loader
Foto

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бирор тафавут мавжудми?

1. Қуръон мусулмонларни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам келтирган барча нарсаларга эргашишга, айтганларини бажаришга ҳамда у кишини мукаммал бир инсон сифатида кўришга чақиради. Бу қуйидаги Қуръон оятида келтирилган: “Кимки Пайғамбарга итоат этса, демак Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (унинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ”.(4:80) “Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир”.(59:7) Пайғамбарнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ул зотнинг бизларга буюрган амрлари ҳамда қайтариқларидан иборат. Шунинг учун Исломда ҳадисларнинг мавқаи баланд. Агар биз уларга бепарво бўлсак, Қуръонга буйинсунмаслик бўлади.

2. Бундан кўп асрлар олдин мусулмон олимлари томонидан ишлаб чиқилган қоидалардан сўнг тўқима ҳадислардан саҳиҳ ҳадисларни ажратиб олиш мураккаб бўлмай қолди. Биз ҳадисларга диққатли бўлишимиз талаб қилинади. Агар бирор ҳадисга шубҳа қилинган тақдирда уламоларга мурожаат қилинса, унинг саҳиҳ ёки саҳиҳмаслигига аниқлик киритилади.

3. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари Қуръонни тафсир қилишда, уни тушунишда энг муҳим ва аниқ изоҳлар бўлиб ҳисобланади. Шундай экан, ўзимизча тушунишимиз эвазига ул зотнинг изоҳларидан қандоқ қилиб воз кечамиз? Мусулмонлар ҳар кунлик намозини Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида кўрсатилганидек адо этишади. Намоз тартиби Қуръонда келтирилмаган бўлсада, ҳадисларда шу ва шунга ўхшаш кўплаб масалалар ёритиб берилган.

4. Исломдан олдин келган илоҳий динларнинг ёзувлари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари сингари усул ва услубда ёзилган эди. Яҳудий ва насороларнинг бирортаси шу кунга қадар ўша ёзувлар маълум диний анъаналардаги тафовутлар ҳамда баъзи воқеликларга нисбатан саҳиҳликнинг ноқислик даражаси кўплиги туфайли рад этилишини талаб қилиб чиқмади. Бу каби масалалар диққат билан ўрганилиши керак, бир-бирига тўғри келмайдиган нақлларга тегишли бўлган саҳиҳ далиллар аниқланиши керак. Бу усул мусулмон олимлари томонидан асрлар олдин ўрнатилган услубдир.