loader
Foto

Ийсо алайҳиссалом шу умматдан бўладилар

Буюк, улул азм пайғамбарлардан Ийсо алайҳиссаломнинг шу умматдан бўлишлари ҳам Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи васаллам умматининг хусусиятларидандир. Барча уламоларнинг якдил фикрига кўра, Ийсо алайҳиссалом осмондан ерга тушганларида пайғамбар бўлиб қолиш билан бир қаторда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг таркибида ҳам бўладилар, шу умматдан ҳисобланадилар. Осмондан ерга тушганларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари бўйича ҳукм чиқарадилар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашадилар. Шунинг учун ҳам у зот мусулмон лар жамоаси билан биргаликда иқтидо қилиб намоз ўқийдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳакда шундай марҳамат қилганлар: «Марям ўғли Ийсо осмондан сизларнинг орангизга тушган вақтда имомларингиз ўзларингиздан бўлса, қандай ҳолатга тушаркинсиз?».

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида эса: «Марям ўғли Ийсо алайҳиссалом ерга тушганда у зотга «Бизга намоз ўқиб беринг», дейилса, «Йўқ, сизлар бир-бирингизга амирсиз (яъни бошлиқсиз)» деб, бу умматни ҳурмат қиладилар», дейилган.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида эса шундай дейилган: «Мусулмонлар жамоаси йиғилиб турганда Ийсо алай-ҳиссалом келиб қоладилар, шунда у зотга «Имомликка ўтиб беринг» дейилса, у зот: «Йўқ, сизнинг имомларингиз олдинга ўтиб, бизга намоз ўқиб берсин», дейдилар».

Ибн Можанинг «Сунан»ларида эса бундай дейилган: «Ийсо алайҳиссалом имомга: «Намозга сиз ўтиб беринг, чунки иқомат сиз учун айтилди», дейдилар».

Умумий хулоса шуки, Ийсо алайҳиссалом тушган пайтларида Муҳаммадий уммат вакили бўлган халифага эргашадилар. У зот ўзлари расул ва набий бўлсалар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашадилар, у зотнинг жамоаларига кирадилар. Баъзилар «Набий ҳам, расул ҳам бўлмайдилар, шу умматнинг бир вакили бўладилар», деб ўйлашади. Лекин бундай эмас. Нубувват ва рисолат ўлим туфайли ҳам кетмайди, қандай қилиб тирик одамдан кетсин?!

Икки «Саҳиҳ»да шундай дейидган: «Марямнинг ўғли адолатли ҳакам бўлиб тушадиган вақти яқин қолди. У хочни синдиради, чўчқани ўлдиради ва жизяни белгилайди».

Ушбу ҳадиснинг маъносини Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис тўлдириб келади: «Ийсо ибн Марям Муҳаммад алайҳиссаломнинг миллатини тасдиқ этиб келади» (Имом Табароний ривояти. Имом Зарқоний, 5/349).

Расуллар ичида ўз шариатини тарк этиб, бошқа пайғамбарнинг шариатига эргашадиган расул йўқ. Аммо фақатгина Ийсо алайҳиссалом ўзлари пайғамбар бўла туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига эргашадилар, чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг пайғамбаридирлар.

Муҳаммад Ҳасанийниг

"Энг шарафли уммат" китобидан