loader
Foto

Умар Ҳайём рубойилари

Мусулмон дунёси ўзининг буюк шоирлари билан ҳам машҳурдир. Одатда, мазкур шоирлар ўзларининг юксак маънавий асарлари билан донг таратганлар. Дунёда мусулмон шоирлар ҳақида сўз кетганда, пурҳикмат, инсонни юксак ахлоқий ва маънавий чўққиларга чорловчи шерий асарлар ҳақида сўз кетишини ҳамма тушуниб қолган.

Аммо, баъзи ҳолларда адабий дунёда исломий адабиёт ҳақидаги тасаввур бузилди. Ҳамма Умар Ҳайём рубоийлар, деб аталмиш шерий асарлар ҳақида кенг миқиёсда гапира бошлади. У рубоийлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Ҳамма жойларда ўқила бошланди. У рубоийларга машҳур  рубоийларнинг одамларнинг ўзига ром қилишининг асосий сабаби, улардаги майхўрликнинг мадҳ этиш ва унга даъват қилиш, ҳаётлик чоғида маза қилиб, иложи борича лаззатлардан баҳраманд бўлиш, бу борада ҳеч кимга, ҳеч нарсага эътибор бермаслик каби нарсалар эди. Шу билан бирга, бу рубоийларда куфр, даҳрийлик ва бир қанча бузуқ мазҳаблар мафкураси ҳам ўз ўрнини олган эди. Мазкур мафкурага берилган ва айшу-ишрат, майхўрликка мойил кишилар Умар Ҳайёмдек катта устоз топганларидан хурсанд бўлиб, унинг шуҳратини ўз мақсадлари йўлида ишлатишар эдилар. Бу беодобликка қаршилар эса Умар Ҳайёмни кофир, даҳрий, ботиний, шариатини оёқ ости қилувчи, деб фатво чиқаришарди. Учинчи бир тоифа эса, Умар Ҳайёмдек одам бунчаликка бормайди, у сўфийлик мазҳабида экан, ёзган шеърлари рамзий, буни тушиниш учун алоҳида таёргарлик керак, дейишарди. Аммо бу фикрга ҳеч ким эътибор бермас, ҳамма Ислом дини белгилаган чегарадан чиққан шоир топиб олганидан хурсанд бўлиб, уни кўкларга кўтариб мақташ билан бирга, Умар Ҳайём рубоиёти деб номланган асарларни кенг тарқатишга, улардаги чақириқларга амал қилишга ошиқарди. Шу билан бирга, исломий одоб-ахлоқ доиралари парчаланиб борар эди. Бу рубоиёт, эски Совет империясига ҳам кенг тарғиб қилинди. Қайта-қайта чоп этилди. Чунки, бу жамият дунёдаги энг ароқхўр жамият эди. Рубоийлардаги майхўрлик мавзуси уларга жуда ёқарди. Шундай қилиб, ароқхўр жамиятнинг, энг ароқхўр шоирлари Умар Ҳайём рубоиёти, деб аталмиш асарларни турли тилларга, жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилишди. Ҳеч ким бу рубоийлар ҳақида жиддий ўйламас, илмий асосда баҳс қилишни хаёлига ҳам келтирмас эди.

Аммо, вақти етиб ана шундай инсон ҳам топилди. Бу инсон бизнинг улуғ ватандошимиз, Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозий эдилар. У киши биринчи бўлиб бу рубоиёт Умар Ҳайёмники эмас, балки бошқалар томонидан тўқилиб, у кишига нисбатан берилган, деб чиқдилар ва бу фикрни “Кашфул лисон ар рубоийят Умарул Ҳайём” яъни, “Умар Ҳайём рубоийларидан пардани очиш” номли араб тилида ёзилган китобларида илмий асосда баён қилиб бердилар.

Аллома Тарозий бу китобини 1375 ҳижрий сана 13 жумадус сони-1956 мелодий сана 26 январ, пайшанба кунида ёзиб битирганлар.

У киши Умар Ҳайём ҳақида, аввал айтилган фикрларга эътибор бермай, унинг ҳаёти ва фаолиятини аввал бошдан, асосий ва ҳақиқий манбалардан ўрганиб чиқиб, Умар Ҳайёмни машҳур қилган рубоийлар уники эмаслигини исбот қилганлар.

Абул Фатҳ Ғиёсиддин Умар ибн Иброҳим Ҳайём Нийсабурий билан ҳамаср, ҳамдарс бўлган ва ундан кейин яшаган барча тарихчи ва олимларнинг, жумладан, унинг шогирди Абу Ҳасан Аҳмад ибн Умар ибн Али ан-Низомий ал-Арузий Самарқандий ўзининг “Чор мақола”, Шамсуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Шаҳрзурий “Назҳатул арвоҳ ва равзатул афроҳ” асарида, Заҳриддин Байҳақий “Хукомоул Ислом” китобида ёзиб қолдиришларича, у кишининг тақво билан яшаб, оқибати яхши ҳаёт ўтказганлари, улуғ ва мўътабар бир инсон эканлиги таъкидлаган. Умар Ҳайём катта илм эгаси, фалакиёт, риёзиёт, тиб каби илмларда ўз замонасининг пешқадами бўлган. Машҳур инглиз тарихчиси Гибон ва немис олими Карл Брокелманлар Умар Ҳайём тузган тақвим-календар ҳозирги амалдаги Георгий календаридан афзал эканини тан олишган. Шунингдек, бошқа илмларда ҳам Умар Ҳайём нодир асарлар яратган.

“Кашфул лисом” китоби муалифии Аллома Тарозий ҳазратлари юқорида зикр этилган далилларни ўз китобларида аниқ ҳужжатлар билан исботлаб келтирадилар. У киши шу билан бирга Умар Ҳайём ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берган, унга асрдош кейинги вақтда яшаган олимлардан бирортаси унинг шоир бўлганлиги, рубоийлар ёзганини зикр қилишмаганини ҳам, мазкур номаълум рубоиёт Умар Ҳайёмники эмаслигига далил этиб келтирадилар. Аллома Тарозийнинг фикрича, Умар Ҳайём бўш вақтларида кўнгил ёзиш учун шеър машқ қилиб кўрган бўлиши мумкин, лекин асосий иши шоирлик бўлмаган.

Тарозий ҳазратлари мазкур рубоиёт Умар Ҳайёмники эмаслигига яна бошқа далиллар келтирадилар. Умар Ҳайём ўз даврларининг энг машҳур кишиларидан бўлган, подшоҳлар, амирлар, уламолар, фузалолар билан доимо бирга бўлган, агар унга нисбатан берилаётган рубоийларга ўхшаш бирор нарса ёзган бўлса, дарҳол ҳаммага машҳур бўларди. Исломга ғайратли кишилар эса, буни эътиборсиз қолдирмасдан, раддия берар эдилар. Ҳолбуки, Арузий Самарқандий, Алломаий Замахшарий, Қози Насавий, Имом Абу Ҳасан ал-Ғаззолий ва хусусан, Ҳужжатул Ислом Имом Абу Ҳомид Ғаззолий каби кишилар Исломга футур етказадиган ҳар бир фикрни қаттиқ танқид остига олишлари билан машҳурлар. Улар Умар Ҳайём билан бирга яшаб, муносабатда бўлганлар ва у киши ҳақида фақат яхши гапларни айтганлар.

Аллома Тарозий ҳазратлари Умар Ҳайёмнинг поклигини, рубоиёт унга нисбатан туҳмат эканлигини исботлаш учун яна бир кучли далил келтирадилар. Умар Ҳайёмнинг ҳақиқий фикри, фалсафаси ва айтган гапларини ишончли манбалардан келтириб, улар рубоийларда келган фикрга тамомила зид, балки соф исломий фикрлар эканини исбот қиладилар.

Табиийки, “ундай бўлса, қандай қилиб Умар Ҳайём шоир сифатида танилиб, рубоиёти бутун дунёга машҳур бўлиб кетган?” деган савол пайдо бўлади. Бу саволга Аллома Тарозий ўз китобларида жавоб берадилар. У кишининг ёзишларича, Умар Ҳайём ҳақида биринчи бўлиб инглиз олими, Оксфорд дорулфунунининг устози Томас Гайд 1700 мелодий сана кейинроқ Фон Гомер Биргестел ва Меме Николослар ёзадилар.

1856 мелодий санада инглиз шоири Эдвард Витз Гералд етмишта рубоийни таржима этиб, нашр қилинганидан сўнг, бир қанча омиллар сабабли, ҳаммага машҳур бўлиб кетди. Гералд бу таржима ҳақида ўз устози Говлга ёзган мактубида, “мен бу рубойиларни ўз аслидек тажрима қилмадим, баъзи жузиётларини сақлаб қолган ҳолда, бир-бирига аралаштириб ўзгартирдим”, деб такидлаганини ҳам Аллома Тарозий келтирдилар. Бу таржимага ғарбда шундай аҳамият берилди-ки, у барча юртларда қайта-қайта чоп этилди. У рубоиётнинг асли деб қабул қилинди. Сўнгра араб, урду, турк ва бошқа шарқ тилларига ҳам инглизчадан таржима қилинди.

Ғарбда “Умар Ҳайём кулблари” тузилди. Рубоий ўқиб, май ичиш йўлга қўйилди. Таржимон Гералд вафот этганида, Умар Ҳайём қабри устида ўсаётган гулдан кўчириб бориб, унинг қабрига экишди ва қабр тошига миннатдорчилик сўзлари ёзишди. Ғарбнинг шарқдаги думлари бу борада ўз устозларидан ҳам ўтиб кетишди. Рубоийлар-динсизлик, ароқхўрлик, фаҳш ишлар шиори бўлиб қолди.

“Кашфул лисом” китоби муаллифининг таъкидлашича, бу одамларни, хусусан, мусулмон ёшларни Исломдан узоқлаштириш учун ғарбда ўйлаб чиқилган ўйин эди. Агар ғарбликлар ҳақиқатда, беғараз равишда шарқ шеърияти билан қизиқмоқчи эканлар, нима учун Фирдавсий, Фариддин Аттор, Ҳофиз Шерозий ва бошқа шарқ-форс адабиётининг улуғ намоёндалари ижоди билан қизиқмадилар. Айнан, аслининг тайини йўқ рубойиларни топиб, Умар Ҳайёмдек мўътабар инсонга нисбат бериб, сўнгра уни ташвиқот қиладилар. Умар Ҳайём уларга нима учун керак бўлиб қолди?

Маълумки, ғарблик шарқшунослар Исломга зарба бериш учун ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланиб келадилар. Улар Умар Ҳайёмдек аниқ фанларнинг улуғ вакили, ўзи мусулмон саналса ҳам, Исломга унинг ақийдаларига қарши чиққан, дейиш учун шундай қилганлар. Оддий одамларга ўхшаш кўр-кўрона эътиқод қилмагани учун, илм соҳиби бўлганидан шундай қилган, деб кишиларни ишонтиришга уринганлар ҳамда Исломга илмсиз, бесавод кишиларгина ишонади, деган фикрни шу йўл билан олға суришган. Шунинг учун ҳам Ҳайёмни улуғ олим дейишгану, илмий асарларини чоп этмасдан, унга ёлғондан нисбат берилган рубоийларни эса ривожлантирганлар, ҳатто билим юртларида дарслик қилиб ўтишган. Бу ҳам Исломга қарши курашнинг энг маккарона услубларидан бири эканлигини кўриб турибмиз. “Ғарбликлар мазкур рубоийларни қаердан олишди?” деган саволга жавоб тариқасида Аллома Тарозий кўплаб маълумотларни келтирадилар. Аввало, рубоийларнинг сони ҳақида аниқ бир фикр йўқлигини айтиб, уларни ўн битта дегандан тортиб, то минг икки юз ва ундан ҳам кўп, деган сўзларни бир-бир келтирадилар.

Сўнгра Умар ибн Иброҳим Нийсабурийга замондош ва у кишининг ҳаёти ҳақида маълумот тўплаган олимларнинг асарларидан иқтибослар келтириб, Умар Ҳайём аслида Умар Ҳаёмий эканлиги, Ҳайём эса, Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Халоф ал-Хуросоний номли форс шоирининг лақаби эканлигини таъкидлайдилар. Худди шу жойда алмаштириш бўлган бўлса керак, дейдилар. Умар Ҳайём ўз даврида ботинийларга қарши қаттиқ кураш олиб борган ҳукмдор Низомул мулкнинг яқин дўсти эди. Ушбу эътибордан ботинийлар ундан ўч олиш мақсадида турли рубоийларни ёзиб, Умар Нийсабурийга нисбат берган бўлишлари мумкин, дейдилар.

Бу фикрнинг далили сифатида, рубоийларнинг энг қадимий қўлёзмасини нашр қилаётганларнинг ўзлари тан олишларича, Умар Ҳайёмнинг вафотидан сўнг уч юз эллик йил кейин ёзилган эканини эслатиб ўтадилар.

Демак, ғарблик шарқшунослар, сиёсатнинг ажралмас бир қисми сифатида маданий мустамлака бобида, аслининг тайини йўқ рубоийларни олиб, Умар Ҳайёмга нисбат бериб кишиларни Исломдан узоқлаштириш, фисқу фасодга бошлашга уринганлар. Ҳозирги кунда Британия кутбхонаси музейида Гералд таржимасини 153 хил чоппасидан нусхалар қўйилгани ҳам уларнинг бу ишга қанчалик аҳамият берганларини кўрсатиб турибди.

Ана шундай бир пайтда Аллома Тарозий ҳазратлари “Кашфул лисом ар рубоийят Умарул Ҳайём” китобини ёзиб чиқишлари ўша даврдаги жамоатчилик фикри, олим ва шоирлар, тарихчилар, шарқшунослар қолаверса, маданий мустамлакачилик сиёсатига қарши катта инқилоб эди. Муаллифнинг ўғиллари доктор Абдуллоҳ Мубашшир Тарозийнинг айтишларича, оталари бу китобни ёзишдан олдин Қоҳирадаги илмий анжуманлардан бирида худди шу мавзуда маъруза қилганлар. У киши гапларини тугатганда, ҳамма жим тураверган. Чунки, маърузачини қўллайлик десалар, у ҳозиргача бўлган гапларга бутунлай тескари гапларни айтди. Танқид қилайлик десалар, ҳужжатлари шунчалик кучлики, унга қарши оғиз очиб бўлмайди. Фақат бошқа ерда қилинган иккинчи маърузадан кейингина, Аллома Тарозийни қўллай бошладилар ва у кишидан бу борада китоб таълиф қилишини илтимос қилишган.

Аллома Тарозий китобларининг нашр этилиши Ислом олами маданий ҳаётида катта воқеага айланди. Кўпчилик у кишини қўллаб китоблар, мақолалар ёздилар. Эронлик машҳур адабий танқидчи олим Али Даштий, Устоз Саид ал-Омудий, Устоз Анвар Жундий, Устоз Абдуллатиф ал-Жавҳарий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Баъзи олимлар Аллома Тарозийнинг “Кашфул лисом ар рубоийят Умарул Ҳайём” китобини янги асрдаги исломий уйғонишга сабаб бўлган ўттиз китобнинг бири, деб ҳисоблайдилар.

Илмий тажрибалар ҳам Аллома Тарозийни қўллаб чиқди. Қоҳирада чиқадиган “ал-Аҳром” рўзномаси ўзининг 1978 й. 6 декабр сонида: “Лондондаги Умар Ҳайём рубоиёти қўлёзмаси соҳта экан” деган хабар босиб чиқди. Хабарда қуйидагилар баён қилинади: “Илмий текширишлар Лондондаги Кембридж дорулфунунида сақланаётган Умар Ҳайём рубоиёти дейилган қўлёзмалар соҳта эканлигини исботлади. Бу қўлёзмалар 1200 м. санада ёзилган, деб эълон қилинар эди. У кўп йиллардан бери илмий изланишларга асос ҳисобланарди. Энди эса, фақат юз йил аввал ёзилганлиги маълум бўлди. Кембридж дорулфунуни бу қўлёзмаларни уларни Эрондан топган марҳум устоз Артур Арбортисдан сотиб олган эди”.

Эҳтимол, ушбу илмий текшириш ва эълонга ҳам Аллома Тарозийнинг китоблари сабаб бўлгандир. Шу жойда “ҳар бир нарсада аниқлик бўлишини даъво қиладиган ғарбликлар, ушбу рубоиётни нашр қилиб, шов-шув кўтаришдан олдин текширишса бўлмасмиди?” деган савол пайдо бўлар. Йўқ. Улар аниқлик ҳам фақат ўз фойдаларига бўлишини хоҳлайдилар.

Жуковский бошлиқ рус шарқшунослари, кейинроқ совет шарқшунослари, шоирлари ҳам ушбу ёлғонга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар. Лекин ёлғон фош бўлганидан кейин, ўз одатларича, уни эътироф этганлари, халққа ҳақиқатни етказганлари йўқ. Шунингдек, Туркистонда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам қайта-қайта, рангли безаклар билан чоп этилган, қўшиқ қилиб куйланган бу ёлғон рубоийлар учун халқдан узр сўраш, унга ҳақиқатни етказиш вақти келмадимикан? Илм омонат нарса, унга хиёнат қилмаслик зарур.

Ушбу мақолада зикр этилган илмий баҳснинг соҳиби Аллома Тарозий, араб, форс, турк тилларини яхши билган, олим инсон бизнинг улуғ ватандошимиз эканликлари билан фахрланишимиз билан бирга, у киши очган ҳақиқатни инсонларга етказиш ҳам керак, деб ўйлайман.