loader
Foto

Самоъ

Бунда зикр учун мусийқо, қўшиқ, шеър ва бошқа нарсаларни эшитиш кўзда тутилган. Турли омилларга кўра суфийлар орасида зикрни рақс тушиб туриб қилиш, мусийқо ила қилиш, турли шеърларни оҳанг ила айтиш, ёш болаларни гўзал кийимлар кийгазиб ўртага ўтказиб қўйиб, адо этиш каби ғалати одатлар пайдо бўлган. Бунга асосан сунний тасаввуфга бегона бўлган унсурлар сабаб бўлган. Баъзи бир боҳисларнинг таъкидлашларича, чет эллардаги ва бошқа динлардаги тоифалар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг ёмон насибаларидан бири чегарасиз равишда бошқа маданиятлар, йўналишлар ва фикрларга очиқ бўлишдир. Ўшалар ўзи билан соғ-лом мантиқ ва тафаккурга тўғри келмайдиган турли нарсаларни олиб келган.

Еттинчи ҳижрий асрда Ироқ ва араб шарқига ҳинд мутасаввуфлари келишган. Улар ҳакимлардан кўра кўпроқ фирибгарларга ўхшар эдилар. Ўшалар суфийларнинг ҳалқаларига турли сунъий банжларни олиб кирдилар ва уларни банжи асрор деб атадилар. Яна фалакнинг айланишига ўхшайди деб айланиб тушиладиган рақсни ҳам киритдилар. Бу рақс мавлавий тариқатида ҳозиргача ижро этилиб келмоқда.

Улар кийимларни йиртишни ҳам киритдилар. Бу худди суюқ амирларнинг гўзал қўшиқчи қизларнинг қўшиғини эшитганда қиладиган ишига ўхшайди.

Бидъатлар бирин-кетин келаверди. Афсунгарлик ўсаверди. Охири бориб каромат билан сеҳрнинг орасини ажратиб бўлмайдиган ҳолга етди. Бу ишлар Басрадаги рифоъия Мисрдаги Байюмия, Микносдаги Ийсавия тариқатларида авж олди. Улар орасида илон, чаён, чўғ ва шиша синиқларини ейиш, баданларга пичоқ ва қиличларни тиқиш ҳамда шунга ўхшаш ишларни қилиш кўпайди.

Деярли барча тариқатларда зикр давомида бақирчақир ва додвойлар кўпайди. Уларда Аллоҳнинг исми ўрнига турли англаб бўлмайдиган овозларни чиқариш одатга айланди. Ўша овозлардан баъзиларини ҳарф билан ифода қилиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмайди.

Мана шу нотўғри ишнинг содир бўлмаслиги учун кўпчилик уламолар зокирларга Аллоҳнинг исмлари ва сифатларини билиб олишни шарт қилиб қўйдилар.

Баъзи суфийларда шоҳид ила сабоъ деган бидъат зоҳир бўлди. Бу бидъат бўйича улар ёш болаларга гўзал кийимларни кийгазиб ҳалқа ўртасига ўтқазиб қўядилар. Уларнинг бу ишнинг қилишга келтирган баҳоналари, гўзал манзарани тааммул қилиш, Аллоҳга тасбиҳ айтишдир. Чунки ўша нарсада Аллоҳнинг сифатларидан бир сифат сокин бўлгандир».

Ушбу иқтибосда келган ҳар бир нарсага суфийларнинг ўзлари далил ва ҳужжат келтирадилар.

Рақсни мубоҳ деган суфийлардан Абу Абдурроҳман ас-Силмий ва имом ўаззолийлардир.

Рақсни жоиз деганларнинг далилларидан бири имом Бухорийнинг ривоятларидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга «Мен сенданман, сен мендансан», деганларида у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакра-ганлари.

Иккинчи далил: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд розияллоҳу анҳуга «Сен биродаримиз ва мавломизсан», деганларида у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганлари.

Учинчи далил: Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳабашларнинг рақсини томоша қилганлари.

Аммо уламолар бу гапларни қатъиян рад қиладилар. Ибн Жавзий ва ал-Жавҳарийлар, хурсандчиликдан бир оёқни кўтариб, иккинчисини тушириб сакраш ва ҳабашларнинг ўйини рақс эмас, хур-сандликни ифода этувчи енгил ҳаракатдан бошқа эмас, деганлар.

Имом Моликдан рақс тушадиган мутасаввифлар ҳақида сўралганида «Улар гўдакми ёки жинними?! Аҳли Исломдан бирортаси буни қилишини эшитганимиз йўқ», деганлар.

Биз ўзимиздан қўшамизки, юқоридаги уч далилни рақсга далил деб фараз қилган чоғимизда ҳам зикр учун рақс бўлиши мутлақо мумкин эмас. Ахир ўзи учун хурсандчилик хабарини эшитган одамнинг қувончдан сакраши ва ийд куни ҳарбий машққа ўхшаш ўйинни Аллоҳ таолони зикр қилишни рақс ила ижро этишнинг орасида фарқ бўлиши керак-ку!

Ибн Қудома ал-Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зот саҳобаларининг бирортасидан ҳам бу номаъқул йўлга юрганлари нақл қилинмаган. Ҳеч ҳам кечаси тонг отгунча самоъ билан Аллоҳ таолога қурбат қилинмаган. Ҳеч ким, ким рақс тушса, унга бунча савоб бўлади, дегани йўқ. Ҳеч ким, қўшиқ қалбда иймонни ўстиради, дегани йўқ. Ҳеч ким ёшларни эшитмаган ёки уларни эшитишда ажр бор дегани йўқ!»

Самоънинг мазаммати ҳақидаги фуқаҳоларнинг фатволари жуда ҳам кўп. Уларни қайта-қайта такрорлаб ўтирмаймиз. Минг афсуслар бўлсинки, ўша кўпчиликнинг маломатига сабаб бўлган ҳолат ҳозир ҳам баъзи бир жойларда давом этиб келмоқда.

Аммо бизнинг диёрларимизда, асосан, Нақшбандия тариқати тарқалгани учун бу нарсалар тарқалмай қолган. Бу ерларда самоъдан баъзи байтларни мусийқосиз оҳанг билан айтиш бор. Буни эса ҳозирги замонимизда тасаввуфда кўпгина илмий ишлар олиб борган кишилар ҳам жоиз нарса сифатида эътироф қиладилар.

Устоз Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Тарбиятунар руҳия» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар билан ўтказган ҳаётлари давомида «ҳадаа» маълум нарса бўлган. (Ҳадаа-шеърни хиргойи қилиш). Баъзилар юриб кетаётиб ҳадаа айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳадаада иштирок этганлар. Саҳобалар шеър айтар эдилар. Ўша шеърларнинг баъзилари оҳанг билан айтилар эди. Баъзиларини қизлар, баъзила-рини эркаклар иш ва юриш давомида айтганлар.

Аммо саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг доимий бўлмаса ҳам, ғолибо самоълари Қуръони карим бўлган. Шеър айтиш ёки ўқиш бўлган. Лекин асосан дам олиш пайти, хурсандчилик ва тўй муносабатлари ила бўлган.

Ибн Касир, Ибн Мурдавайҳи ва Насаийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг бирортангизни зинҳор бир оёғини иккинчиси устига қўйиб олиб, қўшиқ айтаётганини кўрмай. «Бақара» сурасини ўқимай қўймасин. Шайтон «Бақара» сураси ўқилган уйдан қочади. Албатта, уйларнинг энг кичиги Аллоҳнинг китобидан холи бўлганидир», деганлар.

Бу эса саҳобалар ҳаётида асосий самоъ Қуръони карим бўлганини билдиради.

Шеърнинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин у уларнинг ҳаётида худди таомга қўшиладиган туз каби бўлган. Шунингдек, уларнинг ҳаётида оҳанг билан бир нарса айтишнинг ҳам ўрни бўлган. Аммо бу нарсалар уларнинг улкан ишлари билан тўлиқ улуғ ҳаётларидан оз жой эгаллаган.

Бу баъзи суфийларга эътироз сифатида айтиладиган нуқталардан биридир. Уларнинг ҳаётида оҳанг ва гўзал овоздан ҳузурланиш саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг ҳаётларидагига қараганда катта улуш олгандир».

Ўша чегараланган самоъ вақтида ҳам одобга риоя қилиш қаттиқ таъкидланади. Суфийлар бу борадаги одобларни ҳам тартибга солганлар;

1. Самоъ вақтида гапирмаслик.

2. Беҳуда нарсалар билан шуғулланмаслик.

3. Табассум қилмаслик.

4. Овозини баланд қилмаслик.

5. Кийим бошини йиртмаслик.

6. Бошини қимирлатмаслик.

7. Қарсак чалмаслик.

8. Самоъ учун махсус тўпланмаслик.

9. Самоъ бўлмаса, ахтармаслик.

10. Танбур чалиш ва «яшанг, яшанг» дейиш бўлмаслиги.

11. Тор бўлмаслиги.

12. Доира ҳам, дўмбира ҳам бўлмаслиги.

13. Шамъ, тўшаклар ва ёстиқлар бўлмаслиги.

Бу борада Нақшбандия тариқати жуда ҳам қулай ҳолатда бўлади. Чунки суннатга энг яқин деб эътироф қилинган бу тариқатда одатдаги зикрни ҳам овозни чиқармай қилиш йўлга қўйилган.



асаввуф ҳақида тасаввур китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ишқ аҳлларига оҳу вовайло солди...

САМОЪ