loader

ИЙМОН

Луғатда «тасдиқ этмоқ, ишонмоқ» деган маънодадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, уларга тил билан иқрор бўлиш «иймон» дейилади. Иймон бундай изҳор қилинади: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳ» (яъни, «Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига иқрорман). Ким бу калимани тили билан айтиб, дили билан унинг маъносини тасдиқ ва қабул қилса, яъни Аллоҳ таоло ягона сиғиниладиган Зотдир, Ундан ўзга сиғинишга лойиқ ҳеч мавжудот йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бандаси ва расулидир, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан етказган барча нарса ҳақ-ростдир, деб қалби билан тасдиқ ва қабул қилса ҳамда тили билан шунга иқрор бўлсагина иймонли саналади. Иймони бўлмаган одам ҳар қанча савобли ишларни қилса ҳам, унга савоб ёзилмайди. Ибодат ва солиҳ амалларнинг қабул бўлиши учун иймон шарт. Инсонларнинг иймони Аллоҳ таолони билиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом етказган ҳукмларга ишониш жиҳатидан учга бўлинади: 1.Таҳқиқий иймон: шак ва шубҳа асло дахл қилмайдиган иймон. 2. Истидлолий иймон: далилларга асосланган иймон. 3. Тақлидий иймон: ота-она иймонига тақлид қилинган иймон. Иймон ифодалаш жиҳатидан иккига бўлинади: муфассал иймон ва ижмолий иймон. Киши иймонли бўлиши учун қалби билан тасдиқлаб қабул этиши лозим бўлган нарсаларнинг ҳар бирини ёд этиши муфассал иймон, қисқа ифодалаши эса ижмолий иймон дейилади. Иймоннинг қисқа ифодаси қуйидагича: «Аманту биллаҳи кама ҳува биасмаиҳи ва сифатиҳи ва қобилту жамиъа аҳкамиҳи», яъни Аллоҳ таолога, Унинг исмларига ва сифатларига иймон келтирдим ҳамда Унинг ҳамма ҳукмларини қабул қилдим. Иймоннинг муфассал ифодаси эса қуйидагича: «Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи вал-йавмил ахири вал-қодари хойриҳи ва шарриҳи мин Аллоҳи таъала вал баъси баъдал-мавт», яъни «Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, қадарга – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ва яратиши билан бўлишига ҳамда ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтирдим.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР