loader
Foto

Аллоҳ таоло мутакаллимдир

Аллоҳ таолонинг каломини Мусо алайҳиссалом эшитганлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ Мусога хитоб қилди” (Нисо сураси, 164-оят). Аллоҳ таоло ҳамиша, Мусо алайҳиссаломга хитоб қилмасидан мутакаллим (сўзлагувчи)дир. Аллоҳ таоло ҳамиша, махлуқотларни яратмасидан, Холиқ (яратувчи)дир. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга хитоб қилганида унга Ўзининг доимий сифати бўлган Каломи билан хитоб қилган.

Шарҳ: Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг каломини воситасиз эшитди.

“Мусо Биз белгилаган вақтда (Тур тоғига) келгач, унга Робби хитоб қилди” (Аъроф сураси, 143-оят). У Парвардигорига: “Менга жамолингни кўрсат. Сени кўрай”, деди. Аллоҳ таоло деди: “Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан...”

Шориҳ бундай деган: “Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Каломини устун шаклидаги булут ичидан эшитган. У булут Мусо алайҳиссаломни баъзан чулғаб олар эди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Каломини кўп ҳолда олов ичидан ё Жаброил алайҳиссалом ва бошқа фаришталар воситаси билан эшитган эди” (Шориҳнинг гапи тугади).

Аллоҳ таоло ҳамиша, Мусо алайҳиссаломга хитоб қилмасидан, балки Мусо ва Исо алайҳимассаломнинг аслини яратмасидан мутакаллим (сўзлагувчи)дир.

Аллоҳ таоло, махлуқотни яратмасдан Яратувчидир. Китобнинг бир нусхасида бундай ёзилган: “Аллоҳтаоло махлуқотларни яратмасидан бизнинг Холиқимиз эди”. Яъни, холиқлик сифати Аллоҳ таолода мажозий сифат эмас, ҳақиқий сифатдир. Ибн Абу Шариф(Шофиъий уламоларидан (822-902)), Аллоҳ таоло билқувва Яратувчидир, дейди. Бундай (билқувва яратувчи) дейиш, Аллоҳ таолонинг яратиш имкони бор, яратиши баъзи вақтда бўлиши, баъзида бўлмаслиги эҳтимоли бор, деган хато тушунчани туғдиради. Чунки қувватда бўлиб, сўнг феълга (амалга) айланадиган ҳар бир нарса ҳодисдир. Бўлиши мумкин бўлган ҳар бир нарса ҳодисдир. Ва яна ёзишга қодир, ёзишни истаган вақтга қадар кечиктирувчи билан билқувва ёза оладиган (лекин), айни вақтда ёзишдан ожиз, кейин ҳам ёза олиши эҳтимол бўлган орасида аниқ бир фарқ, очиқ бир масофа бор. Аллоҳ таоло ҳақиқатан ирода қилган вақтда Яратувчидир. Уламолар таъкидлаганларидек, калом ва яратиш сифатларига боғлиқ бўлган нарсаларнинг (Мусо алайҳиссалом ва бошқа яратилганларнинг) кейин пайдо бўлгани Аллоҳ таолонинг калом ва яратиш сифатларининг қадим эмаслигини билдирмайди.

Хулоса: Имом Таҳовий айтганидек, Аллоҳтаоло махлуқларини яратган замондан Яратувчи, нарсаларни йўқдан бор қилганидан Борий исмини олган эмас. Бандалари бўлмаганида ҳам Аллоҳ таоло Робб (Хожа)дир, махлуқотлари бўлмасидан олдин ҳам Холиқ (Яратувчи)дир. Аллоҳ таоло ўликларни тирилтирмасидан ҳам Муҳйи (Тирилтирувчи)дир. Аллоҳ таоло нарсаларни йўқдан бор қилмасидан олдин ҳам Холиқдир. Аллоҳтаоло барча нарсага қодирдир, ҳар бир нарса Аллоҳ таолога муҳтождир. Аллоҳ таолога ҳар нарса осондир.

“Унга ўхшаш бирор нарса йўқдир”, яъни Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларига ўхшаш бирор нарса йўқ. Шу ояти карима “Мушаббиҳа”ва “Муаттила” тоифасининг эътиқоди нотўғри эканлигини кўрсатади.

Имом Бухорийнингустози Нуайм ибн Ҳаммод Хузоий бундай дейдилар: “Ким Аллоҳтаолони Зоти ва сифатида, махлуқотларнинг бирига ўхшатса кофир бўлади. Ким Аллоҳ таоло Ўзини сифатлаган сифатларидан бирини инкор этса, кофир бўлади”.

Имом Таҳовий бундай дейди: “Ким Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этишдан ва Уни махлуқларидан бирига ўхша-тишдан сақланмаса тўғри йўлдан тояди”.

“Унга ўхшаш бирор нарса йўқдир” мазмунли оятнинг тафсирида муфассирлар бундай дейишган: “Бу оятда муболаға бор. Яъни, агар мисл (ўхшаш) фарз этилганда ҳам, Аллоҳ таолонинг мисли йўқ. Ахир, сиз Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий Зоти кейин пайдо бўлганларнингўрни бўлиши мумкин эмаслигини, далиллар билан билдингиз-ку! Аллоҳ таолонинг Калом сифати қадимдир. Яратиш сифати ҳам қадимдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма сифатлари аталишда бандаларнинг сифатлари каби, масалан, билади, кўради, эшитади, деб айтилсада, бандаларнинг сифатига асло ўхшамайди.

Аллоҳ таолонинг сифатлари махлуқотларнинг сифатига ўхшамайди. Аллоҳ таоло билади, билиши бизнинг билишимиз каби эмасдир. Аллоҳ таоло қодирдир, қодирлиги бизнинг қодирлигимиз каби эмас. Аллоҳ таоло кўради, кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас. Аллоҳ таоло эшитади, эшитиши бизнинг эшитишимиз каби эмас. Аллоҳ таоло сўзлайди, сўзлаши бизнинг сўзлашимиз каби эмас. Биз воситалар ва ҳарфлар билан сўзлаймиз. Аллоҳ таоло воситасиз ва ҳарфларсиз сўзлайди. Ҳарфлар махлуқ (яратилган)дир. Аллоҳ таолонинг Каломи (сўзи) махлуқ эмасдир.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг билиши махлуқотларнинг, бизнинг билишимиз каби эмас. Биз нарсаларни воситалар ёрдами билан, тушунганимиз миқдорида, зеҳнимизда хосил бўлган суратларни тасаввур этиш билан биламиз. Аллоҳ таоло нарсалар ҳақиқатини тўлиқлигича, бўлак, қисмлари билан, кўрингани ва кўринмаганини зотий, сомадий ва абадий Илми билан билади.

Аллоҳ таоло қодирдир. Қодирлиги бизнинг қодирлигимиз каби эмас. Аллоҳ таолонинг қудрати қадимдир, Унинг қодирлиги восита ва ўзгаларнинг ёрдами билан эмасдир. У ҳар нарсага қодирдир. Бизлар эса Аллоҳ таоло бизларни қодир қилганича, фақат баъзи нарсаларга воситалар ва ёрдамчилар билан чекланган тарздагина қодир бўла оламиз.

Аллоҳ таоло хоҳлаганини амалга оширувчи, истаганини қилувчи Қодир, Ҳакимдир.Ўз ихтиёри ва қудрати билан тасарруф этгувчидир.

Аллоҳ таоло кўради, Унинг кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас. Аллоҳ таоло эшитади. Унинг эшитиши бизнинг эши-тишимиз каби эмас. Бизлар шаклларни, рангларни, сўзларни Аллоҳ таоло танамизда яратган мураккаб аъзолар билан эмас Аллоҳ таолонинг кўрсатиши ва эшиттириши билан кўрамиз ва эшитамиз. Бундай дуо бор: “Ё Аллоҳ! Бизга берган умринг давомида бизни кўзларимиз ва қулоқларимиз билан қувонтир”.

Аллоҳ таоло воситасиз, ўзганинг ёрдамисиз кўради ва эшитади, Аллоҳ таолонинг кўриши ва эшитиши бошқа сифатлари каби қадимдир.

Маълумки, тушингизда, димоғингизнинг ички қуввати билан турли шакллар ва анвои рангларни кўрасиз, ҳар хил овозларни эшитасиз. Уйғонганингизда эса тушингизда кўрган ва эшитганларингиздан бирортасини тополмайсиз. Бир қанча вақтдан сўнг, тушингизда кўрган ва эшитган нарсаларингизни ўнгингизда айнан кўрасиз ва эшитасиз. Камол сифатлар билан сифатланган Малики Мутаал Аллоҳ таолони қандай кўради, қандай эшитади, деб ажабланасиз.

Аллоҳ таоло сўзлайди, сўзлаши бизнинг сўзимиз каби эмас. Биз томоқ, тил, лаб, тишлар ва ҳарфлар воситаси билан сўзлаймиз. Аллоҳ таоло воситасиз ва ҳарфсиз сўзлайди. Ҳарфлар ва товушлар яратилгандир. Аллоҳ таолонинг Каломи яратилган эмас, қадимдир.

Имом Таҳовий бундай дейди: “Ким Аллоҳ таолонинг каломини (Қуръонни) эшитиб, уни инсоннинг каломи деб ўйласа, кофир бўлади. Аллоҳ таоло ундайларни қоралаган ва уларни жаҳаннамга киритишини ваъда қилган”.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Яқинда Мен уни сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман” (Муддассир сураси, 26-оят).

“Қуръон, фақат бир башар сўзидир” деганни жаҳаннамга киритишини ваъда қилганидан қатъиян билдикки, Қуръон инсонни Яратганнинг сўзидир, инсон сўзига ўхшамайди.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР