loader
Foto

Моида сураси. 32, 33-оятлар

32. Шу сабабдан Бани Исроилга: Ким қотиллик қилмаган ва Ер юзида фасод ёймаган бир жонни ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади, ким унга ҳаёт бағишласа, гўё барча инсонларга ҳаёт бағишлаган бўлади” деб ёздик. Пайғамбарларимиз уларга аниқ ҳужжатлар келтиришди. Шундан кейин ҳам уларнинг кўпи Ер юзида ҳаддан ошиб юрибди.

Аллоҳ таоло бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, қотиллик, зулм, одамларга жабр-ситам қилишни ман этган. Буларнинг барини Қуръони карим улкан бузғунчилик деб атайди, бузгунчиларнинг жойи эса жаҳаннамдадир. Аллоҳ таоло Бани Исроилга қотиллик қилмаган ёки Ер юзида фасод тарқатмаган одамларнинг жонига қасд қилишдан қайтариб, улардан аҳднома олган, аммо пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганига қарамай, айнан улар тарихда кўп ҳолларда бузғунчилик ва фитна сабабчилари бўлишган.

Ҳозирги асримизга келиб ана шундай фитналардан энг хатарлиси, яъни террорчилик балоси пайдо бўлди. Террорчининг дини, эътиқоди, виждони бўлмайди. Террорчиликни Ислом динига боғламоқчи бўладиганлар қаттиқ адашишади. Чунки Ислом ўз номи билан тинчлик динидир. Бу дин инсонларни тинч-тотув яшашга, ҳатто бошқа дин ва таълимотларнинг вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Аллоҳ таоло айтяптики, ким бир бегуноҳ жонни ўлдирса, бутун инсониятни ўлдирган бўлади. Ким унга омонлик берса, бутун инсониятга ҳаётбахш этган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: "Мўминлар Аллоҳдан ўзга бирон илоҳга илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳаҳ ўлдирмайдилар" (Фурқон, 68). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уч нарса имоннинг аслидандир: "Лаа илааҳа иллаллоҳ" деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз", дедилар" (Абу Довуд ривояти).



33. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига уруш очувчи, Ер юзида фасод ёювчиларнинг жазоси ё ўлдириш, ё дорга осиш, ё қўл-оёғини қарама-қарши тарафидан кесиш, ё шаҳридан сургун қилишдир. Бу уларга шу дунёнинг ўзидаги расволикдир, охиратда эса қаттиқ азоб бор.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат этмай, уларга қарши уруш очувчи, Аллоҳ динининг ёйи-лишига тўсқинлик қилувчи, ер юзида фасод тарқатиб, бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларга бериладиган жазонинг ҳукмини баён этмоқда. Бундай осийлар ё ўлдирилади, ё дорга осилади, қўл-оёғини қарама-қарши тарафидан (чап оёғи ва ўнг қўлини ёки ўнг оёғи ва чап қўлини) кесилади, ё яшаб турган шаҳридан олис ўлкага бадарға қилинади. Бу уларга шу дунёнинг ўзида инсонлар томонидан берилиши керак бўлган жазолардир. Охиратда, Аллоҳ таоло ҳузурида бўладиган иқоб ва жазолар ҳақида сўзлашнинг ўзи даҳшатли: бундай кимсаларни жаҳаннамдаги абадий давом этадиган аламли қийноқлар, хорлик ва оғир жазолар кутяпти.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: "Укол ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, "Эй Аллоҳнинг элчиси, биз чорвадормиз, бир жойда муқим яшамаймиз. Шунинг учун Мадинани соғлигимизга зарар, деб ўйлаймиз", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Мадина ташқарисида ўтлаб юрган туялар подасига бориб, сути ва пешобидан ичишга буюрдилар. Улар бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туя боқувчиларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Сўнг Расулуллоҳ улар изидан саҳобаларни юбориб, тутиб келтирдилар. Уларнинг қўл-оёқлари кесилиб, кўзларига мил тортилди ва бир тошлоқ жойга чиқариб ташланди. Улар шу ҳолларида ўлиб кетишди".

Абу Қатода айтади: "Бизга зикр қилинишича, бу оят ўшалар ҳақида нозил бўлган”. Уламоларнинг зикр қилишларича, бу ерда васф қилинаётган жиноятчиларнинг қилмиши бугунги кундаги "уюшган жиноятчилик"ка ўхшаб кетади. Ёмон ниятли бир гуруҳ кишининг тўпланиб олиб мусулмонларнинг жонига, мол-мулкига ва тинчлигига таҳдид солиши Ислом шариатида "ҳироба" дейилади.

Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

Тафсири Ирфон, Моида сураси