loader
Foto

Имом Молик ва у кишининг мазҳаблари

Моликий мазҳаб асосчиси, имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир ал-Асбаҳий ҳижрий 93-санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл эдилар. Имом Молик оналарининг таъсири остида ёшликларидан илмга қаттиқ берилдилар.

У кишининг зеҳнлари жуда ҳам ўткир эди. Тезда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Имом Молик бир эшитишларида ўттизта ҳадисни ёд олар эдилар. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган уламоларидан дарс олдилар. Ихлос ва эътиқод билан қилинган ҳаракатлар самараси ўлароқ, имом Молик ўз даврларининг етук алломаси бўлиб етишдилар ва имом Авзоъий, имом Шофеъий, Яҳё ибн Саъийд каби алломаларга устозлик қилдилар.

Имом Молик Мадийнаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни ёқтирмас эдилар. Ҳатто, халийфалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам, рози бўлмаганлар. У киши Мадийнаи Мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссалари кўмилган шаҳарда улов минмайман, дер эдилар.

Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, аввал тоҳарат қилар, ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олиб, соқолларини тартибга келтирар ва виқору ҳайбат билан ўтириб ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишидан «Нима учун бундай қиласиз?» деб сўрашса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман», дер эканлар.

Илмнинг қадрига етган ва уни улуғлаган Имомни Аллоҳ ҳам улуғликка етказди: шаръий илм унинг мартабасини юқори қилди, кишилар ўртасида обрўсини орттирди, виқорли ва ҳайбатли қилди.

Бу ҳақда Саъийд ибн Ҳинд Андалусий айтадилар: «Мен халийфа Абдурроҳман ибн Муовиядек ҳайбатли одамни кўрмаган эдим. Имом Моликнинг олдиларига кирганимда, у кишининг ҳайбати олдида Ибн Муовиянинг ҳайбати ҳеч нарса бўлмай қолди».

Имом Моликдаги ҳайбат ва виқор илмнинг ҳайбати ва виқори эди. Имом Шофеъий ёшликларида имом Моликдан дарс олмоқчи бўлиб, Макканинг волийидан бу ишда ёрдам сўраб, Мадийнанинг волийига хат олиб борганларида бўлган ҳолни ўзлари ҳикоя қилиб берадилар:

«Макка волийи олдига кириб, ундан Мадийна волийига ва имом Моликка мактуб ёздириб олдим. Мадийнага келиб мактубни волийга бердим.

Волий мактубни ўқиб бўлиб: «Эй йигит, Мадийнадан Маккагача ялангоёқ юриб борганим мен учун Молик ибн Анаснинг эшигига борганимдан афзалроқ», деди.

Мен: «Аллоҳ амирни ислоҳ қилсин, агар одам юбориб чақиртирсангиз, қандоқ бўлар экан?» дедим.

У: «Нима деяпсан, мен одамларим билан Ақиқ тупроғини кечиб бориб бирор ҳожатимизни раво қилсак, хурсанд бўлар эдим», деди.

Асрга боришга келишдик ва уловларимизни миниб жўнадик. Амир айтганидек, тупроқ кечдик. Бир одам олдинга чиқиб эшикни қоқди. Бир қора жория чиқди.

Амир унга: «Хўжангга менинг эшик олдида турганимни айт», деди.

Қиз кириб, кечикиб чиқди ва: «Хўжам сизга салом айтдилар. Саволингиз бўлса, қоғозга ёзиб берсангиз, жавоби чиқар экан. Гаплашмоқчи бўлсангиз, мажлис кунини ўзингиз биласиз, ўша куни келар экансиз», деди.

Амир қизга: «Сен у кишига менда Макка волийининг муҳим мактуби борлигини айтгин», деди.

Қиз кириб, қўлида курси билан қайтиб чиқди ва уни ерга қўйди. Сўнгра имом Молик виқор ва ҳайбат билан чиқиб келди. У киши узун бўйли, хушқомат эканлар. Яхшилаб жойлашиб ўтирдилар. Волий мактубни узатди. Имом уни ўқиб, бу одам ундоқ киши, унга у қил, бу қил, деган жойига келганда мактубни ирғитиб юбордилар ва: «Субҳаналлоҳи, Расулуллоҳнинг илми ҳам восита билан олинадиган бўлдими?» дедилар.

Волий тутилиб, гапира олмай қолди. Шунда мен олдинга чиқиб, ўз ҳолим ва ҳожатим ҳақида гапира бошладим. У киши менга бироз қараб турдилар-да: «Исминг нима?» дедилар.

Мен: «Муҳаммад!» дедим.

У киши, «Эй Муҳаммад! Аллоҳга тақво қил, гуноҳлардан четда бўл, сенинг шаънинг улуғ бўлади», дедилар».

Албатта, имом Моликнинг бундай ҳолати, у кишининг Ислом оламидаги шон-шуҳрати ўша давр ҳукмдорларининг тинчини бузар, ҳадикларини оширар эди. Буни яхши билган чақимчи ва иғвогарлар турли бўҳтонлар тўқишарди. Улар, имом Молик сизларнинг мулкингизга норози, шунинг учун фалон масалада ундоқ деди, пистонида бундоқ деди, деб у кишининг дийний фатволарини сиёсатга йўйишар эдилар.

Шундай иғволар оқибатида, ўша пайтдаги халийфа Мансурнинг амакиси, Жаъфар ибн Сулаймон имом Моликни жазолашга фармон берди. У кишининг кийимларини ечиб, кейин қамчилаб уришди. Қўлларидан тортиб, куракларини чиқаришди. Бу ҳодиса зудлик билан Ислом оламига тарқалди. Ҳамма норози бўлди. Африкадаги диёрлар халийфаликка очиқ қарши чиқдилар ва имом Молик мазҳабларини расман қабул қилганликларини эълон қилдилар. Вазият шу даражага ўзгардики, ўша пайтда аббосийлар ҳукмига қарши қуролли кураш олиб бораётган Муҳаммад Нафсузакийя бошлиқ ҳаракат ҳукмдорлар учун имом Молик хатари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди.

Буни яхши англаган халийфа Мансур волий Жаъфар ибн Сулаймонни ишдан бўшатди ва пойтахтга олиб бориб жазолади.

Уламоларга беҳурматлик қилганлар доимо тезда жазога гирифтор бўладилар.

Сўнгра, халийфа имом Моликни пойтахтга чақирди. Ҳаж вақтида келиб халийфа Мансур шунчалик ёлбориб, иззат икром кўрсатдики, имом Молик ноилож қолиб, хатони кечирганларини, Мансур илмли, фазлли одам эканини кишиларга айтишга мажбур бўлдилар.

Ана шундай қаҳрамонликларга тўла улуғ ҳаёт ҳижрий 179-санада ниҳоясига етди. Имом Молик розияллоҳу анҳунинг ҳам ҳадисда, ҳам фиқҳда пешқадамликларини Ислом уммати, хусусан, улуғ уламолар тан олганлар.

Имом Молик ўз фиқҳий мазҳабларига биринчи манбаъ қилиб Қуръони Каримни, иккинчи манбаъ қилиб Суннати набавияни олганлар. Баъзи олимлар, имом Молик фиқҳининг учинчи масдари саҳобаларнинг гапи бўлган, дейишади. Чунки, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар. У кишининг тарбиясини топганлар. Шунинг учун, шаръий масалаларда ўзларича, эътиборсиз нарсаларни айтмайдилар.

Аммо кўпчилик уламолар, Қуръон ва Суннатдан сўнг имом Молик мазҳаби манбаъларида тартибни эътиборга олмаса ҳам бўлади, дейишади. Лекин шу нарса аниқки, имом Молик Мадийнаи Мунаввара аҳолисининг амалларини қиёсдан устун қўядилар. Эҳтимол, у кишининг доимо Мадийнада яшаганлари бунга сабаб бўлгандир. Мадийна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари яшаган шаҳар, албатта, шаҳар аҳолиси улардан кўп нарсани ўрганганлар. Шунинг учун ҳам, уларнинг ишини манбаъ қилиб олса, бўлади.

Имом Молик ўз фиқҳларида бошқа имомлар ишлатган барча услуб ва манбаълардан фойдаланганлар. Баъзи ўзига хосликларини юқорида зикр қилдик.

Аллоҳ таоло имом Моликни раҳмат айласин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган меҳнатларининг савобини кўпайтириб берсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф