loader
Foto

Фитна

Сўнгги вақтларда дунё фитна олови ичида қолгани рост. Курраи заминнинг турли нуқталарида бўлаётган низо, талотўп, муҳорабалар замирида диний эътиқод омили ётгани сир эмас. Муаммонинг оғриқли жиҳати шундаки, диний экстремизм, мутаассиблик, терроризм деган балони Исломга тамға сифатида ёпитишришга уринишлар яққол намоён бўлмоқда. Тарих тирик гувоҳ: мусулмонлар ҳеч қачон ташқи душмандан енгилмаган, уларнинг мағлубиятига ички фитна ва низолар сабаб бўлган. Ўзи шундоғам турли оқим ва мазҳаблар ўртасидаги низо ва тортишувлар мўминлик даъвосида юрган айрим элат ва қабилларни бир-бирига қонли душман даражасига олиб келди. Йигирма биринчи асрга келиб, мусулмонлар ўртасидаги бундай ноаҳилликдан Исломнинг чин душманлари усталик билан фойдаланмоқда. Ироқ, Сурия, Ливия, Ливан, Яман... хуллас, бир пайтлар дунё тамаддунига улкан маънавий мероси билан ҳисса қўшган мамлакатлар эндиликда вайронага айланди, халқи дарбадар, келажаги эса ҳамон катта сўроқ остида. Бу ерларда бўлаётган урушлар ФИТНА аталмиш кабиҳ иллатнинг аччиқ ҳосиласидир. Ҳолбуки, Қуръони каримда «...фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир» (  Бақара сураси, 191), дея марҳамат этилган. Шундай экан, қани илоҳий амрга итоат, қани Сарвари Оламнинг даъватларига лаббай, деб жавоб бермоқ?

Дунё харитасига назар ташлар экансиз, қотилликлар ва хунрезликлардан азоб чекаётганларнинг кўпи Ислом мамлакатларининг мусулмон аҳолиси эканига гувоҳ бўласиз. Афғонистон, Фаластин, Ироқ, Сомали ва Покистонда хунрезликлар, қотилликлар, вайронгарчиликлар ҳукмрон. Исломий фирқалар бир-бирларини муртадликда айблашмоқда. У ер-бу ерда «хоин»ларнинг қони «ҳалол»лиги, жаннатдан «маҳрум»лиги, мусулмон жамоасидан ҳайдаб юборилишини эълон қилувчи фатволар ҳам пайдо бўлаётир. Ислом миллатига нима бўлди? Тинчлик, дўстлик, биродарликда яшашга буюрган шариат қонунлари қаёқда қолди? Бирор киши Буюк Яратувчининг: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг» (Оли-Имрон, 105) ва «Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирганлар, ҳеч шубҳасиз, оға-инилардир» (Ҳужурот, 10) деган ваҳийларига амал қиляптими?

Бирор киши Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом): «Бизга қарши қурол кўтарган бизлардан эмас» деган сўзларига эътибор беряптими? Бирор киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Сизларнинг жонингиз, молингиз ва шарафингиз ушбу Муқаддас шаҳарда ушбу Муқаддас ойнинг ушбу Муқаддас куни каби бир-бирингизга муқаддас бўлиши»ни тилаб қилган дуоларини эслармикин?

Дунёнинг бошқа халқлари ишлаб чиқариш, қурилиш, ижод, ихтиро ва кашфиётлар билан машғул бўлгани ҳолда нега Ислом уммати душманлик, фитнабозлик, рақобат, ўзаро муртадликда айблашларга кўмилиб кетди. Ислом олами жаҳон матбуоти ва телевидениесини мунтазам янгилик билан «таъминлаб» турибди.

Телевизор экранларида террор қурбонларининг пажмурда жасадларини, етим қолган болалар, тул аёллар, вайрона уйлар, портлатилган кўприклар, кули кўкка совурилган шаҳарлар, издан чиққан иқтисод, қўрқувдаги одамлар, қотиб қолган тараққиётни қайта-қайта кўраверамиз.

Уламолар, мусулмон давлатларининг арбоблари ва оқиллар нега сукут сақлашяпти? Бу қон тўкишлар қачонгача давом этади? Тарихнинг бу даҳшатли саҳифасини қачон ёпамиз? Бу телбаларча ўйин қачон барҳам топади? Қачон онгимиз ва ақлимиз ўзимизга қайтиб, яна меҳр-шафқат, тотувликка чорловчи, душманлик, нафрат ва ихтилофлардан қайтарувчи Қуръон ва Суннатга мувофиқ ҳаёт кечира бошлаймиз?

Ҳимоясиз одамларга ва айбсиз болаларга қарши қурол кўтарган қотилларда наҳотки заррача уят қолмаган бўлса?! Ахир Ислом ўлкаларида қашшоқлик, ишсизлик ва ҳақсизликлар каммиди? Кулфатларимиз устига янги бахтсизликлар ёғдираётган янги оқимлар етарли эмасмиди?

Дунё иқтисодий, ақлий ва руҳий тараққиёт билан банд бўлган бир пайтда бизнинг ўлкаларимиз ҳалок бўлганлар, мажруҳга айланганлар ва бедарак йўқолганларга аза тутиш билан овора. Истаган телеканалингизни очинг, унда мусулмон мамлакатларида содир бўлаётган ва ҳар қандай ақлни сўндирадиган, туйғуни ўлдирадиган ва юракни қиймалайдиган фалокатлар ҳақидаги янгиликларни эшитасиз.

Мусулмонлар яшаётган заминда содир бўлаётган фожиалардан қалбингиз музлаб кетади: йўлларда танасидан жудо бўлган каллалар, кўчаларда қон дарёси, ҳувиллаган масжидлар, ёндирилган уйлар, вайрона мактаблар, дорилфунун ва корхоналар... Наҳотки, бундай жиноятлардан қайтарадиган иймон ҳам, ақл ҳам, туйғу ҳам қолмаган бўлса?

Бу фожиали бедодликлар яна қанча давом этиши мумкин? Қачон муқаддас китоб оятларини рўкач қилиб, Ислом ерларида Ислом номи ила мусулмонлар қўли билан содир этилаётган қонли фожиаларга барҳам берилади?

Ҳар қайси томон диндош биродарига ҳужум қилиш имкониятини кутиб қуролланмоқда. Турли гуруҳлар Ислом байроғи остида ўз тарафдорларини ҳақ иш учун азобли ўлимга жўнатмоқда, уларга жаннат ваъда қилмоқда ва зафарга ишонтирмоқда. Айни пайтда «муртад»ларнинг қонини ҳалол санаб, уларга абадий лаънат ва дўзахни раво кўрмоқда.

Буларнинг ҳаммаси нафрат ғояларини сингдириш билан бирга олиб бориляпти. Бунинг таъсирида эса, жангарилик руҳида тарбияланган ёшлар истаган пайтда «муртад»ларни жазолашга тайёр туришибди. Улар ўз ҳамюртлари билан жанг қилишяпти ва ўз халқига қурол ўқталишга ҳам қодирдирлар.

Парвардигордан ушбу фожиаларни тўхтатишни, Ислом умматидан бу кулфатлар балосини кўтаришни, улар ақлини ўзига келтиришни, туйғуларини тирилтиришни ва Ҳақ йўлга йўллашни илтижо қиламиз.

Ушбу китоб мусулмон ўлкаларда катта фитнага сабаб бўлган оқимлар, ҳаракатлар ва бошқа шуларга тегишли масалалар хусусида сўз юритилади.

 Бу билан аввало ўзимизга, ўзлигимизга назар солиш, тарихда йўл қўйилган хатолар келажак учун сабоқ бўлиши умиди кўзланди. Тарихдан сабоқ олиб, ўзини, ўзлигини ислоҳ этмаган уммат ўзгалар қўлида қўғирчоққа айланиб, жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлмаслигига кафолат йўқ.

Бу борадаги ожизона уринишимизни Аллоҳ хайрли қилсин.

Абу Муслим, “Фитна” китобидан