loader
Foto

Ғулувчилар кимларни кофир дейдилар

1.    Маъсият туфайли кофирга чиқариш.

2.    Жамоатдан четлаганни кофирга чиқариш.

3.    Ҳижрат қилмаганни кофирга чиқариш.

4.    Шаръий қоидаларга риоя қилмаган муайян шахсларни кофирга чиқариш.

5.    Кофирни кофир демаганни кофирга чиқариш.

Келинг, ушбу масалаларни бир оз таҳлил қилайлик.

Маъсият туфайли кофирга чиқариш

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар мусулмонлардан ким осий–гуноҳкор бўлса, кофирдир, деган қарорга келганлар. Уларнинг тушунчаси бўйича, «осийлик» ва «кофирлик» сўзларининг маъноси бирдир.

«Жамоату Такфийр вал ҳижра» ташкилотининг асосчиси ва раҳбари Мустафо Шукрийнинг одамлари ўзларининг рисолаларидан бирида:

«Шариатда куфр лафзи фақатгина иймоннинг аксини ва унинг йўқ бўлишини англатиш учун келган», дейдилар.

Мазкур ташкилотнинг бош мафкурачиси Моҳир Бакрий ўзининг «Китобул ҳижра» номли асарида:

«Осий» сўзи кофирнинг исмларидан бир исмдир. Бу сўз тамомила «кофир» сўзига баробардир», дейди.

Уларнинг куфрга чиқариш бўйича эътиқодлари қуйидагилардан иборат:

1.    Барча исён ва гуноҳлар Аллоҳга куфр келтиришдир.

2.    Осийдан кофирлик исмини фақатгина тавба билан кўтариб ташлаш мумкин.

3.    Тавба Исломни янгилаш деганидир. Ким бир маъсиятни қилиши билан дарров тавба қилмаса, у унда давом этаётган кофирдир.

Уларнинг далиллари:

1.    Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «Ҳавойи нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?!» деган (43-оят).

2. Аллоҳ таоло «Йасин» сурасида: «Эй, одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир», деган (60-оят).

3. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14-оят).

4. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», деган (81-оят).

5. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар», деган (121-оят).

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!»– дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ, бош тортган бўлади», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Уларга раддиялар: Уларнинг «маъсият сўзи куфрни англатади» деганлари араб тилини сал-пал биладиган одамнинг гапи эмас. Ҳеч қачон улардан бошқа бирор кимса бу гапни айтмаган.

Улар ўз фикрини тасдиқлаш учун далил қилиб келтираётган оят ва ҳадислар ваъда, холос. Осий бўлганларни дўзах азоби билан қўрқитиш билан бирга, унинг муқобилида, тоат қилганларга жаннат ваъда қилиш ҳам бор. Яъни, бу борада тар-ғиб қилиш билан бирга қўрқитиш баробар олиб борилган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир.

Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (13, 14-оятлар).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сид-диқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган (69-оят).

Агар такфирчи–куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, ушбу икки хил маънони англатувчи оятлар, яъни, маъсиятга дўзахни ва тоатга жаннатни ваъда қилаётган оятлар бир-бирига зид бўлиб қолади.Чунки, улар айтганидек бўлса, итоат муқобилига осийлик эмас, кофирлик қўйилган бўлади.

Ислом тарихида биринчи бўлиб гуноҳ қилган мўминни кофир дейишга журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар ҳақида юқорида айтиб ўтгандик.

Кейинчалик «Хавориж»ларга мутлақо қарама-қарши «Муржиа» мазҳаби пайдо бўлди. Мусулмонлар орасидаги фирқалар ичида таассубнинг кучайиши оқибатида «Муржиа»лар «Хавориж»ларга зид ўлароқ, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтса, бўлди, бошқа нарсани қилмаса ҳам, бўлаверади», дейишди.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли «кофир» деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Энг асосийси, агар такфирчи–куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, Исломдаги энг катта қоидалардан бири бузилган бўлади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечирур», деган (116-оят).

Ушбу оятда гуноҳлар икки қисмга, ширк ва ширк бўлмаганга тақсимланмоқда. Бу ҳақда «Талхийси шарҳи ақийдатит Тоҳовия» китобида қуйидагилар айтилган:

«Аллоҳ таоло ширк билан гуноҳи кабираларнинг орасини ажратгандир. Чунки, ширк гуноҳи кабираларнинг кабирасидир.

Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, ширк гуноҳи кечирилмас. Ундан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши эса, Аллоҳнинг хоҳишига боғлангандир.

Бўлиши мумкин нарса хоҳишга боғланади. Бу, ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз кечиришдир.

Бўлиши мумкин бўлмаган нарса эса, хоҳишга боғланмайди. Бу, ширкни тавбасиз кечиришдир.

Агар ҳаммаси баробар бўлганида, орасини фарқламаган бўлар эди. Балки, иккиси орасида фарқ қолмас эди».

ЖАМОАТДАН ЧЕТЛАНГАННИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар кўпчилик мусулмонларни кофирга чиқарган масалалардан бири «жамоага қўшилмаганлар кофирдир» деган даъводир. Улар бу масалани ҳам ўзларига хос ва мос услубда талқин қилганлар ҳамда унга ўзларига хос ва мос услубда ҳужжат-далиллар келтирганлар. Уларнинг далиллари қу-йидагича:

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан ке-йин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир.

Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: «Иймонингиздан ке-йин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг», дейилур», деган (105, 106-оятлар).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким итоатдан қўлини тортса, қиёмат куни Аллоҳга йўлиққанда ҳужжати бўлмас. Ким бўйнида байъати бўлмай туриб ўлса, жоҳилий ўлим ила ўлган бўлади», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким жамоатни бир қарич четлаб вафот этса, жоҳилий ўлим ила ўлган бўлади», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Ўз-ўзидан, бу ерда қандай жамоа ҳақида сўз кетмоқда, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга юқоридаги даъвони қилган тоифалардан ҳар бири, бу далиллардаги жамоадан мурод бизнинг жамоамиздир, деган жавобни берадилар. Ўз навбатида, ўз жамоасидан бўлмаган барча мусулмонларнинг кофирлиги ва жоҳилий ўлим ила ўлишларини таъкидлайдилар.

Уларнинг далилларига раддия:

Аввало, бу масала бўйича келган ҳадислардаги жамоадан мурод мусулмонларнинг оммавий жамоасидир. Бу жамоадан чиқиш куфрга олиб бориши фақат муртад бўлиб–Исломни тарк этиб чиқиш билан бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб ва Мени расулуллоҳ деб, шаҳодат келтирган мусулмон одамнинг қони фақат уч нарса билангина ҳалол бўлур: уйланган зинокор, жонга жон ва динини тарк қилиб, жамоатдан ажраган», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда «жамоатни тарк қилди» дейиш учун диндан чиққан бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.

Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қиладилар:

 Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга:

«Эй, Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз жоҳили-ятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан ке-йин ёмонлик борми?» – дедим.

«Ҳа», дедилар.

«Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?» – дедим.

«Ҳа. Унинг тутуни ҳам бор», дедилар.

«Унинг тутуни недир?» – дедим.

 «Ҳидоятимсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларни) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан», дедилар.

«Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?»– дедим.

«Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отурлар», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули! Уларни бизга сифатлаб беринг», дедим.

«Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар», дедилар.

«Ўша нарса менга етса, нима қилишимга амр қиласиз?» – дедим.

«Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», дедилар.

«Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?!» – дедим.

«Ўшал фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўшал ҳолда бўлишга ҳаракат қил», дедилар».

Жумҳури уламолар ушбу ҳадиси шарифдан баъзи вақтларда мусулмонларнинг жамоаси ҳам, имоми–халифаси ҳам бўлмай қолиши борлиги ҳақидаги тушунчани олганлар. Бу ҳам такфирчиларга қарши кучли далилдир.

ҲИЖРАТ ҚИЛМАГАННИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган. Жуда кўп одамлар бу масала ҳақида катта ташвиш билан савол берадилар. Уларга масала далил ва ҳужжат билан тушунтирилмаган. Кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.

Аслида эса, бу фикрни олдинга сурганларнинг бошлиқлари қуйидаги далилларни келтирадилар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинг-лар?» – дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» деган (97-оят).

Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар».

Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Уларнинг гапларига раддия:

Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукм-ларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бош-қа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ. Лекин жиҳод ва ният бор», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

«Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар».

Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.

Сўнгра имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган:

«Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».

Мазкур тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир.

Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир», деган (72-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:

1. Ҳижрат қилганлар.

2. Жой бериб, ёрдам кўрсатганлар.

3. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.

Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи «мўминлар» деб атамоқда.

Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.

Мухтасар бўлиши учун Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энсиклопедияси»да баён қилинган сўзларни келтирамиз:

«Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади. Аллоҳнинг «Нисо» сурасидаги «Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳиж-рат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар», деган оя-тига биноан (97-оят).

Бу ҳукм ожиз ва бемор бўлмаганлар ҳамда туришга мажбур қилинмаганлар учундир.

Аммо фитнадан қўрқмаса ва динини изҳор қилиш имкони бўлса, унинг учун дорул исломга ҳижрат қилиш мустаҳаб бўлади. Унинг ҳижрат қилиши вожиб эмас.

Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энсиклопедияси»дан келтирилган мисолда гап дорул ҳарб–мусулмонларга қарши уруш эълон қилган диёрда яшаб турган мусулмонлар ҳақида эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.

Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин.

Ҳамаср уламоларимиз аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.

Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаердан чиққан?!

Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади» деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Васатия” китобидан