loader
Foto

Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз.

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. У киши фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввал туғилганларидир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Собит ибн Зутий асли форс бўлган. Боболари эса, асли кобуллик бўлган. Оталари Термиз, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб охири Куфада қарор топган ҳамда Абу Ҳанифа айни шу шаҳарда дунёга келганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзига ҳамда зурриётига барака тилаб, у кишининг дуоларини олган эди.

Кўпчилик тарихчилар, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳини тобеъинлардан кейинги авлод мусулмонларидан, дейдилар. Аммо баъзилар у кишининг тобеъин бўлганлари, саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарз-дир» ҳадисини ривоят қилганларини таъкидлайдилар.

Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлар. Аммо уларнинг суҳбатларида бўлмаганлар. Саҳобани кўрган шахс тобеъин бўлади, деган уламолар «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин», дейдилар. Саҳобани кўрса-ю, суҳбатини топмаса тобеъин бўлмайди, дейдиган уламолар «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлмаган», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтнинг катта шаҳари бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осимдан Қуръони Каримни ёд олдилар.

Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилар эдилар. Ипак сотар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар. Кўпчилик эса, у кишидаги ақл-заковот ва ўткир зеҳн ила илмга уриниш лозимлигини таъкидлар эди. Охири, бу фикр Абу Ҳанифанинг ўзларига етказилди.

Ибн Ҳажар ал-Маккий ёзади:

«Абу Ҳанифа айтдики:

«Бир куни Шаъбийнинг олдидан ўтиб қолдим. У ўтирган экан. У мени олдига чақириб:

«Кимга аралашасан?» деди.

«Бозорга аралашаман», дедим.

«Бозорни айтаётганим йўқ. Уламоларга аралашишни айтмоқдаман», деди.

«Мен уларга оз аралашаман», дедим.

«Ундоқ қилма! Илмга назар сол! Уламолар мажлисига бор! Мен сенда сергаклик ва ҳаракатни кўрмоқдаман», деди.

Унинг гапи менга таъсир қилди. Бозорга боришни тарк қилиб, илм олишни бошладим. Унинг сўзи ила Аллоҳ менга манфаат берди».

Дастлаб у киши ақоид илмини ўргандилар. Калом илмида донг таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтганлар:

«Мен каломда тортишиш қобилияти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил, ундан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларнинг Абозия, Суфрия деган тоифалари ва бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда каломни илмларнинг афзали деб билар эдим. Бу калом дийннинг аслидир, дер эдим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим. Тадаббур қилдим».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари имом Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Ҳанифа қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Каломга назар солар эдим. Ҳатто, бунда менга бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Кунлардан бир кун бир аёл келиб:

«Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлди. Неча талоқ қилади?» деди.

Ҳаммоддан сўрашга ва қайтиб келиб менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўради. Бас, у: «Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ қўяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча тек қўяди. Қачон ғусл қилса, бошқа эркаклар учун ҳалол бўлади», деди. Аёл қайтиб кетди.

Мен, каломга ҳожатим йўқ, дедим-да, кавушимни олиб Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Мен унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишар эди. Бас, у: «Ҳалқанинг бошида, менинг рўбарўмда Абу Ҳанифадан бошқа ўтирмасин!» деди».

Абу Ҳанифанинг устозлари

Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарз¬дир» ҳадисини ривоят қилганларини, шунингдек, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлари ва кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуддан Қуръони Каримни ёд олганлари зикр қилиб ўтилган эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобеъинлардан илм олгани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. У киши қуйидаги зотлардан илм олганлар:

1. Шаъбий. Асарга кўп этибор берган зот эди.

2. Икрима розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

3. Нофеъ розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

«Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим».

5. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек, Ҳаммод ибн Сулаймон эди. Имоми Аъзам у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

«Тарихи Бағдод» китобида имом Зуфардан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралари ривоят қилинади:

«Унинг суҳбатида ўн йил бўлганимдан кейин нафсим риёсатни тилаб қолди. Ундан ажраб ўзим учун алоҳида ҳалқа қурмоқчи бўлдим. Ўша ишни қилиш мақсадида бир куни кечқурун масжидга чиқдим. Масжидга кириб унга кўзим тушганида, ундан ажрашни кўнглим кўтармади. Бориб, олдига ўтирдим.

Ўша куни Басрада унинг қариндоши вафот этгани ҳақида хабар келди. Ўша кишининг ундан бошқа меросхўри йўқ экан. Менга ўзининг ўрнига ўтиришимни амр қилди. Мен саволларга берган жавобларимни ёзиб бордим. У қайтиб келганида масалаларни кўрсатдим. Уларнинг сони олтмишта эди. У қирқтасини тўғри, йигирматасини нотўғри деди. Шунда, ўлгунича ундан айрилмасликка қасам ичдим ва ўлгунича ундан айрилмадим».

Шу билан бирга, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бош-қа устозлардан ҳам дарс олар эдилар. У киши жуда кўп ҳаж қилар, Макка ва Мадийнада кўплаб уламолар билан илм мажлислари қурар эдилар. Айниқса, тобеъинлардан ҳадис ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Нафсуззакия ва бошқа улуғ кишилардан ҳам илм олганлар.

6. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидийн розияллоҳу анҳу. У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзга кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан икки йил дарс олганлар.

7. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу. Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман», деганлар.

8. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.

9. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидийн. Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун «Боқир» лақабини олган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у зот билан Мадийнаи Мунавварада учрашганлар.

Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қирқ ёшда эдилар. Устознинг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан уларни номма-ном зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг машҳур шогирдларидан баъзиларини эсга оламиз, холос.

1. Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий бўлиб, Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар.

У киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил ўтиб вафот этганлар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги китобларнинг муаллифидир:

1. «Китобул Осор».

Бу китобни Юсуф отасидан, у киши эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобийдан ёки ўзлари рози бўлган тобеъиндан ривоят қилганлар.

«Китобул Осор»да тобеъинлар ва Ироқ фақиҳларининг кўпгина фатволари ҳам жамланган.

2. «Ихтилофи Ибн Абу Лайло».

Бу китобда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан Қози Ибн Абу Лайло орасидаги хилофли масалалар жамланган. Муаллиф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларини олган. Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳидан у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоят қилганлар.

3. «Ар-Радду Ала сиярил Авзоъий».

Бу жуда ҳам пухта китоб бўлиб, унда муаллиф Авзоъийнинг уруш ҳолатида мусулмонлар билан бошқалар орасидаги алоқалар ва жиҳодга тааллуқли нарсалар борасидаги ихтилофларини баён қилган. Унда ироқликларнинг фикрларига ён босилган.

4. «Китобул Харож».

Бу ўта муҳим китобда Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи Ислом давлатининг молиявий ишларига собит низом тузганлар. У киши унда ўз шайхларига хилоф қилган нарсалар ҳам зикр қилинган.

2. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи.

У киши ҳижрий 132-санада туғилиб, ҳижрий 189-са¬нада вафот этганлар. У кишига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан узоқ вақт дарс олиш насиб қилмаган. Аммо у киши таҳсили илмни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида давом эттирган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳнинг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиғиб китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълийф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳнинг асосий манбаълари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китобул асл». Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».

2. «Китобуз-зиёдот».

3. «Китобул Жомеъус-Сағир».

4. «Китобул Жомеъул Кабир».

5. «Китобус-Сиярис-Сағир».

6. «Китобус-Сиярил Кабир».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси–«Китобур-Радди ала аҳли Мадийна» ва «Китобул Осор» худди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

3. Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (204 ҳ.с.да вафот этган).

Бу зот Асфиҳонда туғилиб, Басрада вафот этган. Аввал муҳаддислардан бўлиб, кейин фиқҳга ўтган. Қиёсда жуда ҳам моҳир бўлиб, бу борада Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ичида энг пешқадами бўлганлар.

4. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (204 ҳ.с.да вафот эган). Аввал Абу Ҳанифага ва у кишидан кейин Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳиларга шогирд бўлган. Ҳадислар ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавл¬ларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган.

Абу Ҳанифанинг сифатлари

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазийлатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга тижоратни ҳам олиб борар эдилар. У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида тожир сифатида тўрт хислат алоҳида намоён бўлиб турган, дейдилар. У киши кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта дийндорлик билан ажралиб турганлар.

Кўпчилик, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.

Бир аёл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига ипак ки-йим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:

«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.

«Юз», деди.

«Бу юздан кўп туради», дедилар.

Аёл юз-юздан қўшиб тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса «Бу ундан кўп туради» дейишда давом этдилар. Охири аёл:

«Мени масхара қиляпсанми?» деди.

«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.

Аёл бир кишини олиб келди. У киши кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша нархга уни сотиб олдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тижоратда ўта ҳалол бўлганлар. Ўзлари фойда кўраётганда қарши тарафнинг ҳам зиён кўришини мутлақо истамаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра унга маслаҳат беришни афзал билганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши ҳижрий 130-санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб, аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Куфага қайтиб келдилар.

Дийний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Етук олим бўлиш учун илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.

Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат имом Абу Ҳанифа ҳаётларида ҳам бўлган. У кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Куфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.

Халийфа Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Куфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халийфа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.

Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халийфа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халийфа Имомга, ёлғон айтаяпсан, деган. Имом Абу Ҳанифа, дарҳол, сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўлаяпсан, деганлар.

Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. Ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар, у киши аёвсиз фош қилар, шу билан бирга, оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. Имоми Аъзам ҳижрий 150-санада вафот этдилар.

Абу Ҳанифанинг қадри

Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни «улуғ имом», «катта имом», деб номлайди. Ҳақийқатан ҳам, у киши бунга сазовор зотдирлар. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, у кишининг қадрларини ҳам уламолар, имомлар биладилар.

Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби имом Шофеъий:

«Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар.

Бошқа бир мазҳаб соҳиби имом Моликдан одамлар «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.

Машҳур имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.

Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ҳанифа ўз маз-ҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, Суннати набавия, ижмоъ, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: «Мен, аввало, ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар.

Баъзилар, Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имоми Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар.

Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса, тоҳарат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар».

Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни нассдан (яъни ҳадисдан) устун қўяди, деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар.

Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.

Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси, дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди, бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришган-у, Имоми Аъзам эса, фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имоми Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.

Мисол учун, имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадийнаи Мунавварада, ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.

Имоми Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан араб бўлмаган халқлар билан яшаганлар. Эҳтимол, яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаа қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади.

Хусусан, Али Қорининг «Мухтасари Виқоя» китобига ёзган «Шарҳи Ниқоя» номли асарини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг мазкур китоб-ларида Ҳанафий мазҳабига қилинган юқоридаги туҳматга илмий асосда жавоб берилган. У киши Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳақида сўз юрита бориб қуйидагиларни ёзади:

«Билки, бизнинг уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим бошқалардан кўра Суннатга кўпроқ эргашадилар. Чунки, улар мурсал (ровий саҳобийнинг номи тушиб қолган) ҳадисни қабул қилишда салаф уламоларига эргашганлар. Улар мазкур ҳадисни муснад каби деб эътиқод қиладилар. Саҳобаларнинг мурсалларини қабул қилишга барча низосиз иттифоқ қилган бўлсалар ҳам. Тобарий, уламолар мурсални қабул қилишга ижмоъ қилганлар. Икки юзинчи сананинг аввалигача бунга улардан бирортаси ҳам хилоф қилмаган, деган. Ровий ўша (биринчи хилоф қилган) киши Шофеъий бўлса керак, деди.

Ҳофиз Абу Амр ибн Абдулбарр ҳам ўзининг «Там¬ҳид» номли асарида шунга ишора қилган. Бас, ким бизнинг асҳобларимизга Суннатга хилоф қилишни ва райъ ва қиёсга эътибор беришни нисбат берса, батаҳқиқ, улкан хато қилган бўлади. Чунки, бизда саҳобийга тўхтаган ҳадис қиёсдан устундир. Шунингдек, заиф ҳадис ҳам. Бас, ким зикр қилинган нарсаларда бизга хилоф қилса, бу унинг фосид фикридан ва касодга учраган қиёсидандир».

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи баҳсларининг давомида яна қуйидагиларни ёзади:

«Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида Суннатдан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундоқ олимларга Тоҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар мисол бўла оладилар.

Асҳобларимиздан кейинги даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг ишларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга Суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни мазкур ёмон хислат ила айблаш ҳалол эмас».

Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим фазийлатли шайх Ашраф Али Тоҳанавийнинг кўрсатмалари ила «Эълоус Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб, улкан меҳнат самараси ўлароқ, Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар, аввало, мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар, яхши бўлади.

Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизнинг барчасини, жумладан, Имоми Аъзамни раҳмат айласин. Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин.

Ҳанафий мазҳабнинг нақл қилиниши

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи алоҳида катта фиқ-ҳий китоб таълийф қилмаганлар. Баъзи бир «Ал-Фиқҳул Акбар», «Ал-Олим вал Мутааллим», Усмон ал-Баттийга ва Қадарияларга раддия тарзида ёзган рисолаларига ўхшаш кичик рисолалар ёзганлар. Бу рисолаларнинг барчаси илми калом ва мавъизага оиддир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи фиқҳда алоҳида китоб ёзмаганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фикрлари ва ижтиҳодлари самараларини у кишининг шогирдлари нақл қилганлар ва китоб шаклига келтирганлар.

Ҳанафий мазҳабининг тарқалиши

Ҳанафий мазҳаби, ўзидаги хусусиятлар омил ўлароқ, тез ва соз ўсди, тезликда турли ўлкаларда кенг тарқалди. Унинг ўсиши ва тарқалишининг бош омиллари учта:

1. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари кўплиги ва уларнинг ўз устозлари ижтиҳоди самараларини тарқатишга катта аҳамият беришлари. Улар ҳанафий фиқҳининг асосларини баён қилдилар ва устозларига оз нарсада хилоф қилиб, кўп нарсада мувофиқ бўлдилар.

2. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларининг шогирдлари ҳам ҳукмларнинг далил ва сабабларини ҳаммага баён қилиб бердилар.

3. Ҳанафий мазҳаби беш юз йилдан ортиқ даврда аббосийлар давлатининг расмий мазҳаби бўлиб тургани. Халийфа Ҳорун ар-Рашид имом Абу Юсуфни қози этиб тайинлаган. Ўз навбатида, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бошқа қозиларни тайинлар эдилар.

Ҳанафий китоблар мартабалари

Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. бу китоблар уч даражага бўлинади.

Биринчи даража.

Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади.

Мазкур даражадаги китобларни «Зоҳирур ривоя» деб ҳам аталади. Улар имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, имом Муҳаммад томонидан таълийф қилинган. Улар қуйидаги китоблар:

1. «Китобул асл». Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».

2. «Китобуз-зиёдот».

3. «Китобул Жомеъус-Сағир».

4. «Китобул Жомеъул Кабир».

5. «Китобус-Сиярис-Сағир».

6. «Китобус-Сиярил Кабир».

Иккинчи даража.

Бу даражадаги китобларни «Наводир» деб аталади.

Улар мазҳабнинг катта имомларидан ривоят қилинган бўлиб, мазкур олти китобга кирмай қолган масалалардир.

Наводир китобларга имом Муҳаммаднинг ўша маш-ҳур олти китобидан бошқа «Касаниёт», «Ҳоруниёт», «Журжониёт», «Руқайёт» китоблари ва Ҳасан ибн Зиёднинг китобларига ўхшаш китоблар киради.

Машҳур олим Ибн Обидийн бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:

«Ўшандоқ китоблар жумласига Абу Юсуфнинг «Амолий» китоблари киради. «Амолий» имлонинг жамъидир. Бунда, мужтаҳид ўтирганда унинг атрофига шогирдлари қоғоз-қаламларини олиб ўтиради. Сўнг, олим илмда Аллоҳ унга билдирган нарсани ёддан гапиради. Шогирдлар уни ёзиб боради. Кейин, ёзган нарсаларини жамлаб китоб қиладилар. Ана ўшани «имло» ёки «амолий» деб атайдилар. Ўтган фуқаҳо, муҳаддис ва араб тили олимларининг шундоқ одати бор эди».

Бу даражадаги китоблар аввалги даражадаги китоблардан паст ҳисобланади. Агар бир масала усулда ва наводирда келган бўлса, усулдагиси олинади.

Учинчи даража.

Фатволар ва воқеъалар китоблари.

Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. «Кейин келган мужтаҳидлар»дан мурод Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб, хабарлари табақот китобларида келган.

Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳиларнинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон ал-Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшашлар киради.

Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун, Нотифий «Мажмаъул навозил» ва «Воқеъот»ни, ас-Содр аш-Шаҳид «Воқеъот»ни жамлаган.

Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса, Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб, ҳар бир соҳани айри-айри келтирдилар. У киши аввал усулга оид масалаларни, кейин наводирларни келтирган.

Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки, усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеъотлар эса, уларнинг қавллари асосида издошлари ечган масалалардир.

Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан Ҳанафий мазҳаби ташкил бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф