loader
Foto

Ужуб

Аллоҳ Ўзининг фазли-марҳамати ила бандалари қалбини пок ҳолда дунёга келишини ирода этди. Фақатгина маъсият ва гуноҳлар сабабли қалб кирланиб, уни тозалашга эҳтиёж пайдо бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинганидек, фитрати тоза бўлган боланинг келажакда ким бўлиши, диёнати ота-онаси тарбиясига боғлиқ бўлади.

Демак, инсон қалби аслида пок ва тоза бўлар, уни амаллари кирлантиради. Шундай экан, инсон қалбида биронта иллат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди ёки у билан биргаликда дунёга келмайди. “Ужуб” сўзи луғатда «ҳайратланиш», «ажабланиш» деган маънони англатади. Истилохда эса:

«Ужуб - бу ўзидаги неъматни катта билиб, ўшанга суяниш ва уни неъмат берувчи Холиққа нисбат беришни унутишдир». Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ ато қилган нарсага ўз кучим билан эришганман, деб ҳаволаниб, ўша нарсани берувчи Зотни унутишдир. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, инсон ўз ҳаётида омади чопиб, муваффақият қозонса, Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан эмас, балки ўз уддабуронлигим ва ҳаракатим билан эришдим, дейди. Ахир қанча-қанча одамлар уддабурон бўлишса-да, икки баравар кўп ҳаракат қилишса-да, омади чопмаслиги мумкин. Манманлик Аллоҳ сенга осон қилиб қўйгани учун шу даражага етдинг, дейилса, инкор этиб, ўз зукколигим ва иш кўзини яхши билганим сабабли эришдим, деб жавоб беради. Мана шу иллатни шариатимизда ужуб дейилади. Ужуб кибрнинг уруғи ҳисобланади. Улғайиб, бора-бора кибрга айланади.

Ислом тарихида Ҳунайн ғазоти бўлиб ўтганини кўпчилик яхши билади. Мана шу ғазотда биринчи марта мусулмонлар ўн икки минг кишилик улкан қўшинга айлангани уларни ғурурлантирди. Саҳобалар: «Оз пайтимизда қанча-қанча душманлар устидан ғолиб чиққанмиз-ку, энди шунча қувватга эга бўлиб, кам сонли мушрикларни енга олмасмидик», деб Аллоҳнинг фазлини унутиб, ўз қучларига катта баҳо беришди. Аллоҳ таоло уларнинг ужубланишларини қоралаб, мана бу оятларни туширди:

«Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ер кенг бўлишига қарамай (сизларга) торлик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» («Тавба» сураси, 25-оят).

Мана шу оят нозил бўлгач, саҳобалар ўз хатоларини англаб, дарҳол Аллоҳга тавба қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ужубнинг ёмонлигини баён қилиб шундай дедилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда у зот: «Бир киши кийими туфайли кибрланиб, ўзига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади», дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда ужубланиш зарари қуйидагича ифодаланган:

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишини: «Одамларнинг барчаси ҳалокатда», деган сўзини эшитсангиз, шуни билингки, унинг ўзи улардан кўра кўпроқ ҳалокатдадир», дедилар (Байҳақий ривояти).

Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Имом Моликдан бу ҳадисни қандай тушунсак бўлади, деб сўраганимда: «Бу инсон ўзини бошқалардан устун қўйиб, уларни назарига илмай: «Одамларнинг барчаи ҳалокатда», деди. Ўзини баланд олиб, бошқаларни менсимагани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг ўзи улардан кўра кўпроқ ҳалокатдадир», дедилар. Лекин олим ва солиҳ кишиларнинг камайиб бораётганини кўрган киши маҳзун бўлиб, бу сўзни айтса, ҳадисда назарда тутилган кишилар тоифасига кирмайди», деди. Улуғ тобеъинлардан Мутарраф ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ужубни қоралаб шундай деган:

«Кечани ибодат билан бедор ўтказиб, тундаги қилган ибодатимдан ужубга кетганимдан кўра, кечани ибодатсиз ўтказиб, ибодатсиз ўтказган кечамга надомат чеккан ҳолимда тонг оттирганим мен учун яхшироқ».

Шариатда ужубнинг ҳаром қилинганини Имом Қарофий раҳматуллоҳи алайҳ шундай тушунтиради: «Ужубнинг ҳаром қилиниш ҳикматига келсак, ужубланаётган инсон Аллоҳга нисбатан беадаблик қилган бўлади. Зеро, банда Раббига яқинлаштирадиган амалларни қилганда уларни Раббининг Улуғлиги олдида арзимас ҳисоблаши лозим. Ужубга кетган инсон эса арзимас амалини катта деб билиши туфайли Буюк Раббга нисбатан одобсизлик қилган бўлади. Аллоҳ «Анъом» сурасининг 91-оятида марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳни Ўзига лойиқ қадрламадилар».

Аллоҳни муносиб қадрламаслик, деганда бир неъматга эришган вақтда ужубланиб, барча неъматларни берувчи зот Аллоҳ эканини эътироф этмасликдир. Ужубланган киши Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига дучор бўлади. Ужубланиш иллатидан сақланганлар эса қилган ибодатларини арзимас ҳисоблаб, Аллоҳдан ҳаё қилиб турадилар. Аллоҳ бундай кишиларни мақтаб «Мўъминун» сурасининг 60-оятида шундай марҳамат қилиб айтади:

«Ва берадиган нарсаларини албатта, Раббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлардир».

Ҳақиқий мўмин мана шундай бўлади. Қилаётган ибодати Аллоҳнинг фазли туфайли бўлаётганини ич-ичидан ҳис қилиб юради. Қайси бандада ужубланиш кузатилса, у албатта кибр деган дардга чалинади.

Ужубланиш зарарлари

1.    Ужуб касалига чалинган киши ўз гуноҳларини унутиб, бошқалар айбини муҳокама қилиб юради. Бу эса шариатимизда ҳаром қилинган ғийбат гуноҳига мубтало бўлиш деганидир.

2.    Ужубланиш тоат-ибодат камайишига сабаб бўлади. Чунки арзимас амални ҳам катта билиб, ўзини ўзи алдаб юради.

3.    Ужуб қалбда доғни пайдо қилиб, бошқа гуноҳларни қилишга йўл очади.

4.    Ужуб касалига чалинган киши худбин ва ичи-қора бўлади. Натижада мусулмоннинг энг гўзал сифати бўлган ҳожатбарорлик хислатини бой беради.

5.    Узидан ужубланган киши ўзини ҳалокатга етаклаётган бадбахтдир.

6.    Кимнинг қалбига ужуб кирса, у насиҳатга қулоқ солмайди. Чунки у ҳар доим ўзининг қилган ишини тўғри деб билади.

Абулҳасан Мовардийнинг “Дунё ва дин одоби” китобида келтирилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ужуб - манманлик яхшиликларни гўёки олов ўтинни егандек ейди”, дедилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу: “Ужубланиш тўғрилик зидди бўлиб, ақллар офатидир”, деди.

Бузругмеҳр: “Эгасига ҳасад қилинмайдиган неъмат тақводир, эгасига раҳм қилинмайдиган бало ужубдир”, деган экан. Донишмандлардан бири: “Киши ўзини баланд олиши ўз ақлининг ҳасадчиларидан биридир”, деди. Шулардан ҳам билсак бўладики, ужуб инсон қалбидаги энг зарарли иллатлардан биридир. Бу иллатни томири билан қуритиш ўша қалб соҳибига осон бўлмайди.

Ужуб бу Аллоҳни ёддан чиқариш ва ҳар бир яхшилик ва ёмонликка У Зотнинг қодирлигини унутишдир. Бу иллатни даволаш охиратга иймон келтирган кишининг ўзига боғлиқ.

Ужубнинг давоси

Инсонни ва унинг яхши амалларини яратган зот Аллохдир. Шундай экан, бир амали билан манманлик қиладиган киши гўёки биров бажарган ишни мен қилдим, деб фахрланиб юрган кабидир. Ҳолбуки, Аллоҳ бандасига фазлатини бермаса, унга мададкор бўлмаса, ҳеч ким ҳеч нарсага эриша олмайди. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам тан олиб: “Аллоҳ фазлига олмаса, мени ҳам амалим жаннатга олиб киролмайди”, деганлар. Ужуб дардига чалинган одам мана шу ҳақиқатни яхши англаб олиши лозим. Шу ҳақиқатни ангаб етган киши ужуб иллатини тарк этади. Қайтиб унга яқинлашмайди. Ужуб неъмат берувчини унутиш деганидир. Ужуб иллатига гирифтор кишида шайтоний ҳужжатлар етарлича топилади. Мисол учун, шайтон бу амалингга ўз куч-қудратинг ва ақл-идрокинг билан эришгансан, деса, бундан димоғи кўтарилади ва лаққа ишонади. Шундай вақтда одам ўзига-ўзи: «Қудратни қаердан олдинг? Ақл идрокни сенга ким берди?» деса, кўз олдида ҳақиқат намоён бўлади. Шайтон ҳийла-найрангидан ўзини сақлаб қолади. Бундан ташқари, инсон ўзидаги бу разил иллатни йўқотиш учун амалда ва тақвода ўзидан кўра устунроқ бўлган кишига қарасин. Шунда ўз амалининг паст ва арзимас эканини кўради. Ужубланиб ҳакалак отган нафсига бундан кучлироқ зар-ба бўлмайди. Чунки ужубнинг асоси бу ўз амалини катта деб билишдир. Аллоҳ қалбларимизни ужуб иллатидан фориғ этиб, ундан тўла халос бўлишимизни муяссар айласин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

"Қалб кўзгусидаги иллатлар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР