loader
Foto

Шайх Фузайл ибн Иёз

Тасаввуф тарихида сўфийлар ҳаёти ва фаолиятида ажаб-товур воқеалар, фавқулодда ҳодисалар, ногаҳоний таъсир натижасида янги ҳаёт тарзини бошлаш ҳолатлари кўп учрайди. Машҳур Шайх Фузайл ибн Иёзнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай кечган.

Фузайл тахминан 110/728 йилда Марв шаҳрида туғилган. Унинг болалик ва йигитлик онлари Сарахс, Обевард шаҳрида ўтган. Фузайлнинг йигитлик палласида инсонпарвар, адолатпарвар, халққа зулм ўтказадиган ҳукмрону зодагонларга нафрат кўзи билан қарагани учун йўлтўсарлар гуруҳига қўшилиб кетгани, сўнг тавба қилиб, ирфон йўлига ўтиши ҳақида кўплаб ривояту ҳикоятлар тарқалган.

Нақл қилишларича, Фузайл Марв саҳросида чодир тикиб, бошига қора қалпоқ кийиб, бўйнига тасбеҳ тақиб, уззукун ибодат билан машғул бўлар ва шу ҳоли билан қароқчиларнинг бошлиғи эди. Йўл тўсиб, карвонларни ғорат қилар, қўлга киритилган ўлжани ҳалол тақсимлар, жамоатсиз намоз ўқимас эди.

Кунларнинг бирида Фузайл янги карвон ўтишини пойлаб, пистирмада ўтиради. Карвонда болали аёл бўлиб, боласи бақириб йиғлайди. Боласини юпатиш учун она дейди:

- Эй кўзимнинг нури, болам, жим бўл! Фузайл овозингни эшитса, бизларни талайди.

Фузайл онанинг сўзларидан ҳушёр тортиб, қилмишидан пушаймон бўлади:

- Наҳотки оналар менинг номимни айтиб, фарзандларини қўрқитиб, тинчлантирадиган даражага етган бўлишса?

Фузайлнинг юрагига ўт тушиб, бошини саждага қўяди ва ихлос билан тавба қилгач, карвондагиларга омонлик беради. Карвондагилар унинг сўзларини эшитиб, хотиржам йўлларига равона бўладилар.

Қароқчиликни ташлаган Фузайл кўп шаҳарларни кезиб, машойих суҳбатидан баҳраманд бўлади. Куфа шаҳрида Мансур ибн Мўътамар, Имом Жаъфар Содиқ, Сулаймон Тамимий, Ҳамид Товал, Яҳё Ансорий каби донишмандлардан дарс олади. Шайх Суфён Саврий билан дўстлашади, кўплаб ровийлардан ҳадис тинглайди. Тез орада буюк мутасаввиф сифатида танилади. Дин ва дунё, замон ва охират масаласидаги баҳсларда Куфа уламолари билан Фузайл ўртасида зиддият пайдо бўлиб, Маккага кўчиб кетишга мажбур бўлади. Фузайлнинг зодагонлар, бою ҳокимлар томонидан бериладиган инъом «ҳалол-ҳаромлиги аниқ эмас», «инъом қаердан олинганини билиш керак» деган сўзлари куфаликларга мақбул келмаган.

Фузайл Маккада фаррошлик билан кун кечирган. Куфада юз берган дилгирлик Фузайлни батамом хокисор, одамлардан четда, бурчак-кунжакда яшашга олиб келган. Бу «Ҳақ билан бўлиш» ва «Ҳаққа етиш» нишонаси эди.

Маккаликлар унинг суҳбатида бўлиш ва дуосини олишни истарди. Аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид Фузайлни кўрмоқчи бўлиб, унинг чодирига келган. Унга бир халта олтин инъом этганида Фузайл уни рад қилиб, халифага қайтарган.

Фузайлнинг Зуннун Мисрий, Исмоил ибн Водод, Абу Маҳмуд ибн Хадаш Толиқоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Асад Нишопурий, Абул Абдураҳмон Муҳаммад ибн Ҳорун Ансорий каби кўплаб муридлари бўлган.

Фузайл маломатия оқимининг тарафдори ва фаол тарғиботчиларидан бўлган. «Инсон ўз фазилат ва яхшиликларини пинҳон тутмоғи лозим. Уларни кўз-кўз қилиш кишини худбинлик ва такаббурлик сари етаклайди. Бандаларнинг амали ва ўзгаларга қилаётган яхшиликларини Аллоҳ кўриб турибди, уни халққа ошкор этиш шарт эмас. Аксинча, одамлар айбу нуқсонимиз, хато ва гуноҳларимизни топиб «маломат» қилишга интилишсин» деган ақидага амал қилган Фузайл бутун ҳаёти ва фаолияти давомида уни кенг халқ оммаси орасига ёйишга интилган.

Фузайл 265/878 йилда Маккада вафот этган.



Жалолиддин Румий дейди:

Ул Фузайл йўлларни тўсгайди давом,

Тавба қилди, йўлни ўзгартди тамом

(Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. 603-бет.).



Ўзингга алоқаси бўлмаган нарса ҳақида бош қотирма.



Arap инсон ҳаммага яхшилик қилса ҳам, уйидаги товуғига бефарқ қараса ҳақиқий мусулмон эмасдир.



Сўрадилар:

- Бадбахтлик аломати нима?

Фузайл деди:

- Кўнгил қаттиқлиги, кўздан ёш келмаслиги, ҳаёсизлик, дунёга меҳр қўйиш, узун орзулар қилиш бадбахтлик нишонасидир.



Ҳамиша очиқ кўнгилли бўлинг. Чунки Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни севади.



Бишри Ҳофий сўради:

- Эй Фузайл, зухд яхшими, ризо яхшими?

Фузайл деди:

- Албатта, ризо яхши. Зеро, ризода тама бўлмайди.



Фузайл деди:

- Агар менга: «Сен бир дуо қилгин, мустажоб бўлади» десалар, албатта, султонни дуо қиламан. Уни дуо қилсам, савоби бутун халққа тегади. Подшоҳ Аллоҳнинг соясидир ва халқ унинг соясида фароғат топади.



Туҳмат орага аралашдими, биродарликка рахна тушади. Биродарлик руҳият мевасидир.



Аллоҳга танҳолик билан муножот қилиб яшашдан яхшироқ ҳаловат йўқ.



Сўрадилар:

- Эй Фузайл, асл дин нима?

Фузайл деди:

- Ақл.

- Ҳақиқий ақл нима?

Фузайл деди:

- Ҳилм.

- Ҳақиқий ҳилм нима?

Фузайл деди:

- Сабр.



Бу замона халқининг дўстлиги бозордаги таомлар каби, яъни ранги, бўйи бор, аммо мазаси (таъми) йўқ.



Ҳар ким биродарига тилида дўстлик изҳор қилиб, кўнглида душманлиги бўлса, Аллоҳ лаънатига учрайди. Унинг кўнгил кўзи кўр ва қулоғи кар бўлади.



Ҳар ким яхши амал қилиб, халқ меҳрини қозонмоқчи бўлса, Аллоҳнинг раҳматидан бенасиба қолади.



Бу замонда уч нарса оз бўлади. Биринчиси, илмига амал қиладиган олимлар, иккинчиси, ихлос билан амал қиладиган мусулмонлар, беайб кишилар.



Сўрадилар:

- Эй Фузайл, ақлнинг закоти нима?

Фузайл деди:

- Ҳар нарсанинг закоти бўлгани каби ақлнинг ҳам закоти бор. У охират андишасидир.



Дедилар:

- Эй Фузайл, бизга адаб беринг.

Фузайл деди:

- Кишининг кўнглида Аллоҳ қўрқуви бўлса, унинг тилига беандоза сўз келмайди.



Дунёга киришмоқ осон, ундан қайтиб чиқмоқ қийиндир.



Бир азиз киши сўради:

- Эй Фузайл, ўгит беринг.

Фузайл деди:

- Сенга ушбу ояти карима кифоядир: «Эй зиндондош дўстларим, тарқоқ, турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?»(Қуръони карим. Юсуф сураси, 39-оят.)



Оқил киши аҳмоқ билан ҳолва ейишдан (улфат бўлишдан) сақланади.



Уч нарса кўнгилни ўлдиради: тўйиб овқатланиш, кўп ухлаш ва беҳуда сўзлашдир.



Сенга нима етса, Аллоҳиинг такдиридан деб бил, халқни маломат қилма. Тилингни сақла, халойиқ ундан саломат бўлсин, шунда Аллоҳнинг азобидан омонда бўласан. «Роббингнинг «сенга ризқ бераман» деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳнинг зикрини кўпайтир, шунда гунохдардан сақланасан.



Икки нарса аҳмоқлик нишонасидир: бири бесабаб кулиш ва яна бири сўрамасалар ҳам жавоб қайтаришдир.



Ким бидъат аҳли билан ҳамсуҳбат бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳикматдан бебаҳра қилади.



Аллоҳ тақводор бандаларига ризқ-насиба инъом этгани учун ҳам уларнинг ризқлари туганмасдир.



Фикрлаш бир ойнадир, сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатади.



Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан илгари унинг эгаси бўлмаган бўлсин. Яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмасин.



Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Ниҳояси эса жаҳаннам оташидир.



Нафсининг ёмонлигини қайтарган тоатининг сурурини йўқотмайди.



Кишилар орасида уч тоифага кўпроқ ачинаман: олдин халқининг йўлбошчиси бўлиб, кейин хорликка юз тутган кишига, аввал бой бўлиб, кейин фақир бўлган кишига, илмига амал қилмаган олимга.



Ҳақиқатга бўйинсун, танқидни тан ол, эшитганингдан қатъи назар ҳақиқатни қабул эт.



Эшигингни ёпасан, пардаларингни туширасан, одамлардан уяласан, нега қалбинг Эгаси, ҳар бир махфий нарсани билгувчи улуғ Зотдан ҳаё қилмайсан?



Замоннинг эврилишидан, дўстларнинг бевафолигидан қилаётган шикоятинг гуноҳларингнинг сенга қолдирган меросидир.



Аёлларга онанг каби муомалада бўл.



Буюклик қиёмат кунида надоматдир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан



СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР