loader

АХЛОҚ

Луғатда «хулқ» сўзининг кўплик шаклидир. Хулқ нафснинг қатъий собит ҳолатидир. Нафснинг бу ҳолати туфайли амаллар ундан осонлик билан содир бўлади, бунда у фикр-мулоҳазага муҳтож бўлмайди. Агар ундан шаръан ва ақлан яхши амаллар осонлик билан содир бўлса + яхши хулқли, ёмон амаллар осон содир бўлса + ёмон хулқли дейилади. Хулқ қатъий собит ҳолат бўлганидан оризий ҳолатларда гоҳо молини сарфлаган киши «сахий», ғазаби қўзиганда мулоҳаза билан ўзини босган одам «ҳалим» дейилмайди. Шунингдек, амал хулқ ҳисобланмайди. Шунинг учун аслида сахий киши моли йўқлиги ёки бирор сабаб туфайли саховат кўрсатолмаслиги ёхуд аксинча аслида бахил киши риё қилиб ёки бирор сабабдан молини сарфлаши мумкин. Исломий ахлоқнинг асл манбаи Қуръон ва унинг нуридан ҳосил бўлган Суннатдир. Ҳазрати Оишадан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб келган (Имом Муслим). Кўплаб ҳадис ва фиқҳ олимларининг ахлоқ мавзуидаги тадқиқотлари ҳадис китобларини тасниф этиш давридан бошланган. «Кутуби ситта» каби деярли барча ҳадис тўпламларида одоб, яхшилик, ҳусни хулқ каби ахлоққа оид ҳадислардан ташкил топган махсус бўлимлар бор. Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад», Абдуллоҳ ибн Муборакнинг «Китаб уз-зуҳд вар-рақоиқ» асарлари фақат ахлоққа доир ҳадис ва хабарлардан тузилган. Фиқҳ китобларидаги ва тафсир илмидаги «Аҳкомул-Қуръон» мавзуига оид асарлар ҳам ахлоққа тегишли масалаларни қамраган. Исломий ахлоққа оид илк асарлардан бири Мавардийнинг «Адаб уд-дунё вад-дин» китобидир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР