loader
Foto

Имом Шофеъий ва у кишининг мазҳаблари

Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150-санада, имом Абу Ҳанифанинг вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига мансубдирлар.

Кичикликларидан бошлаб илм талаби ила машғул бўлдилар. Арабларнинг одати бўйича, саҳродаги қабилалардан Ҳузайл қабиласи билан бир неча йил яшаб, уларнинг шеър ва хабарларини, араб тили фасоҳати, балоғатини ўргандилар.

Маккага қайтиб келганларида баъзи фозиллар у кишига: «Тил, фасоҳат ва заковат эгаси бўла туриб фиқҳ ўрганмасанг бўлмайди, агар шуни қилсанг, ўз замонангнинг улуғи бўласан», дейишди. Худди ўша фозиллар имом Молик ибн Анас ҳузурларига бориб таълим олишни маслаҳат беришди. Шундай бўлди ҳам.

Имом Шофеъий ўз замонасида машҳур бўлган илмларнинг кўпида пешқадам бўлиб етишдилар.

Замонасининг йирик алломаларидан бири Юнус ибн Абдул Аъло бундай дейди:

«Шофеъий араб тили ҳақида гапирса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар шеърдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим. Агар фиқҳдан сўз очса, бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам, дер эдим».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса: «Сиёҳдон кўтарган ҳар бир кишининг зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бор», дейдилар.

Илмларни мукаммал эгаллаб бўлган имом Шофеъий Зам-зам қудуғига яқин жойдан макон олиб, дарс айтишни бошлайдилар. У ерда ажойиб бир ҳусн ила ўтириб, тавозуъ ила одамларни илмларидан манфаатлантирар, саволларига жавоб берар эдилар. Аста-секин у кишининг ихлосмандлари, шогирдлари кўпая бошлади.

Бошқа бир мазҳабга кейинроқ асос солган имом Аҳмад ибн Ҳанбал у кишининг бош шогирдларидан ҳисобланади.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан фарқли ўлароқ имом Шофеъий сафарни ёқтирар ва кўп сафар қилар эдилар.

Гўдакликларида Fаззадан Ҳижозга ота-оналари кўтариб келишган бўлса, Ҳижозда ўзлари шаҳар, қишлоқ ва саҳро кездилар. Маккаи Мукаррама, Мадийнаи Мунаввара орасида борди-келдилари кўпайди. Вақти келганда иш билан Яманга бордилар. Ироққа бир неча марта сафар қилдилар.

Имом Шофеъий қаерда бўлса ҳам илм, одоб, дийндорлик, тақво уруғларини сочар эдилар. Ўша вақтнинг уламолари имом Шофеъийни тақдирлаб, илмларига қойил қолиб, пешволикларини тан олдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал имом Шофеъийни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ бу умматга ҳар юз йил бошида унинг дийнини янгилайдиган кишини юборади», деган ҳадисларига биноан, «Иккинчи ҳижрий асрнинг мужаддиди ҳисобланади», дейдилар.

«Тобақотуш Шофеъийя» китоби муаллифи Абул Осим ал-Ибодий эса, имом Шофеъий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Қурайшни сўкманглар, унинг олими ер атрофини илмга тўлғизади», деган ҳадисларидаги «Қурайш олими»дир, дейди.

Барча роббоний уламолар қатори имом Шофеъий ҳам сиёсатчиларнинг шубҳаси ва ҳадигидан четда қолмадилар. У кишининг халқ оммаси ичидаги чексиз обрўси ўша вақт ҳукмдорларини ташвишга соларди. Ҳукумат тарафдорлари Имомнинг бир оғиз сўзидан ҳам айб топишга интизор бўлиб турардилар. Ниҳоят, иғвогарлар ўз мақсадига эришдилар.

Имом Шофеъий Нажронда ишлаб турган пайтларида давлатга қарши чиқишда айбланиб, тўққизта алавийлар (ҳазрати Али авлодлари) билан бирга ушланиб, Бағдодга юборилди.

Ўша вақтда Ҳорун ар-Рашид халийфа эди. Ушланганлар бир-бир сўроқ қилиниб, бошлари таналаридан жудо қилинди. Охири навбат имом Шофеъийга келди.

Шунда, Аллоҳнинг инояти билан, чуқур илм, ўткир ақл-заковат ва ҳушёрлик сабаб бўлиб, имом Шофеъийнинг қил устида турган ҳаёти омон, қилич остида турган боши соғ қолди.

Халийфа Ҳорун ар-Рашид у кишининг гапларидан қаноат ҳосил қилди ва бошқа масалаларни сўрай бошлади ва ниҳоят, Имомдан ўзига ваъз-насиҳат қилишни сўради. Ваъзни эшитиб, йиғлади ва имом Шофеъийга эллик минг танга бериб, от миндирди.

Имом Шофеъий халифанинг олдидан отни миниб чиқиб кетдилар. Дарвоза олдига етганда у ерда турганларга тангаларни бўлиб бериб, йўлларида равона бўлдилар.

Имом Шофеъий ҳижрий 204-санада вафот этдилар.

Имом Шофеъий ўзларининг фиқҳий мазҳабларига бошқа имомларимиз каби Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсни асос қилиб олдилар. У киши имом Абу Ҳанифа ва имом Моликдан кейин вояга етганликлари туфайли икковларининг ҳам мазҳабларини, илмий меросларини яхшилаб ўрганиш имконига эга бўлдилар. Имом Молик ҳузурларида шогирд бўлиб, дарс олдилар.

Ушбу омиллар имом Шофеъийнинг фиқҳий мазҳабларида ҳам ўз изини қолдирди. У киши Абу Ҳанифанинг райъ–фикр мактабидан ҳам фойдаланиб, ўртача бир мактабга асос солдилар.

Райъ мадрасасидагилар фиқҳий масалаларда баҳс-мунозара ва тортишувлар йўлидан юрган кишилар эди. Ҳадис мадрасаси соҳиблари эса, ҳар бир масалага ҳадис келтиришга иштиёқлари зўр эди.

Имом Шофеъий эса, ўрни келганда, ҳар иккисини ишлатишни йўлга қўйдилар.

Имом Шофеъий фиқҳий масалаларни ечиш билан бирга, уларни қайси қоида асосида ечганларини ҳам баён қилиб борар эдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, у киши янги илм–«Усулул фиқҳ» илмига асос солдилар. У кишидан олдин бу илм умуман йўқ эди.

Имом Шофеъий ижмоънинг шартлари, унинг қай даражадагиси тўғри-ю, қайсиниси нотўғри эканини билдирувчи аломатларни белгилаб бердилар.

Худди шунингдек, қиёснинг ҳам чегаралари ва шартларини баён қилдилар.

Имом Шофеъий бошқа фақиҳлар ўзларига манбаъ деб ҳисоблаган «Истиҳсон»ни қабул этмадилар. Уни хато деб тушундилар.

Бу улуғ Имомнинг «ар-Рисола» ва «ал-Умм» номли китоблари ҳозиргача бутун Ислом оламида машҳурдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф