loader
Foto

Махдуми Аъзам Косоний

Шарқ тасаввуф таълимоти тарихида ўзига хос ўрин ва мавқега эга бўлган Махдуми Аъзам Косонийдир.

Махдуми Аъзам ўз даврининг саййидзода уламоси Саййид Жалолиддин хонадонида 869/1463 йилда Косон (ҳозирги Косонсой) шаҳрида туғилган. Дастлабки таълимни ўз юртида олган Аҳмад Марғилон, Чуст, Шоҳрухия шаҳарларида бўлиб, уламо ва донишмандлар билан суҳбат қуриб, ўз даврининг буюк донишмандларидан дарс олган.

Мавлоно Муҳаммад Қози Махдуми Аъзамга тариқат илмидан таълим берган. Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрган. Бир муддат Бухорода истиқомат қилган. Таҳсилни тамомлаб, она юрти Косонга қайтган Махдуми Аъзам халқни Ҳақ йўлига даъват этган. Махдуми Аъзамнинг илму маърифатдаги нуфузи маълум ва машҳур бўлгач, Кармана, Миёнкол ҳокимлари Махдуми Аъзамни Самарқандга кўчиб келишга даъват этадилар. Аллома бу таклифни қабул этиб, шаҳардан унчалик узоқ бўлмаган Даҳбед қишлоғига жойлашади. Боғбонлик ва деҳқончилик билан кун кечиради.

Муҳаммад Қози вафотидан сўнг сулукни бошқариш Махдуми Аъзамга юклатилади. Тариқат аҳли Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» деб эътироф этишади. Махдуми Аъзам халқ орасида нақшбандия таълимоти тарғиботи билан шуғулланиш билан бирга самарали ижод қилиб, «Ас-рор ул-никоҳ», «Самоия», «Рисолаи вужудия», «Одоб ус-соликийн», «Одоб ус-сиддиқийн», «Ганжнома», «Бақоия», «Насиҳат ус-соликийн», «Танбият ус-салотийн», «Нафаҳот ус-соликийн», «Шарҳи рубоиёт», «Муршид ус-соликийн», «Шарҳи як ғазали Убайдуллохон», «Ўн икки рубоий шарҳи», «Зубдат ус-соликийн», «Гул ва Наврўз», «Рисолаи Бобурия» каби йигирмадан зиёд рисола ёзган. Махдуми Аъзам форсий тилда шеърлар битган бўлса ҳам махсус девон тузмаган.

Махдуми Аъзам кўплаб муридлар тарбиялаб, етиштирган. Бу ҳақда Шарафуддин Роқимий «...шулардан бири валийлик мулкининг волийси, мақбул ҳидоят иршоди мам-лакатининг соҳиб сарири Ҳазрати Борий Ҳожиб Калон Хожаси Жунборийдир. Қуддиси сирриҳу ким тарбияти бобидан саҳоби файзидан, ҳиммат жўйборининг томчиларидан кўплаб миллат саҳобаларини камолот даражасига етказди. Онҳазрат муридларидан бир қанча номдор авлиёлар ул зот мақомотларида мазтур ва мазкурдир. Ҳазрати Махдуми (қ.с.) авлод ва фарзандлари ҳар бир шаҳарда иршод маснадида ўтириб халойиқни «холиқ ул-ибод»га ҳидоят қилдилар»(Шарафиддин Роқимий. Тарихи томм. — Т.: «Маънавият», 1999. 94-бет.).

Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг «Тазкираи хожа-гон», Муҳаммад Сафойи ул-котибнинг «Анис ут-толибин», Дўст Муҳаммад Фолизкорнинг «Танбият уз-заллин вал-музиллин», Наврўз Аҳмад Кешийнинг «Силсилат ус-содиқин ва анис ул-ошиқин», Абул Бақо ибн Баҳоуд дин ибн Махдуми Аъзамнинг «Жомеъ ул-мақомат», Шарафуддин Роқимийнинг «Тарихи томм» асарлари Махдуми Аъзамнинг ҳаёти ва фаолиятининг айрим жиҳатларини ўрганишга кўмаклашадиган нодир манба ҳисобланади

Махдуми Аъзам 949/1542 йилда вафот этган. Қабри Самарқанднинг Даҳбед мавзесида. Замон шоирлари бу санани ифодалаб марсия ва тарихлар ёзишган. Шарафуд-дин Роқимий «Маҳобат фалагининг қуёши ва валийлик доирасининг маркази» дафн этилган мақбарани - хиёбони тўбийнишонни Нодир девонбеги арлот қурдирган» деб тарих ёзган:

Хиёбони дарахт аз нахли эман, Х,ама якто ба атвор чиҳилтан.

Саросар ҳамчун дарвешони комил, Ба зикри арра ҳама аз таҳи дил.

Дарахтон баста саф аз ҳар ду чониб, Чў пирони Худо чу дар мароқиб.

(Хиёбон дарахти эман нахлидан бўлиб, ҳамма қирқи бир тандай. Улар комил дарвешлар каби сидқидилдан зикр айтиб туришибди. Ҳар икки томондаги турнақатор дарахтлар мароқабага саф тортган пир (донишманд)ларга ўхшайдилар.)



Махдуми Аъзам дейди:

- Соликлик давримда мадрасаи жавҳарияда эдим. Бу бузрук тоифанинг халифаларидан Мавлоно Зиё менга устозлик қиларди. Кечалари «Маснавийи шариф»ни ўқишни буюрар эди. Бир куни фақирга илтифот қилиб айтдилар: «Сенда тариқатга жиддий мойиллик кўрмокдаман. Ушбу замонда унинг бошқаруви Хожа Насириддин Убайдуллоҳ қўлидадир. Сен ул зотнинг ёнларига боришинг керак». Сўнг менга мулозамат одобини ўргатиб, айтдилар:

- Ул азизнинг қошида зинҳор дунё ва охират ишларини хотирингга келтирма ва сўрамагилки, бу айни беадаблик бўлур. Бундай зотларнинг олдига борган киши ҳар хил хаёлларни кўнгилдан чиқариш керак ва бу тоифанинг каромат ва мақомотидан сўрама.

Мен заиф ул азизнинг гапларига амал қилдим ва шу саодатга мушарраф бўлдим.

Шарафуддин Роқимий дейди: Тоабад эй силсила нагусиста бод, Кардани айёми бидон баста бод. Харқи одати кашфу каромат, Он жаноб чун зуҳури офтоб.

(Эй, силсила тоабад узилмагай, айём кирдикори ундан тўсилгай. Кашфу каромати ақлга сиғмас, ул жаноб офтоб зуҳури кабидир.)



Заҳириддин Муҳаммад Бобур деди:

Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,

Пеш аҳлуллоҳ аз афъали худ шармандаим.

Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки,

мо Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва хожагиро бандаим.

(Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик. Энди ахдуллоҳ олдида қилиқларимиз учун шарманда бўлдик. Биздек хастаи дил мухлисларингга бир назар қилки, биз Хожаги Аҳмадни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг муридларимиз.)



Ҳазрати Мавлоно Лутфуллоҳ деди:

- Ҳазрат Махдуми Аъзам Ахсикентга келганлари-да кўзларидан. сув кетадиган касаллари азоб берарди. Ул зотнинг хаёлига Самарқандга бориб бу касалликдан даволаниш фикри келди, аммо вилоят ҳокими рози бўлмади. Иттифоқо, шу цайтларда кимнингдир симобдан тайёрланган дори сотиб юрганидан хабар топдилар. Ул зот ҳокимдан ўша симобфурушни топтиришни сўрайди. Сал ўтиб ҳазратнинг муборак қулоқларига ҳокимнинг дори топгани ҳақидаги хабар етди. Аммо ҳоким дорини ҳазратга етказмади. Ҳазрат Эшон ғазабланиб: у менга душман экан, дорини ҳам бермади, шаҳарга бориб даволаниб келишимга ҳам рухсат бермади. Шундан сўнг уч маротаба: «Хожам, ўзингиз биласиз» деб такрорлайди. Эртаси куни ҳоким шикорга бориб, қаттиқ терлайди. Уша куни тоби қочиб, бир кеча ўтиб вафот этади.



Мавлоно Лутфуллоҳ айтдилар:

- Ибтидои иродат вақтимда ул зотнинг мулозаматларига бордим ва бир дарахт остига ўтириб зикрга машғул бўлдим. Кўнглимдан завқ ва шавқ билан ўтказдимки, хожагон силсиласи қандайин яхши тариқат эканки, ҳеч ким унинг амали ва ҳузурини тушунтириб бера олмайди.

Махдуми Аъзамнинг ишонган одамларидан Мавлоно Турди деди:

- Эй, Мавлоно Лутфуллоҳ, сизга башорат муборак бўлсин. Ҳазрати Эшон Махдуми Аъзам сизнинг ҳаққингизга иноятлар ва лутфлар қилиб дедилар:

- Бу муллони шундай кўрмокдамизким, олдин ўтган машойихларда воқеъ бўлмаган нарсалар ундан юз беради.



Ҳазрати Махдуми Калон дедилар:

- Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Ғози Бухорога келганларида мен сулуки Хожагонда хизматда эдим. Намози бомдоддан сўнг масжид ичида муроқабада ўтирганимда ногаҳон ғайбат юз берди. Тўшда кўрдимки, Ҳазрати Рисолатпаноҳ (с.а.в.) келдилар ва бир олмани ҳидлаб менга такдим қилдилар. Унинг ҳиди жумлаи оламни тутди. Воқеани МахдуМга баён қилдим.

Ҳазрат уни таъбирлаб, дедилар:

- Иншооллоҳ, сендан шундай бир нисбат зуҳурга келгай-ким, бутун оламни қўлга киритгайсан.

Уша даврда мен ёлғиз ва муҳтожликда яшар эдим. Бир хирқа, сочиқдин бошқа нарсам йўқ эди. Сочиқни ўраб, суюнчи сифатида ҳазратга бердим. Ҳазрати Эшон лутф ва иноят қилдилар.

Мавлоно Шоҳ Ҳожи нақл қилади:

- Бир куни муршиди аълам, Махдуми Аъзам мулоза-матларида ўтирганимда бир киши келиб, Ҳазрат Эшоннинг чап томонларига ўтирди. Ҳазрати Эшон унга маориф ва латойифдан сўзладилар. Кўнглимдан «нега Махдум менга такаллум қилмайдилар ва қарамайдилар» деган фикр ўтди. Шу лаҳзада Махдумнинг кифгларида айни сурату дасторда бир бош кўринди ва менга ҳақойиқ ва маорифдан сўзлади. Суҳбат охиригача шу ҳол кайфиятида бўлдим. Бундай каромат мушоҳадасидан сўнг ул зотга бўлган эътиқод ва ихлосим янада ошди.



Махдуми Аъзам деди:

- Расули акрам (с.а.в.)нинг «Амирларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади» ҳадиси шарҳи шуки, агар амирни зиёрат қилувчи уламо доно танбеҳлар воситаси билан давлатда адолатлик, эзгулик, фуқаролар орасида осойишталик ва барқарорлик ўрнатишни мақсад қилиб олса, бундай олим аслида мазкур (зиёрат этилган), амир эса зоъир (зиёрат этувчи) деб ҳисобланади.



Ҳар бир инсон юрагида (илоҳий) кўзгу мавжуд, аммо уни ғофиллик занги босади. Зангни йўқотиш учун инсон тариқатга киришиб, руҳий камолотга интилиши лозимдир.



Толиб (ҳақиқат изловчи) учун унинг Аллоҳ йўлида қилган ибодатлари фақат халқ билан бўлган алоқа ва суҳбатларида самарали бўлиши мумкин, агар у номард бўлса, мард бўлади, мард бўлса шермард бўлади ва агар шермард бўлса фармард (мислсиз, тенги йўқ) бўлади.

Хожагон тариқати ... ўзида кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган тариқатларни мужассам этган тариқатлар сараси ва тузи, «силсилат уз-заҳаб» (олтин силсила)дир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР