loader
Foto

Ҳақиқий ислоҳатлар қани ёҳуд "аллалаш"

Қурбақани қайноқ сувли идишга ташласангиз, бир сакраб чиқиб кетади. Агар уни совуқ сувга ташлаб, секи-и-н иситишни бошласангиз, қурбақа ҳеч нарсани сезмайди ва провардида, бир соатда пишади. Аҳволимизга қарасам, совуқ сувга ташланган ўша қурбақага ўхшаб бораётгандек. Тагимиздаги “олов” – ажриқдек илдиз отиб кетган Коррупция, томири янтоқдек “сув”га етган Монополия,  ўргамчик тўридек қоплаб олган Маддоҳизм... Сезяпсизми, бу “олов”да ўзи “қайнай” бошладик. Тест синовларидаги ярим миллион абитуриентнинг билим кўрсатгичи сизни безовта қилмаяптими? Айримлар натижанинг бу қадар аянчли кўрнишини саволларнинг қийинлигига, шароитга боғламоқда. Бўлмаган гап! Болаларимизнинг савияси, саводхонлиги ўзи шу! Бу ярим миллион қаёққа боради энди?

Ҳеч бир замон ва маконда халқ омматан саводхон бўлмайди, албатта. Аммо бу қадар саводсиз ҳам бўлмайди. Бу жуда таҳликали, хартарли! Натижалар аллақачон кўринган. Ўтган ҳафталарнинг бирида Тошкентда 18 яшар бола ўз онасини ўлдириб ташади. Қашқадарёда бир тўда 18 яшарликлар тенгдошларидан бирини ўртага олиб, ўриб ўлдирди. Бухорода 18 яшар қиз туғиб, боласини ҳожатхонага ташлаб юборди. Мана, “ярим миллион”нинг натижалари!

Саводхонлик масаласида оммавий сафарбарлик эълон қилиш вақти келди. Ҳар ҳафтада битта янги институт очиш шарт эмас. Буларга кетаётган маблағ, эътибор, куч ташқаридан мутахассис ёллашга ва талабаларни нуфузли хориж университетларига жўнатишга қаратилиши лозим. Ҳар йили қаердаги Маънавият марказларига, телерадиокомпанияларга, кинокомпанияларга ажратиладиган миллиард-миллиард пулга ривожланган мамлакатлардан ўн минглаб кадрлар ёллаш ёки минглаб талабаларнинг хорижда ўқишига имкон яратиш мумкин.

Бу сафарбарлик фақат давлат бюджети ҳисобидан эмас, ўзини шу миллатга, шу ватанга дахлдор санаган катта-катта ишлаб чиқарувчи корхоналар, компаниялар, банклар жалб қилиниши керак.

Бир пайтлар жадид боболаримиз “Кўмак” деган бир уюшма тузиб, 70 нафар болани Германияга ўқишга юборади. Ўша пайтда Германияда Россиядан ўн минг, Япониядан тўрт минг, Туркиядан уч минг талаба таҳсил олар экан. Биздан бор-йўғи 70 та талаба жўнатилиб, кейинчалик бу шўрликларни ҳам коммунистлар “чет элнинг жосуси”, деб битта қўймай отиб ташлаган.

Хуллас, учинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон, туб ислоҳотлар... деб ўзимизни-ўзимиз овутиб юравермайлик. “Твиттер”нинг блокдан чиқиши ҳам, қаердадир “Ягона дарча”нинг очилиши ҳам Янги Ўзбекистоннинг “туб ислоҳоти” бўлиб кетавермасин! Бўлиши керак бўлган ишлар булар! Кўприк қуриш, йўлни тўғрилаш, Сити барпо этиш ислоҳот эмас. Аммо 90 та саволнинг 20 тасига тўғри жавоб беролмаётган анави “ярим миллион” аниқ ислоҳот! Агар шу “ярим миллон” тўғри бўлса, ҳаммамиз “Ахборот”га қўшилиб, учинчи Ренессансни куйлаймиз! Унда ярашади! Унгача “аллалаш”ни бас қилинглар!

Алишер Назар