loader
Foto

«Ўзбекистонда 56 фоиз ўқитувчилар салоҳияти талаб даражасида эмас» — халқ таълими вазири

Бугунги таҳликали замонда, Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатнинг тараққиёти ва келажаги сифатли таълим билан, келажак авлод билан боғлиқ. Таълим сифатини, хусусан, сифатли мактаб таълимини ташкил этиш бир қатор муҳим омилларга боғлиқ эканини тушуниб турибмиз. Айнан шу йўналишлар келгуси 2-3 йилда эътиборимизда бўлади.

Даставвал, мактабда таълим сифати, аввало, шу мактабда ишлаётган ўқитувчилар сифати ва савиясига боғлиқ. Зеро, таълим сифати — ўқитувчи сифатидан юқори бўла олмайди.

Бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчиларимиз фаолият юритади Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларимизнинг салоҳияти талаб даражасида эмас. Бу дегани деярли 3 миллионга яқин ўқувчи-болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас.

Шундан келиб чиқиб, вазирлик биринчи галда мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш ва уларнинг доимий малакасини ошириш, улар учун узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур вазифани амалга ошириш Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтига катта ишонч ва масъулият билан юклаган. Институт ва ҳудудлардаги 14 та марказ бу йўналишдаги асосий бўғин этиб белгиланган.

Хабарингиз бўлса керак, 2022 йилдан бошлаб ўқитувчилар малакасини ошириш тизими узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига трансформация бўлди. Энди ўқитувчилар доимий ўз устларида ишлашлари ҳамда билим ва малакаларини оширишлари талаб этилади. Шу билан бирга, ўқитувчи ўзига қулай шаклда (онлайн ёки анъанавий), истаган ва қулай вақтда (йил давомида ёки йилига 1 ҳафта) ва хоҳлаган жойда (платформада, марказда, нодавлат ташкилотда ёки ОТМда) малака ошириш имконияти ҳам яратилди. Энди ўқитувчи махсус платформа орқали ўз билимларини диагностика қилади ҳамда аниқланган билимдаги бўшлиқлар асосида малака оширади.

Ҳар бир ўқитувчининг касбий ривожланиш динамикаси платформа орқали доимий мониторинг қилиб борилади.

Бир сўз билан айтганда ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантиришнинг механизми ва инфраструктураси шакллантирилди. Масалан фақат малака ошириш ҳамда методик ёрдам кўрсатишнинг мазмуни, яъни контентида қолди. Айнан шу масалада Халқаро ташкилотлар ва донорлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бахтиёр Саидов, халқ таълими вазири