loader

МИР АРАБ МАДРАСАСИ

Шайх Яманий томонидан Бухоро амири Убайдуллоҳхон инъом этган маблағ ҳисобига милодий 1530-1536 йиллари қурдирилган мадраса номи. Халқ орасида Мири Араб (араб амири) номи билан танилган бу кишининг исми-насаби Саид Абдуллоҳ ал-Яманийдир. У мансаб, тож-тахтдан кечиб, йигирма икки ёшида илм талаби билан Самарқандга келади ва нақшбандия тариқатининг пири муршиди Хожа Аҳрор Валийга мурид бўлади. Шайх қурдирган Мир Араб мадрасаси шундан буён Мовароуннаҳрдаги етакчи билим масканларидан бўлиб келяпти. Бу ерда юртимиздан ташқари қўшни Афғонистон, Эрон, Хитой, Русия, Марказий Осиё мамлакатларидан келган илм толиблари таҳсил олишган. Унда турли йилларда Мубин қори, Муҳаммад Амин домла, Исмоил махдум, Шаҳобиддин қори, Маҳжурий домла каби олимлар устозлик қилишган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкилотчилари ва раҳбарларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Мухторжон Абдуллаев, Абдуғани Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, ўлканинг атоқли алломаларидан Қози Асқар, Миён Малик, муфтий Икромча, Сулаймон хўжа, домла Изомий, Ҳамдўстлик мамлакатлари диний ташкилотлари раҳбарлари Равил Ғайнуддин, Талъат Тожиддин (Русия), Оллоҳшукур Пошшазода (Озарбайжон), марҳум Аҳмад Қодиров (Чеченистон) ва бошқалар Мир Араб мадрасасини битиришган. Советлар даврида ёпилиб қолган мадраса 1945 йили қайта очилди ва кўп йиллар собиқ Иттифоқдаги ягона Ислом ўқув юрти бўлиб келди, уни мингдан ортиқ киши битириб чиққан. Ҳозир мадрасада юздан ортиқ талаба ўқияпти. Улар Қуръон, ҳадис, фиқҳ, Ислом тарихи, сарф ва наҳв билимларини ва дунёвий илмларни ўрганишяпти.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР