loader
Foto

Шайх Юсуф Қарзовий (роҳимаҳуллоҳ)

Шайх Юсуф Қарзовий Мисрда туғилган. Ёшлигидан кучли қобилияти ва илмга чанқоқлиги билан ажралиб турган, 10 ёшида Қуръони каримни ёд олган. Қоҳирадаги ал-Азҳар халқаро университети қошидаги мактабда ўқиган, сўнг таҳсилни Усулуд-Дин факультетида давом эттирган. 1954 йилда университетни муваффақятли билан тамомлаб, олий даражали диплом олган. 1973 йилда Юсуф Қарзовийга энг олий тоифали доктор илмий даражаси берилди. Шайх Юсуф Қарзовий Миср Вақфлар вазирлигида Дин ишлари бўйича назорат қўмитасида, ал-Азҳар университети қошидаги Исломий таълим бошқармасида ишлади, кўплаб ўқув муассасаларига муассис ва ҳомий бўлди.

Қатар давлатининг таклифига кўра Қатар Диний институтида ректор лавозимида ишлаб, Педагогика факультетида ўзи ташкил қилган Исломий тадқиқотлар бўлимига раҳбарлик қилди, кейинчалик эса ўзи таъсис қилган Исломий тадқиқотлар факультетининг декани лавозимида ишлади. Шайх Юсуф Қарзовий ҳазратлари Суннат ва Сийрат тадқиқотлари марказини ҳам таъсис этган бўлиб, бугунги кунда унга раҳбарлик қилиб келмоқдалар.



Шайх Юсуф Қарзовий моҳир нотиқ, публицист, ҳассос адиб, ҳукуқшунос, исломий илмларнинг турли соҳалари бўйича юқори малакали мутахассисдир.



Шайх Юсуф Қарзовий бутун Ислом дунёсида ғоятда машҳур бўлиб кетган 50 дан ортиқ монографияларнинг муаллифидир. Шайх ҳазратларининг кўпгина китоблари замонавий Ислом тафаккурининг энг кенг оммалашган асарларига айланиб, ўнлаб маротаба нашр этилган ва дунёнинг қатор тилларига таржима қилинган. Шайх Қарзовийнинг барча мақолалари, нутқ ва маърузаларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Қарзовийнинг асарларида жонкуяр олим, нозиктаъб адиб, давр билан ҳамнафас, ҳассос фақиҳнинг нафаси сезилиб туради.



Юсуф Қарзовий бугунги давр талабларини шариат қонунларига уйғунлаштира олган нодир Ислом олимлари қаторидан муносиб ўрин олган.



Шайх ҳазратлари бир қатор фанлар академиялари, араб ва халқаро илмий муассасаларининг ҳақиқий аъзосидир. Жумладан, шайх Юсуф Қарзовий Маркази Маккаи Мукаррамада жойлашган Бутунжаҳон Ислом лигасининг Фиқҳ Академияси, Урдун Қироллигининг Исломий тамаддун тадқиқотлари Академияси, Оксфорд Исломий тадқиқотлар маркази, маркази Хартумда жойлашган Исломий даъват ташкилоти, Исломободдаги Покистон Халқаро Ислом Университети директорлар кенгашининг аъзосидир. Шунингдек, Юсуф Қарзовий Исломий банклар шаръий назорат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади.



Бугунги кунда шайх Қарзовий Исломий банкларда амалга ошириладиган банк амалиётларининг шаръий нуқтаи назардан жоизлиги бўйича фатво бера оладиган, Исломий банкинг тизими ва механизмларини ишлаб чиқиш ва ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётган нодир Ислом олимларидан биридир.



Жумҳур Ислом уламоларининг эътирофига кўра Қарзовий замонамизнинг мужтаҳидидир (Мужтаҳид - шариат илмларининг билимдони бўлиб, Қуръон ва Суннатда очиқ келтирилмаган масалалар бўйича оқилона таъвил асосида шаръий ҳукм чиқара олишга лаёқатли олимдир).



Шайх Қарзовий ўзининг қизғин илмий фаолияти давомида Осиё ва Африкадаги барча ислом давлатларида бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон жамоалари ва диаспоралари билан учрашган, улар билан доимий мулоқотда бўлган, кўплаб исломий ва халқаро университетларнинг таклифига кўра маърузалар қилган, жуда кўплаб илмий анжуманларда иштирок этган.



Қатарнинг машҳур «ал-Жазира» телеканалида ҳар ҳафта Қарзовийнинг «Шариат ва ҳаёт» деб номланган дастури эфирга узатилади. Дастур давомида томошабинлар дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, ўзларини қизиқтирган саволларга шайх ҳазратларидан жавоб оладилар.



Юсуф Қарзовий – машҳур Ислом даъватчиси бўлиб, Исломда модернизм ва анъанавийликни узвий уйғунлигига эриша олган мўътадил Ислом олимларидан биридир. Қарзовий мусулмонларни шариатнинг мақсад ва устувор йўналишларини чуқур тадаббур қилиб, оқилона англаб етишга, Исломнинг бузилмас рукнлари ҳамда узлуксиз ўзгариб турувчи замон ўртасидаги мувозанатни маҳкам тутишга чақиради, давр билан ҳамнафас бўлиб, келажакка интилади.