loader

ИРОҚ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 434 924 кв.км., аҳолиси: 23,6 миллион киши, пойтахти: Бағдод, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 18 вилоятдан иборат, йирик шаҳарлари: Мосул, Басра, Киркук, пул бирлиги: ироқ динори. Милоддан аввалги тўрт мингинчи йилларда ҳозирги Ироқ (Месопотамия) ерларида Шумер подшоҳлиги ҳукм сурган. Кейинги уч минг йил ичида бу ерлар Аккад, Вавилон, Ассирия, Форс давлатлари қўл остида бўлган. Сўнгра у 200 йил мобайнида Македонияли Искандар империяси таркибида бўлди. Кейин яна форс ҳукмдорлари тахтга минишди. 7-асрда араб фотиҳлари келиб, бу ерда Ислом динини ва араб тилини ёйишди, беш аср мобайнида Ироқ аббосий халифалар ҳукмронлиги остида турди. 13-асрда мўғул босқинчилари мамлакатни вайрон қилди. 16-20-асрлар ичида у Усмонли салтанат таркибига кирган. 1916 йилда уни Буюк Британия босиб олди, 1932 йилда эса мустақилликка эришди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Британия яна уни эгаллаб олди. 1958 йилда подшоҳ тахтдан ағдарилиб, у республика деб эълон қилинди. Шундан кейин ҳам мамлакат турли фитна ва тўқнашувлар ичида қолди: ҳарбий тўнтаришлар, Эрон билан уруш, Қувайтни босиб олиш, АҚШ бошлиқ НАТО қўшинларининг Ироққа ҳужуми («Саҳродаги бўрон»), АҚШ ва Буюк Британиянинг Ироққа қарши ҳаво ҳужуми ва ниҳоят 2000 йил мартида АҚШ ва Англия бошлиқ ғарб давлатларининг Ироққа қарши янги босқини мамлакатни бутунлай хароб қилди. Ислом Ироқда давлат дини саналади. Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 96 фоизини ташкил этишади (қолганлар насроний ва яҳудий динида). Бунинг 54 фоизи шиалар, 46 фоизи   суннийлардир. Суннийларнинг 65 фоизини ҳанафий мазҳабидагилар ташкил этишади. Ироқда шиаларнинг зиёрат қиладиган табаррук жойлари + Карбало ва Нажаф шаҳарлари бор. Ироқ республикаси Ислом Конференсияси Ташкилотига аъзодир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР