loader
Foto

Гўзал хулқ

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимлари Анас ривоят қилганидек, гўзал хулқли эдилар.

Анас ўз сўзида муболаға қилмаган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган гўзал хулқни кўрган эди. У бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг - буюк Ислом пайғамбарининг хулқларидан бир тарафини келтиради: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Шу вақт оралиғида у зот менга бирор марта ҳам “уф” демаганлар. Қилган бирор ишимга нега қилдинг ёки қилмаган ишимга шундай қилмабсанда, деб айтмаганлар”.

Чунки Расулуллох соллаллоху алайҳи васаллам қўпол-ахлоқсиз бўлмаганлар. У зот саҳобаларнинг қулоқларига шу сўзларни қуяр эдилар: “Сизларнинг яхшингиз - чиройли хулқлигингиздир”.

“Ахлоқсиз сўзлар айтиш, ахлоқсиз ишлар қилиш - Ислом динига зид ишдир. Исломи гўзал инсонлар - хулқи чиройлиларидир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

“Сизларнинг менга суюклилигинглар ва Қиёмат кунида менга яқин турадиганинглар - хулқи чиройлигинглардир. Сизларнинг менга ёқимсизлигинглар ва менга Қиёмат кунида узоқ турадиганинглар - сергап ва одамларга баландпарвоз гапларни гапирадиганинглар, вайсақилик қиладиганинглардир”. Саҳобалар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ, сергап ва баландпарвоз гапирадиганларни биламиз, вайсақилар кимлар?” - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Мутакаббирлар” (Термизий ривояти).

Саҳобалар мана бу олий кўрсатмаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамлар билан муомала қилишларидаги юксак хулқни ўз кўзлари билан кўрганлар, у зотнинг сўзига амал қилганлар, у зотдан ибрат олганлар, шунинг учун ўша жамият инсоният тариҳида энг намунали жамият бўлиб қолди.

Анас розияллоху анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳмдил эдилар, бирор киши у зотдан ёрдам сўраб келса ва у зот унга ваъда берсалар, уни бажарар эдилар. Намоз вақти бўлди, шу пайтда у зотнинг олдига бир аъробий келиб, у зотнинг кийимларидан ушлади ва: “Озгина эҳтиёжим қолди, унутиб қўймай”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, унинг эҳтиёжидан бўшагач, келиб намоз ўқидилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийни гапини эшитиш, унинг ҳожатини бажаришдан танглик топмадилар, ваҳоланки, намоз вақти бўлган эди. У зот аъробийнинг кийимларидан ушлаши, намоздан аввал ишларини бажаришга оёқ тираб олишидан сиқилмадилар. Чунки у зот (Аллоҳнинг у зотга салавотлари бўлсин), ахлоқ жамиятини бино қилган, мусулмонларга ўзлари намуна бўлиб, мусулмон инсон мусулмон биродари билан қандай муомала қилишини ўргатган ҳамда мусулмонлар жамиятида етакчи бўлиши лозим бўлган ахлоқий асосни уларга белгилаб берган эдилар.

Мусулмон бўлмаган миллатларда чиройли хулқли бўлиш тарбиянинг чиройлилиги, таълим даражасининг юксаклигини билдирар экан, энди мусулмонларда чиройли хулқли бўлиш буларнинг барчасидан аввал диннинг аслига бориб тақалади - диннинг гўзаллигини билдиради. Ислом таълимоти бўйича ҳусни хулқ инсоннинг бу дунёдаги мартабасини кўтаради, Охиратдаги мезонининг палласини оғир қилади, зеро, Қиёмат кунида мўмин инсоннинг мезонида ҳусни хулқдан ҳам кўра оғир келадиган амал йўқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда хабар берганлар:

“Қиёмат кунида мўминнинг мезонида хусни хулқдан кўра оғир келадиган амал йўқ. Албатта, Аллоҳ таоло ахлоқсиз, одобсизни ёмон кўрур” (Термизий ривояти).

Ислом дини одамларнинг энг гўзал хулқлиги - иймони комилроғи, деб санаганда, ҳусни хулқ - иймон комиллигининг белгиси эканлигини айтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Мўминларнинг иймони комилроғи - хулқи чиройлироғидир” (Термизий ривояти).

Ислом дини одамларнинг энг чиройли хулқлиги Аллоҳга энг суюкли бандаси эканини билдирди, бунга Усома ибн Шурайкнинг ҳадиси гувохдир. У айтади: “Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бошимизда гўё қуш қўниб тургандек жим ўтирар эдик, бирортамиз гапирмасдик, шу пайт у зотнинг олдига одамлар келиб сўрашди: “Аллоҳ таолога энг суюкли одам ким?” - У зот: “Гўзал хулқлилари”, -деб жавоб бердилар (Табароний ривояти).

Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, ҳусни хулқ Ислом шариатида буюк ишдир, Қиёмат кунида банданинг мезонига қўйиладиган оғир юкдир. У Исломнинг икки катта рукни бўлмиш намоз ва рўзага тенглаша олур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мезонга ҳусни хулқдан ҳам кўра оғирроқ амал қўйилмайди, ҳусни хулқ ўз соҳибини намоз, рўза савобини олиш даражасига олиб чиқади”. Бошқа ривоятда: “Банда ҳусни хулқи билан рўзадор, намозхоннинг даражасига етади”, дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга ҳусни хулқнинг нечоғлиқ аҳамиятли эканини таъкидлаганлар, уларни у билан зийнатланишга ундаганлар, ҳусни хулқнинг табиатларни тарбия қилишда, нафсларни поклашда қанчалар таъсирли эканини идрок қилганлари сабабли саҳобаларга ўз сўзлари ва феълларидан иборат турли услублар билан чиройли кўрсатишга ҳаракат қилганлар. У зот Абу Заррга айтганлар: “Эй Абу Зарр, сенга белга енгил, қилишга осон, мезонда бошқалардан оғир келадиган икки хислатни айтайми?” - Абу Зарр: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, - деди. У зот: “Ўзингга ҳусни хулқ ва узоқ жим туришни лозим тутгин. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, халқлар у иккиси каби бирор нарса билан гўзал бўла олмайдилар”.

“Ҳусни хулқ - ўсишликдир, ёмон хулқ - бахтсизликдир. Яхшилик умрни зиёда қилар, садақа хунук ўлимни тўсар” (Аҳмад ривояти).

Яна у зот дуо қилганлар: “Аллоҳим, хилқатимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин” (Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Албатта, Сиз улуғ Хулқ устидадирсиз”, деса ҳам Аллоҳ таолодан хулқини гўзал қилишини сўраб дуо қилишлари, ўзлари ҳусни хулқда шунчалик юксак чўққида бўлсалар ҳам, хулқимни яна ҳам гўзал қилгин, деб сўраганларини кўриб, бошқа мусулмонлар ҳам имкон қадар ҳусни хулққа интилсинлар, деб умид қилганларини билдиради.

Ҳусни хулқ умумий калимадир. Унинг остида ҳаё, ҳалимлик, меҳр, кечиримлилик, саховат, шодлик, ростгўйлик, омонат, холислик, тўғрилик, қалб тозалиги каби инсонни гўзал қиладиган, уни поклайдиган, уни юксакларга олиб чиқадиган турли хулқлар ётади.

Муҳаммад Али Ҳошимининг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси