loader
Foto

Исломда инсон ҳуқуқлари (2)

Бундан ташқари, мусулмонлар Аллоҳ ҳуқуқлари ва Унинг бандалари ҳуқуқлари ҳақида очиқлик билан гапирадилар, улар эса моҳиятан ғарбнинг «инсон ҳуқуқлари» халқаро атамаси билан таққослаганда мазмуни ва тушунчалари бўйича тўғрироқ ва тўлиқроқ ҳисобланади. Бироқ буларнинг барчаси атамадан фойдаланишга халал бермайди ва тушунчалар одамлар учун аниқ ва тушунарли бўлиши шартларида уларни эсдан чиқариш учун асос саналмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳужжатларда ифодаланган тамойиллар инсон уларнинг кўпидан фойдаланишга лойиқ эканлигини инкор қилмайди. Ислом нуқтаи назаридан на инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш борасида инсон ҳуқуқларини рад қилиш, на уни эркинлик, тенглик ва у яшаётган жамият ҳаётида иштирок этишдан маҳрум қилиш мумкин эмас.

Бироқ Ислом нуқтаи назаридан талаб қилинадики, бу тамойилларга киритилган тушунчалар аниқ ва қонун кўринишида қайд қилинган бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда асосий инсон ҳуқуқлари саналган айтиб ўтилган ҳуқуқлар уларнинг аксариятини четга чиқариб ташлаган ҳолда рад қилиб бўлмайдиган умумий шиорлар ҳисобланади. Қарама-қаршиликлар энг аввало, бу ҳуқуқлар қанчалик кенг эканлигига алоқадордир.

Ҳуқуқ ғоясининг ўзига Ислом фиқҳи ва дунёда ҳукмрон саналган юридик-ҳуқуқий қарашлар ўртасида фарқ бор. Ахир мусулмонларда "Ҳақ" бу Аллоҳ Таолонинг исмларидан бири ва Қуръон нозил қилинган араб тилида бу доимий кўрсаткич, константа ҳисобланади («ҳақ» - ҳуқуқ; ҳақиқат; асл). Барча мусулмонлар ихтиёри, улар Исломни қабул қилиши билан, Аллоҳ таолодан ўзгага бўйсунишдан озод қилиниши лозим ва ягона Аллоҳ таолога хизмат қилиш шундан бошланади.

Шариат эркинликнинг бу соҳасини ҳам тартибга солиб, Аллоҳ таолога бўсунишдан, Унинг амри ва тақиқларидан келиб чиқиб қўллайди.

Исломий тушунишда Аллоҳ таоло – Яратувчи ва Холиқ, “Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир” (Анъом сураси, 57) қарори фақат Унга тегишли эканлиги исботсиз қабул қилинадиган ва бошқа даъволарнинг исботи учун асос қилиб олинадиган ҳақиқат ҳисобланади.

Шундай қилиб, шариат барча ҳуқуқларни белгилаб беради, уларнинг соҳаларини тушунтиради ва уларнинг чегараларини белгилаб беради. Мусулмонлар учун шариат кўрсатмаларида, универсал меъёрлар ва асосларда белгилаб берган нарсалар тан олинган ҳуқуқ ҳисобланади.

Бу ҳуқуқларнинг чегаралари, уларни  қўллаш шартлари, уларнинг йўналишлари ва аниқ тушунчалари Ислом қонунчилиги доирасидан чиқмайди.

Қисқаси, Исломий тушуниш секуляризм тамойилини қабул қилган давлатлар ва жамиятларда динни давлатдан ажратгандан сўнг уни ҳаётдан ҳам ажратишга доимий интиладиган ғарб фикридан тўлиқ фарқ қилади

Бошқача қилиб айтганда, у ерда бу дунёдан ташқарида нималар мавжудлигига эътибор қаратилмайди, чунки улар учун инсон ҳаёти дунёвий ҳаёт ҳисобланади ва уларнинг қарашлари, фикрлари ва ишлари фақат шунга қаратилади.

У ерда ким ҳуқуқ инъом этади, уларнинг чегараларини белгилаб беради ёки мазмунини тушунтириб беради деган савол беришга эҳтиёж йўқ: албатта, бу ҳокимиятга эга бўлган шахсдир.

Ғарб нуқтаи назаридан, одамларга бу ҳуқуқларни инъом қиладиган олий ҳукумат мавжуд деб тахмин қилишга сабаб йўқ, чунки уларни одамнинг ўзи беради, ҳуқуқ чегараларини ҳам ўзи белгилайди ва бу ҳуқуқлардан ўзи фойдаланади.

Ҳуқуқларнинг барчаси субъект ва объектни ўз ичига олиши сабабли, табиийки, ҳуқуқни берадиган шахс ҳам, ҳуқуқни оладиган шахс ҳам бўлиши лозим. Юқорида айтиб ўтилганидек, замонавий европа мактаби шундай хулосага келдики, бу ҳуқуқларнинг манбаси жамоатчилик онги, яъни одамлар гуруҳи ҳисобланади ва буларнинг барчаси барча одамларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш мақсадини кўзлайди. Албатта, буларнинг барчаси диний мулоҳазаларни ҳисобга олмасдангина эмас, аксинча, атайин уларни бартараф қилиш учун амалга оширилади.

Шариатга келадиган бўлсак, у ҳамма мусулмонлар учун ҳуқуқнинг асоси, унинг манбаси ва жамиятда мавжуд бўлишининг гарови ҳисобланади.

Ғарб фикрида нималар кузатамиз? Жамият ижро этадиган қонуннинг негизи бу ерда одам – устунлик қиладиган шахс, ҳукумат ёки жамоатчилик онги ўзига берадиган ҳуқуқ ҳисобланади. Жамият ёки унинг тепасида турадиган ҳукумат инсон бирон-бир иш билан шуғулланиш ёки маълум бир эркинликдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини кўрадиган бўлса, бу шахс учун ҳуқуқ ва қонунга айланади. Демак, инсон ўзи учун мақбул келадиган деб ҳисоблайдиган ҳуқуқ бошқарув тизимининг асоси ҳисобланади.

Бу мафкура давримизнинг моддий стандартлари юқорилиги билан ажралиб турадиган кўплаб Европа давлатларида юқоридан юборилган илоҳий динлар ва инсон феъл-атвори рад қиладиган ҳаракатлар ечимга олиб келган.

Масалан,    вояга етганлар ўртасида жинсий бузуқликлар (Буюк Британияда бўлгани каби), бир жинсдаги шахслар ўртасида никоҳлар (Шимолий Европанинг айрим мамлакатларида рухсат этилган) рухсат этилган, никоҳсиз туғилган болалар никоҳда туғилган болалар билан ҳуқуқлари тенглаштирилган.

Инсон ҳуқуқлари унга асосланадиган ва уларга мувофиқ баҳоланадиган, қонунга айланадиган жамоатчилик онгининг фикри шундай бўлган.

Келгусида биз Ислом нуқтаи назаридан инсон ҳуқуқлари асосий тушунчаларини қисқача баён қиламиз, хусусан, халқаро ва ахборот нуқтаи назаридан «инсон ҳуқуқлари» номи остида намоён бўладиган шиорлардан фарқ яққол кўриниб туриши учун яшаш ҳуқуқи, танаси, онги, ор-номуси дахсизлиги, эркинлик, тенглик ва ўзаро ёрдамга эътибор қаратамиз.

Ислом инсон ҳуқуқларини, шунингдек, шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қиладиган ва инсон қадр-қимматига ҳурматни таъминлайдиган ҳозирги тушунишда таърифлайди. Бу ҳуқуқлар шариат ва унинг меъёрлари томонидан ҳар бир кишига, унинг ирқи ва танасининг рангидан қатъи назар, кафолатланади.

ЯШАШ ҲУҚУҚИ, ТАНА, ОНГ ВА ОР-НОМУС ДАХСИЗЛИГИ

Ислом нуқтаи назаридан инсон энг муносиб ва олижаноб мавжудот бўлиб, Аллоҳ таоло ердаги ва осмондаги бор нарсаларни унга бўйсундириб қўйган, унга онг ва фикрлаш қобилиятини инъом этган.

Инсон қадр-қиммати ҳақида тасаввур Исломда мукаммал назарияга таянади ва бу уни чегараланган ғарб концепциясидан фарқлаб туради. Бу қадр-қимматнинг сабаблари ва мазмуни аниқ, чунки осмонда ва ерда бўлган ҳар нарса инсонга хизмат қилиш учун қўйилган.

Шу туфайли бир шахснинг қиммати бутун инсоният тури ҳаёти ва унинг давом этишига тенгдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик» (Моида сураси, 32). Инсон ҳаётига, унинг танаси ва ор-номуси дахлсизлигига тажовуз ҳисобланган ёки унинг ҳуқуқларини камситадиган барча ҳаракатлар, масалан, қийноққа солиш, тириклигида унга қарши моддий ёки маънавий жиҳатдан зиён етказишга қаратилган ҳаракатлар, унинг ўлимидан кейин, ҳатто уруш пайтида ҳам мурдасини таҳқирлаш каби ҳаракатлар тақиқланади, чунки инсонга ҳурмат унинг ўлимидан кейин ҳам кўрсатилиши лозим.

Инсоннинг яшаш ҳуқуқини асраш учун Исломда фақат ҳақиқат учун ва ҳимоя қилиш йўлида, фақат огоҳлантирган ва урушни очиқ эълон қилган ҳолдагина уришишга қонун билан рухсат этилади.

Ислом ирқий ёки миллий муросасизлик ёки ўлжа учун уруш олиб боришни тақиқлайди. Ислом ҳарбий ҳаракатларга чекловлар белгилаган ва ўзини Аллоҳга хизмат қилишга бағишлаган одамлар, аёллар, болалар ва қарияларни, агар улар уруш ҳаракатларида қатнашмаган бўлса, ўлдиришни тақиқлаган. Жанг майдонидан узоқда меҳнат қилатганлар, масалан, деҳқонларни, агар улар уруш ҳаракатларида қатнашмаган бўлса, ўлдиришни тақиқлаган. Исломда шунингдек, одамларнинг озиқ-овқат билан таъминланиши ҳақида ғамхўрлик қилган ҳолда, экин майдонлари ва чорвани нобуд қилиш ҳам тақиқланган.

Пағамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини ўлдирган саҳобаларга қарата «У билан жанг қилмаслик керак эди» деб эътироз билдирган ҳолда жанг ҳаракатларини олиб бориш ахлоқи ва одоблилик борасида юқори намуна кўрсатган. Пағамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам у билан душманлик ва уруш ҳолатида бўлган Макка аҳлига барча зарур озиқ-овқатлар жўнатган.

Инсон ҳаётига тажовузларнинг олдини олиш чораси сифатида шариатда етказилган зиёнга тенг жазо белгиланган: «Биз унда (Тавротда) уларга жонга–жон, кўзга–кўз, бурунга–бурун, қулоққа–қулоқ, тишга–тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик» (Моида сураси, 45). Буларнинг барчаси Ислом қонунчилигида муфассал шартлар ва кафолатлар билан бирга келтирилган.

Инсон руҳини сақлаб қолиш учун Ислом унинг ҳаётига қасд қилишни тақиқлайди. Бу борада Аллоҳ таоло айтадики: «...Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» (Нисо сураси, 29).

Одамга ўзини ҳалокатга дучор қилиш тақиқланади. Аллоҳ таоло айтадики:    «...Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг...» (Бақара сураси, 195)

Онгни сақлаш учун Исломда май ишлаб чиқиш тақиқланади, чунки у соғлом фикрлашни йўқотишга ва  идрок қилишнинг бузилишига олиб келиб, ақл-ҳушдан айиради, шунингдек, инсоннинг фикрлаш қобилияти сусайиши ва онгини йўқотишига олиб келадган ҳамма нарса тақиқланган. Мусулмон олимлар ақл-идрок ва онгнинг қиммати ва уларниг инсон ҳаётига таъсирини тушуниб етганлар.

Яшаш ҳуқуқи ҳамда тана ва ҳис-туйғу органлари дахлсизлигининг таркибий қисмларидар бири сифатида Исломда мусулмонларларга зиён келтирадиган ҳар нарсадан узоқлашиш талаб қилинади.

Исломда мусулмонларни қийноққа солиш, уларнинг қадр-қимматини ерга уриш, таҳирлаш ёки мазаҳ қилиш тақиқланади: “Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир” (Ҳужурот сураси, 11)

Ўлган кишини ювиб, кафанга ўраш, тиловат қилиш ва кўмиш лозим. Шариат меъёрлари инсоннинг руҳи, танаси, онги ва ҳис-туйғу органлари асралишини таъминлайди.

Афсуски, бу ерда Аллоҳ таоло ўзининг ердаги халифаси этиб тайинлаган инсон борлиғини сақлаш ва ҳимоя қилишнинг барча жиҳатлар ҳақида батафсил гапиришнинг имкони йўқ: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди» (Бақара,    30). Бу халифалик одамга нисбатан ҳурмат, эҳтиром ва Аллоҳ таолога хизмат қилиш мажбурияти, Одам Ато фарзандлари учун ерни ҳақиқат, эзгулик ва тинчлик билан қоплаш мажбуриятидан ўзга нарса эмасдир.

ИНСОН ЭРКИНЛИГИ

Эркинлик, Ғарбда шахслар ва одамлар гуруҳига ўз таъсирини кўрсатадиган сўз ғарб жамиятларида асрлар давом этган шафқатсиз кураш натижасидагина қарор топган маслак ҳисобланади. Европада одамлар илмий тараққиёт ва инсон эркинлигига ҳар қандай қилиб бўлсада қаршилик қилган феодал ҳукмдорлар ва руҳонийлар ҳукумати зўравонликларидан ўн йилликлар давомида ёзувчи ва файласуфларнингулкан саъй-ҳаракатлари ва эвазига эришганлар. Лекин шунга қарамай, "эркинлик" сўзининг маъноси ҳозиргача узил-кесил аниқлаштирилмаган.

Исломга келадиган бўлсак, бу ерда эркинлик инсон ҳаётнинг асоси ҳисобланади. Ислом нуқтаи назаридан шариат ҳуқуқнинг асоси ҳисобланади, лекин ҳуқуқ шариатнинг асоси эмас. Эркинлик ҳуқуқи Аллоҳ таолонинг ердаги ноиби сифатида инсон қадр-қиммати ва унинг миссиясига мос келадиган олижаноб ва юқори мақсадларга эришиш воситасидир.

Бунинг учун Ислом одамни Аллоҳдан ўзгага хизмат қилишдан, унинг руҳий эҳтиросларидан ва туғма хий-туйғулар инжиқликларидан озод қилди. Эркинлик, мусулмон олимларининг тушунишича, инсоннинг ҳаракат қилиш қобилиятидир, агарда унинг ҳаракатлари ўзига ёки бошқа одамларга зиён ёки зарар етказмаса. Ислом Аллоҳ таолодан ўзгага хизмат қилишдан одамни озод қилишга интилади, одамларни фақат Унга ишонишни, бошқа нарсаларга ишонмасликни талаб қилади “...Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир” (Нисо сураси, 60).

Қулдорлик биронта тамаддун уни айланиб ўт олмаган иқтисодий тизим бўлгани сабабли, Ислом ундан озод қилиш учун фойдали восита қўллаган, чунончи, унинг доирасини шу қадар торайтирганки, қулларни озод қилиш учун барча шарт-шароитлар яратган ҳолда ҳалол жангда эришилган ҳолда ҳам қуллик тузумини қўлламасликка имкон берган. «Қул» сўзининг ўзи араб тилида унга мурожаатда нозиклик ва раҳм-шафқатни намойиш этади ("ракик" – қул сўзи ундан келиб чиққан "р-к-к" ўзаги «хушмуомала, одобли бўлиш» маъносини англатади). Ислом қул ва унинг хўжайини ўртасида пул эвазига озод қилиш ҳақида шартнома тузишга рухсат этган. Аллоҳ Таоло бу борада айтадики: «...Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг» (Нур, 33).

Ислом айрим диний маросимларни бузганлик ёки хато бўйича одам ўлдириб қўйганлик учун жазо сифатида қул озод қилишни амр қилган. Ҳаттоки хўжайин томонидан ҳазил тариқасида ёки хато қилган ҳолда қулни озод қилиш ҳақида айтиши ҳам қулнинг ҳақиқатда озод қилинишига олиб келарди.

Бундай ҳолат ўтган асрда мустамлакачилик босқинчилиги ва талончлигига учраган мамлакатларда ҳақиқий қулдорлик мавжуд бўлган ҳолда эркинлик ҳақида сохта шиорларни таъминлай олмасди.

Бундан бир неча аср олдин европаликлар уларни плантацияларда текинга ишлатиш мақсадида юз минглаб африкаликларни куч ишлатиб қўлга олганди. Шуни айтиш кифояки, биронта Ислом давлатида қулчликка асосланган тузум бўлмаган бир пайтда фақат АҚШ нинг ўзида қора танли аҳоли сони бир неча миллион кишини ташкил қилади.

Қуръони каримда умуминсоний ва ижтимоий қонунлар ҳақиқатини тушуниб етиш учун дунёга чуқур назар ташлаш, ақл-идрокдан фойдаланиш ва фикрлашга чақирилади: “Сен: «Ер юзида сайр қилинглар ва жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар», деб айт” (Намл сураси, 67). “Сен:«Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар.” (Анкабут сураси, 20).

Амри-маъруф ва наҳйи-мункар бурчи бутун жамиятнинг бурчи ҳисобланади, олимлар ва нуфузли шахслар эса жамият диний бурчини адо этиши учун бу бурчни бажаришлари лозим: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104).

Мусулмонлардан улар умумий ишлар бўйича бир-бири билан маслаҳат қилиши ва кенгашиши талаб қилинади. Аллоҳ Таоло Пағамбар Муҳаммадга соллоллоҳу алайҳи васаллам мурожаат қилиб айтади: «улар билан ишларда машварат қил» (Оли Имрон сураси, 159).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда унинг ахлоқий асослари ва ўзига хос хусусиятларидан бири кенгаш (шўро) бўлган мусулмонлар жамиятини мақтайди: “...ишлари ўзаро шуро ила бўлган” (Шуро сураси, 38). Агар мусулмон киши ҳукумат вакилларига маслаҳат берадиган бўлса, бунинг ҳеч қандай айби йўқ ва бу ҳақида ҳадиси шарифлар ҳам далолат беради:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Дин бу насиҳатдир.

- Ким учун? - деб сўрадик биз.

- Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари). 

Ўз фикрини ифода этиш воситасида муҳокамада иштирок этиш «шўро» кенгаши орқали кафолатланган бўлиб, у бутун мусулмонлар жамоатини унинг қарорларини бажаришга мажбур қилади, жамоатнинг ўзи эса Ислом йўл-йўриқларига ва кўрсатмаларига мувофиқ умумий ишлар борасида дўстона кенгашлар ва маслаҳатлардан фойда олиш имконини берадиган маслаҳатга ҳар қандай йўллар билан мурожаат қилиши мумкин.

«Шўро» кенгашига келадиган бўлсак, Ислом унга катта аҳамият қаратади ва у ёки бу шакллар, тартиблар ва таомилларни лозим топадиган ҳукмдорларга унинг вазифаларини амалга оширишга олиб келадиган мажбуриятларни амалга оширишни юклайди.

Исломда дин асослари, Ислом арконлари, унинг қадриятлари ва чегаралари, шунингдек, умумий манфаатларига риоя қилиш шартларида сўз ва фикр эркинлиги чекланмаган.

Ижтиҳод, яъни юридик масалаларни олий даражадаги билимларга эришган шахслар томонидан ҳал қилиш ҳуқуқи нафақат рухсат этилган, балки диний ва дунёвий ишлар масалаларида зарур ҳамдир. Ишларни ҳал қилишнинг бу тажрибасидан Ислом қонунчилиги ёки дин асосларини бузадиган, Ислом ахлоқий қадриятларини поймол қиладиган ёки одамлар орасида ихтилоф юзага келтирадиган ва уларни йўлдан адаштирадиган нарсаларни истисно қилганда ҳеч нарса рад қилинмайди.

Сўз эркинлиги Ислом жамиятини ташкил қиладиган, унинг хатларини тузатадиган, тўғри йўлдан қандай бориш ва умумий ишларда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлигини тушунтириб берадиган шариат меъёрлари блан тартибга солинади.

Ҳар қандай жамиятда сўз ва фикр эркинлиги, одамларнинг эътиқодлари қандай бўлишидан қатъи назар, одоб-ахлоқ кодекси ва дин-эътиқод асосларини бузадиган кишиларга нисбатан мутлақ бўлмаган.

Мутлақ эркинлик бу мутлақ анархиядир. Шариат эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам ҳуқуқшунослар «фуқаролик эркинлиги» деб атайдиган ҳуқуқни кафолатлайди. Аёл киши тўлиқ ҳуқуқий лаёқатга эга, жумладан, мулкий нуқтаи назардан ҳам: у мулк билан боғлиқ ҳаракатларни ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга ошириши, ўзига эр танлаши ва билан никоҳга рози бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Имом ибн ал-Қаййум (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Балоғатга етган, оқила қизнинг отаси қизнинг мулкини унинг рухсатисиз тасарруф қила олмайди”.

Шак-шубҳасизки, одамлар ўрнатган замонавий қонунлар шу пайтгача кўп асрлар мобайнида қўлланиб келаётган Ислом қонунчилиги даражасига етиб келмаган, чунки бу қонунлар аёлларнинг никоҳ тузилгандан кейинги ҳуқуқий лаёқатига чекловлар қўяди.

Эркинлик – инсонни моддий ва маънавий ҳаётган кўкларга кўтарадиган Исломда улкан қадрият, лекин шу билан бир пайтда манфаатлар ва ҳамжиҳатлик қўриқчиси бўлган ижтимоий ва ахлоқий феъл-атвор меъёрларидан чекиниш ҳисобланмайди.

Исломда ҳеч кимга жамиятда ёмон хулқ ва ғулғула солишга рухсат этилмаган, чунки эркинлик инсонга  ёвузлик ва ёмон хулқни тарқатиш учун берилмаган ва бошқаларга зиён етказиш ёки жамиятни хавф остига қўйишга имкон бермайди.

Ахлоқсизлик, яхши фазилатларни поймол қилиш ҳамда ёлғон эркинлик учун инсон танаси ва руҳи қадр-қимматини писанд қилмаслик оқибатида азият чеккан мамлакатлар қанча.

Эркинлик – инсон ҳуқуқи, лекин у, бошқа ҳар қандай ҳуқуқлар каби, уни писанд қилмаслик мумкин бўлмаган ижтимоий функцияни бажариши лозим, у ўзига хос меъёрлар томонидан тартибга солинади ва маълум бир соҳада амал қилади.

Давоми бор (инша Аллоҳ)

Китобнинг биринчи қисми

Абдуллоҳ ибн Абдулмуҳсин ат-Туркийнинг

"Исломда инсон ҳуқуқлари" китобидан

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР