loader
Foto

Қайта тирилишми ёки қайта тирилтиришми?

“Қайта Тирилишми ёки Қайта Тирилтиришми?”

Маруза қилиш юзасидан Трансвал (Жанубий Африка)га кетиш арафасида едим, шунинг учун Стандертонлик дўстим Ҳафиз Юсуф Дадуга яқинлашаётган ташрифим ҳақида уни огоҳлантириш ҳамда Дурбандан унга бирор нарса керак ёки керак эмаслигини сўраш мақсадида қўнғироқ қилдим. У менга ҳозирда Иброний тилини ўрганаётганлигини айтиб, Библиянинг иброний тилидаги нусҳасини ва инглиз тилидаги таржимасини олиб келишимни сўради. Мен Дурбандаги “Библия жамияти”га бориб, дўстим учун Библиянинг ишонарли, арзон ва сифатли нашрини қидирдим ва ҳеч қийинчиликсиз унинг “Муаллиф нусҳаси”ни бошқача қилиб айтганда, Қирол Жеймс нусҳасини топдим. Раста орасидаги телефон гўшагини олиб ким биландир гаплашишга чоғланаётган қиз эътиборимни тортди. Бироқ мен уни эшитадиган даражада яқин эмас эдим, бунга қизиқмадим ҳам. Аммо у телефондаги киши билан фикр алмашгач, қўлини гўшак гапиргичига қўйиб менга мурожаат қилди. “Кечирасиз, Жаноб, сиз Жаноб Дийдатмисиз?” мен: “Ҳа”,- дедим. У менга Библия жамиятининг раҳбари мен билан учрашмоқчилигини айтди, мен рози бўлдим. У телефондаги кишига яни бир неча оғиз сўз айтиб гўшакни жойига қўйди. Мен жилмайиб: ”Мен полицияга қўнғироқ қиляпсизми деп ўйлабман”,- дедим (эҳтимол Библиянинг бир нечта нусҳасини қўлимда ушлаб турганим учундир), у кулди ва: ”Йўқ бу Жаноб Рев. Роберц, сиз билан сиз билан суҳбатлашишни истаётган киши”,- деди.

Тасдиқлаш

Жаноб Рев. Роберц ёнимга келиб ўзини таништирганидан сўнг, ишора билан мен қўлимда ушлаб турган Библияни унга узатишимни сўради ва мен унга китобни узатдим. У китобни очди ва ўқишни бошлади: ”Абадий ҳаёт эса Сени-танҳо Ҳақ Худони ҳамда сен юборган Исо Масиҳни таниб билишдан иборатдир” (Юҳанно, 17:3) (Кейинчалик, унинг иқтибосларининг Евангелие (Госпел) Ҳаволаларини текшириб кўрдим)

Муқаддас китобдан унинг ўқиганларимни эшитганимдан сўнг, У менга маълум қилмоқчи бўлган Хабарнинг туб маносини назарда тутиб “ Мен қабул қиламан!”, - дедим.

Аммо кейинчалик, мен унга у маълум қилмоқчи бўлаётган хабарлар Қуръони Карим 14 асрдан буён бутун инсониятга айтаётган хабарлар билан бир хил эканлигини, яъни барчамиз Ягона ва Қудратли Аллоҳга ва унинг пайғамбари Исо Масиҳ (алайҳиссалом)га иймон келтиришимиз кераклигини айтмадим.

Қуръони Каримда бундай дейилади: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илҳо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар Уникидир, ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур. (Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан-ота, ҳил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш-ҳаддан ошиш эди, Нисо сураси, 171-оят)."

Бир-биримизга муҳаббат

Рев. Роберц унинг биринчи келтирган иқтибосига “Мен қабул қиламан!” деб жавоб берганимни эшитиб хурсанд бўлиб кетган бўлса керак. Дарҳол Библиянинг бошқа жойидан очиб Исо (алайҳиссалом) томонидан айтилган ушбу сўзларни ўқий бошлади: “Сизларга янги буйруқ беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар. Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.” (Юҳанно, 13:34-35)

Янги тасдиқ

У ушбу оятларни ўқиб бўлгач мен “Жуда яхши!” дея таъкидладим. У менинг мулоҳазамдан жуда руҳланиб кетди. Мен сўзларимни самимийлик билан ифодаладим ва ҳеч қандай эътирозга ўрин қолмади. Ҳазрат Исо (алайҳиссалом) томонга ўтишимни (насроний динига киришимни) узил-кесил ҳал қилиш учун яна бир иқтибос топди. У бошлади: “Бошқаларни ҳукм қилманглар, сиз ҳам маҳкум бўлмайсиз. Сизлар қандай ҳукм қилсангиз, сизга ҳам шундай ҳукм ўтказилади. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, сизга ҳам шундай ўлчов татбиқ этилади” (Матто, 7:1-2).

Бу иқтибосга ҳам “Мен розиман!” деб жавоб бердим. Мен Ҳазратнинг ҳар бир келтирган иқтибосини тасдиқлашим Библия жамиятидан олган харидларимни махсус чегирма асосида олганлигим учун эмас, балки бу иқтибослар Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала мусулмонларга унга амал қилиб, бошқаларни ҳам бунга даъват қилишга буюрган таълимотлари билан бир ҳил эканлиги учун эди. Икки томон, яъни мусулмонлар учун ҳам, насронийлар учун ҳам умумий бўлган нарсани истисно қилишим мени руҳий чигалликка олиб келарди. Мен учун ўз китобим (Қуръони Карим)дан унинг иқтибоси билан бир ҳил хабар келтиришим жуда яхши эди, аммо бу у учун ўтакетган иккиюзламачилик бўларди (чунки мен у келтирган оятларни тасдиқлаб турган эдим). Бу виждонни уялтирувчи ёлғон бўларди.

Мақсад

Ҳазратнинг менга Муқаддас китобдан иқтибослар келтиришдан мақсади нима эди ўзи? Дарҳақиқат, Библия жамиятидан харид қилган барча нарсаларимни махсус чегирма асосида харид қилган эдим, эҳтимол бундай чегирмага эга бўлган ягона насроний эмас киши мен бўлгандирман. Бу савдо батамом тижорий ишларга алоқадор бўлсада, мусулмон бўлатуриб бундай чегирмаларга эга бўлишим Библия жамиятининг раҳбари сифатида Ҳазратга ҳам ҳабар қилинган бўлиши керак эди. Чунки дунёнинг бу қисмида иймоним нишони бўлган соқолим ва бош кийимимдан мусулмонлигимни англаб олиш қийин эмас.

Қўлимда (бир неча хилдаги) инглиз, африка, урду, араб ва бошқа тиллардаги Библия бўлишига қарамасдан мен ҳали насронийликни “қабул қилмаган” эдим. Эҳтимол мен Ҳазрат менга айтиши керак бўлган самимий бир “турткига” муҳтожлик сезгандирман? Эҳтимол бунга Ҳазрат менга ўқиб берган иқтибослар сабаб бўлар. Бу иқтибос келтиришларнинг сабаби эҳтимол у мени бу гўзал сўзларни ҳали ўқимаган бўлса керак ўйлаганидандир, шундай бўлиши ҳам мумкин, чунки мен ҳали насронийликни “қабул қилмаган” эдим-да.

Муаммо

Бу самимий Ҳазрат ўз ўқувчисига янги билимни етказмоқчи, ўргатмоқчи бўлган устоз ролини эгаллади. Пайғамбарим (с.а.в.) томонидан илм излашга буюрилган эканман илм ўрганишни хохлайман. “Сиз менга ўқиб берган барча нарсани тасдиқлайман, аммо сизларнинг Библиянгиз билан бир муаммойим бор”,-дедим. “Қандай муаммо экан”,- деб сўради у. Мен: “Илтимос Авлиё Лука Библияси Евенгелие қисми 3-боб 23-оятни очинг”,- дея сўрадим, у очди, “Илтимос ўқинг”,- дедим. У ўқиди: "Исо ўз хизматини бошлаган вақтда ўттиз ёшлар чамасида эди. У Юсуфнинг ўғли ҳисобланар эди. Юсуф эса - Эли ўғли " (Луқо, 3:23). (Шарҳ: Асл матнда "ҳисобланар эди" жумласи қавс ичида бўлиб менда мавжуд бўлган Библияда ҳам қавслар олиб ташланган экан.- Таржимон.)

Мен Ҳазратнинг эътиборини "ҳисобланар эди" сўзларига қаратдим ва "ҳисобланар эди" сўзларининг қавс ичида ёзилганлигини кўрдингизми?",- дедим. У кўрганлигини айтди. Мен ундан:" Нега бу ерда қавс бор?",- деб сўрадим. У: " Мен билмайман, аммо сиз учун Библия олимларидан сўраб беришим мумкин.",- деб билмаслигини тан олди. Унинг камтарлиги мени мафтун қилди. Менинг билишимча, Жанубий Африкадаги барча Библия жамиятлари раҳбарлари истеъфога чиққан ҳазратлардан иборат бўлишига қарамасдан, Библия илмининг бу қисми уларнинг соҳасидан ташқари бўлиши ҳам мумкин эди. Мен: "Агар билмасангиз, унда келинг мен сизга нима учун бу ерга қавс қўйилганлигини айтиб берай. Библия олимини излашингизга сира ҳожат йўқ",- дедим. Мен унга Луқонинг энг қадимги қўлёзмаларида "ҳисобланар эди" сўзларининг йўқлигини тушунтирдим. Сизларнинг таржимонларингиз агар қавс қўйилмаса авом насронийлар иймонда собит бўлишмайди, адашишади ва хато эътиқодга бориб дурадгор Юсуфни Ийсонинг ҳақиқий, жисмоний отаси деб ўйлашади деб ҳисоблашган. Шу боисдан ҳар қандай тушунмовчиликнинг олдини олиш мақсадида қавс ичида ўз изоҳларини келтиришган. Мен: "Ўқувчига ёрдам бериш мақсадида қавслар ичида тушунтиришлар бериш тизимингиздан асло хато топмоқчи эмасман, аммо мени қизиқтирадиган нарса шундаки, сизлар Библиянинг барча Шарқ ва Африка тилларига қилинган таржималарида "ҳисобланар эди" сўзларини сақлаб қолгансизлар, аммо негадир қавсларни тушуриб қолдиргансизлар. Нима Инглизлардан бошқа шарқ халқлари қавслар нима сабабдан қўйилишини тушунмайдими? Африкаликларчи? Нега сизлар Африка тилларидаги Библиялардан қавсларни олиб ташлагансизлар? Ҳазрат эътироз билдириб: "Мен буни қилмаганман",- деди. Мен: "Буни сиз ўзингиз қилмаганлигингизни биламан, аммо нега сиз раҳбарлик қилаётган Библия жамияти ва Библия олимлари "Худонинг сўзлари" билан ўйин ўйнашяпти?",- дедим. Агар Худо Лукани хатолардан сақлашга муносиб кўрмаган экан, "Худонинг китоби"га сўзлар қўшиш ва баъзиларини ўчиришга бошқаларнинг нима ҳаққи бор?

Қўшимча (маъно) киритиш

Таржимоннинг қавс ичидаги сўзлари қавсларни осонгина олиб ташлаш орқали авлиё Луқо айтган сўзларга айланиб қолаверар экан-да, агар Луқо Худо томонидан ўзи ёзган нарсаларни ёзишга илҳомлантирилган бўлса, унда бу (изоҳ мақсадида) қўшимча равишда киритилган сўзлар ўз-ўзидан Худонинг сўзларига айланиб қолаверар экан-да (Бу борада "Библия Худонинг сўзими?" асарида кўпроқ фикр юритилади.). Мен ўз тушунтиришларимни ушбу сўзлар билан хулосаладим: "Сизнинг диншуносларингиз қадимда кимё олимлари уддалай олмаган ишларни қилишга муваффақ бўлишган, яъни "Оддий метални ярқироқ олтинга айлантиришган"".

Инглиз тили

Бу орада Ҳазрат суҳбатимизга баъзи кераксиз нарсаларни аралаштирди ва баҳс мавзуси ўзгарди. У баъзи даъволарни қилдики, ҳатто мен "Жаноб кўриб турибсизки, сиз инглизлар ўз тилингизни билмайсиз" дейишга мажбур бўлдим (Она тилиси Инглиз тили бўлган ўқувчиларимдан узр сўрайман). У дарҳол: "Сиз бу билан мен Инглиз тилини сиздан кўра яхши биламан демоқчимисиз?",- деди. Мен: "Мен инглиз миллатига мансуб кишига "Мен сизнинг тилингизни сиздан яхши тушунаман" дейишим менинг томонимдан ўзимга бино қўйиш бўлади - дедим. У: "Унда биз инглизларнинг ўз она тилимизни яхши билмаслигимизни айтиб нима демоқчи бўлдингиз",- деб мендан сўради. Мен яна: " Жаноб кўриб турибсизки, сиз турли тил гуруҳларига мансуб насронийлар каби Муқаддас Китобингизни ўз она тилингизда ўқиябсиз, аммо шундай бўлсада ҳар бир насроний ўзи ўқиган маънонинг тескарисини тушунмоқда",- дедим. У мендан "Бу билан нимага ишора қиляпсиз?",- дея сўради.

Арвоҳ

Мен давом этдим: "Сиз Ийсо (алайҳиссалом)нинг асоссиз равишда хочга михланди деб даъво қилинишидан кейинги қайтиш ҳодисасини эслайсизми ?": "Улар ҳали бу хусусда сўзлашаётганда, Исонинг ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.

- Сизларга тинчлик бўлсин! - деди.

Шогирдлар ўтакаси ёрилгандай бўлиб, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйладилар" (Луқо, 24:36-37).

У бу воқеани эслаганлигини айтди. Мен: "Улар нега қўрқиб кетишлари керак?",- деб сўрадим. Чунки агар бир киши узоқ вақт кўрмаган азиз дўстини ёхуд севимли кишисини кўрса табиий равишда ўзини жуда хурсанд ва бахтли ҳис этади ҳамда севимли кишисини қучоқлашни ва унинг қўлларидан ўпишни хоҳлайди-ку. "Улар нега қўрқиб кетишди?". Ҳазрат унинг шогирдлари арвоҳ кўряпмиз деб ўйлаганликлари сабабли қўрқиб кетишганлигини айтди. Мен: "Ийсо (алайҳиссалом) арвоҳга ўхшармиди?",- деб сўрадим. "Йўқ",- деди у. "Агар Ийсо (алайҳиссалом) арвоҳга ўхшамаса унда нега улар арвоҳ кўряпмиз деб ўйлашди?",- деб сўрадим. (Шу ерда) Ҳазрат чалкашиб кетди. "Рухсат берсангиз тушунтириб берсам",- дедим.

Шогирдлар гувоҳи бўлишмаган

"Ийсо (алайҳиссалом)нинг шогирдлари авлиё Марк айтаётгандек олдинги уч кунда содир бўлган воқеаларни на кўришган ва на эшитишган. "Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони ташлаб, қочиб кетишди". (Марк, 14:50).

Шогирдлар ўз устозлари билан "бўлган" воқеани фақат миш-мишлар орқалигина эшитиб билишган. Улар устозларининг Хочга михланганини, ўлдирилганини, дафн этилиб уч кун ётганини фақат турли миш-мишлар ва овозалардан эшитишган холос. Агар бирор киши шу каби воқеаларни бошидан ўтказган инсон билан юзма-юз келиб қолса, аниқки у арвоҳни кўраётган бўлади (чунки у аллақачон вафот этган ). Бу ўн киши қўрқувдан тошқотишган".

"Улар онгини қамраб олган қўрқувдан уларни халос этиш учун Ийсо (алайҳиссалом) уларга турли сабаблар (далиллар) келтира бошлади. "Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Менинг ўзим". Агар бу сўзларни оддий (Инглиз) сўзлашув тилига қўйсак, у зот бундай маънода гапирган бўладилар: "Биродарлар сизларга нима бўлди? Мени - доимо сизлар билан бирга юрган, гаплашган ва ҳар лаҳзада ёнингизда бўлган киши эканлигимни кўрмаяпсизларми?" Нега шубҳага тушасиз?

"Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Менинг ўзим. Мени ушлаб кўринглар. Менда кўриб турганингиздек арвоҳнинг эти, устухони бўлмайди-ку, ахир!" (Луқо, 24:39).

Бошқача қилиб айтганда у зот: "Менинг этим ва устихоним бор экан, унда мен арвоҳ ҳам, руҳ ҳам эмасман",- деяптилар. "Тўғрими?", "Тўғри",- деб жавоб берди у. Мен давом этдим, оятда таъкидланаётганидек, Ийсо (алайҳиссалом) шогирдларини ўз танасига "қарашга ва тегинишга" ундар экан ўз танасининг бирор нарсага ўзгартирилмаганини, айлантирилмаганини, яъни қайта тирилтирилмаганини таъкидлаяпди, чунки қайта тирилтирилрган тана руҳ ҳолатида бўлади. У эса шогирдларига ҳамма тушунадиган содда ва равон тилда унинг танаси улар ўйлаётгандек (руҳ) ҳолатида эмаслигини айтмоқда. Чунки улар уни арвоҳ, ўлганидан кейин қайта тирилтирилган киши деб ўйлашаётган эди. Аммо у зот бу нотўғри эканлигини астойдил таъкидламоқдалар".

Руҳга айланиш

"Аммо сиз нега бунчалик ишонч билан қайта тирилган тананинг Ийсо (алайҳиссалом) каби жисмоний мавжуд бўлолмаслигини айтяпсиз?",- эътироз билдирди Ҳазрат. "Чунки Ийсо (алайҳиссалом)нинг ўзлари қайта тирилтирилган тананинг руҳ ҳолатида бўлишини айтганлар", - жавоб бердим мен. "У қачон бундай деган экан?",- сўради Ҳазрат. "Авлиё Луқо Евангелиесининг 20-бобида баён этилган воқеани эслайсизми? Ўшанда яҳудий олимлари - "Олий руҳонийлар ва уламолар эса оқсоқоллар билан бирга" (Луқо, 20:1)- бир неча саволлар билан келишди. Улар орасида Яҳудий анъанасига кўра вафотига қадар етти марта турмушга чиққан аёл ҳақидаги савол ҳам бор эди?". Ҳазрат бу воқеани эслаганини айтди. "Олимлар Ийсо (алайҳиссалом)ни "қопқон"га тушуриш мақсадида нариги дунёда, ҳаммалари, яъни аёл ва унинг еттита турмуш ўртоғи қайта тирилтирилгач, аёл уларнинг қай бири билан бирга бўлишини сўрашади, чунки уларнинг ҳаммаси аёлнинг эри бўлишган-ку "

( "-Эй Устоз! Мусо пайғамбаримиз шундай ёзиб қолдирган: "Агар хотини бор одам фарзандсиз қазо қилса, укаси унинг хотинини олиб, ўз акасига авлод тикласин". Хўш, етти ака-ука бор эди. Биринчиси уйланиб, боласиз ўтиб кетди. Иккинчиси ҳам ўша хотинни олиб, ўлди.

Шунингдек, учинчиси ҳам, ҳатто еттинчисигача ҳаммаси ҳам ўша хотинни олиб, фарзанд кўрмай ўлиб кетдилар.

Ҳаммасидан кейин хотин ҳам ўлди. Хўш, қиёматда у қайси бирининг хотини бўлади экан? Чунки у еттовига ҳам хотинлик қилган еди-ку." (Луқо, 20:28-33) (Шарҳ: Ушбу оятлар асл матнда йўқ бўлиб ўқувчига янада тушунарли бўлиш учун келтирилди.-Таржимон).

"Улар бу дунёда унга уйланиб фарзанд кўришни истаганларида ҳеч қандай муаммо бўлмаган, чунки улар бирин-кетин, бири-иккинчисининг вафотидан сўнг унга уйланишган. Аммо нариги дунёда уларнинг ҳаммаси бир вақтда қайта тирилади-ку. Уларнинг ҳаммаси унга бир вақтнинг ўзида эгалик қилишни истаб урушиб кетишлари мумкин, айниқса улар бу дунёдан ундан рози бўлишган бўлса. Аммо Ийсо (алайҳиссалом) уларнинг қайта тирилиш ҳақидаги нотўғри тасаввурларини қайта тирилтирилгач "Улар энди ўлим кўрмайдилар". (Луқо 20:36) дейиш билан очиб ташладилар, яъни қайта тирилган инсонлар абадий яшайдилар. Чунки вафот этишга ҳеч қандай сабаб йўқ, чарчаш ҳам, очлик ҳам, чанқоқ ҳам энди йўқ. Қисқа қилиб айтганда, қайта тирилган танада ўлимнинг ҳеч қандай аломатлари бўлмайди. Ийсо (алайҳиссалом) тушунтиришда давом этади: ""Улар фаришталар билан тенг бўлиб", яъни улар фаришталар билан тенг бўлиб, руҳ ҳолатига ўтадилар.Улар руҳлар оламига мансуб мавжудотларга-руҳларга айланадилар, "қиёмат аҳли сифатида Худонинг болалари бўладилар" (Луқо, 20:36).

Ийсо (алайҳиссалом) арвоҳ бўлмаган!

Бир оз олдин Ҳазратнинг "Аммо сиз нега бунчалик ишонч билан" сўзлари билан гапираётган мавзуйимдан чалғиган эдим, энди шу мавзуга қайтсак. Агар чалғиган жойимдан давом этадиган бўлсак, у зот улар ўйлашаётганидек арвоҳ ҳам, руҳ ҳам эмас эди. У зот ўзларининг айтган гапларига тасдиқ бўлиши учун уларни ўз қўллари ва оёқларига қарашга даъват қилгач, уларда юзага келга ишончсизлик ва чалкашликни тарқатиб юбориш мақсадида:

"Шогирдлар севинчидан таажжубланиб ҳали ишонмайин турганларида, Исо улардан сўради:

- Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми? Улар Унга бир парча қовурилган балиқ (ва бир оз мумли асал) беришди. Исо буни олиб, уларнинг ко злари олдида эди." (Луқо, 24:41-43).

Драмами?

Ийсо (алайҳиссалом) ўз қўллари ва оёқларини ушлаб кўришга даъват қилиш ҳамда қовурилган балиқ ва бир оз мумли асални ейиш орқали нимани исботламоқчи бўляптилар? Буларнинг ҳаммаси муғомбирлик эдими ёки ишонтиришга урунишми, эҳтимол драмадир? "Йўқ" деган эди мен туғулишимдан бир неча юз йил илгари Шлелиермейшер 1819-йилда. Алберт Швеизер унинг бундай деганини айтади: "Агар Ийсо (алайҳиссалом) озиқ-овқатга ҳеч қандай муҳтожлик сезмай туриб фақат уларга овқат ея олишини кўрсатиш учун тановил қилган бўлса, бу сохталик бўлар эди, шунчаки кўзга кўриниш" ("Ҳақиқий Ийсони топиш ҳаракатида", 64-бет).

Библия жамияти раҳбари билан бу мавзуда баҳс олиб бораётганимда бундан юз йиллар олдин Ийсо (алайҳиссалом)нинг ўлими масаласида Алберт Швеизер айтганидек Шлелиермейшер ва бошқа насроний олимларининг шубҳага боришганидан бехабар эдим.

Қайта тирилиш бўлмаган!

"Насроний халқи сизга нима бўлди?" ахир Ийсо (алайҳиссалом) ҳаммага тушунарли энг содда тилда ўзининг арвоҳ эмаслигини, қайта тирилмаганини айтяпди-ку, аммо шунга қарамай бутун насроний олами унинг қайта тирилганига ишонади. Ким ёлғон гапиряпти сизларми ёки уми? Қандай қилиб сиз ҳамда ҳар бир насроний киши ўз Библиясини ўзининг она тилисида ўқиб туриб, ўзи ўқиётган маънонинг тескарисини тушунишга (атайин) буриб қўйилганган? Агар сиз Библияни яҳудий тилида ўқиб тушунмаганлигингизни айтсангиз буни тушунаман, агар сиз Библияни грек тилида ўқиб унда ёзилганларнинг маъносини тушунмаганлигингизни айтсангиз буни ҳам тушунаман. Аммо қизиғи шундаки, сиз ва барча насронийлар ўз Китобингизни ўз она тилингизда ўқиб туриб ёзилганларнинг аксини тушунишга тарбиялангансизлар, буриб қўйилгансизлар. Онгингизга қанчалар таъсир кўрсатишган ёки америкаликлар айтганидек миянгиз қанчалар "праграммалаштирилган-а" ?

"Менга айтинг-чи ким ёлғон гапиряпти, Ийсо (алайҳиссалом)ми ёки дунёдаги миллионлаб насронийларми? Ийсо (алайҳиссалом) ўзларининг қайта тирилганига "Йўқ!" деяптилар, сиз насронийлар эса "Ҳа" демоқдасизлар. Биз мусулмонлар кимга ишонишимиз керак Ийсо (алайҳиссалом)гами ёки унинг "шогирдлар"игами? Биз мусулмонлар Устозга ишонишни афзал кўрамиз, ахир у айтмаганмиди: "Шогирд ўзининг устозидан юқори бўлмас" (Матто, 10:24)".

Орамизда Ҳазрат кутганидан кўра кўпроқ воқеа содир бўлди. У идорани ёпишга тайёргарлик кўриши кераклигини айтиб, хушмуомалалик билан ўзини олиб қочди ва мени яна кўришга умид қилишни айтди. Бу гап чалғитиш учун қилинган хушмуомалалик эди!

Библия жамияти билан бўлган баҳсда ғолиб чиққан бўлсамда, аммо чегирмадан маҳрум бўлдим. Энди Библия жамиятидан мен учун ҳеч қандай чегирма йўқ. Аммо менинг бу борадаги мағлубиятим сизнинг ютуғингиз бўлсин. Азиз ўқувчи, агар сиз онгингиздаги "Хочга михланиш" мевзусига доир чигалликларни (ушбу мақолани ўқиш орқали) бир оз бўлсада ечишга муваффақ бўлсангиз, мен жуда мамнун бўлар эдим.

Бу ерда юқорида баҳс этилган оятлар келтирилди:

"Улар ҳали бу хусусда сўзлашаётганда, Исонинг ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.

- Сизларга тинчлик бўлсин! - деди. Шогирдлар ўтакаси ёрилгандай бўлиб, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйладилар.

Лекин Исо уларга деди:

- Нега бунча ҳаяжонланмоқ? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти? Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Менинг ўзим. Мени ушлаб кўринглар. Менда кўриб турганингиздек арвоҳнинг эти устухони бўлмайди-ку, ахир! Шундай деб, Исо қўл-оёқларини уларга кўрсатди. Шогирдлар севинчидан таажжубланиб ҳали ишонмайин турганларида, Исо улардан сўради: Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?

Улар Унга бир парча қовурилган балиқ [ва бир оз мумли асал] беришди.

Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида эди" (Луқо, 24:36-43).

Асома таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР