loader

МАДИНАИ МУНАВВАРА

Саудия Арабистонининг шимолий-ғарбида жойлашган Ислом оламининг иккинчи табаррук шаҳри номи. Арабчада Мадинатур-Расулуллоҳ ёки Мадинат ун-Набий (Пайғамбар шаҳри) деб аталади. Уни Мадинаи мунаввара (нурафшон, порлоқ шаҳар) деб ҳам шарафлашади. Ҳижоз шаҳарларидан бўлган Мадина Маккадан 400 километр шимолда, денгиз сатҳидан 600 метр баландда жойлашган. Мадинанинг қачон бунёд этилагани маълум эмас. Қадимда у Ясриб (Ятриб) дейилган, Ислом Мадинада дин сифатида шаклланди ва бу ерда мусулмон давлатига асос солиниб, шаҳар унинг пойтахти бўлди. Милодий 622 йили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг маккалик саҳобийлари зулм-таъқиб кучайган Маккани тарк этиб, Мадинага ҳижрат қилишди. Бу табаррук шаҳарда Қуръони каримнинг 28 та сураси нозил бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) умрларининг қолган ўн йилини бу шаҳарда ўтказганлар. 632-656 йилларда Мадина Араб халифалигининг пойтахти бўлди, кейинчалик умавийлар ва аббосийлар даврида Ҳижознинг маъмурий марказига айланди. Ўнинчи асрдан бошлаб эса Мисрга тобеъ бўлди. 1517 йилда турклар Мисрни олгач шаҳар Усмонли салтанатга, 1919 йили Ҳижоз қироллигига қўшиб олинди. Орадан беш йил ўтгач Мадинани Ибн Сауд қўшинлари забт этди ва у 1932 йили Саудия Арабистонига қўшиб олинди. Шаҳар атрофи илгари мудофаа девори билан ўралган, саккизта дарвозаси бор эди, ҳозир улар бузилиб кетган. Мадинада Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари ва мақбаралари, халифалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Аҳли байт ва саҳобийларнинг қабрлари бор. Милодий 656 йили Мадинада Масжид ун-Набий барпо этилган. Ҳозир шаҳарда 750 минг аҳоли яшайди. Мдиналиклар асосан савдо, зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, хурмо ва сабзавот етиштириш, ҳунармандчилик, ҳожиларга кийим ва ашёлар тайёрлаш билан шуғулланади. Шаҳарда тайёрагоҳ бор.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР