loader
Foto

Байъбоши (заклад) бериш шариатда борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аслида, ўша «закалат» бизнинг тилимизда «байъбоши» деб номланади. Яъни, савдонинг бошида, аввалида бериладиган нарса.

Араб тилида бу нарса «урбун» ёки «урбон» ибораларидан бири билан ифода қилинади. Бу ҳақда Қувайт Давлати Вақф ва Исломий Ишлар Вазирлиги томонидан нашр этилган «Фиқҳ мавсуъаси» китобида жумладан қуйидагилар ёзилган:

«Фиқҳ истилоҳида «урбун» савдо молини сотиб олган шахснинг сотувчига савдо молини сотиб олса, баҳога қўшиш, сотиб олмаса, сотувчига қолиб кетиш шарти ила бир дирҳам ёки ундан кўпни беришидир.

Фақиҳлар бу каби савдо ҳақида ихтилоф қилганлар: уларнинг жумҳури – ҳанафийлар, моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлардан Абул Хаттоб уни тўғримас деб биладилар. Бу қавл Ибн Аббос ва Ҳасандан ҳам ривоят қилинган.

Зотан, Амр ибн Шуъайб ўз отасидан, у бобосидан қилган ривоятда:

«Набий алайҳиссалом урбондан қайтардилар», дейилган.

Чунки, бу иш одамлар молини ботилдан ейиш жумласига киради. Унда ноаниқлик бор. Унда икки фосид шарт бор: урбунга ҳибани шарт қилиш ва рози бўлмаса, сотилган нарсани қайтариб бериш шарти.

Яна бунда сотувчига эвазсиз нарса бериш шарти ҳам бор.

Агар харидор сотувчига бир дирҳам бериб, бу нарсани мендан бошқага сотма, агар мен уни сендан сотиб олмасам, ушбу дирҳам сеники бўлади деса:

- Агар уни кейин бошқатдан баҳолашиб сотиб олса ва мазкур дирҳамни баҳога қўшса, дуруст бўлади. Чунки, бу савдо бузувчи шартдан холи бўлди.

- Агар харидор молни сотиб олмайдиган бўлса, сотувчи дирҳамни олиши дуруст эмас. Чунки уни эвазсиз олган бўлади».

Келтирилган матнлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, савдо пайтида байъбоши (закалат) бериш тўғри эмас. Унинг ўрнига ёзма ёки оғзаки шартнома қилиш керак бўлади.

Мабодо, байъбоши бериш йўлга қўйилган бўлса, нотўғри иш қўшилган ҳолда савдо бўлаверади. Аммо харидор айниб қолган тақдирда, сотувчи байъбошини қайтариб бериши лозим бўлади. Валлоъу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимҳуллоҳ

“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан, 2- жуз