loader
Foto

Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш

Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишига «яхшилик» деб қаралмайди. Балки, ҳақиқий мусулмон кимса одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш мусулмончилик ғояларидан биридир.

Чунки, икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто, беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган.

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужурот» сураси, 10-оят).

Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган:

«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят).

Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди:

«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят).

Ўзаро ёрдам

Руҳий ҳаётнинг энг афзал томонларидан бири яхшилик йўлидаги ўзаро ёрдамдир. Бу нарса ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтариш, жамият аъзоларининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг қайғу-аламларини енгиллатишдан иборатдир. Ҳозирги замон маданияти ўзаро ёрдамни яхши тушунган. Шунинг учун ҳам, барча жойларда ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ташкилотлари тузилган. Мана шунинг ўзи ҳам ҳар бир шахс ва ҳар бир жа-миятнинг бахтиёр бўлиши учун ўзаро ёрдамнинг зарурлигини кўрсатади.

Қуръон ўзаро ёрдамга катта аҳамият берган. Буни қуйидаги оятдан фаҳмлаб олса ҳам бўлади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» («Моида» сураси, 2-оят).

Қуръон яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга буюрмоқда. «Яхшилик» деганда, бу дунёдаги барча яхшиликларни: ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз. Яхшилик сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади. Тақво эса, Аллоҳдан қўрқиш ва унга итоат қилиб иш олиб боришни англатади.

Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса, бу дунёдами ёки охиратдами саодатга эргаштирувчи яхши нарсаларнинг йўлидаги ҳамкорликдир. Қуръон ёмонлик ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда. «Ёмонлик» деганда, қилиниши ҳалол бўлмаган нарсаларни тушунамиз. Бу эса, барча разолатларни ўз ичига олади. Душманчилик эса, ошкора золимликдир. Ҳар бир шахсга ёки жамиятга зарар етказувчи нарса ёмонлик ва душманчиликдир. Қуръон фақат яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб қолмай, балки ёмонлик ва душманчилик йўлида ҳамкорлик қилишни бекор ҳам қилади. Ислом назариясидаги ҳамкорлик кишиларга фақат саодат келтириш йўлидаги ҳамкорликдир. Агар инсонлар шу ҳамкорликни амалга оширсалар, ўзлари орзу қилаётган тараққиёт ва бахт-саодатга албатта эришадилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ