loader
Foto

Нима учун Ҳиндистон Яқин Шарқ можаросида Исроилни қўллаб-қувватламоқда?

Араб-Исроил можаросининг кучайиши Ғарб ва Шарқ ўртасидаги узоқ давом этган яширин курашнинг намоёнидир, деб ёзади Spiegel. Ғарбда АҚШ, Шарқда эса Россия ва Хитой етакчилик қилмоқда. Мақола муаллифи Ҳиндистон кимнинг тарафини олиши ҳақида савол ташлайди. Ҳозирги можаро Қўшилмаслик ҳаракати асосчиси Нью-Деҳлининг иккиланишини кўрсатди.

"Ривожланаётган" деб аталувчи мамлакатларнинг аксарияти Яқин Шарқдаги можарода фаластинликлар томонида. Ҳиндистон эса Исроил билан бирдамлик билдирмоқда. Келинг, бунинг сабабини аниқлашга ҳаракат қилайлик.

Бир неча йил аввал икки қудратли сиёсатчининг пляжда бир марта сайр қилиши икки давлат муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлди. Бинямин Нетаняху ва Нарендра Модининг 2017 йил Исроилдаги пляжда тушган машҳур сурати бор. Фотосурат "дам олувчилар ҳаётидан" одатий лавҳа каби таассурот қолдиради. Исроил Бош вазири ва Ҳиндистон Бош вазири қум устида юришади, Ўрта ер денгизи тўлқинлари яланг оёқларини оҳиста ялайди. Икки сиёсатчи бир-бири билан яхши тил топишиб кетганга ўхшайди. Бу манзара саҳналаштирилгандек таассурот қолдиради - лекин уни янада қизиқарли қилади. Бу томошабинга жуда аниқ хабарни етказиш учун мўлжалланган: бу ерда ўз мамлакатларининг иқтисодий ёки тор сиёсий манфаатларидан кўра кўпроқ нарса бирлаштирган икки киши бор. Ҳиндистон-Исроил муносабатлари узоқ вақт таранг бўлган. 1947 йилда Нью-Деҳли БМТнинг Фаластинни бўлиш режасига қарши овоз берди. Яқинда бўлинган Британия мустамлакаси (улкан "Британия Ҳиндистони" дан Покистон ажралиб чиққанди) британлар қўлидан чиқиб кетаётган бошқа мустамлака бўлиниши хоҳламасди. Фақат 1992 йилда Ҳиндистон ва Исроил ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Аксарият собиқ мустамлакалар сингари, Ҳиндистон ҳам арабларга ҳамдард эди: яқинда ағдарилган мустамлакачиликнинг қурбони сифатида яҳудийлар эмас, араблар кўриларди.

Икки ҳукумат раҳбарларининг пляж бўйлаб сайр қилишлари ўз мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда бурилиш нуқтаси рамзи бўлди. Бу Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Исроилга биринчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Хайрлашув совғаси сифатида Нетаняху ўз меҳмонига денгизга саёҳати акс этган рамкали суратни берди. Ҳатто ҳозир ҳам Нетаняху ўзининг "яхши дўсти" Модига таяниши мумкин. Хамаснинг Исроилга ҳужумидан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги исроилликларни террорга ва террорчиларга ҳар томонлама қаршилик кўрсатишга чақирди, гарчи улар бу кураш жараёнида халқаро қонунларга риоя қилиш мақсадга мувофиқлигини эслатиб ўтган бўлсада. Ғазо учун оз миқдорда гуманитар ёрдам ҳам Ҳиндистон дипломатиясига "мувозанатли ёндашув" кўринишини сақлаб қолиш имконини берди. Шахсан Бош вазир Нарендра Моди анча аниқроқ муносабат билдирди. "Биз ушбу оғир соатда Исроил билан бирдаммиз", деди бош вазир. Бир неча кун давомида Ҳиндистон бош вазири фаластинликлар Ғазода кўрган изтироблари ҳақида бир оғиз сўз айтмади. Ал-Аҳли касалхонасидаги портлашдан кейингина Моди ҳамдардлик билдирди - фақат қурбонларнинг яқинларига. Глобал жануб деб аталадиган мамлакатлар орасида Ҳиндистон бундай позиция билан деярли ёлғиз. Ҳатто Осиёнинг Индонезия ёки Малайзия каби воқеа жойидан узоқда жойлашган давлатларида ҳам аҳолининг аксарияти мусулмонлардир. Натижада, бу давлатлар одатда Исроилни айблашга мойил бўлиб, айнан уни Яқин Шарқ можаросининг қўзғатувчиси деб аташади. Бу мусулмон давлатлардан баъзилари ХАМАС билан дипломатик алоқаларга эга эканликларини ҳам таъкидламоқда. Худди шу нарсани Африка ва Лотин Америкасидаги насронийлар бўлган собиқ мустамлакалар ҳақида ҳам айтиш мумкин, улар ҳам Фаластин масаласида бирламлик билдиради ва баъзилари ҳатто Хамаснинг ҳаракатларини озодлик учун кураш деб билишади. Ҳиндистоннинг бундай индивидуал ёндашувини нима билан изоҳлаш мумкин?

Мудофаа бўйича ҳамкорлик, исломофобия ва террор жароҳатлари

Ҳиндистоннинг Исроил билан яқинлашиши мафкуравий ва моддий сабабларга эга. Бир томондан, Тел-Авив Нью-Деҳлига жуда кўп нарсаларни таклиф қилади. Ҳиндистон ва Исроил мудофаа соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Моданинг Исроилга ташрифи чоғида икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари икки миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоладилар. Уларнинг рўйхатига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва New York Times хабарларига кўра, эҳтимол одамларни индивидуал кузатиш учун қўллаеадиган Pegasus "разведка" дастури ҳам киритилган.

Моди индуизм динига эътиқод қилади, унинг Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) эса ҳатто Ҳиндистонга нисбатан энг хайрихоҳ мамлакатларда ҳам Ҳинд миллатчилигида айбланмоқда. Бу партия кўп жиҳатдан исломофоб эканлиги ҳам сир эмас. Ҳиндистоннинг мусулмон озчиликлари Моди учун иккинчи даражали фуқаролардир. Исроилда ҳинд миллатчилари ҳар доим намуна кўришган: улар жангари давлатнинг душманлари билан ўралган ерини қўрқмасдан ушлаб туриши ғоясидан ҳайратда. БЖП партиясидаги кўп одамлар ҳиндлар ҳам яҳудийлар сингари ўз давлатларига муҳтож, фақат яҳудий эмас, балки ўзларининг индуизм давлатига муҳтож деб ҳисоблашади.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Ҳиндистон бир неча бор исломий террор қурбони бўлган. 2008 йилда Покистон жангарилари Мумбай (собиқ Бомбей) шаҳрига киришди. Яхши қуролланган террорчилар қайиқда келиб, денгиздан бостириб киришди. Ҳужумда 175 киши ҳалок бўлди. Ҳиндистонда кўпчилик 7 октябр куни Исроилдан ҳайратланарли суратларни кўраётганда ўша кунлардаги воқеаларни кўз олдига келтирган. "Ҳиндистоннинг позициясига исломизм ва Покистон билан адоват билан курашиш тажрибаси кучли таъсир кўрсатади", - дейди кўплаб Жанубий Осиёлик мутахассислар.

Шарқ ва Ғарбнинг янги қаршилиги

"Ҳозир ҳокимият учун кураш давом этмоқда, бу Яқин Шарқдаги можародан анча кўламлироқ", деди Финляндиянинг собиқ Бош вазири ва президентликка амалдаги номзод Александр Стубб. Ҳал қилувчи можаро АҚШ бошчилигидаги глобал Ғарб ва Хитой ва Россия бошчилигидаги глобал Шарқ ўртасида. Яқин Шарқ можароси буни яна бир бор тасдиқлайди". Ҳиндистон эса бу қудратли давлатлар қарама-қаршилигида тарози посангисини ўзгартириши мумкин.

Ғарб Ҳиндистон унинг тарафини олишига ишониши мумкинми?

Ҳаммаси ҳам бу қадар оддий эмас. Дарҳақиқат, сўнгги ойларда Вашингтон Нью-Деҳлини деярли боши берк кўчага тиқиб қўйди. Сентябрь ойида Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган G20 саммитида АҚШ Президенти Жо Байден Модига унинг нигоҳи фақат Ҳиндистон бош вазирига қаратилганига шама қилди. Қўшма Штатлар Ҳиндистонни Хитойга қарши вазн сифатида кўриб чиқади. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Нью-Деҳли сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан Ғарб томон тобора яқинлашмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистон совуқ уруш даврида иккала томонда ҳам турмаган давлатларни бирлаштирган Қўшилмаслик ҳаракатининг фахрли асосчисидир. Ҳиндистон раҳбарияти бугунги кунда ҳам ушбу анъанада ўйлайди ва ҳаракат қилади. Кучли иттифоқлар қуришни истамайди. У Ҳиндистоннинг ўз манфаатлари асосий ва кўпинча ягона устувор бўлган "мақсадларга мувофиқ шериклик" ни афзал кўради.

"Россия нефтини катта миқдорда сотиб олади"

Бу кўпинча Ғарбнинг Ҳиндистон билан тўлиқ иттифоқ борасида бўлган умидларини пучга чиқаради. Мисол учун, Ҳиндистон Хитойни ўзининг энг катта таҳдиди деб билади, аммо БРИКС аъзоси сифатида у ҳам маълум масалаларда Американинг глобал ҳукмронлигига қарши курашиш учун Пекин билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Ҳиндистон ҳукумати Украинадаги можарони тезроқ ҳал қилишга чақиради, бироқ айни пайтда Москвани ўзининг дўсти деб атайди ва Россия нефтини катта миқдорда сотиб олади."Глобал жануб мамлакатлари Ғарб ва Шарқ ўртасида танлов қилишни хоҳламайдилар, улар мухториятга эга бўлишни ва ўзлари учун кўпроқ танлаш эркинлигини хоҳлайдилар", дейди Стубб. Унинг фикрича, Ғарб томонидан маънавият ва такаббурлик аралашмасидан иборат бўлган ташқи сиёсат даври ўз ниҳоясига етди. Ғарб ўз саъй-ҳаракатларини ҳамкорлик ва мулоқотга қаратиши керак.

Ҳиндистон: дўстимнинг душмани менинг дўстимми?

Ҳиндистон ўз дўстларининг душманлари билан ҳам яхши муносабатларни сақлаб келмоқда ва бунда ҳеч қандай қарама-қаршилик кўришни истамайди. У Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан айниқса яқин ҳамкорликни ривожлантирди. Арабистон ярим ороли шарқидаги бу федератив давлат Нью-Деҳлининг Яқин Шарқдаги энг муҳим ҳамкори ҳисобланади. БАА бошқа ҳеч бир давлатга Ҳиндистонга бўгани каби кўп маҳсулот экспорт қилмайди, 2022 йилда икки давлат ўртасида кенг қамровли савдо шартномаси имзоланган. Абу-Дабининг Исроилга нисбатан нисбатан мўътадил позициясига қарамай, Ғазо секторидаги можаронинг кучайиши Ҳиндистон учун муаммо туғдириши мумкин. Узоқ муддатли истиқболда Нью-Деҳли учун Шарқ ва Ғарб можаросининг ҳар икки томони билан мувозанатли ҳамкорликни сақлаб қолиш тобора қийинлашиши мумкин.

Муаллифлар: Франческо Коллини (Francesco Collini) Пол Свенсон (Paul Svensson)

Абу Муслим таржимаси