loader

090. Балад сураси

“Балад” – шаҳар, бу ерда Макка шаҳри назарда тутилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1.(Эй, Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман,
2. ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз
3. ҳамда ота ва болаларга (яъни Одам ва зурриётлари билан) қасамёд этурманки,
4. ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик.
5. Унга (жиноятлари учун жазо беришга) ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?!
6. У (мақтаниб): «Жуда кўп мол-дунёни (топдим ва сарфлаб) йўқ қилдим», – дер.
7. Уни ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлайдими?!
8. Ахир, Биз унга икки кўз,
9. тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!
10. Яна уни икки баландликка (икки хил йўлга) йўллаб қўйдик-ку!*
* Икки баландликдан мурод икки йўл. Яъни ҳидоят ва залолат йўллари.
11. Бас, у (Аллоҳ йўлида бирор) довонни ошиб ўтмади.
12. (Эй, Муҳаммад!) Довон (ошиш) нима эканини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!
13. (У) бўйинни (қулни) озод қилиш,
14.ёки очарчилик кунида (муҳтожга) таом беришдир.
15.Хоҳ (у) қариндош етим бўлсин,
16. хоҳ тупроқли (хор) мискин.
17.Сўнгра у (мазкур инсон) имон келтирган ва бир-бирларини сабр қилишга тавсия этган, бир-бирларини (бандаларга) марҳаматли бўлишга ундаган зотлардан бўлди.
18.Ана ўшалар (фазилатларга эга бўлган зотлар) «ўнг томон эгалари»дир.
19.Оятларимизни инкор қилган кимсалар эса, улар «чап томон эгалари»дир.
20. Уларни (қиёмат куни) қамраб олувчи олов (дўзах) муқаррардир.

Орқага Олдинга