loader
Foto

Янги Усмонийлар отаси Нажмиддин Эрбакан

 Мустафо Камол Отатурк 1924 йили 3 март куни (ҳ. 1342 й. 27 ра-жаб) Усмонийлар халифалигига барҳам берган. Усмонийлар ҳамда Ислом халифалигининг энг охирги халифаси Абдулмажид II бўлган. У Абу Бакрдан бошлаб ҳисоблаганда, мусулмонларнинг бир юз иккинчи халифаси бўлган.

Отатурк Туркиядаги Ислом динининг таъсирини камайтириб, Туркияни Ислом муҳитидан чиқариб олган. Сўнгра Туркияда либерал конституциясига асос солган. Конституцияга кўра, Туркия - динсиз либерал ўлка деб қайд этилган. Шариат кўрсатмаларини йўққа чиқариб, араб алифбосини лотин алифбосига ўзгартирган. Ҳатто азонни ҳам турк тилида айтишга амр қилган (дин душманлари биринчи навбатда араб тили ва арабларга қаршилик кўрсатишини кўринг). Ота-турк Туркияда Ислом таълимотларини чеклагандан сўнг либераллар ва дўнме яҳудийларига ўлканинг сиёсий ишларига аралашишга ҳуқуқ берган. Ўлкадаги ахборот воситаларини тўлиғи билан либераллар ўз қўлига олиб, Туркиядаги мусулмон аҳолисининг миясини заҳарланган либераллик сувлари билан суғорадилар.

Отатурк 1939 йили вафот этгандан сўнг Туркияни унинг партиядошлари ўз қўлига олади. Улар ҳам ҳукуматни бошқаришда Отатуркнинг либерал йўлини тутишади. Шундай кунларнинг бирида, 1950 йили атоқли сиёсатчи Аднан Мандарас Отатурк асос солган Жумхурият Халқ Партиясидан кетиб, Демократик Партиясига асос солади У кўпроқ овоз олиш учун Туркиянинг олис қишлоқларида ташвиқотлар юргизиб, аҳолининг мақсади Исломга қайтиш эканини тушунади. Агар унинг партияси парламент сайловидан ўтиб қолса, уларнинг мақсадларини амалга оширишга ваъда беради. Кутилгандай, сайловда Аднан Мандарсаннинг партияси кўп овоз билан ютиб чиқади. Ҳукуматда ўз фаолиятини бошларкан, дастлаб халқининг орзу-истакларини амалга ошириш, унинг биринчи муваффақияти бўлади. У азонни яна араб тилида айтилишга амр қилади. Субҳаналлоҳ! 1950 йили 16 июнда Туркия осмонида яна «Аллоҳу акбар» азони янграйди (мусулмонларни Муҳаммад алайҳиссаломнинг тилига бўлган ҳурматини кўринг). Мандарас бош вазир лавозимида фаолият юритар экан, турк-мусулмонларининг бир қанча ҳуқуқларини қайтариб беради. Ўлкада яна Қуръон ёдлаш мадрасалари фаолият юрита бошлайди. Шунда жиноятчи Отатурк қолдириб кетган экстремист либераллар Туркиянинг қишлоқ ахолисининг (аксарият қисми ўшалардан иборат эди) йўлдан оздиришиб. Аднан Мандарасдан ҳам кўпроқ диний ҳуқуқларини қайтариб беришга ваъда қиладилар. Аднан Мандарас ҳукуматни 10 йил бошқарган. Агар дeнм` яҳудийлари ва Отатуркнинг либерал қолдиқлари бўлмаганда. У яна 10 йил ҳукуматга бошлиқ бўлса ҳам арзир эди. 1960 йили 27 майда Республика тарихида илк бор ҳарбий-давлат инқилоби натижасида бош вазир Аднан Мандарасни лавозимидан қулатишади. Демократик Партиясининг фаолияти тўхтаб, бош вазир қамоққа олинади. Адолатсиз қарордан сўнг Аднан Мандарас либераллик системасини йўқ қилиш ва диний давлат қуриш бўйича айбдор деб топилиб, ўлим жазосига тортилади. Шундай қилиб, у 1961 йили 17 сентябрда дорга осилган сўнгра ҳарбий кенгаш тузилиб, уни «миллий хавфсизлик кенгаши» деб аташган. Либерал ўлкани ҳимоя қилиш шу кенгашга топширилган Шунингдек, бу хавфсизлик кенгашига либерал Туркия республикасидаги мансабдор шахслар ўрнини алмаштириш ҳуқуқи ҳам берилган.

Турк халқи орасидан танк ясаш бўйича муҳандислик соҳасида қобилиятли бир турк ўғлони чиқади. Кейинчалик у либерал Туркия ўлкасида Ислом байроғини кўтариш шарафига эришади. Бу ўғлон Туркия осмонини ёритган юлдуз каби порлайди. У йигитнинг исми Онадўли тоғларида олтин харфлар ила муҳрланган. Бу турк баҳодири - Нажмиддин Эрбакан. Бу баҳодир ярим асрдан ортиқ либерал Туркия генералларига қарши турган.

Қаҳрамонимиз Нажмиддин Эрбакан 1926 йили Қора денгиз соҳилида жойлашган Синоп шаҳрида дунёга келган. Насл-насаби олий турк қабилаларидан бўлган. У илмга қизиқиши ва ўткир зеҳни билан ўз тенгдошларидан ажралиб турган. 1948 йили Истанбулдаги муҳандислик ўқув юртини муваффақиятли тамомлагани учун, Германияга ўқишга юборилади. 1953 йили Ахен дорилфунунида двигатель ва термодинамика соҳаси бўйича докторлик диссертациясини ёқлайди. Немислар у ҳакда шундай дейишган: «У намоз ва лойиҳалар билан кўп машғул бўлар эди». Сўнгра у Германиянинг Кёльн шаҳридаги Гумбольдт, Дойтц АГ ва бошқа шу каби двигатель ишлаб чиқарувчи фирмаларда ишлаб, ҳатто раҳбарлик лавозимларида ҳам фаолият юритади. Уз фаолияти мобайнида турли хил ёқилғи мойи билан ишловчи танк двигателини ихтиро қилади. Ўз ватанига қайтгач, Истанбул академиясида муаллим бўлиб хизмат кўрсатади. Шунингдек, Туркия академиясида кўплаб юқори лавозимларда хизмат қилган.

Эрбакан Германиядаги фирмаларда танк двигателлари ва мураккаб қисмларини ихтиро қилиш бўлинмасида раҳбарлик қилган пайтларида, бир қанча мураккаб масалаларга дуч келиб, катта тажриба орттиради. Сиёсат майдонига қадам босаркан, либераллар билан бўлган муносабатда қийинчиликларга дуч келмайди. Кўния шаҳрига депутатликка ўз номзодини қўйиб, муваффақиятли ўтиб, 1969 йили Туркия парламентига депутат бўлиб сайланади. Сўнгра 1970 йили Ислом интизомини ўз ичига олган «Миллий интизом» партиясини ташкил қилади. Бу партия Туркия сиёсатини бошқарган либералларга кучли бир зарба бўлади. 16 ой ўтгандан сўнг, дин душманлари одатига кўра Туркиянинг ҳарбий ҳукумати бу партия Отатурк тизимига мувофиқ эмас деган туҳмат билан чиқадилар. Бироқ бу турк баҳодири таслим бўлмай, либераллар билан ҳеч қандай жанжалсиз, совуққонлик билан муносабатини давом эттиради. Сўнгра у «Миллат тинчлиги» партиясига асос солади. Унинг бу партияси 1972 йили парламент сайловида 48-ўринни эгаллаб, Халқ партияси билан иттифоқ тузиб, Эрбакан Туркиянинг брш вазири бўлиб сайланади. Тўққиз ярим ойдан сўнг, бу ҳукумат тарқаб, 1977 йили «Тинчлик», «Ҳаракат» ва «Адолат» партиялари билан иттифоқ тузади. Кўп ўтмай, Туркиянинг бош прократураси Эрбаканни динни сиёсатда қўллагани учун, либерал Отатуркнинг тизимига тўғри келмайди деган айблов билан партиядан четлаштиради. Таъкидлаш жоизки, Туркия парламентидаги кўпчилик академиклар профессор Нажмиддин Эрбакан партиясининг аъзоси эдилар.

Эрбакан бош вазир бўлган пайтларда, мамлакатдаги либералларни баъзи қонунларини ўзгартиришга муваффақ бўлган. Эрбакан либералларни қўллаган марказни йўқ қилишга ҳаракат қилиб, парламентга масонларни Туркияга киришини тақиқлаб, уларнинг марказларини ёпиб ташлаб, араб оламига доир лойиҳаларни кенг ёйилишини таъминлаган. Фаластин халқини қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, у Исроил сиёсатини олиб борган Туркиянинг ташқи ишлар вазирини лавозимидан озод қилган. Фаластин масаласига жиддий эътибор қаратиб, уни ҳимоя қилишда бир қанча катта тўнтаришларга бош бўлган.

Ҳукуматдан кетгандан сўнг, 1980 йили ёзда Эрбаканнинг партияси парламентга Исроил билан бўлган алоқани узиш таклифи билан чиқади. Исроил Қуддусни ҳам эгаллашга уринаётган бир пайтда, у Туркия халқини Қуддусни қўллаб-қувватлашга чорлайди. Шунда турклар халифалик барҳам топганидан кейинги энг катта юришга чиқадилар. Мана шундан сўнг фашист-либераллар Эрбаканга қайта ҳужумга ўтадилар. Генерал Кенан Эврен ҳарбий-давлат тўнтаришини уюштиради. Натижада, Нажмиддин Эрбакан ва унинг партиясидаги 33 киши қамоққа олиниб, улар ҳарбийлар томонидан судланадилар. Нажмиддин Эрбакан 1985 йили қамокдан чиқади. У 1986 йили Умра сафарига бориб, аввалгидан ҳам шижоатли бўлиб қайтади. Сўнгра «Рефах» номли учинчи партиясини тузади. Орадан йиллар ўтиб, 1995 йилнинг охирларида Туркияда парламент сайлови ўтказилади. Сайловда одатдагидек, Эрбаканнинг партияси энг кўп овоз олиб, яна ҳукумат тепасига келади. Аммо у диний ўқув юртларни ёпиб, либераллик билим олишга тарғиб қилган, либераллар қўйган 18 талабни амалга оширишдан бош тортгандан сўнг хавфсизлик кенгаши халқ сайлаган ҳукуматини бошланмасидан қулатиб, Рефах партиясига барҳам бериб, Эрбаканни беш йилга сиёсатдан четлаштирганлар.

Лекин ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, Нажмиддин Эрбакан ўз луғатида «таслим бўлиш» деган сўз йўқ бўлгани учун Отатуркнинг аждаҳоларига яна ҳужумга ўтади. Бу сафар яна янги партия тузиб, уни «Фазилат партияси» деб номлайди. Уни шогирдларидан бири бошқариб, ўзи сиртдан назорат қилади. Эрбакан 1999 йили ўтказилган сайловда ҳам ғолиб бўлганда, генераллар унинг партияси билан бирга Эрбаканнинг ўзини ҳам сиёсатдан четлатишга қарор қиладилар. Сиртдан кузатганлар Туркияда либераллар Муҳаммад алайҳиссаломнинг динининг устидан ғалаба қозондилар деб ўйлаб қоладилар.

Бироқ...

Туркиядаги мусулмонлар билан либераллар ўртасидаги кураш авж олиб турган бир пайтда академик Нажмиддин Эрбаканнинг шогирдлари бирлашиб, Туркиядаги сиёсий аҳволни ўзгартиришга бел боғлайдилар. Улар ҳарбий генераллар ва либералларни халқ танловига қарши чиққан, қайта-қайта такрорланган сиёсий ўйинларига қарши чиқиб, улар билан сабр-бардош ва катта тажрибага таянган ҳолда курашишга қарор қиладилар. Эрбакан мактабидан чиққан бу уч турк мусулмон ўғлонлари 2001 йили «Тараққиёт ва адолат» партиясига асос соладилар. Улар либерал Туркия сиёсатини секинлик билан ўзгартиришни мақсад қиладилар. Туркияни Ғарбга қараб турган пайновини Исломга йўналтирадилар. Уларни сиртдан кузатганлар «Янги усмонийлар» деб аташган. Улар аста-секин халқ ишончига сазовор бўлиб, 2002 йили ҳукуматга, сўнгра 2007 йили мамлакат раҳбарлигига эришишга муваффақ бўладилар. Улар Туркиянинг нафақат дин томонидан, балки сиёсий ва иқтисодий жиҳатидан ҳам дунёда етакчи ўлкалар қаторига олиб чиқишга эришганлар.

Сиёсатдан четлатган муддат якунига етиб, Нажмиддин Эрбакан 2003 йили яна ўз фаолиятини давом эттирган ҳолда «Саодат» партиясига асос солади. Уни кузатиб турган либераллар, ақл бовар қилмас туҳматлар билан 77 ёшли оқ соқолни яна қамоққа оладилар. Кейинчалик унинг шогирдларидан бири, ўша пайтдаги президент Абдуллоҳ Гул соғлиғи туфайли, уни озодикка чиқаради. 80 ёшдан ўтганига қарамай, бу турк ўғлони яна «Саодат» партиясига қайтади.

2011 йили 27 февралда (ҳ. 1432-й. 23 рабиъул аввал) Анқарадаги шифохоналарнинг бирида, ҳозирги Туркиядаги янги усмонийлар лидери, Туркиядаги Исломни тиклаган раҳнамо, танк двигателининг муҳандиси, профессор, баҳодир, турк умматининг зурриёти, устоз Нажмиддин Эрбакан 84 ёшида оламдан ўтади. Уни охирги сафарига кузатиш учун президент Абдуллоҳ Гул, бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ташқи ишлар вазири Аҳмад Довуд ўғлу, кўплаб олимлар ва Ислом оламидаги таниқли инсонлар иштирок этганлар. Улуғ турк қаҳрамонини Саодат партиясига раҳбарлик қилаётган чоғида вафот этиши, унга қайта-қайта тажовуз қилиб, партиясини четлаштириб, ўзини қамоққа тиққан либералларга шундай жавоб бергандек бўлди: «Эй жиноятчи либераллар... Қандай макр қилсанглар ҳам таслим бўлмай, партияга бош бўлган ҳолимда кетдим... Қўрқоқлар кўзи эшитмайди!»

Туркиядаги бу ҳолат тасодиф эмас. Тарихлар оша уларда шаклланиб мавжуд бўлган хислатларнинг бири бўлиб ҳисобланади.

Дунёнинг ҳар тарафида Исломни ҳимоя қилувчи ўғлонлар чиқади. Бу тарихда «Қайта яралиш авлоди» деб аталади. Бу авлод вакиллари ҳар қайси жойда бўлмасин, баланд ўсган дарахтнинг бутоғи каби, бир даврда пайдо бўлгани ҳайратда қолдиради!

Бу авлоднинг аввалида Форс қўлтиғидан чиққан араб ўғлонлари қайта яралиш авлодига етакчилиб қилиб, курраи заминнинг шарқ ва ғарбига илмни кенг тарғиб қиланлар. Уларнинг бири Қувайтдан чиқиб, Африканинг қалин ўрмонларида Исломни ёйган. Унинг исми умматнинг улуғ инсонлар қаторига олтин харфлар ила муҳрланган.

Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз...

Ж. Турбонийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

Хурсанд Аҳмедов таржимаси