loader
Foto

ОАВ: «Толибон» яна Ўзбекистон ва Тожикистондан олиб қочилган вертолётларни қайтаришни сўради

Tolonews нашри хабарига кўра, муваққат ҳукумат мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Хоразмий Кобул ўғирлаб кетилган вертолётларни тез орада қабул қилиб олишини айтди.

У вертолётлар афғон халқининг мулки эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда, айрим афғон таҳлилчиларининг фикрича, Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагани учун вертолётларни қайтариб олишнинг иложи йўқ.

«Биринчидан, мен бу вертолётлар учун ҳужжатлар Афғонистонга тегишли эканлигига ишончим комил эмас. Иккинчидан, бу ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган «Толибон» ҳукуматининг муаммоси», - дейди Тожикистондаги собиқ афғон дипломати Фаҳим Коҳдаманий.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Афғонистон армиясининг Кобулдаги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочиб кетилган вертолётлари толибларга берилмаслигини маълум қилган эди.

Апрель ойи охирида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев нима учун Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётларни толибларга қайтармаганини тушунтирганди.

«Америка овози» нашрига берган интервьюсида у афғон учувчилари аввалроқ ўз мамлакатидан Ўзбекистонга олиб қочган авиатехника АҚШга тегишли эканлигини айтди.

«АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган, аввалги Афғонистон ҳукуматини молиялаштирган», деди у.

Исматулла Эргашев авиатехникаларнинг тақдири бўйича қарор Вашингтонда қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Биз бу ҳарбий техникани АҚШ билан келишув асосида сақлаб қолдик ва бу ҳақда толибларни хабардор қилдик», деди дипломат.

Афғонистонда ҳокимият толиблар томонидан қўлга киритилганидан сўнг мамлакат ҲҲК учувчилари ва ходимлари учинчи давлатларга самолётларда учиб, мамлакат ҳудудини оммавий равишда тарк эта бошлади. Шу тариқа, 40 дан ортиқ Афғонистон ҳарбий самолётлари ва вертолётлари Ўзбекистонга учиб келди. Самолётларнинг бир қисми Тожикистонга ҳам парвоз қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2021 йил 14 ва 15 август кунлари мамлакат ҳудудига 22 та ҳарбий самолёт, шунингдек, Афғонистондан 24 та вертолёт қўнганини маълум қилди.