loader
Foto

Ғафлат ва жаҳолатнинг шифоси

Эй солиҳ банда! Сен билки, кўплаб инсонлар парда ортида бўлишлари мумкин. Яъни улар ғафлат пардасига ўранган бўладилар. Ғафлатнинг сабаби охират таҳликасидан бехабарликдир. Бўлмаса, улар тавозе қилмайдиларми? Бани одам фитратан таҳлика, қўрқувдан қочадиган қилиб яратилган. Охират ишларининг таҳликаси нубувват нури, нубувват нидоси билан бартараф қилинади. Нидо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олимларга хитобидир. Зеро, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Барча пайғамбарлар ғафлат уйқусида ухлаб ётган халқни уйғотгани юборилганлар. Ҳақ таоло марҳамат қиладики:

“Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун” (Ёсин сураси, 6-оят).

Бу оятда бундай марҳамат қилинади:

“Ёки “Уни ўзи тўқиб олган”, дерларми?! Йўқ! У сендан олдин ўзларига ҳеч огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингдан (келган) ҳақдир. Шоядки, улар ҳидоят топсалар” (Сажда сураси, 3-оят).

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:

“Аср вақтига қасамки, барча инсон зиёндадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амадлар қилган, бир-бирларига Ҳақ йўлини тавсия қилган ва бир-бирларига Ҳақ йўлида сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топгувчилардир” (Аср сураси, l-3-оятлар).

Зиёнга учровчиларнинг барчаси жаҳаннамнинг бир четидан яратилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қиладики:

“Аммо кимки туғёнга кетган бўлса ва дунё ҳаётини устун қўйган бўлса, албатта (унга) жаҳийм жой бўдади. Ва аммо ким Роббининг мақомидан кўрққан ва ўз нафсни ҳаволаниб кетишдан қайтарган бўдса, албатта, (унга) жаннат жой бўдади” (Нозиот сураси, 37—41 -оятлар).

Инсон бошини айлантирувчи шаҳват ва ҳою-ҳавас гўёки жаҳаннам қудуғининг устига тўшалган гиламга ўхшайди. У инсоннинг жаннат сари бориши учун йўлига ғов бўлади. Одам ана шу тўсиқлардан ўта олсагина абадий жаннатга эришади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Бир кимса нафс истак-хоҳишларидан ўзини тия олса, шубҳасиз, жаннатга кира олади. Агарда у нафсига қарши чиқа олмаса, унинг ери абадий жаҳаннамдир”.

Тоғларда истиқомат қиладиган одамлар орасида диндор олимлар бўлмайди. Улар ғафлат уйқусида қолганлар. Қишлоқларда ҳам шундай.

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларки: “Экин экувчи кимсалар қабр эгалари кабидирлар”.

Яшаётган жойларида имом хутба ўқиб турмаса, олимлари диний билим ўрнига дунёвий ишлар билан машғул бўлса, шаҳар халқининг ғафлатда қолгани шудир. Олимлари ғафлатда қолган шаҳарнинг омиларидан нимани кутиш мумкин? Агар имом минбарда олди-қочди гапларни гапириб, одамларни алдаса, бу ундан ҳам баттардир.

Баъзи имомлар бўладики, ёлғон кўз ёшлари билан ўзини Аллоҳнинг энг яқин кишисидек тутади. Аллоҳ раҳматини ваъдалар қилади, ҳадикларини умидсиз қилади. Бу шунга ўхшайдики, йўлда ухлаб ётган кишини уйғотиб, унга қадаҳда шароб тутадилар. Шаробни ичиб маст бўлиб, яна ухлайдики, бошини ёриб ташласалар ҳам, бундан хабари бўлмайди. Бу бадбахт шароб ичмаганда эди, осонроқ уйғонар эди.

Диний мажлисда ўтириб, қалбида Аллоҳ қўрқуви пайдо бўлмаган ва охират тайёргарлиги бўлмаган инсон ғафлатда ухлаб ётган маст кимсага ўхшайди. Улар: “Аллоҳ Раҳим, Аллоҳ Карим. Менинг гуноҳимдан Унга зарар етармиди? Жаннат кенг, менгаям жой топилиб қолар”, каби сўзларни айтадилар. Агар воиз мана шундай сифатда бўлса, у Дажжолдир, халққа дин нуқтаи назаридан душмандир. У иситмаси кўтарилиб турган касалга асал едирган билимсиз табибга ўхшайди. Тўғри, асал - даво, лекин касаллик совуқдан бўлгандагина фойда қилади.

Аллоҳ раҳматини тилаган қалблар учун оят ва ҳадиси шарифлар шифодир. Беҳад кўп гуноҳ қилган кимса Аллоҳдан умидини узган. У тавба қилишни билмайди. Менинг тавбам ҳеч қачон қабул қилинмайди, деб ўйлайди. Бу хастага мазкур ояти карима шифо бўлади:

“(Менинг номимдан) айт: “Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратлидир, раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).

Бу оят ундан кейинги келган оят билан бирга ўқилиши керак:

“Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас” (Зумар сураси, 54-оят).

Умидсизликка тушган кишига бундай деймиз: “Кимки гуноҳларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, ундан юз ўгирса, қатъий қарор билан Қуръон амрларига бўйсунса ва астойдил Аллоҳга йўналса, Аллоҳ унинг каттаю кичик гуноҳларини кечиради”. Гуноҳидан пушаймон бўлган кимса азобдан қўрқади, ибодатдан бир лаҳзага бўлсин тўхтамайди. Кечалари бедор бўлиб, нола қилади. Кам ейди, фақат Аллоҳни зикр қилади. Агар бу икки оятни ғофил кимсалар эшитсалар, яраларига туз сепилгандек янгиланади. Ғофил олимлар шайтоннинг дўстларидирлар. Улар шайтонни ишини қилишда катта шаҳарга кифоя қиладилар.

Воиз ўзи айтган шаръий амалларга риоя қилмас экан, халқни охират азоби билан қўрқитиши бефойда. У ердан ғафлат кўтарилмайди. Мисол учун: Бир товоқ бодомдан қилинган ҳолвани еган одам бошқаларга: “Эй одамлар, бу ҳолвани еманглар, бунинг турган битгани зарардир”, деса, ким ҳам унинг гапига кирарди. Аксинча, одамларнинг ҳирси ортади, кўзи ҳолвада бўлади. Бизга бергиси келмай ўзи емоқчи, деган шубҳага борадилар. Агар воизнинг сўзи ва сийрати бир-бирига уйғун келса, сўзи одамларга таъсир қилади. Керак бўлса, ундан ваъз-насиҳат эшитиш учун уйига қидириб борадилар.

Ғафлат шундай бир иллатки, унинг иложи олим кишининг қўлидадир. Болаларни ота-оналари, катта ёшдагилар тарбия қилганидек, инсонларни дин олимлари ва воизлар тарбия қиладилар. Аммо бундай воизлар оз бўлгани сабабли, инсонлар охират ҳақида номигагина гаплашадилар. Аллоҳдан бўлган қўрқув ва умидлари тил учида бўлади. Уларнинг қалблари ва кўнгиллари охират савол-жавобидан йироқ. Аллоҳ азобидан ҳайиқмаган қалб учун амри маъруфнинг ҳеч қандай фойдаси йўқдир.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан