loader
Foto

Дарвин ҳақми?

Тез орада маймунларни ота-боболаримиз деб аташнинг ҳожати қолмаслиги мумкин. Кўпчилигимиз мактаб биология курсида одамнинг келиб чиқиши назарияси билан танишмиз. Ушбу курс Чарльз Дарвин томонидан ишлаб чиқилган ғояларга асосланган эди. Бироқ, бизнинг келиб чиқишимиз ҳақида муқобил қарашлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ташқи муҳит таъсирига эътибор бермайдилар.

Дунё бўйлаб саёҳат қилиб, турли ҳайвонлар ва ўсимликларни кузатиш учун кўп соатлаб вақт сарфлаган Чарльз Дарвин баъзи муносабатларга эътибор қаратди, кейинчалик уларни ўзининг машҳур "Турларнинг келиб чиқиши тўғрисида" китобида баён қилди. Дарвин назариясида асосий ўринни табиий танланиш, яъни энг кучли ва энг мослашганларнинг омон қолиши эгаллайди. Назариядаги иккинчи муҳим ўрин "ҳаёт дарахти"нинг қурилиши бўлди - бу турлар ўртасидаги муносабатларнинг хилма-хиллигини график тарзда кўрсатишга уриниш. "Дарахт" нинг "танаси" барча тирик мавжудотлар учун тахминий умумий аждод бўлиб, бундай "дарахт" даги ҳар бир "шох" ўзининг кейинги шохлари бўлган алоҳида турдир. "Ҳаёт дарахти" нинг объективлиги учун зарурий шарт "шохлар" ўртасида горизонтал муносабатларнинг йўқлиги эди - ҳар бир тур бошқалардан мустақил равишда ривожланган. Айнан мана шу қоида Дарвин назариясининг мухолифларига кўпроқ ва тез-тез илмий баҳсларда ғалаба қозониш имконини беради.

150 йил давомида дарахт шаклидаги турлараро муносабатлар илмий дунёда асосий назария бўлиб келган ва нисбатан яқин вақтгача олимлар илм-фаннинг сўнгги ютуқларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ расмни чизмоқчи бўлгандек туюларди. Бироқ, 1953 йилда ДНК структураси очилди ва ўша пайтдан бери кўпроқ биологлар Дарвин назариясининг хатосизлигига шубҳа билдиришмоқда, чунки у кўплаб жараёнларни тушунтириб бера олмайди, гарчи у биология номли замонавий фан асосининг бир қисми бўлса ҳам.

ДНК структурасини ўрганиш "дарахт" назарияси тарафдорларига ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш учун кўплаб далилларни топишга имкон берди: уларнинг қонуний тахминларига кўра, яқин ёки қариндош турлар умумий ДНК бўлимларига эга бўлиши керак ва шунга ўхшаш тасодифлар вақт ўтиши билан кашф этила бошланди. Аммо 90-йилларда бир гуруҳ олимлар турларнинг ўхшашлиги ДНК структурасининг ўхшашлигига умуман таъсир қилмаслиги ва геномнинг бир хил қисмлари жуда узоқ бўлиб кўринадиган ҳайвонларда, масалан, илон ва сигирда бўлиши мумкинлигини аниқладилар.

Бу жаҳон илмий ҳамжамиятини "ҳаёт дарахти" нинг "шохлари" ўртасида горизонтал боғланишлар йўқлиги ҳақидаги баёнотнинг ишончлилигига шубҳа туғдирди, аммо Дарвин мактабига содиқ бўлган ҳолда, у дастлаб генларнинг горизонтал ҳаракатларига бўйсунувчи ролни белгилади ва уларда ривожланишнинг энг муҳим босқичлари учун жавобгарликни қолдирли. Вақт ўтиши билан скептиклар сони ортиб борди ва горизонтал ўзаро алоқалар деярли эволюциянинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди ва уларнинг фикрига кўра, Ердаги ҳаётнинг ривожланишини тасвирлаш учун дарахтга қараганда тармоқ билан ўхшашлик анча мос келади. "Ҳаёт дарахти" бизни ўраб турган дунёнинг ҳақиқий акси эмас. Бу шунчаки соддалаштирилган модель бўлиб, ҳозиргача бу дунёни тасвирлаш осон ва қулай бўлган", - дейди Канададаги Дэльхузи университети профессори Форд Дулитл.

Найзалар бугунги кунда ҳам синдирилмоқда, илмий тортишувлар ўзгарувчан муваффақиятлар билан олиб борилмоқда, аммо дарахт назариясининг мухолифлари фойдасига аниқ устунлик мавжуд. Уларнинг ўзига хос муваффақияти "ҳаёт дарахти" доирасига тўғри келмайдиган энг оддий микроорганизмлар геномини ўрганиш натижалари бўлди: ўрганилаётган тирик мавжудотларнинг ДНК структураларида горизонтал ген ҳаракатининг сезиларли таъсири қайд этилди. Микроблар ҳайвонлар ва қушлар каби муҳим эмасдек туюлиши мумкин, уларнинг ривожланиши маълум бир хато билан, лекин барибир Дарвиннинг воситалари ёрдамида тасвирланиши мумкин. Бу саволга жавоб бериш учун баъзи рақамларга мурожаат қилиш фойдалидир: бир ҳужайрали организмлар сайёрада камида 3,8 миллиард йилдан бери яшайди, кўп ҳужайрали организмлар эса "атиги" 630 миллион йил олдин пайдо бўлган.

Бугунги кунда ҳам бактериялар ва бир ҳужайрали организмлар барча маълум бўлган ҳаёт шаклларининг 90% ини ташкил қилади. Турларнинг 10% ривожланишини тасвирлай оладиган, аммо қолган 90% нинг ривожланишини ҳеч қандай тушунтиришга қодир бўлмаган схемани қайта кўриб чиқиш керак эмас, деб айтиш ғалати бўлар эди. Генетик дунё тартибининг "тармоқ" расмини қўллаб-қувватловчилар ўзларининг тадқиқотлари натижасида ўсимликларнинг тахминан 14 фоизи ва ҳайвонларнинг 10 фоизи турлараро дурагайларга эга ва шунга мос равишда уларни "дарахт" модели ёрдамида тўғри тасвирлаб бўлмайди деган хулосага келишди. "Агар "ҳаёт дарахти" мавжуд бўлса, у ҳеч қандай асос эмас, балки атрофимиздаги ҳаёт хилма-хиллигидаги кичик аномал шаклланишдир", дейди Британиянинг Эксетер университетидан биолог Джон Дюпре.

Бироқ, Дарвин назариясининг «суяклари устида рақсга тушиш» керак эмас, ўша пайтларда илмий арсеналнинг унчалик бой бўлмаганлигини ҳисобга олиш керак - микроорганизмлар ҳали кашф этилмаган ва унинг схемаси ўша пайтда маълум бўлган тирик мавжудотларни тасвирлаш учун етарли эди. Энди, эҳтимол, биология фанининг фундаментал асосларини янгилаш вақти келди, худди ўз даврида физика билан бўлгани каби, чунки Исаак Ньютоннинг тадқиқотлари, инқилобий табиати ва даҳосига қарамай, номукаммалдир, аммо шунга қарамай, у физикани ўрганиш ва дунё тартибини тушунишдаги энг катта босқич ҳисобланади. Илм-фан олдинга силжиши, ривожланиши, догмаларга шубҳа қилиши керак, чунки, афсуски, Марк Твеннинг "80 кун ичида дунё бўйлаб" асарида тасвирланган илмий жамоалар асосий, фундаментал илмий назариялардаги ҳеч қандай ўзгаришлар ва шубҳаларни қабул қилмайдиган кекса консерваторлардан иборат бўлган жамоатлар бугунги кунда ҳам мавжуд. Бундай вазият нафақат биологияда.

Абу Муслим таржимаси