loader

ИСЛОМДАГИ МАЗҲАБЛАР

Ислом динида асосан «Аҳли сунна вал жамоа»га кирувчи ҳанафий, шофеъий, моликий, ҳанбалий мазҳаблари бор. Мазҳабларнинг вужудга келишига Ислом қонунчилигининг асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни турлича талқин қилиш сабабчидир. Масалаларни ечишда ҳар бир мужтаҳиднинг ўз нуқтаи назари бўлган. Баъзилар тўқилгани ва шубҳалилари кўпайиб кетгани учун ҳадисни қабул қилиш шартларида қаттиққўллик қилиб, ундан қиёсни, умумий қоидалар ва қонунчилик руҳи билан ҳукм чиқаришни устун кўришган. Улар Ислом фиқҳи тарихида «аҳли райъ» номи билан машҳур. Баъзилари ровийнинг сидқ ва адолати тўғрисидаги фикри билан қаноатланиб, ҳадисни қиёсдан устун кўрган ва биринчи тоифа олмаган ҳадисни олган. Улар тарихда «аҳли ҳадис» номи билан танилишган. Баъзилар Пайғамбар алайҳиссаломнинг тафсилий қонунчиликлари бўлган Мадина аҳлининг амалларига таянишган. Айримлар эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари замонида маълум бўлган, тарқалган фикрларни асос қилиб олишган. Шунингдек, Қуръон ва ҳадисдан қатъий далил бўлмаган масалаларда, ҳукмлар иллатидан фойдаланишда, уларни умумий қоидаларга татбиқ қилишда ва луғавий қоидаларни ишлатишда ихтилофлар бўлган. Лекин бу турфа талқинлар Исломнинг жавҳари бўлмиш ақидада эмас, фақатгина жузъий-амалий масалалар борасида бўлган. Аммо ақида масалаларида барча мазҳабларнинг фикри якдилдир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР