрамиз ўз ўқи атрофида атиги 24 соат ичида айланиб чиқади. Шу туфайли кун ва туннинг давомийлиги жуда ҳам қисқа. Натижада, кун ва тун ўртасида ҳарорат фарқи жуда ҳам кичкина.

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигининг аҳамияти Меркурий сайёраси билан мисолни кўриб чиқсак янада тушунарлироқ бўлади. Ушбу сайёра ўз ўқи атрофида жуда ҳам секин айланади, шунинг учун Меркурий сайёрасида кун биздаги бир йилдан ортиқ давом этади. Шу сабабли кун ва тун ўртасидаги ҳароратнинг фарқи ўша жойларда тахминан 1000 даражани ташкил этади. Ҳароратнинг даҳшатли фарқи ҳаётнинг ҳар қандай шакли учун мутлақо тўғри келмайди.

Ернинг рельефи ҳам иссиқлик сайёрамизда бир маромда тақсимланишига хизмат қилади. Қутблар ва экватор ўртасида ҳарорат фарқи тахминан 100 даражани ташкил этади. Агар бу каби фарқ Ернинг бирон-бир нотекислик, тепаликлардан холи бўлган сиртида юзага келганда эди, у ҳолда ўша жойда тезлиги 1000 кмсоатгача етиши мумкин бўлган бўронлар қутурган бўлар эди.

Лекин Ер сирти ҳароратдаги фарқ туфайли юзага келувчи ҳаво массаларининг кучли оқимларини тўсувчи ва секинлаштирувчи кўплаб табиий тўсиқларга эга. Бу тўсиқлар – тоғ тизмаларидир. Бундан ташқари, Ер атмосферасида махсус автоматик тизимлар бўлиб, улар доимо ҳарорат даражасини бошқариб борадилар. Мисол учун, муайян ҳудудда ҳарорат ҳаддан зиёд ортганда, унда сувнинг буғланиши кўпаяди ва булутларнинг массаси ортади. Булутлар эса, ўз навбатида, Қуёш нурларининг бир қисмини қайтариб, ва шу билан бир вақтда ёмғир ёғишини таъминлайдилар. Шу тарзда Ер ва атмосферанинг қуйи қатлами сиртининг янада қизиб кетишининг олди олинади.