loader
Foto

Умр гултожи

Исломий анъанага кўра, никоҳдан ўтмоқчи бўлганлар энг аввало бир-бирларини гувоҳлар иштирокида кўришишлари суннат эканлигини алоҳида таъкидламоқчи эдик.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».

Абу Довуд, Шофеъий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши бир аёлга совчи қўйди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар».

Насаий ва Термизий ривоят қилган, ҳамда яхши, деган.

Демак, шариатда бўлажак турмуш йўлдошига назар солишга ижозат беришнинг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса кейин турмуш қуришга ўтиши учундир.

Шунинг учун келин-куёвлар никоҳдан олдин бир - бирларини кўриб, қариндошлар ҳамроҳлигида бироз суҳбат қурсалар ҳеч ҳам айб эмас. Чунки балоғатга етган йигит қизнинг холи, ёлғиз қолишлари шариатимизда ҳаром қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир эркак зинҳор бир аёл билан холий қолмасин! Агар шундоқ бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар».

 Термизий ривоят қилган.

Совчи қўйган тараф ўз ихтиёри билан совчиликни тарк қилиб кетмагунча, иккинчи бир тарафнинг совчи қўйишга ҳаққи йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши ўз биродари совчилиги устига, то ундан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча совчи қўймас», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Биров совчи қўйиб турган жойга, унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир. Фақат биринчи совчи қўйган одам келиша олмай совчиликни тарк қилганидан сўнг ёки унинг ўзидан изн олгандан сўнггина совчи қўйиш мумкин.

Чунки, бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш, биринчи совчининг ҳаққига тажаввуз қилишдир.

Бу иш туфайли кишилар ўртасида низо, хусумат, адоват ва уруш жанжаллар чиқади.

Келин-куёв рози бўлиб, атрофдагилар ўзаро келишгандан сўнг «ақди-никоҳ»га, яъни бизда «никоҳ ўқилиши», деб номланиб қолган маросимга тайёргарлик кўрилади. Никоҳ ўқитиш пайтида оқил, болиғ мусулмон кишилардан камида икки эр киши ёки бир эркак ва икки аёл киши гувоҳликка ўтмоқлари шарт. Гувоҳсиз никоҳ фосид никоҳ бўлади. Гувоҳлар ҳузурида икки тарафнинг ҳам никоҳга розилиги очиқ-ойдин эшитилмоғи лозим. Шу билан бирга маҳр масаласи ҳам ҳал қилиниб олинса, яхши бўлади.

Лекин айрим жойларда Исломий ҳукм бўлмиш маҳрни динимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ-қалинга аралаштириб, алмаштириб юбориш ҳоллари мавжуд. Бу ярамас иллат оила мустаҳкамлигига путур етказибгина қолмай, узоқ йиллар мобайнида Исломга қилинган туҳматларга ҳам асос бўлиб келди.

Баъзи халқлар ҳали ҳам қалин деган бидъат-хурофотдан қутула олмаган. Келин олиш учун кўп минг сўмлаб пул, ўнлаб мол-қўй, кийим-кечак ва жиҳозлар беришга, келин келгач ундан шу нарсаларни ундириб олишга ўрганган оилалар ҳалигача бор. Бунинг динга алоқаси йўқ бу-бидъат, айниқса ҳозирги оғир шароитда халқимиз бошига тушган мусибатдир.

Қолаверса, қалин олиш-бериш, қизларимизнинг ҳақ - ҳуқуқларини камситиш, уларни олди-сотди қилиш демакдир. Ана шу хурофот сабабчи бўлиб, қанчалаб йигитлар уйланолмай ҳалак, қизлариз эса турмуш қуролмай бахти поймол бўлмоқда.

Исломда қалин умуман йўқ, балки қалиндан тубдан фарқ қиладиган «маҳр» дейилган нарса бор. Маҳр-ўзи рози бўлиб оила қуришга ихтиёр қилган қизга куёвнинг кўнгилдан чиқариб берадиган ҳадя-совғаси. Эҳтимол бу тилла тақинчоқ бўлар, балки чиройли кўйлак ёки бошқа нарса бўлар-буни келин-куёвнинг ўзлари белгилашади. Бу кейин келиннинг шахсий моли, мулки бўлади. Ота-онаси, қариндош-уруғлари бунга аралашиб, эгалик қилолмайдилар. Маҳр белгилашдан мақсад-бўлажак келинларимизни ҳурматлаш, эъзозлаш, улар шундай совғаларга, хурсандчиликка сазовор шахслар эканини тасдиқлашдир. Шунингдек, бу-никоҳдан ўтиб, ҳалол турмушга қадам қўйган бахтли кунлардан бир ёдгорлик ҳамдир.

Маҳр келиннинг ўз ота-онасининг уйини тарк этиб, бўлажак оиласига кўчиб боришга, ўзи никоҳдан ўтаётган киши билан аҳли-аёл сифатида яшашга рози бўлгани учун чин кўнгилдан бериладиган совғадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (Нисо сураси, 4-оят).

Лекин бугунги кунда Исломнинг ана шу ажойиб анъанасига риоя қилинаяптими? Асло, йўқ! Тўй бошланмасдан ота-оналар, қариндош-уруғлар бир жойга тўпланиб олиб, бемаза хурофот-савдони бошлашади. Баъзи жойларда «сут пули», баъзи ерларда «қалин пули», деб номланган-аслида ўзи бидъатдан иборат бўлган бу олди-бердиларнинг, яна такрорлаб айтаманки, Ислом дини белгилаб берган маҳрга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Маҳр ҳам меъёрдан, ҳаддидан ошмаслиги керак.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

 «Маҳри оз келиннинг баракоти кўп бўлади», деганлар. Маҳр миқдорининг юқориси йўқ, куёвнинг имконига, кўнглидан чиққанига қараб белгиланади. Жаноби Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига маҳр қилиб, талқон берганликлари ҳам маълум. Ҳазрати Али Фотима онамизга маҳр тополмай совутларини маҳр қилиб берган эканлар. Қизимизни «қиммат»роққа «сотиш»ни ўйламай, бунинг ўрнига унга Аллоҳдан бахт-саодат, қўша-қўша фарзанд, оиласига қут барака сўраб, дуода бўлишимиз аъло эмасми?

Яна бир нотўғри ҳолат борки, никоҳ пайтида қизнинг маҳрини белгиламай, «маҳрига битта уй, олди айвон, сигири билан», деб қўйиш одат бўлган. Буни келин-куёв тушунмайди ҳам. Оқибатда келинларимизнинг ҳақлари поймол қилинади. Уй ҳам, мол ҳам бўлажак оиланинг умумий мулкидир. Никоҳ пайтида гувоҳлар иштирокида маҳрни аниқ белгилаб, бу нарса келиннинг шахсий, дахлсиз нарсаси эканлигини тушунтириш, куёвга эса, ваъда қилинган маҳрни асло эсдан чиқармай, тақдим этишни юклаш айниқса муҳимдир.

Никоҳ ўқитиш пайтида хутба ўқиш мусулмонларнинг қадимий одатларидан ҳисобланади. Келин-куёвнинг ҳақларига дуолар қилиниши ҳам зарур. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо уларнинг ҳақларига дуо қилардилар ва бошқаларни ҳам шунга буюрардилар. Уламоларимиз бу маросим Жума куни кечқурун ўтказилса, янада яхши бўлишини алоҳида эслатадилар.

Сўнгра никоҳ кишиларга эълон қилинади. Тўй маросими шунинг учун ташкил қилинади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шунга тарғиб қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломат кўриб:

«Бу нима?» дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у.

«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Тўйда хурсандчилик қилиш, баланд овоз чиқарувчи, арабларда «дуфф» деб аталувчи асбобни чалиб, никоҳни эълон қилишга ҳам рухсат берилган.

Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Никоҳда ҳаром билан ҳалолнинг орасини ажралиши, чилдирма ва овоздир», дедилар».

Насаий ва Термизий ривоят қилдилар ва, яхши, деди.

Ушбу ривоятдаги ҳалол ва ҳаром никоҳ тўғрисидадир. Сир никоҳ, ҳаром никоҳни биров билмасин, деб овоз чиқармай, чилдирма чалмай, қўшиқ айтмай жим-житлик билан ўтказиб юборилади.

Ҳалол никоҳни эса иложи борича кўпроқ кишига эълон қилиш, билдириш матлубдир. Бу катта хурсандчилик ва сурурга боис бўлган нарсадир. Ўша ҳалол қўшилишни эълон қилиш, кўпчиликка билдириш ила кўп одамларни гувоҳ қилинади, уларнинг иккисини шаръий равишда эру хотин бўлганларини ҳамма билади ва ҳақларига дуо қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз», дедилар».

Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилдилар.

Тўйга чақирилган кишилар, у ерда шариат ҳаром қилган нарсалар бўлмаса, боришлари шарт. У ерда ҳозир бўлганлар ҳам келин-куёвнинг ҳақларига дуо қилишади. Шундан кейин келин-куёв бир оилада эр-хотин бўлиб яшай бошлайдилар.

Мусулмончиликда катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кириб қолган. Айниқса, келинларга қилинган насиҳатлар китобларимизда кўплаб сақланиб қолган.

Улкан саҳобий Анас ибн Молик Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар:

«Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилгувчи бўлагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, зийнатларнинг энг афзали шудир».

Амома бинти Хорис исмли аёл ўз қизларининг келин бўлиб, куёвнинг уйига кўчирилишидан олдин саодатли оила асосларини баён қилувчи қуйидаги насиҳатларни қилиб, кузатган эканлар:

«Эй, қизгинам! Агар аҳли фазл ва аҳли одобларга насиҳат керак бўлмаганида, сенга ҳам насиҳат қилмасдим. Лекин насиҳат ғофилга эслатма, оқилга ёрдамдир.

Агар қиз бола ота-онасининг камбағаллиги сабаблигина эрга берилиши керак бўлганида сен ҳеч қачон узатилмаган бўлар эдинг. Чунки отангнинг бойлиги, мартабаси етарлидир. Лекин Аллоҳ белгилаб берган ҳаёт қонунларига кўра, аёллар эркаклар учун ва аксинча эркаклар аёллар учун яратилганлар.

Эй, қизгинам! Энди сен ўзинг ўсган ҳаводан айрилдинг. Ўзинг яйраб-яшнаган ошёндан чиқдинг ва нотаниш жойга бориб, аввал ўзинг билмаган шерикка учрайсан. У энди сенинг хожанг, дўстинг ва маҳбубингдир.

Сен унга чўри бўлсанг, у сенга қул бўлади. Сен унга ер бўлсанг, у сенга осмон бўлади. Сен унинг учун қуйидаги ўн хислатни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизлар:

1. Қаноат соҳибаси бўл, ундан ҳайиқиб тур. Эринг уйга нима кўтариб келса, хушфеъллик ва одоб-назокат билан қабул қилиб ол, ташаккур айт.

2. Эрингга ҳамиша итоатда бўл, амрларини яхшилаб тингла ва бажар.

3. Эрингнинг назари тушадиган жойларга эътибор қил. У сенда хунуклик кўрмасин. Уй ичи ва ҳовлини ниҳоятда озода ва тартибли тут.

4. Эрингнинг бурнига ҳушёр бўл. Димоғига сендан ёмон ҳид кирмасин, фақат хушбўйлик сезсин.

5. Овқатни вақтида тайёрла, асло кечиктирма. Эринг уйга келиши билан дастурхон сол.

6. Унинг уйқу вақтини, уйғониш пайтини билиб ол. Чунки очлик ва уйқунинг бузилиши эркакларнинг ғазабини қўзғайди.

7. Хожангнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл, исроф қилма, авайлаб-асра! Чунки унинг молу-дунёси сеникидир.

8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларини иззат-ҳурмат қил. Бу билан хожангни ҳурмат қилган бўласан.

9. Эрингнинг сирларини бошқаларга айтувчи бўла, унинг ишончини йўқотасан.

10. Хожангнинг амрига осий бўлма, унинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил. Шуни яхши билиб олки, хожанг хафа бўлганда хурсанд кўринишдан, у қувонган пайтда ғамгин бўлишдан ўзингни эҳтиёт қил!»

Мана тўй ҳам ўтди. Келин-куёв энди ҳақиқий эр-хотин бўлиб яшай бошладилар. Лекин бу улар ўзларича, кўнгилларига нима хуш келса шуни қилиб турмуш кечирадилар, дегани эмас. Эр-хотинлик ҳаёти давомида ҳар икки тараф учун белгиланган бир қанча ҳуқуқ ва бурчларга бўйсинишга тўғри келади.

1. Ҳар икки томонга муштарак ҳуқуқлар қуйидагича:

- Эр-хотинлик ҳаёти ҳалол бўлиши, ҳар икки тараф бир-биридан лаззат ва ором топиши керак.

- Қудачилик ҳукмлари жорий қилинади. Энди хотин эрининг қариндошларига, эр эса хотинининг қариндошларига никоҳ нуқтаи назаридан ҳаром бўлади.

- Эр-хотин бир-бирларига меросхўр бўладилар.

- Улардан фарзанд туғилса, насаб собит бўлади.

- Эр-хотин динимиз кўрсатмаларига биноан бир-бири билан аҳилликда, иноқликда яшамоқлари лозим.

- Бир-бирларининг эр-хотинлик сирларини фош қилмасликлари шарт.

2. Эрнинг вазифалари қуйдагилардан иборат:

- Хотинининг маҳрини бериш.

- Нафақа билан таъминлаш. (Бунга турар жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор асбоблари ва бошқа оилавий ҳаражатлар киради).

- Хотинига иззат-икром кўрсатиш, унга ширин муомала қилиш, ғамхўрлик кўрсатиш.

- Хотинининг иззат-шаънини ва обрўсини муҳофаза қилиш, турли ёмонликлардан асраш.

- Хотинининг жинсий эҳтиёжини қондириш.

- Хотинига адолатда бўлиш

3. Хотиннинг вазифаси эса қуйдагилардир:

- Гуноҳ бўлмайдиган ишларда эрига итоатда бўлиш.

- Эрининг жинсий эҳтиёжини қондириш.

- Эри ёмон кўрган кишиларни уйига киритмаслик.

- Уй ишларини бошқариш.

- Эрининг рухсатисиз уйини тарк қилмаслик.

- Эр зарурат билан қаёққа кўчса, бирга кўчиш.

- Эрнинг уй-жойи, мол мулки, фарзандларини омонат билиб, уларга хиёнат қилмаслик.

Эр-хотиннинг бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқлари фақат булар билан чегараланмайди, балки оиланинг тотувлигида, фаровонлигида ҳар икковининг зиммасига жуда катта масъулият ва бурч юкланган. Келгуси саҳифаларда ана шуларни батафсил баён қиламиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)

“Исломий оила фароғат қасри” китобидан





ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Аёлларга қараб танланадиган сифатлар