loader
Foto

Зуҳо сураси 3-оят

(Эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!

Қасам мана шу оят учун ичилган. Бу суранинг нозил бўлиш сабаби хусусида ҳар хил гаплар айтилган. Баъзиларнинг айтишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса ҳақида сўрашса ёки бирор нарса талаб қилишса, у зот алайҳиссалом «Инша Аллоҳ», деб истисно қилмаган ҳолда «Шу ишни эртага қиламан ёки унинг жавобини эртага айтаман», дер эдилар. Ана шунинг учун ҳам у зотга бир неча кунлар давомида ваҳий келмаган. Натижада кофирлар: «Муҳаммаддан Рабби воз кечди, уни ёмон кўриб қолди», - деганлар.

Яна баъзи муфассирлар айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келиши кечикканидан қаттиқ бетоқат ва нотинч бўлдилар. У зотнинг бетоқат ва нотинч бўлганларини кўрган Хадича розияллоҳу анҳо: «Менинг фикримча, Раббингиз Сиздан воз кечди, Сизни ёмон кўриб қолди», деганида «Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» - ояти нозил бўлган.

Бу суранинг нозил бўлиши аслида қандай бўлгани бизга маълум эмас. Агар қурайшликларнинг гапи учун нозил бўлган бўлса, ичилаётган қасам уларнинг гапларини рад этиш учун ичилган бўлади. Иккинчи гап, яъни бу сура Хадича розияллоҳу анҳонинг гапи учун нозил бўлган, деган фикрга келсак, бундай бўлиши ҳақиқатдан йироқдир. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломдан воз кечмаганини ҳам, у кишини ёмон кўриб қолмаганини ҳам Хадича онамиз билганлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг ҳеч биридан воз кечмайди, деб эътиқод қиладиган ҳар бир мўмин-мусулмонга ҳам бу нарса маълумдир. Чунки Хадича розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рабби воз кечмагани ва у зотни ёмон кўриб қолмаганини Аллоҳ таоло қасам ичмаса ҳам, тасдиқлар эдилар. Шунинг учун қасам ичишда ҳеч қандай маъно йўқдир. Юқорида билдирган фикрларимиз (Зуҳо сурасининг нозил бўлиши сабабларидан бири деб айтилган) бу сабаб ҳақиқатдан йироқ эканига далил бўлади.

Сўнгра оятни улар айтгандан бошқасига буриб таъвил қилиш бизнинг фикримиздагига ўхшашроқ ва улар айтган гапларга яқинроқ бўлар эди. Яъни Пайғамбар алайҳиссалом мақсадлари ва одатлари ўзларига қарши чиққан кишилар орасидан фаришталардан иборат ёрдамчилари ва тарафдорлари йўқ бўлганларини ўлдириш ва ҳалок қилиш бўлган фиръавнлар ва золимларга пайғамбар қилиб юборилган эдилар. Қолаверса, у зотнинг қўлларида одамларнинг диллари ва қалбларини ўзларига мойил қилишда фойдаланай десалар, ортиқча мол-давлат ва кенглик ҳам мавжуд эмасди. Чунки бир инсонни унинг душманлари эканини била туриб душманлари ихтиёрига топширган, у билан душманлари ўртасини ҳеч бир ёрдамчиларсиз, тарафдорларсиз ва кенг мол-давлатсиз холи қолдирган киши ҳақида у ўша инсонни хор қилди, ташлаб қўйди, ундан воз кечди, деб айтилади. Чунки одатда бу каби ишлар ана шундай инсонларга нисбатан амалга оширилади. Ана шу пайтда «Ундан воз кечди, уни ёмон кўриб қолди», - дейдилар. Мушрикларнинг: «Унга(пайгамбарлигини тасдиқлайдиган) бирор фаришта туширилиб, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлса эди. Еки унга (осмондан эутиёжи учун) хазина ташланса эди ёхуд унинг учун бир бог бўлиб, у (бог)дан овқатланса эди»,(Фурқон сураси, 7-8-оятлар.) «Бу Қуръон икки шаҳар(нинг бири)дан бўлган улуг одамга нозил қилинганида эди»(Зухруф сураси, 31-оят.) ва шу каби сўзлари ана шу маънода келган.Бинобарин, бу оятни муфассирлар ўзлари айтган маънога буриб таъвил қилмаганларида уни биз айтиб ўтган маънога буриб таъвил қилиш тўғрироқ бўлар эди.

Мушрикларнинг: «Ҳақиқатан, Рабби ундан воз кечди», - деган сўзларида шу нарсага далолат борки, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини билганлар, ҳатто буни эътироф қилиб шу гапни айтганларидан сўнг: «Раббингиз Сиздан воз кечгани йўқ» ояти нозил бўлган.

Иккинчидан, анавилар айтган гапга асосан, агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (Қуръонни) ўзларидан тўқиб чиқарганларида уни тўқиб чиқаришдан тўхтамаган бўлар эдилар. Улар: «Муҳаммаддан Рабби воз кечди», - демасликлари учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом тўқиб чиқаришда мудом давом этар эдилар. Шундай экан, ваҳийнинг тўхтаб қолиши шуни кўрсатадики, Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғига асосан хабар берганлар, шу ишга буюрилган бўлганлар.

Сўнгра Аллоҳ таоло (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) манави фиръавнлару золимларга анави кофирлар Муҳаммадни Рабби хорлаб қўйди, ташлаб қўйди, ёмон кўриб қолди, демасинлар учун пайғамбар қилиб юборилмаган эканини, бироқ етказишга

буюрилган нарсани етказиш керак бўлган кишиларга етказишлари йўлида у зотга ёрдам ва кўмак берган ҳолда пайғамбар қилиб юборган эканини, у зотни ёмон кўриб қолмаганини, аммо олиб келган динлари ғолиб бўлиши, номлари кўп тилга олиниши учун танлаб, саралаб олганини хабар қилмоқда. Ана шу ишларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдиган улкан аломат бор. У ҳам бўлса шуки, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига қарши чиққанларни ўлдириш ва йўқ қилишни мақсад қилиб олган кимсаларга пайғамбар қилиб юборилганлар. Оқибатда уларнинг барчаларини енгиб, ғолиб келганлар, ҳатто ўзларига яқин ёки ўзларидан олисда бўлган кишилар орасида ҳам исломни ошкор қилганлар.

Абу Мансур Мотуридийнинг

"Таъвилот ал Қуръон"китобидан