loader
Foto

Толиблар Ўзбекистон билан савдо айланмасини 600 млн доллардан 3 миллиард долларга етказиш ниятидалар

Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилаётган «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини ҳозирги 600 млн доллардан 3 миллиард долларгача оширишга интилмоқда. Бу ҳақда толиблар ҳукумати Саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий (Nooruddin Azizi) Ўзбекистоннинг юқори мартабали делегацияси билан Кобулда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича баёнот берди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация 29 октабрь куни Афғонистон пойтахтига ташриф буюрди. Делегация аъзолари «Толибон» ҳукумати раҳбари ўринбосарлари Абдул-Ғани Барадар ва Абдул-Салом Ҳанафий, шунингдек турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказган.

Томонлар савдо, транзит ва иқтисодий алоқалар, шунингдек темир йўл, транспорт, тоғ-кон саноати, сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик ва афғон ёшлари учун таълим олиш имкониятларини кенгайтиришни муҳокама қилганлар.

«Юқори мартабали [Ўзбекистон] делегациясининг ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Умид қиламизки, ушбу учрашув натижасида, айниқса савдо ва транзит соҳаларида сезиларли яхшиланишларга эришамиз», — деган Барадар Ўзбекистон делегацияси билан учрашувдан сўнг.

Толибларнинг Саноат ва савдо вазири Азизий Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш мақсадида икки давлат ўртасидаги ягона чегара пункти – Ҳайратон – Термиз пункти фаолиятини кейинги ойдан бошлаб 24/7 режимига ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, толиблар савдо балансини тенглаштириш учун Ўзбекистонга энг қулай давлат режимида Афғонистон товарлари харидини оширишни таклиф қилишган.

 «Афғонистонда авваллари хавфсизлик йўқ эди. У ерда фақат кўкнори етиштириларди... Ҳозир Афғонистон сармоя киритиш учун қулай майдон», — деган Афғонистон Савдо-саноат палатаси (ACCI) вакили Муҳаммад Юнус Моҳманд.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати 2021 йил августида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг улар билан фаол ҳамкорлик қила бошлаган. Бунинг шарофати билан, масалан Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит ташувларни йўлга қўйиш мумкин бўлди. Бундан ташқари, Тошкент толиблар билан ҳамкорликда Афғонистон ҳудудида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда, шунингдек муҳтож афғонларга мунтазам равишда гуманитар ёрдам бериб келмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда толибларнинг Амударё ҳавзасида жойлашган давлатлар билан келишилмаган ҳолда дарё сувини буриш учун канал қуришга киришгани сабабли Тошкент ва «Толибон» ўртасидаги муносабатларда маълум таранглик юзага келган.

 Манба